Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

1- БОБ

Худо тўғрисида ҳақиқат

Худо тўғрисида ҳақиқат

Худо бизга ғамхўрлик қиляптими?

Худо Ўзи қанақа? Унинг исми борми?

Худога яқинлашиш мумкинми?

БОЛАЛАРНИНГ савол беришига эътибор берганмисиз? Улар гапиришни ўрганибоқ, кўзларини катта қилиб: «Нимага осмон кўм-кўк? Юлдузлар қандай пайдо бўлди? Қушларга сайрашни ким ўргатди?» — деган саволлар беришади. Лекин жавоб бериш доим ҳам осон иш эмас, чунки кетидан: «Нимага?» — деган бошқа савол туғилиши мумкин.

2 Саволлар беришга нафақат болалар уста. Ҳаммамизда гоҳида саволлар туғилади. Масалан, ҳаётда ўз йўлимизни топиш, хавф-хатарлардан ҳимояланиш ёки қизиқувчанлигимизни қондириш учун саволлар берамиз. Аммо кўп одамлар, савол беришдан тўхтайди. Айниқса муҳим саволларга жавоб изламай қўйишади.

Боланинг савол бериши

3 Сўз бошида ва шу бобнинг биринчи хат бошида берилган саволлар устидан бир ўйлаб кўринг. Бу жуда муҳим саволлардан бир нечаси холос. Аммо, кўп инсонлар учун уларга жавоб топиш қийин бўлиб кўринади. Нима учун? Муқаддас Китоб уларга жавоб бериши мумкинми? Баъзилар, Муқаддас Китобни тушуниш қийин деб ўйлашади. Бошқалари эса, ноқулай аҳволга тушиб қолмай, деб савол беришдан тортинишади. Шунда, бу саволлар олимлару уламоларнинг қисмати деган хулосага келишади. Сиз эса нима деб ўйлайсиз?

4 Балки сиз ҳам муҳим саволларга жавоб топишни хоҳлаётгандирсиз. Шубҳасиз сизни ҳам шу каби саволлар қизиқтирган: «Ҳаётнинг мазмуни нимада? Ҳаётимизнинг бори шу холосми? Худо Ўзи қанақа?» Бундай саволларни четда қолдириш ярашмайди, аксинча, уларга ишончли ва қониқарли жавоблар топиш даркор. Машҳур устоз Исо пайғамбар деганларидай: «Сўраб туринг, сизга берилади. Излаб туринг, топасизлар. Тақиллатиб туринг, сизга очилади» (Матто 7:7).

5 Агар шундай муҳим саволларни «излаб турсангиз», улар нақадар диққатга сазовор эканини кўрасиз (Ҳикматлар 2:1-5). Одамларнинг нима дейишидан қатъиназар, бу саволларнинг жавоби бор, ва уларни Муқаддас Китобдан топиш мумкин. Жавобларни тушуниш унчалик қийин эмас. Боз устига, улар умид ва қувонч келтиради. Улар ҳаётингизни бахтли қилишга ёрдам беради. Келинг, авваламбор кўпларни ташвишга солаётган бир саволни кўриб чиқайлик.

ХУДОВАНД РАҲМОНУ МЕҲРИБОНДИР

6 Баъзилар эътироз билдириб: «Агар Худо раҳмдил бўлганида, ҳаёт умуман бошқача бўлмасмиди?» — деб таъкидлашади. Ҳа, атрофимизга нигоҳ ташласак уруш, нафрат ва кулфатларни кўрамиз. Ҳар биримиз касалликларга, азобларга ва видолашиш қайғуларига дучормиз. Хуллас, кўплар шундай дейишади: «Агар Худонинг бизга раҳми келса, нега ҳеч қандай чора кўрмаяпти?»

7 Қайғулиси шундаки, одамлар Худони раҳмсиз деб билишларида руҳонийларнинг ҳиссаси бор. Нега дейсизми? Бирорта фожиа бошимизга тушса, улар, бу Аллоҳнинг иродаси деб айтишади. Шундай қилиб улар барча ёмон ишларни Худонинг зиммасига юклашади. Муқаддас Китобда нима дейилган? Унда қуйидагини ўқиймиз: «Васвасага тушганда ҳеч ким: “Худо мени синаб кўраётир”,— демасин. Чунки Худо ёмонлик васвасасига тушмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни васвасага солмайди» (Ёқуб 1:13). Атрофимиздаги ёвузликка Худонинг ҳеч қандай дахли йўқ (Аюб 34:10-12). Худо ёвузликка фақатгина йўл қўйган. Лекин бирор нарсага йўл қўйиш билан, унинг сабабчиси бўлиш ўртасида катта фарқ бор.

8 Масалан, доно ва меҳрибон бир отанинг вояга етган ўғли бор дейлик. Шу ўғли исён кўтариб, уйдан кетиш қарорига келди ва отаси уни ўз ихтиёрига қўйди. Ўғли ёмон йўлга кириб кетиб, кўп муаммолар орттириб олди. Хўш, муаммоларнинг сабабчиси — унинг отасими? Асло (Луқо 15:11-13). Худди шунга ўхшаб, одамлар ёмон йўлни танлашганида, Худо уларни тўхтатмади. Аммо уларнинг муаммоларига У сабабчи эмас. Хуллас, ҳамма балоларда Худони айблаш адолатдан бўлмас эди.

9 Одамлар ўзлари танлаган йўлдан боришга йўл қўйиш учун, Худонинг сабаблари бўлган. Доно ва қодир Парвардигор бу сабабларни тушунтиришга мажбур эмас. Бироқ, меҳрибон Худо ўзгача йўл тутмоқда. Бу сабаблар тўғрисида кўпроқ 11- бобдан билиб оламиз. Аммо бир нарсада амин бўлишимиз мумкин: бошимизга тушган балоларда Худонинг айби йўқ. Аксинча, уларни ҳал қилишга фақатгина Худонинг қурби етади! (Ишаё 33:2).

10 Худо муқаддасдир (Ишаё 6:3). Бу дегани, У пок ва софдир. Унда ҳеч бир эгрилик йўқ. Шундай экан, Унга бутунлай ишонишимиз мумкин. Инсонга ишонгандай эмас, чунки одам зоти гоҳида адашади. Ҳатто самимий сиёсатчилар ҳам, одамларнинг қилмишларини уддалай олмайдилар. Бироқ, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир. Инсонларнинг етказган зарарли оқибатларини йўқ қилишга Худонинг ҳам хоҳиши, ҳам қудрати бор. Худо ниятларини амалга оширишни бошлаганда, ёвузликка батамом чек қўяди! (Забур 36:9-11).

АДОЛАТСИЗЛИККА ХУДО ҚАНДАЙ ҚАРАЙДИ?

11 Хўш, дунёда ва шахсан ҳаётингизда содир бўлаётган ишларга Худо қандай қарайди? Авваламбор, Муқаддас Китоб: «Худованд адолатни севар»,— деб ўргатмоқда (Забур 36:28). Демак, содир бўлаётган ишлар Худони ташвишлантиради. У ҳар турли адолатсизликдан нафратланади. Қадимги дунё ёвузликка тўлиб тошганида, Худонинг «юраги ачишиб кетди» (Ибтидо 6:5, 6). Худо эса ўзгармайди (Малахи 3:6). Уни ҳозир ҳам дунёда бўлаётган азоблар ранжитмоқда. Одамларнинг азобларини кўриш Эгамизга хуш келмайди. Муқаддас Китоб Худо тўғрисида: «Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб айтмоқда (1 Бутрус 5:7).

12 Азобларни кўриш Худога хуш келмаслигига қандай амин бўлишимиз мумкин? Мана бир исботи. Муқаддас Китоб айтишича одамзод Худонинг суратига кўра яратилган (Ибтидо 1:26). Яратувчининг ажойиб хислатлари борлиги сабабли, бизнинг ҳам ажойиб хислатларимиз бор. Масалан, бегуноҳ одамлар азоб чекса раҳмингиз келмайдими? Агар сизнинг уларга раҳмингиз келса, дарҳақиқат Худонинг инояти анча афзал.

13 Одамзоднинг ажойиб хислатларидан бири — севгидир. Лекин бу ҳам Худога тақлид қилишдир. Чунки: «Худонинг Ўзи севгидир» (1 Юҳанно 4:8). Шунинг учун, биз ҳам севгини намоён қилишимиз мумкин. Агар азоблару адолатсизликка чек қўйиш ихтиёрингизда бўлганида, севги ила шундай қилмасмидингиз? Албатта қилар эдингиз! Демак, Худо азоблару адолатсизликка чек қўйишига ҳеч шубҳаланмасангиз бўлади. Сўз бошида қаламга олинган ваъдалар нафақат қуруқ гап ёки орзу. Аллоҳнинг ваъдалари албатта амалга ошади! Лекин бу ваъдаларга қатъий ишониш учун, уларни берган Парвардигор тўғрисида кўпроқ билиб олишингиз даркор.

ХУДО, УНИ ТАНИБ-БИЛИШИНГИЗНИ ХОҲЛАЙДИ

14 Бирор кимса билан танишмоқчи бўлсангиз, авваламбор исмингизни айтмасмидингиз? Бироқ, Худонинг исми борми? Кўп диндор одамлар Унинг исмини «Аллоҳ» ёки «Худованд» деб айтишади, аммо бу Унинг шахсий исми эмас. Бу худди «шоҳ» ёки «президент» каби унвонлар холос. Муқаддас Китоб айтишича Худонинг унвонлари кўп. «Аллоҳ» ва «Худованд» деган унвонлар ҳам улар жумласидандир. Муқаддас Китоб, Худонинг шахсий исми борлигини ўргатмоқда, у ҳам бўлса: Яҳовадир. Забурда шундай дейилган: «Билсинларки, Сенинг исминг — Яҳова, бутун дунёда энг олий ёлғиз Сенсан» (Забур 83:18, ЯДТ [82:19]). Агар Муқаддас Китобингизда бу исм учрамаётган бўлса, бу китобнинг Иловасидан сабабини билиб олишингиз мумкин. Муқаддас Китобнинг асл нусхаларида Худонинг исми минглаб маротаба учрайди. Дарҳақиқат, Худойи Таоло, Унинг исмини билишингизни ва Уни айтиб чақиришингизни хоҳлайди. Хуллас, Муқаддас Китоб орқали Худо Ўзини таништирмоқда.

Бир аёл ўзини таништиряпти

Бирор киши билан танишишни хоҳласангиз, ўз исмингизни айтмасмидингиз? Худо Ўз исмини Муқаддас Китобда очиб бермоқда

15 Худо Ўзига чуқур маъноли исм берган. Яҳова деган исми, Унинг барча ваъдалари ва барча мақсадлари амалга ошишини кўрсатади*. Худонинг исми Ўз турида ягонадир. Бу исм фақатгина Унга тегишли. Яҳова бошқалардан жуда фарқ қилади. Фарқи нимада дейсизми?

16 Билиб олганимиздай, Яҳова тўғрисида «энг олий ёлғиз Сенсан»,— деб айтилган (Забур 82:19). Шунингдек, бир оятда қуйидагини ўқиймиз: «Ё Раббий, Тангри Таоло, ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир» (Ваҳий 15:3). «Сарвари коинот» деган унвон, Яҳованинг нақадар қудратли эканидан далолат бермоқда. Унинг тенги йўқдир. Яна бир оятида эса Яҳова «мангу Подшоҳ», деб аталган (1 Тимўтийга 1:17). Бу, Яҳованинг яна бир ўзгача томонини кўрсатмоқда. У азалий ва абадий зотдир. Забурда: «Азалдан ва илалабад Сен Тангрисан»,— деб айтилади (Забур 89:3). Наҳотки бу фикр ларзага солмаётган бўлса?

17 Шунингдек Яҳова — танҳо Парвардигордир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ё Раббимиз, ё Худойимиз! Сен шон-шуҳрат, иззат-икром, куч-қудратни эгаллашга лойиқсан. Зеро Сен бутун борлиқни яратдинг, ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди» (Ваҳий 4:11). Хаёлингизга келган бутун борлиқ — самодаги кўзга кўринмайдиган фаришталару тунда порлайдиган юлдузлар, дарахтда ўсаётган мевалару дарёда сузиб юрган балиқлар — уларнинг барчасини яратган Яҳовадир!

ЯҲОВАГА ЯҚИНЛАШИШ МУМКИНМИ?

18 Баъзилар Яҳованинг ажойиб хислатлари тўғрисида ўқиганларида ҳаяжонланишади. Улар: «Аллоҳ шунчалик буюкки мен осий бир банда Унга ҳеч қачон яқинлаша олмайман»,— деб қўрқишади. Лекин, Муқаддас Китоб нима демоқда? Унда Эгамиз Яҳова тўғрисида: «У ҳар биримизга жуда яқин»,— деб айтилмоқда (Ҳаворийлар 17:27). Боз устига бошқа оят: «Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади»,— деб ундамоқда (Ёқуб 4:8).

Муқаддас Китоб, Яҳова бутун оламнинг меҳрибон Парвардигори, деб ўргатмоқда

Аллоҳнинг ижодлари

19 Худога қандай яқинлашиш мумкин? Авваламбор, ҳозирги қилаётган ишингизни давом эттиринг, яъни Худо тўғрисида билим олинг. Муқаддас Китобда Масиҳ деб ном олган Исо пайғамбар шундай деганлар: «Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир» (Юҳанно 17:3). Ҳа, Муқаддас Китоб айтишича, Яҳова Таоло ҳамда Ҳазрати Исо тўғрисидаги билим «абадий ҳаётга» етаклаб боради! Билиб олганимиздай «Худо севгидир» (1 Юҳанно 4:16). Шунингдек, Яҳованинг бошқа ажойиб фазилатлари бор. Масалан, бир оятда: «Сабр-тоқатли Худоман, собит севгим ва садоқатим мўлдир»,— деб айтилган (Чиқиш 34:6). Худо «мурувватли ва кечиримлидир» (Забур 85:5). У сабр-тоқатли (2 Бутрус 3:9). Худо Ўз умматини асло тарк этмас (Забур 93:14). Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, Яҳованинг яна кўпгина бошқа жозибадор хислатларини қандай намоён қилаётганини кўрасиз.

20 Тўғри, Худо руҳий шахс бўлгани учун Уни кўра олмайсиз (Юҳанно 1:18; 4:24; 1 Тимўтийга 1:17). Бироқ, Унинг шахси тўғрисида Муқаддас Китоб саҳифаларидан билиб олишингиз мумкин. Бир оятда айтилгандай: «Худованд жамолини тамошо» қилишингиз мумкин (Забур 26:4; Римликларга 1:20). Яҳова тўғрисида билимингиз ошган сайин, Уни яқиндан таниб оласиз. Шунда Худони севиш ва Унга яқинлашиш учун янада кўп сабаблар топасиз.

Ота ўғил

Меҳрибон ота ўз боласини севганидай, самовий Отамиз бизга янада буюк севги билан қарайди

21 Худо бизга нафақат ҳаёт берган, балки ҳар бир меҳрибон ота каби ҳаётдан завқ олишимизни хоҳлайди. Шу сабабли, Муқаддас Китоб Яҳовани самовий Ота деб билишимиз кераклигини ўргатяпти (Матто 6:9). Боз устига, одамлар Яҳованинг дўстлари бўлишлари мумкин (Ёқуб 2:23). Фақат ўйлаб кўринг-а, сиз Парвардигори Оламнинг дўсти бўлишингиз мумкин!

22 Бироқ, Муқаддас Китобни тадқиқ қилганингиз сайин, баъзилар пок ниятлар ила сизга қарши чиқиши мумкин. Улар, ота-боболарингиз динини қолдирасиз деб қўрқадилар. Ёхуд шунчаки беҳуда вақт кеткизасиз деб ўйлайдилар. Лекин, бу ажойиб, ўзгача дўстликни ривожлантиришга сизга ҳеч ким халақит бермасин.

23 Шубҳасизки, баъзи фикрларни шу заҳотиёқ тушуна олиш қийин. Аммо ёрдам сўрашдан ҳеч ҳам тортинманг. Исо пайғамбар болалар каби камтарин бўлинглар деганлар (Матто 18:2-4). Маълумки, болалар жуда кўп саволлар беришади. Худо эса саволларимизга жавоб бермоқчи. Муқаддас Китобда бир гуруҳ одамлар мақтаб ўтилган. Чунки улар Худо тўғрисида билимга эга бўлишни истаб, Муқаддас Ёзувларни чиндан ҳам ҳақиқатмикин, деб синчиклаб ўқир эдилар (Ҳаворийлар 17:11).

24 Яҳова Таоло тўғрисида билим олишнинг энг яхши йўли Муқаддас Китобни ўрганиш, тадқиқ қилишдир. Бу китоб бошқа барча китоблардан фарқлидир. Қайси жиҳатдан дейсизми? Бу мавзу янаги бобда муҳокама қилинади.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Худо шахсан сизга ғамхўрлик қилади (1 Бутрус 5:7).
  • Худонинг шахсий исми — Яҳовадир (Забур 83:18, ЯДТ [82:19]).
  • Яҳова Таоло, Унга яқинлашишингизни таклиф қилмоқда (Ёқуб 4:8).
  • Эгамиз Яҳова раҳмдил, меҳрибон ва севгига тўладир (Чиқиш 34:6; 1 Юҳанно 4:8, 16).

*  Худонинг исми ва маъноси тўғрисида Иловадан билиб олиш мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1, 2. Нимага саволлар бериш яхшидир?

3. Нега кўплар жуда муҳим саволларга жавоб излашдан тўхтайди?

4, 5. Одамларни қизиқтираётган муҳим саволларнинг баъзилари қандай ва нима учун уларга жавоб топиш даркор?

6. Нимага баъзилар, Худонинг бизга раҳми келмайди, деб ўйлашади?

7. а) Одамлар Худони раҳмсиз, деб билишларида руҳонийларнинг қандай ҳиссаси бор? б) Синовлар ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

8, 9. а) Қандай мисол орқали, муаммоларга йўл қўйиш билан уларнинг сабабчиси бўлиш ўртасидаги фарқни кўрсатар эдингиз? б) Нимага, одамларнинг муаммоларида Худони айблаш адолатдан бўлмас эди?

10. Нимага, Худо ёвузликни йўқ қилишига ишонишимиз мумкин?

11. а) Адолатсизликка Худо қандай қарайди? б) Шахсан сиз чекаётган азобларга-чи?

12, 13. а) Нимага севги каби хислатга эгамиз ва дунёдаги воқеаларга қарашда севги қандай аҳамиятга эга? б) Нимага муаммоларни ҳал этишини Худодан кутишимиз мумкин?

14. Худонинг исми нима ва нимага бу исмни айтиб чақиришимиз керак?

15. Эгамизнинг Яҳова деган исми нимани англатади?

16, 17. а) «Сарвари коинот», б) «мангу Подшоҳ», в) «Парвардигор», деган унвонлардан Яҳова ҳақида нимани билиб олишимиз мумкин?

18. Нимага баъзилар, Аллоҳга ҳеч қачон яқинлаша олмаймиз, деб қўрқишади, лекин Муқаддас Китоб нима демоқда?

19. а) Худога қандай яқинлашиш мумкин ва бу қандай фойда келтиради? б) Худонинг қайси фазилати сизга айниқса ёқимлидир?

20-22. а) Худони кўра олмасак-да, Унга қандай яқинлашиш мумкин? Тушунтириб беринг. б) Баъзилар пок ниятлар ила, нима қилишлари мумкин, бироқ сиз нима қиласиз?

23, 24. а) Нимага ўрганаётган нарсалар тўғрисида савол беришдан тортинмаслигингиз керак? б) Янаги бобда қандай мавзу муҳокама қилинади?

Кўпроқ билиш

Худонинг исми борми?

Аллоҳнинг кўп унвони бор: Эга, Яратувчи, Раббий. Лекин Унинг шахсий исми бор ва Муқаддас Китобнинг асл нусхаларида бу исм деярли 7 000 марта учраган.

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?