Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

15- БОБ

Худо маъқул деб билган топиниш

Худо маъқул деб билган топиниш

Худо ҳамма динни маъқул деб биладими?

Ҳақ динни қандай аниқлаш мумкин?

Ҳозирги вақтда Худонинг ҳақиқий топинувчилари ким?

ТАНГРИМИЗ ЯҲОВА жуда меҳр-муҳаббатлидир, ва манфаатимизни кўзлаб Ўз раҳбарлигини ҳавола қилмоқда. Унга тўғри услубда топинсак ҳақиқий бахтни топиб, кўп муаммолардан холи бўламиз. Шунингдек, биз Худонинг мададига ва дуосига эга бўлишимиз мумкин (Ишаё 48:17). Бироқ, ҳозирги вақтда юзлаб турли динлар мавжуд ва ҳар бири Ҳақ Худонинг йўлини ўргатяпмиз, деб бир-бирига зид таълимотларни талқин қиладилар.

2 Хўш, бўлмаса Яҳова маъқул деб билган динни қандай аниқлаш мумкин экан? Бунинг учун барча динларнинг таълимотини ўрганиб чиқиш шарт эмас. Авваламбор Муқаддас Китоб таълимотларини ўргансак марра бизники. Бир мисол келтирайлик. Кўп давлатларда сохта пул катта муаммо бўлиб қолган. Агар сохта пулни аниқлаш керак бўлса, буни қандай қилар эдингиз? Эҳтимол, турли сохта пулларни ўрганишни бошларсиз? Қайдам. Ҳақиқий пулни ўрганиш тўғрироқ бўлмасмиди? Чунки ҳақиқий пул қандай бўлишини билиб олсангиз, уни сохта пулдан ажрата оласиз. Худди шунга ўхшаб, қайси дин ҳақиқий эканини билиб олсак, сохта динни осонликча аниқлай оламиз.

3 Худованд Яҳова маъқул деб билган топинишни қўллаш ўта муҳимдир. Кўпларнинг фикрича Худо барча динларни маъқул деб билади, бироқ Муқаддас Китоб бундай ўргатгани йўқ. Ҳатто «Худога ишонаман», дейишнинг ўзи етарли эмас. Азиз ҳаворий Павлус шундай деганлар: «Худони тан оламиз, дейдилар-у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Улар ҳар қандай хайрли ишга ярамас, бўйин эгмас, ифлос одамлардир» (Титусга 1:16). Худога маъқул бўлиш учун Унинг иродасини билиб, бажо келтириш керак. Чунки, Худонинг иродасини бажо келтирмаганларни Ҳазрати Исо «бадкирдорлар», деб атаган (Матто 7:21-23). Сохта диннинг, худди сохта пул каби ҳеч қандай қадри йўқ. Қолаверса, у ўта хавфлидир.

4 Яҳова ҳар бир инсонга ер юзида абадий ҳаёт насиб этмоқчи. Аммо бунинг учун, Ҳақ Худога тўғри услубда хизмат қилиб, Унга маъқул бўлишга ҳаракат қилишимиз даркор. Афсуски, кўплари бундан бош тортишади. Мана шу сабабга кўра Исо Масиҳ: «Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана, шу томон юраётганлар кўп. Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз»,— деганлар (Матто 7:13, 14). Ҳақ дин ҳаётга элтувчи бўлса, сохта дин ҳалокатга олиб боради. Лекин Яҳова ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, барчага ҳақиқатни билиб олиш имкониятини бермоқда (2 Бутрус 3:9). Чиндан ҳам, Худога қандай йўл билан топиниш ҳаёт-мамот масаласидир.

ҲАҚ ДИННИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

5 «Ҳаётга элтувчи йўлни» қандай топиш мумкин экан? Ҳазрати Исонинг сўзларига кўра ҳақ дин, унинг аъзоларининг турмуш-тарзидан аниқланади. У киши шундай деганлар: «Уларни меваларидан билиб оласизлар… Ҳар бир яхши дарахт яхши мева берар» (Матто 7:16, 17). Бошқача айтилганда, ҳақ дин аъзолари эътиқоди ва ишларидан танилади. Тўғри, улар номукаммал ва гоҳо адашади, бироқ ҳар бири Худонинг иродасини бажаришда жон куйдирадилар. Келинг, ҳақ динни ажратадиган олтита асосий хусусиятни кўриб чиқайлик.

ҲАҚ ХУДОНИНГ ТОПИНУВЧИЛАРИ

  • таълимотларини Муқаддас Китобга асослайдилар
  • фақат Тангри Яҳовани тан олиб, Унинг исмини эълон этадилар
  • бир-бирига самимий меҳр-муҳаббат намоён этадилар
  • нажот фақат Исо Масиҳ орқали келишини тан оладилар
  • бу дунёдан эмаслар
  • инсониятнинг ягона умиди бўлмиш, Худонинг Шоҳлигини ваъз этадилар
Аллоҳнинг турли ирқлардан бўлган топинувчилари

6Худонинг хизматчилари ўз таълимотларини Муқаддас Китобга асослайдилар. Муқаддас Китобнинг ўзида шундай дейилган: «Ҳар бир Муқаддас Ёзув илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим бериш, далолат қилиш, тузатиш, солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир. Шу йўсин Худонинг қули комил ва ҳар қандай яхши ишга қобил бўлади» (2 Тимўтийга 3:16, 17). Павлус эса имондошларига шундай ёзган: «Сизлар Худонинг каломини биздан эшитганингизда, буни инсон сўзи сифатида эмас, балки Худо каломи сифатида қабул қилдингизлар. Бу калом ҳақиқатан Худо каломидир» (1 Салоникаликларга 2:13). Хуллас, ҳақ диннинг таълимотлари одамларнинг нуқтаи назари ёки урф-одатларига эмас, балки илоҳий илҳом билан ёзилган Муқаддас Китобга асосланган.

7 Исо Масиҳ ҳам ўз таълимотини Худонинг Каломига асослаб, яхши ўрнак кўрсатди. У ҳатто ибодат қилаётиб: «Сенинг каломинг — ҳақиқатдир»,— деган эди (Юҳанно 17:17). Исо Худонинг Каломига ишониб, таълимотини доимо унга уйғун қилиб асослар эди. У тез-тез оятларга ишора қилиб турар эди (Матто 4:4, 7, 10). Худонинг бугунги хизматчилари ҳам ўз нуқтаи назарини талқин қилмай, Муқаддас Китобга ишониб ўз таълимотларини унга асослайдилар.

8Ҳақ диннинг аъзолари фақат Тангри Яҳовани тан олиб, Унинг исмини эълон этадилар. Ҳазрати Исо: «Эганг — Худовандга сажда қил, биргина Унга итоатда бўл»,— деб таъкидлар эди (Матто 4:10). Шунинг учун, Худонинг хизматчилари фақатгина Парвардигори Олам Яҳовага топинадилар. Бундай топинишга, Худонинг исмини ҳамда Унинг ажойиб фазилатларини эълон қилиш киради. Забур 83:18-, ЯДТ [82:19] оятида: «Билсинларки, Сенинг исминг — Яҳовадир, бутун дунёда энг олий ёлғиз Сенсан», деб ёзилган. Исо Масиҳ бизга ўрнак кўрсатиб, бошқаларга Худонинг исмини очиб берар эди. Шу сабабли у: «Сен дунёдан Менга берган одамларга Сенинг исмингни изҳор қилдим»,— деб ибодат қилган (Юҳанно 17:6). Худонинг бугунги хизматчилари ҳам бошқаларга Унинг исми, ниятлари ва фазилатлари ҳақида эълон этадилар.

9Худонинг уммати бир-бирига самимий меҳр-муҳаббат намоён этадилар. Исо Масиҳ шогирдларига: «Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади»,— деган эди (Юҳанно 13:35). Бундай самимий муҳаббат илк масиҳчиларни бирлаштирар эди. Ҳақиқий севги ижтимоий, миллий ва ирқий хурофотларни енгиб, одамларни узилмас биродарлик ришталари билан боғлайди (Колосаликларга 3:14). Сохта дин бундай биродарликдан холидир. Буни қаердан биламиз? Чунки улар миллатчилик юзасидан ҳатто имондошини ҳам ўлдиради. Масиҳчилар эса ҳеч қачон қурол олиб на имондошини, на бошқа кимсани ўлдиради. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Кимда-ким тўғри иш қилмаса, биродарини севмаса, у Худо зотидан эмас. Худонинг болалари ҳам, иблиснинг болалари ҳам шундан билинади. […] Ўз укасини қатл қилган иблис зоти Қобилга ўхшамайлик» (1 Юҳанно 3:10-12; 4:20, 21).

10 Лекин ҳақиқий меҳр-муҳаббат нафақат қотиллик қилмасликдадир. Масиҳчилар ўз вақти, кучи ва маблағини бошқаларга ёрдам ва далда бериш учун сарфлайди (Ибронийларга 10:24, 25). Улар, ҳатто қийин вақтда бир-бирига ёрдамга келиб, ҳамиша самимий бўладилар. Дарҳақиқат, улар Муқаддас Китобдаги: «Ҳаммага… яхшилик қилаверайлик»,— деган маслаҳатга мувофиқ яшайдилар (Галатияликларга 6:10).

11Ҳақ Худога топинувчилар, нажот фақат Исо Масиҳ орқали келишини тан оладилар. Муқаддас Китобда: «Нажот топишимиз учун, осмони фалак остида одамзодга берилган бошқа ҳеч бир исм йўқ»,— дейилган (Ҳаворийлар 4:12). Китобимизнинг 5- бобидан билиб олганимиздай, Исо Масиҳ итоаткор кишилар учун ўз жонини фидо қилган (Матто 20:28). Боз устига, Яҳова Таоло Ҳазрати Исони ер юзи устидан бошқарадиган самовий Шоҳ қилиб тайинлади. Агар бизга абадий ҳаёт насиб этмоғини хоҳласак, Исога ишониб, унинг таълимотларига мувофиқ яшашимиз керак. Чунки Муқаддас Китобда: «Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади. Ўғилга ишонмаган одам эса ҳаёт кўрмайди»,— деб айтилган (Юҳанно 3:36).

12Худонинг хизматчилари бу дунёдан эмаслар. Исо Масиҳ римлик ҳоким Пилат олдида турганида: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас»,— деган эди (Юҳанно 18:36). Қаерда яшашларидан қатъиназар, Исонинг издошлари Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлиб, бу дунёнинг сиёсий ишларида қатнашмайдилар. Улар низо ва тўқнашувларда ҳеч қандай иштирок этмайдилар. Лекин бунга қарамай, бошқалар сиёсий партияларга аъзо бўлишса, номзодини таклиф қилишса ёки сайловларда қатнашишса, Яҳованинг хизматчилари бунга тўсқинлик қилмайдилар. Улар сиёсатда бетараф бўлишса-да, давлат қонунларига бўйсунадилар. Нима учун? Чунки Худонинг Каломи: «Ҳар бир одам ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин»,— деб буюради (Римликларга 13:1). Бироқ давлат қонуни Худонинг қонунига зид бўлса, Ҳақ Худонинг топинувчилари ҳаворийлардан ўрнак олиб: «Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак»,— дейдилар (Ҳаворийлар 5:29; Марк 12:17).

13Ҳақ Таолонинг халқи, инсониятнинг ягона умиди бўлмиш, Худонинг Шоҳлигини ваъз этадилар. Ҳазрати Исо каромат қилиб: «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади»,— деганлар (Матто 24:14). Унинг издошлари, бу дунёнинг ҳокимларига кўз тикиб ўтиришдан кўра, инсониятнинг муаммоларини бартараф қиладиган Худо Шоҳлигига умид боғлаш даркор, деб ваъз этадилар (Забур 145:3). Исо ҳатто бу Шоҳлик ҳақида: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»,— деб ибодат қилишга ундаган эди (Матто 6:10). Муқаддас Китобда ушбу самовий Шоҳлик ҳақида: «Бу шоҳлик бошқа барча [ҳозирги мавжуд бўлган] шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради»,— деб башорат қилинган (Дониёр 2:44).

14 Бу хусусиятларни кўриб чиққан эканмиз, ўзингизга шундай саволлар беринг: қайси диннинг таълимотлари Муқаддас Китобга асосланган, ва Тангри Яҳованинг исмини ким эълон этмоқда? Самимий меҳр-муҳаббатни намоён этадиган ва нажот фақат Исо Масиҳ орқали келишини тан оладиганлар ким? Ким бу дунёдан бўлмай туриб, инсониятнинг ягона умиди бўлмиш Худонинг Шоҳлигини ваъз этмоқда? Бу хусусиятларга мос келадиганлар бормикан? Барча далиллар, бу — Яҳованинг Шоҳидлари эканини кўрсатиб турибди (Ишаё 43:10-12).

Тангри Яҳованинг халқи билан Унга хизмат қилсангиз, йўқотган нарсалардан кўра, топган қут-баракалар улкан бўлади

Турли ирқдан бўлганига қарамай, дўстлашаётган одамлар

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАСИЗ?

15 Худога ишонаман дейишнинг ўзи етарли эмас. Зеро Муқаддас Китобда, ҳатто жинлар ҳам Худо борлигига ишонишади, деб айтилган (Ёқуб 2:19). Лекин улар Худонинг мамнуниятини қозонгани йўқ, чунки Унинг иродасини бажармайдилар-ку. Демак, Худога маъқул келиш учун, нафақат Унинг борлигига ишониш, балки иродасини бажариш даркор. Шунингдек, сохта диндан чиқиб, ҳақиқий топинишга қўшилишимиз керак.

16 Ҳаворий Павлус, сохта дин билан ҳеч қандай алоқада бўлмаслигимиз кераклигини қуйидаги сўзлар билан таъкидлаган эди: «Худованд яна шундай деган: “Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар, нопокка эса қўл тегизманглар; шунда Мен сизларни қабул қилурман”» (2 Коринфликларга 6:17; Ишаё 52:11). Шу йўсин, Худонинг хизматчилари сохта топинишга ҳеч қачон шерик бўлмайдилар.

17 Муқаддас Китобда сохта диннинг барча оқимлари «буюк Бобил» деб аталади* (Ваҳий 17:5). Бу ном қадимги Бобил шаҳри билан боғлиқ. Буюк Тўфондан сўнг айнан ушбу шаҳарда сохта дин негиз отган эди. Сохта динда кенг тарқалган таълимотлару ақидаларнинг кўпи, айнан ушбу Бобил шаҳридан келиб чиққан. Масалан, бобилликлар учликка, яъни уч қиёфали худоларга сиғинишган. Бироқ Муқаддас Китоб, фақат ягона Аллоҳ Яҳовадан бўлак Худо йўқ, Исо Масиҳ эса Унинг Азизидир деб ўргатмоқда (Юҳанно 17:3). Бобилликлар шунингдек, ҳар бир одамнинг ўлмайдиган жони мавжуд, ва одам ўлса унинг жони танасидан чиқиб, азоб чекиши мумкин деб ишонишган. Бугунги кунда жоннинг ўлмаслиги ва жаҳаннам азоблари ҳақидаги тушунчалар жуда кўп динларнинг асосий ақидасидир.

18 Қадимги Бобил ақидалари бутун дунёга ёйилиб кетган эди, шу боис ҳозирги «буюк Бобил» ҳам сохта дин империясини англатади. Худо сохта дин империясини ногаҳон йўқ қилади, деб башорат қилинган эди (Ваҳий 18:8). Айнан шу сабаб, буюк Бобилдан четда бўлиш даркор. Яҳова, кечикмай «ундан чиқиб кетинг», деб чорламоқда (Ваҳий 18:4).

19 Сохта диндан чиқиб кетиш қарорингиз туфайли, баъзилар сиз билан гаплашмай қўйиши мумкин. Лекин Тангри Яҳованинг халқи билан Унга хизмат қилсангиз, йўқотган нарсалардан кўра, топган қут-баракалар улкан бўлади. Худди Исонинг илк шогирдлари ҳамма нарсани қолдириб унга эргашгани каби, сиз ҳам кўплаб имонли ака-ука, опа-сингиллар топасиз. Самимий севги намоён этадиган миллионлаб масиҳчиларнинг халқаро оиласига қўшилишингиз мумкин. Боз устига, «келажак дунёда» абадий ҳаётга бўлган умидингиз пайдо бўлади (Марк 10:28-30). Ким билсин, эҳтимол вақт ўтиб, эътиқодингизни кўриб сиз билан гаплашмай қўйган киши Муқаддас Китоб таълимотлари билан қизиқиб, Ҳақ Яҳованинг хизматчисига айланар.

20 Муқаддас Китобга биноан, Худо яқин орада бу ёвуз дунёни йўқ қилиб, Ўз Шоҳлиги орқали адолат ҳукм сурадиган янги дунё ўрнатади (2 Бутрус 3:9, 13). Бу нақадар ажойиб келажак-а?! Шунда фақат Худо маъқул деб билган топиниш, фақат ҳақ дин мавжуд бўлади. Ҳозирнинг ўзида ҳаракат қилиб, Ҳақ Худонинг топинувчиларига қўшилсангиз, доно иш қилган бўлмайсизми?

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Фақат биргина ҳақ дин мавжуд (Матто 7:13, 14).
  • Ҳақ дин аъзолари, эътиқоди ва ишларидан танилади (Матто 7:16, 17).
  • Яҳованинг Шоҳидлари — Худонинг ҳақиқий топинувчилари (Ишаё 43:10).

*  Сохта дин империяси — «буюк Бобил» деб аталишининг сабабини билиш учун Иловага қаранг.


Тадқиқ учун саволлар

1. Худога тўғри услубда топинсак, қандай баракаларга эга бўламиз?

2. Яҳова маъқул деб билган динни қандай аниқлаш мумкин? Мисол келтиринг.

3. Худога маъқул бўлиш учун нима қилиш керак?

4. Исо Масиҳ қандай икки йўл тўғрисида гапирганлар ва улар қаерга олиб боради?

5. Ҳақ динни қандай топишимиз мумкин?

6, 7. Худонинг хизматчилари Муқаддас Китобга қандай қарайдилар, ва Исо Масиҳ бу хусусида қандай ўрнак кўрсатди?

8. Ҳақиқий топинишга нима киради?

9, 10. Масиҳчилар меҳр-муҳаббатни қандай намоён этадилар?

11. Нажот фақат Исо Масиҳ орқали келишини нега тан олишимиз керак?

12. Бу дунёдан бўлмаслик нимани англатади?

13. Ҳақ Таолонинг халқи Худонинг Шоҳлигига қандай қарайди ва улар қайси фаолият билан машғул?

14. Сизнингча, қайси динни ҳақ деб билса бўлади?

15. Худо борлигига ишонишдан ташқари, яна нима қилиш даркор?

16. Сохта дин билан алоқани узиш учун нима қилиш керак?

17, 18. «Буюк Бобил» нимани англатади, ва нега кечикмай «ундан чиқиб кетиш» даркор?

19. Тангри Яҳовага хизмат қилсангиз нимани топган бўласиз?

20. Ҳақ дин аъзоларини қандай келажак кутмоқда?