Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

16- БОБ

Ҳақиқат йўлини тутинг

Ҳақиқат йўлини тутинг

Бутпарастлик тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган?

Масиҳчилар диний байрамларга қандай қарайдилар?

Бошқаларнинг туйғуларини эътиборга олиб, эътиқодингизни уларга қандай тушунтиришингиз мумкин?

СИЗ яшаётган ҳудуд заҳарланган, деб айтайлик. Кимдир у ерга заҳарли чиқиндилар ташлар экан. Ҳаётингиз хавф остида. Энди нима қиласиз? Имконият борича у ердан тезроқ кўчиб кетишга ҳаракат қилмасмидингиз? Кўчиб кетдингиз ҳам дейлик, лекин шунда ҳам бир савол қоляпти: заҳарланганингиз йўқмикин?

2 Сохта дин ҳақида ҳам буни айтиш мумкин. У нопок таълимотлару удумларга тўлиб-тошган, деб айтмоқда Муқаддас Китоб (2 Коринфликларга 6:17). Шу сабабли сохта дин империяси бўлмиш «буюк Бобилдан» дарҳол чиқиб кетиш даркор (Ваҳий 18:2, 4). Сиз бундай йўл тутдингизми? Агар бундай бўлса, яхши. Лекин сохта диндан бутунлайин озод бўлиш учун, кўпроқ нарса талаб қилинади. Ўзингизга савол беринг: сохта дин билан боғлиқ нарсалардан озод бўлдимми? Баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

БУТПАРАСТЛИК ВА ЎЛГАНЛАРНИНГ ШАЪНИГА ДУО ЎҚИШ

Дунёда кенг тарқалган топиниш турлари

3 Баъзиларнинг уйларида бутлар ёки санамлар бор. Сизда ҳам бундай нарсалар борми? Агар бўлса, эҳтимол улардан фойдаланиб Худога ибодат қилаётгандирсиз. Балки улар сиз учун жуда ҳам қадрлидир. Бироқ, Худога топинар эканмиз, Унинг фикри биз учун энг афзал бўлиши керак. Муқаддас Китобда эса, Худо бутпарастликдан норози деб айтилган (Чиқиш 20:4, 5; Забур 113:12-16; Ишаё 42:8; 1 Юҳанно 5:21). Хуллас, ҳақиқат йўлини тутиш учун, сохта дин билан боғлиқ нарсалардан озод бўлиш даркор. Биз уларни худди Яҳова Таоло каби, «жирканч» деб билишимиз керак (Амрлар 27:15, ЯДТ).

4 Кўп динларда ўлганларнинг шаънига дуолар ўқиш удумлари кенг тарқалган. Баъзилар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билмай, одам ўлса унинг руҳи чиқиб, тирик бўлганларга зиён ёхуд ёрдам беришга қодир, деб ишонишган. Эҳтимол, олдинлари сиз ҳам мозорни зиёрат қилиб, шам ёқиб дуо ўқигандирсиз. Аммо 6- бобдан билиб олганимиздай, ўлимдан кейин ҳаёт йўқ. Шунинг учун ҳам ўлганларнинг шаънига дуо ўқиш бефойдадир. Марҳумлардан келган хабарлар аслида жинлардан келиб чиқади. Айнан бу сабабли, Тангри Яҳова Тавротда ўликлардан маслаҳат олишни ва спиритизмнинг турли усулларини тақиқлаб қўйган (Амрлар 18:10-12).

5 Хўш, агар бутларга сиғиниш ёки ўлганларнинг шаънига дуо ўқиш динингизга хос бўлса нима қилишингиз керак? Муқаддас Китоб оятларини ўқиб, Яҳованинг бунга нисбатан нуқтаи назари устидан чуқур мулоҳаза қилинг. Худованд Яҳовадан мадад излаб, ҳар куни илтижоларда ҳақиқат йўлини тутиш истагингизни изҳор қилинг (Ишаё 55:9).

ИЛК МАСИҲЧИЛАР РОЖДЕСТВО БАЙРАМИНИ НИШОНЛАШМАГАН

6 Кенг ёйилган байрамларнинг аксарияти сохта дин билан боғлиқ. Улардан бири — Рождестводир. Бу байрам христиан оламига оид бўлиб, Исо Масиҳнинг таваллуд топган куни, деб нишонланади. Лекин, Исонинг илк шогирдлари бу байрамни нишонлагани тўғрисида, ҳеч қандай далил йўқ. Диний анъаналарга бағишланган бир китобда шундай дейилади: «Биринчи ва иккинчи асрда одамлар Ҳазрати Исонинг туғилган куни билан унчалик қизиқишмас эди, чунки улар бу кунни билмас эди-да» («Sacred Origins of Profound Things»).

7 Шогирдлар, Ҳазрати Исонинг туғилган кунини аниқ билишганида ҳам, уни нишонлашмас эди. Нима учун? Чунки бир энциклопедия таъкидлашича, илк масиҳчилар «туғилган кунни нишонлаш мажусийларга хос, деб билганлар» («The World Book Encyclopedia»). Муқаддас Китобда фақат иккита туғилган кун ҳақида баён этилган, иккови ҳам Яҳовага хизмат қилмаган ҳокимларнинг туғилган кунлари эди (Ибтидо 40:20; Марк 6:21). Туғилган куннинг нишонланиши бутпарастлик билан ҳам боғлиқ. Масалан, 24- майни римликлар, маъбуда Диананинг туғилган куни, деб билар эди. Кейинги куни эса, қуёш худоси бўлмиш Аполлоннинг туғилган куни нишонланар эди. Кўриняптики, туғилган кунни нишонлаш масиҳчиликка эмас, балки бутпарастликка оиддир.

8 Илк масиҳчилар Исонинг туғилган кунини нишонлашмаганига яна бир сабаб бор. Шогирдлар, туғилган куннинг нишонланиши хурофотлар билан боғлиқ эканини яхши билишар эди. Масалан, қадимги юнонлару римликлар, чақалоқларни умри бўйи асрайдиган руҳларга ишонишган. «Туғилган кунни нишонлашнинг келиб чиқиши», деб номланган китобда шундай дейилади: «Чақалоқ аллақандай худонинг туғилган кунида туғилар, уни асрайдиган руҳ эса бу худо билан сирли алоқада бўлар экан» («The Lore of Birthdays»). Албатта, Яҳова хурофотлар билан боғлиқ байрамни Ҳазрати Исонинг туғилган куни билан боғламаган бўлар эди (Ишаё 65:11, 12). Бўлмаса, Рождество байрами қандай қилиб оламшумул даражага етди?

РОЖДЕСТВОНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

9 Исо Масиҳнинг вафотидан асрлар оша, одамлар унинг туғилган кунини 25- декабрда нишонлай бошладилар. Лекин, бу сана Ҳазрати Исонинг туғилган куни эмас, чунки у тахминан октябрда туғилган*. Бўлмаса, нега айнан 25- декабрь танланган эди? Кейинчалик христиан деб аталганларнинг баъзилари «бу кунни бутпараст римликларнинг “енгилмас қуёш худосининг туғилган куни” байрами билан бирга нишонламоқчи бўлишди» («The New Encyclopædia Britannica»). Қишда қуёш балқиши сусайганида, бутпарастлар, иссиқлик манбаи узоқ саёҳатдан қайтиб келсин деб, ўзгача байрам ўтказишган. Айнан 25- декабрь куни қуёш қайтишга ҳозирланар эмиш. Бутпарастларни ўз динига оғдириш ниятида, диний раҳбарлар бу байрамга «христиан» тусини беришган эди холос#.

10 Рождество байрамининг бутпарастликдан келиб чиқиши анчадан бери маълум. Муқаддас Китобга асосланмаганлиги учун, XVII асрда бу байрам Англия ва унинг Америкадаги мустамлакаларида нишонланиши тақиқланган эди. Ўша куни ишга чиқмай, уйда қолганларга жарима солинар эди. Бироқ, тез орада эски анъаналарга янгилари қўшилиб, одамларнинг ҳаётига таъсир ўтказадиган бўлди. Ҳозирги вақтга келиб, Рождество яна машҳур бўлиб, кўп жойларда нишонланяпти. Худога маъқул бўлай деганлар, Рождествони ҳамда бутпарастликдан келиб чиққан ва сохта дин билан боғлиқ бўлган бошқа байрамларни нишонламайдилар%.

БАЙРАМНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИНИ БИЛИШ МУҲИММИ?

Ахлатда ётган қандни кўтариб сўришни бошлармидингиз?

Қанд ерда ётибди

11 Рождество каби кўп байрамларнинг бутпарастликдан келиб чиқиши баъзиларга маълум, лекин шунга қарамай уларни барибир нишонлайдилар. Чунки бу байрамлар сохта диндан келиб чиқишига одамлар эътибор беришмайди-да. Улар буни шунчаки оила билан дастурхон атрофида йиғилиш учун бир сабаб деб биладилар. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Агар шундай бўлса, сохта динга эмас, балки оилага бўлган меҳр-муҳаббат, ҳақиқат йўлига туришга тўсқинлик қилади. Оила асосчиси бўлмиш Тангри Яҳова, уйдагиларингиз билан яхши муносабатда бўлишингизни хоҳлайди (Эфесликларга 3:14, 15). Аммо яхши муносабатларга, Худойи Таолонинг розилигини топибгина эришиш мумкин. Биринчи навбатда бизни нима ўйга солиши кераклиги ҳақида ҳаворий Павлус шундай ёзган: «Раббингизга нима мақбул бўлишини ўрганиб олинглар» (Эфесликларга 5:10).

12 Эҳтимол, ҳозирги байрамлар ўтмишдагилардан фарқ қилади, деб ўйлагандирсиз. Шунинг учун ҳам уларнинг келиб чиқишини билиш шунчалик муҳимми? Бўлмасам-чи! Бир мисол келтирайлик: ахлатда ётган қандни кўриб қолдингиз дейлик. Уни кўтариб сўришни бошлармидингиз? Қайдам. Ахир у ифлос-ку. Худди ширин қанд каби байрамлар ёқимли бўлиб кўриниши мумкин, бироқ улар ифлос манбадан келиб чиққан. Ҳақиқат йўлини тутмоқ учун, Ишаё пайғамбарнинг: «Нопокка қўл тегизманглар»,— деган сўзларига диққат қилишимиз керак (Ишаё 52:11, ЯДТ).

ФАРОСАТ БИЛАН ИШ ТУТИНГ

13 Байрамларни нишонламайман деб, қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин. Масалан, байрамга қўшилмасангиз, ҳамкасбларингиз ажабланиши мумкин. Агар бирорта байрам муносабати билан сизга совға қилсалар, нима қилардингиз? Уни қабул қилиш мумкинмикан? Агар, эрингиз ё рафиқангиз эътиқодингизга шерик бўлмаса-чи? Болалар ҳамма нишонлайдиган байрамларда қатнашмаса ҳам, хафа бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

14 Ҳар бир вазиятда фаросат талаб қилинади. Агар бирор киши шунчаки байрам билан табрикласа, ҳурмат юзасидан миннатдорчилик билдириш мумкин. Бироқ, яхши танишингиз ёки ҳамкасбингиз табрикласа-чи? Бундай вазиятда, ўз нуқтаи назарингизни тушунтирсангиз бўлади. Қандай бўлмасин, хушмуомала бўлишга ҳаракат қилинг. Муқаддас Китоб маслаҳат бермоқда: «Ҳар бир одамга қандай жавоб бериш лозимлигини билинглар, сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин» (Колосаликларга 4:6). Беҳурмат оҳанг билан гапиришдан эҳтиёт бўлиб, ўз эътиқодингизни тушунтиришга уриниб кўринг. Совға бериш ёки ўтиришларга қарши эмаслигингизни, фақат буларни байрамдан холи вақтда қилишингизни айтинг.

15 Лекин, сизга совға тортиқ қилсалар нима қиласиз? Кўпинча бу вазиятга боғлиқ. Совға берувчи шундай дейиши мумкин: «Байрамни нишонламаганингиздан хабарим бор, аммо буни совға қилгим келяпти холос». Эҳтимол, бундай вазиятда совғани олиб, байрамда қатнашганим йўқ, деган қарорга келарсиз. Бироқ, одам эътиқодингиздан бехабар бўлса, бу байрамни нега нишонламаслигингизни тушунтирсангиз яхши бўларди. Шунда, нега жавобан совға бермаганингизни тушунтириш осонроқ бўлади. Бошқа томондан, имонингизни синаш учун ёки ғаразгўйлик мақсадида совға берилаётган бўлса, уни олмасангиз доно иш тутган бўласиз.

ОИЛАДА ЎЗИНГИЗНИ ҚАНДАЙ ТУТИШИНГИЗ КЕРАК?

16 Оиладагилар эътиқодингизга шерик бўлмаса-чи, нима қиласиз? Шунда ҳам хушмуомала бўлиш талаб қилинади. Оиладаги ҳар бир одат ёки байрам ҳақида баҳслашишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Аксинча, фикрингизни ҳурмат қилишларини истасангиз, уларнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилишга ҳаракат қилинг (Матто 7:12). Байрамга қўшилиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Агар бирорта одатнинг муайян бир байрамга дахли бўлмаса, ақл-идрок билан иш тутинг. Доимо пок виждон сақлаб қолишга жон куйдиринг (1 Тимўтийга 1:18, 19).

17 Болалар Муқаддас Китобга зид бўлган байрамларда қатнашмаса ҳам, хафа бўлмаслиги учун нима қилиш керак? Бу, бутун йил давомида қилган ҳаракатларингизга боғлиқ. Баъзи ота-оналар бошқа кунлари болажонларига совға қилишади. Болалар учун энг қимматбаҳо совға эса, сизнинг севги ила ажратган вақтингиздир.

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДАН ЮРИНГ

Оила Аллоҳга топиняпти

Ҳақиқат йўлини тутиш, ҳақиқий бахт келтиради

18 Худога маъқул келиш учун, сохта дин билан алоқани узиб, ҳақиқат йўлини тутиш керак. Бунга нима киради? Муқаддас Китоб шундай демоқда: «Бир-биримизга эътибор берайлик ва муҳаббатга, хайрли ишларга рағбатлантирайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, Раббимиз келадиган куни яқинлашиб қолганини билиб, бир-биримизга яна кўпроқ далда берайлик» (Ибронийларга 10:24, 25). Масиҳчиларнинг йиғилишлари, Худони мамнун қилиш учун ёрдам бериши тайин (Забур 21:23; 121:1). Бундай йиғилишларда масиҳчилар «ўзаро жасорат топадилар» (Римликларга 1:12).

19 Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилганингиз сайин, бу билимларни бошқалар билан баҳам кўришингиз мумкин, чунки бу ҳақиқат йўлини тутиш демакдир. Дунёдаги аҳволни кўриб, кўп инсонлар воҳ чекиб қийналмоқда (Ҳизқиё 9:4). Ҳойнаҳой сиз ҳам бундай одамлар билан дуч келган бўлсангиз керак. Айнан шундай одамларга Муқаддас Китоб бераётган умид ҳақида айтмасмидингиз? Масиҳчилар билан мулоқотда бўлиб ва Муқаддас Китобнинг ажойиб таълимотларини бошқалар билан баҳам кўриб, сиз аста-секин қалбингизга яқин бўлган, бироқ сохта диндан келиб чиққан удумлардан халос бўласиз. Ҳақиқат йўлини тутиб, мўл даражада қут-баракалар кўрасиз ва чиндан ҳам бахтиёр киши бўласиз (Малахи 3:10).

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Бутпарастлик ва ўлганларнинг шаънига дуо ўқиш, ҳақ динга ҳеч қандай дахли йўқ (Чиқиш 20:4, 5; Амрлар 18:10-12).
  • Сохта диндан келиб чиққан байрамларни нишонлаш нотўғри (Эфесликларга 5:10).
  • Масиҳчилар эътиқодини тушунтираётиб хушмуомала бўлишга ҳаракат қиладилар (Колосаликларга 4:6).

*  Китобимизнинг Иловасига қаранг.

#  Танлов 25- декабрга тушганига римликларнинг Сатурналия деган байрами билан ҳам боғлиқ. Бу байрам 17-24- декабрь кунлари экинлар худоси шарафига бағишланган эди. Байрам карнавал тусида бўлиб, совға бериш одати билан ўтказилар эди.

%  Бошқа машҳур байрамларга масиҳчиларнинг муносабатини Иловадан билиб олишингиз мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1, 2. Сохта диндан чиқиб ўзингизга қандай савол беришингиз керак, ва нега бу муҳим?

3. а) Муқаддас Китобда бутпарастлик тўғрисида нима дейилган? б) Нега Худонинг нуқтаи назарини қабул қилиш қийин бўлиши мумкин? в) Сохта дин билан боғлиқ нарсаларни нима қилиш керак?

4. а) Ўлганларнинг шаънига дуо ўқиш бефойда эканини қаердан биламиз? б) Нима учун Тангри Яҳова спиритизмнинг турли усулларини тақиқлаб қўйган?

5. Агар бутларга сиғиниш ёки ўлганларнинг шаънига дуо ўқиш динингизга хос бўлса нима қилишингиз керак?

6, 7. а) Нима учун Исонинг илк шогирдлари Рождество байрамини нишонлашмас эди? б) Қадимда туғилган куннинг нишонланиши нима билан боғлиқ эди?

8. Туғилган куннинг нишонланиши хурофотлар билан қандай боғлиқ? Тушунтириб беринг.

9. Нега одамлар Исонинг туғилган кунини айнан 25- декабрда нишонлай бошладилар?

10. Нега баъзилар ўтмишда Рождествони нишонлашмас эди?

11. Нега баъзилар байрамларни нишонлайди, лекин бизни нима ўйга солиши керак?

12. Нега бутпарастликдан келиб чиққан удум ва байрамлардан четланишимиз керак? Мисол келтиринг.

13. Байрамларни нишонламайман деб, қандай қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин?

14, 15. Агар сизни байрам билан табриклашса ёки совға тортиқ қилишса нима қилган бўласиз?

16. Байрам билан боғлиқ масалаларда, нега оиладагилар билан хушмуомала бўлишингиз керак?

17. Бошқаларнинг байрам нишонлашини кўриб, болалар хафа бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

18. Қандай қилиб масиҳчиларнинг йиғилишлари ҳақиқат йўлини тутишга ёрдам беради?

19. Муқаддас Китоб таълимотларини бошқалар билан баҳам кўриш нима учун ўта муҳим?