Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

ИЛОВА

Қутлуғ Кечлик — Худони шарафлайдиган маросим

Қутлуғ Кечлик — Худони шарафлайдиган маросим

МАСИҲЧИЛАРГА Ҳазрати Исонинг ўлимини хотирлаш амр этилган эди. Бу маросим, «Қутлуғ Кечлик» деб аталади. Лекин, у қандай аҳамиятга эга? У қачон ва қандай қутланиши лозим?

Исо Масиҳ бу маросимни милодий 33- йили, яҳудийлар Фисиҳ байрамини нишонлайдиган пайтда уюштирган эди. Фисиҳ байрами йилига бир марта, яҳудийларнинг Нисон ойининг 14- кунида нишонланар эди. Бу санани аниқлаш учун, яҳудийлар баҳорги тенгкунликни, яъни кеча билан кундузнинг узунлиги бир хил бўлишини кутишган. Баҳорги тенгкунликда ой янгиланиши билан Нисон ойи бошланар эди. Фисиҳ байрамини эса шу ойнинг 14- кунида, қуёш ботиши билан нишонлашган.

Исо ўз шогирдлари билан Фисиҳ байрамини нишонлаб бўлгач, Яҳудо Ишқариётга рухсат берди-ю, Қутлуғ Кечлик маросимини уюштирди. Қутлуғ Кечлик маросими Фисиҳ байрамининг ўрнини олгани сабаб, йилига бир марта қутланиши лозим.

Инжилда қуйидаги сўзларни ўқишимиз мумкин: «Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди ва шогирдларига тарқатиб: “Олинглар, енглар, бу Менинг танамдир” деди. Косани ҳам олиб, шукрона дуосини айтди ва уларга узатиб: “Бундан ҳаммаларинг ичинглар” деди. “Чунки бу — кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкиладиган, Янги Аҳдни тасдиқлайдиган Менинг қонимдир”» (Матто 26:26-28).

Баъзилар Исо Масиҳ нонни ўз танасига, шаробни эса ўз қонига айлантирган, деб ишонишади. Ва давом этиб, Исо бундай қилган бўлса-да, унга ҳеч қандай зиён етмаган, деб таъкидлашади. Хўш, шогирдлари чиндан ҳам Исонинг танасини еб, қонини ичишганмикин? Асло, чунки бу одамхўрлик бўлиб, Худонинг қонунига хилоф бўлар эди (Ибтидо 9:3, 4; Левилар 17:10). Инжилда Исо Масиҳнинг шундай сўзларини ўқишимиз мумкин: «Бу коса Худо одамзод ила тузган Янги Аҳдни билдиради. Бу аҳд Менинг сизлар учун тўкаётган қоним эвазига кучга киради» (Луқо 22:20). Хўш, коса том маънода «янги аҳдни» билдирадими? Бундай бўлиши мумкин эмас, чунки аҳд моддий бир нарса эмас, балки келишувдир.

Нон ва шароб

Хуллас, нон билан шароб — рамз холос. Нон — Масиҳнинг мукаммал танасини англатади. Исо, Фисиҳ байрами кечлиги учун тайёрланадиган хамиртурушсиз нондан фойдаланган эди (Чиқиш 12:8). Чунки Муқаддас Китобда хамиртуруш — гуноҳ ва бузуқликнинг рамзидир. Хамиртурушсиз нон — Исо Масиҳнинг қурбон бўлган мукаммал, яъни гуноҳдан ҳоли танасини билдиради (Матто 16:11, 12; 1 Коринфликларга 5:6, 7; 1 Бутрус 2:22; 1 Юҳанно 2:1, 2).

Қизил шароб — Исонинг қонини ифодалайди. Унинг қони эвазига янги аҳд кучга киради. Исонинг айтишича, унинг қони тўкилиши натижасида «гуноҳлар кечирилади». Шу йўсин одамлар Худонинг назарида оқланиб, У билан тузилган янги аҳд аъзолари бўлишлари мумкин (Ибронийларга 9:14; 10:16, 17). Янги аҳд 144 000 садоқатли масиҳчиларга самовотдан жой олиш имкониятини беради. Улар шоҳлар ва руҳонийлар каби хизмат қилиб, ер юзига қут-баракалар ёғдирадилар (Ибтидо 22:18; Еремиё 31:31-33; 1 Бутрус 2:9; Ваҳий 5:9, 10; 14:1-3).

Қутлуғ Кечлик маросимида нон билан шаробни ким истеъмол қилиши мумкин? Улардан фақат янги аҳд аъзоси бўлган ва самода шоҳлик қилиш умидига эга бўлган киши истеъмол қилиши мумкин. Бироқ киши буни қаердан билсин? Худонинг муқаддас руҳи бу одамнинг руҳига гувоҳлик беради (Римликларга 8:16). Боз устига, бу одамлар билан Исо Масиҳ Шоҳлик аҳдини тузган (Луқо 22:29).

Ер юзида абадий ҳаётга умидвор бўлганлар ҳақида эса нима дейиш мумкин? Исонинг буйруғига тобе бўлиб, бу одамлар эҳтиром ила Қутлуғ Кечликда қатнашадилар, бироқ нон билан шаробдан истеъмол қилмайдилар. Яҳованинг Шоҳидлари Қутлуғ Кечлик маросимини йилига бир марта 14- нисон куни, қуёш ботгач нишонлашади. Гарчи ҳозирга келиб масиҳчиларнинг атиги бир неча мингги осмонда яшаш умидига эга бўлса-да, қолган барчаси учун ҳам бу кун алоҳида эътиборга эга. Бу куни улар Худойимиз Яҳованинг ҳамда Исо Масиҳнинг севгисини яна бир бор ҳис этадилар (Юҳанно 3:16).

← Бобига қайтиш