Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

9- БОБ

Чиндан ҳам «охирзамонда» яшаяпмизми?

Чиндан ҳам «охирзамонда» яшаяпмизми?

Бизнинг вақтимизга доир қандай ҳодисалар башорат қилинган эди?

Муқаддас Китобда айтилишича, «охирзамон» одамлари қандай бўлади?

«Охирзамон» пайтида шодлик учун сабаблар борми?

ЯНГИЛИКЛАРНИ кўраётиб, эҳтимол ўзингизга шундай савол бергандирсиз: «Дунёда нима бўляпти ўзи?» Дарҳақиқат, бошимизга ногаҳон кулфату фалокатлар ёғилиши мумкин. Ҳеч биримиз эртага нима бўлишини ҳам билмаймиз (Ёқуб 4:14). Бироқ Яҳова Таоло келажакда нима бўлишини билади (Ишаё 46:10). Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда, нафақат ҳозирги вақтда бўлаётган даҳшатли воқеалар, балки яқин келажакда бизни кутаётган қут-баракалар ҳам башорат қилинган.

2 Ҳазрати Исо Масиҳ, бу ёвуз дунёни фақатгина Худонинг Шоҳлиги жаннатга айлантириши мумкин, деб гапирар эди (Луқо 4:43). Шубҳасизки, одамларни бу қачон бўлар экан, деган савол қизиқтирар эди. Ҳатто Исонинг шогирдлари ҳам бир марта ундан: «Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?» — деб сўрашган эди (Матто 24:3). Бунга жавобан Исо Масиҳ бу вақтни ягона Аллоҳдан бўлак ҳеч ким билмаслигини айтди (Матто 24:36). Лекин, Худонинг Шоҳлиги ер юзида тинчлик ўрнатганидан аввал, охирзамон келганини кўрсатадиган аломатлар бўлади, деб қўшиб қўйди. Бу аломатлар кўз ўнгимизда содир бўлмоқда!

3 «Охирзамон» келганининг далилларини кўриб чиқишдан аввал, келинг осмонда бўлган бир жанг ҳақида билиб олайлик. Бу жангни ҳеч бир одам кўрмаган бўлса-да, у барчамизга таъсир қилди.

ОСМОНДАГИ ЖАНГ

4Ўтган бобдан, Ҳазрати Исо 1914- йилда осмондаги тахтга ўтирганини билиб олдик (Дониёр 7:13, 14). Тахтга ўтирган замон Исо Масиҳ бошқаришга киришди. Муқаддас Китоб ҳикоя қилмоқда: «Микоил [Исо Масиҳнинг бошқа исми] ва унинг фаришталари аждаҳога [Шайтонга] қарши уришдилар. Аждаҳо ҳам ўзининг фаришталари билан урушга тушди»*. Бироқ Шайтон ва унинг фаришталари, яъни жинлари мағлубиятга учраб, ер юзига отилдилар. Ниҳоят Худонинг содиқ фаришталари бу ёвуз таъсирдан халос бўлишди! Инсоният учун эса бу шодиёна келтиргани йўқ. Сабабини Муқаддас Китобдан билиб оляпмиз: «Ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро иблис вақт оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди» (Ваҳий 12:7, 9, 12).

5 Бу самовий жанг нималарга олиб келганига эътибор беринг. Шайтон мудҳиш қаҳр-ғазаб ила одамларни қийнашга тушди. Бу айнан бизнинг вақтимизда содир бўляпти. Муқаддас Китоб бу вақтни охирзамон деб атайди (2 Тимўтийга 3:1). Лекин бизга таскин берадиган хабар, Шайтоннинг «вақти оз қолганидадир». Ҳа, Худойимиз яқин орада ерни ҳам Шайтоннинг таъсиридан халос қилади! Келинг, бизнинг вақтимизга тегишли баъзи башоратларни кўриб чиқайлик. Шунда охирзамон вақтида яшаётганимизни ҳамда яқин орада Худонинг Шоҳлиги қандай қут-баракалар ёғдиришини билиб оламиз. Аввало Исо Масиҳ башорат қилган тўртта асосий аломатни кўриб чиқайлик.

ОХИРЗАМОННИНГ АСОСИЙ АЛОМАТЛАРИ

Уруш, очарчилик ва табиий офатлар саҳнаси

6«Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади» (Матто 24:7). Сўнгги аср давомида урушлар дастидан миллионлаб одамлар ҳалок бўлди. Британиялик бир тарихчи айтганидай: «XX аср инсоният тарихида энг қонхўр аср деб билинди. […] Бу асрда урушлар фақат жиндай сусайиб, яна аланга олар эди». Бир институт ҳисоботида эса шундай дейилган: «I асрдан бери содир бўлаётган урушлардан кўра, XX аср урушларининг қурбонлари уч баравар кўпроқ чиқди» («Worldwatch Institute»). 1914- йилдан бошлаб ҳарбий тўқнашувларда 100 миллиондан зиёд одам ҳалок бўлди. Агар яқинларимиздан бирортаси вафот этса қанчалар қайғурамиз. Аммо миллионлаб яқинларни йўқотган одамларнинг бошига тушган мусибатни ҳатто тасаввур қилиш қийин.

7«Қаҳатчиликлар» (Матто 24:7). Тадқиқотлар кўрсатишича, охирги 30 йил мобайнида озиқ-овқат ишлаб чиқариш анча кўпайди. Лекин шунга қарамай қаҳатчилик ҳукм сурмоқда. Сабаби, овқат учун одамларнинг на пули бор, на ўстириш учун ери бор. Ривожланаётган мамлакатларда миллиарддан зиёд аҳоли кунига бир долларга ёки ундан ҳам озроқ пулга зўрға яшаяптилар. Бу одамлар учун очлик оддий ҳол бўлиб қолди. Жаҳон Соғликни Сақлаш Ташкилоти ҳисоботига кўра, йилига беш миллиондан зиёд болалар оч-наҳор бўлиб ҳаёти билан видолашмоқда.

8«Шиддатли зилзилалар» (Луқо 21:11). АҚШнинг Геологик хизмати маълумотига кўра, фақат 1990- йилдан буён йилига деярли 17 та катта зилзила ер қобиғини ёриб, биноларни шикастламоқда. Устига-устак йилига шундай шиддатли зилзилалар рўй берадики, барча биноларни умуман ер билан яксон қилади. Бошқа маълумотларга кўра, «охирги 100 йил давомида зилзилалар юз минглаб инсонларни ҳалок қилди, ва замонавий жиҳозлар бу сонни камайтиришга ожиз».

9«Ўлатлар» (Луқо 21:11). Тиббиётнинг ютуқларига қарамай, қадимдан маълум бўлган ҳамда янги пайдо бўлган касалликлар авжига чиқмоқда. Бир ҳисоботнинг хабар беришича, сўнгги бир неча ўн йил мобайнида 20 та касаллик, шу жумладан сил, безгак ҳамда вабо дунё бўйлаб кенг тарқалиб кетган, ва бунга ҳатто дори-дармон ёрдам бера олмаяпти. Камида 30 та янги касаллик пайдо бўлди, ва улардан кўпи бедаводир.

ОХИРЗАМОН ОДАМЛАРИ

Кўплар Худо Каломидаги доно йўл-йўриқларни рад этишяпти

10 Муқаддас Китобда нафақат дунё шароити, балки одамлар нақадар ўзгариши ҳақида башоратлар бор. Азиз ҳаворий Павлус охирзамон одамлари қандай бўлиши ҳақида айтди. У шунингдек «охирги кунларда оғир вақтлар келади», деб қўшиб қўйди (2 Тимўтийга 3:1-5). Унинг сўзлари бўйича одамлар қуйидагича бўлишади:

  • нафс бандаси
  • пулпараст
  • ота-онага итоатсиз
  • шафқатсиз
  • муросасиз
  • нафсини тия олмайдиган
  • хоин
  • Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган
  • ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни эса инкор этадиган

11 Бундай одамларга дуч келганмисиз? Йўқ дейишингиз қийин, чунки бундай одамлар билан ҳозирги дунё тўлиб-тошган. Бундан хулоса, яқин келажакда Худойимиз Забурда ёзилганини бажаради: «Бетавфиқларнинг ўт каби чечак отиши, ҳамма қонунсизларнинг яшнаб-гуллаши уларнинг абадий йўқ бўлиши учундир» (Забур 91:8).

ШОДЛИК УЧУН САБАБЛАР БОР!

12 Башорат қилинганидай охирзамон пайтида мусибат кучайиб боради. Бироқ, шундай қийин вақтда ҳам Яҳовани севганларнинг шодлик учун сабаблари бор.

«Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари… жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади» (Матто 24:14)

Яҳованинг Шоҳидлари хушхабарни ваъз қилишяпти

13«Билим кўпаяди», деб башорат қилган эди Дониёр пайғамбар. Бу қачон бўлар экан? «Охирзамонда» (Дониёр 12:4- оятининг изоҳига қаранг). 1914- йилдан бошлаб Яҳова самимий инсонларга Муқаддас Китобни тушунишга ёрдам бера бошлаган. Улар Худонинг исми аъзами ва Унинг иродаси ҳақида, Исо Масиҳ фидо қилган ҳаёти ва шу йўсин тирилишга бўлган ажойиб умид ҳақида билиб олдилар. Яҳованинг хизматчилари, бахтли ҳаёт кечириш ҳамда Ҳақ Худони улуғлаш учун не қилмоқ зарур эканини билиб олдилар. Боз устига, улар Худонинг Шоҳлиги қандай аҳамиятга эга экани ҳамда бу Шоҳлик Худонинг иродасини қандай бажо келтиришини англаб етдилар. Бу билимлар асосида улар нима қилишди? Бу савол бошқа бир башорат билан чамбарчас боғлиқ.

14«Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари… жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади» деб, «охирзамон» ҳақида башорат қилган эди Ҳазрати Исо Масиҳ (Матто 24:3, 14). Худо салтанати, унинг мақсадлари ва ёғдирадиган қут-баракалари тўғрисидаги хушхабар, бугунги кунда 230 дан зиёд мамлакату ҳудудларда, қарийб 400 тилда жаранглаб эшитилмоқда. Бу хушхабарни «ҳар хил миллатдан, барча қабилалар, халқлар ва тиллардан бўлган» Яҳованинг Шоҳидлари ғайрат билан ваъз этмоқда (Ваҳий 7:9). Улар, Муқаддас Китоб таълимотини билмоқчи бўлган миллионлаб инсонлар билан Худонинг Каломини бепул тадқиқ қиладилар. Исонинг «ҳамма сиздан нафратланади», деган сўзларини эътиборга олсак, уларнинг бу фаолиятлари бир мўъжиза деб аталишга лойиқ (Луқо 21:17).

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАСИЗ?

15 Наҳотки юқорида келтирилган Муқаддас Китоб далиллари, охирзамонда яшаётганимизга сизни ишонтирмаса? Яҳованинг амри билан хушхабар ваъз қилиниши тўхтатилади ва «ўшандагина сўнг бўлади» (Матто 24:14). «Сўнг» сўзи остида, Худога қарши чиққанлар ер юзидан йўқ қилинишини назарда тутади. Яҳова Таоло буни Ҳазрати Исога ҳамда унинг бошқарувида бўлган фаришталарга бажаришни буюради (2 Салоникаликларга 1:6-9). Шайтон билан унинг жинлари халқларни бошқа алдай олмайди. Худонинг Шоҳлигини қўллаётганлар устига эса улкан қут-баракалар ёғдирилади (Ваҳий 20:1-3; 21:3-5).

16 Бу ёвуз дунё йўқ бўлиб кетар экан, ўзимизга шундай савол берайлик: «Мен нима қилишим керак?» Авваламбор, Яҳова ҳамда Унинг қонунлари тўғрисида билим олишда давом этинг (Юҳанно 17:3). Муқаддас Китобни синчиклаб тадқиқ қилинг. Худонинг иродасини бажо келтиришга жон куйдираётган инсонлар билан яқин ҳамкорлик қилинг (Ибронийларга 10:24, 25). Яҳова очиб бераётган ҳақиқатларни тушуниб, уларга яраша ҳаётингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Шу йўсин Худони мамнун қилган бўласиз (Ёқуб 4:8).

17 Аммо Ҳазрати Исо башорат қилганидай, кўплар охирзамон аломатларига эътиборсиз қарайдилар. Ёвуз одамларнинг бошига ногаҳон кулфат келади. «Кечаси ўғри қандай келса, маҳшар куни ҳам шундай келади» (1 Салоникаликларга 5:2). Исо Масиҳ шундай деб огоҳлантирар эди: «Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келишида ҳам шундай бўлади. Тўфонгача бўлган кунларда, то Нуҳ пайғамбар кемага кирган кунигача еб-ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Улар бўлғуси офатдан бехабар юрганда, тўфон келиб, ҳаммасини қириб ташлади. Инсон Ўғлининг келиши ҳам худди шундай бўлади» (Матто 24:37-39).

18 Ҳазрати Исо шуни ҳам қўшиб қўйди: «Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Айш қилиб, кайф суриб, ҳаётнинг ташвишлари остида бўғилиб, юракларингизни ёғ босмасин, тағин у кун ногаҳон бошга тушиб сизни тўрга илинтирмасин! Чунки у кун ер юзида яшовчи ҳар бир кишини босиб олажак. Шу сабабдан доим ҳушёр бўлинглар. Юз бергувчи бу мусибатлардан омон қолишга куч топиб, Инсон Ўғли олдида туришга муносиб бўлмоқ учун доимо ибодат қилинглар» (Луқо 21:34-36). Ушбу сўзларга жиддий қарашимиз керак. Нега дейсизми? Чунки Яҳова Таоло ҳамда «Инсон Ўғли», яъни Исо Масиҳ олдида муносиб бўлганлар бу ёвуз дунёдан омон қолиб, Худонинг янги дунёсида абадий яшайдилар. Бу вақт эса жуда яқинлашиб қолди! (Юҳанно 3:16; 2 Бутрус 3:13).

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Охирзамон аломатлари: урушлар, қаҳатчиликлар, ўлатлар ва зилзилалардир (Матто 24:7; Луқо 21:11).
  • Охирзамон одамлари: нафс бандаси, пулпараст, Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган (2 Тимўтийга 3:1-5).
  • Айнан ҳозир, охирзамон пайтида Худо салтанати тўғрисидаги хушхабар жаҳон бўйлаб тарғиб қилинмоқда (Матто 24:14).

*  Микоил — бу айнан Исо Масиҳнинг бошқа исми эканини Иловадан билиб олишингиз мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1. Бизни нима кутаётганини қаердан билишимиз мумкин?

2, 3. Исонинг шогирдларини қайси савол қизиқтирар эди, ва у нима деб жавоб берди?

4, 5. а) Ҳазрати Исо тахтга ўтирган замон нима қилди? б) Самовий жанг нималарга олиб келди?

6, 7. Урушлар билан қаҳатчиликлар ҳақидаги башорат қандай амалга ошмоқда?

8, 9. Зилзилалар билан ўлатлар ҳақидаги башорат бажарилишининг исботлари борми?

10. Ҳаворий Павлуснинг сўзларига кўра охирзамон вақтида одамлар қандай бўлиб кетади?

11. Забурда кўрсатилишича бетавфиқлар билан нима юз беради?

12, 13. Қандай қилиб охирзамон пайтида «билим қўпайди»?

14. Худо салтанати тўғрисида хушхабар қай миқёсда ёйилмоқда, ва уни ким ваъз этмоқда?

15. а) Охирзамонда яшаётганимизга ишонасизми? Нега? б) «Сўнг» келса Яҳовага қарши чиққанлар билан нима содир бўлади? Худонинг Шоҳлигини қўллаётганлар билан-чи?

16. Охирзамон пайтида нима қилишингиз керак?

17. Нега ёвуз одамларнинг бошига келадиган кулфат ногаҳон бўлади?

18. Ҳазрати Исонинг қайси сўзларига жиддий қарашимиз керак?

Кўпроқ билиш

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?