Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

12- БОБ

Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи

Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи

Худонинг дўсти бўлишингиз мумкинми?

Шайтоннинг даъвоси сизга тегишлими?

Яҳова Таоло қандай ишлардан нафратланади?

Қандай турмуш тарзи билан Худога маъқул келишингиз мумкин?

КИМ билан дўст бўлишни хоҳлар эдингиз? Эҳтимол қарашлар, қизиқишлар ва қадриятларингизга шерик бўлган кимса билан, шундай эмасми? Ҳа, фазилатли одам меҳр ва ростгўйлиги билан бошқаларни ўзига жалб қилиши табиий.

2 Қадимдан баъзи инсонлар, ҳатто Худонинг дўсти бўлиш шарафига эга бўлишган. Масалан, Тангри Яҳова Иброҳим Халилуллоҳни Ўзига дўст тутган (Ишаё 41:8; Ёқуб 2:23). Ҳазрати Довуд ҳақида эса Худо шундай деган: «Мен кўнглимдагидай бир одамни… топдим» (Ҳаворийлар 13:22). Дониёр пайғамбарга эса фаришта: «Сен Худонинг суюкли бандасисан»,— деб айтган эди (Дониёр 9:23).

3 Иброҳим, Довуд ва Дониёр бу шарафга қандай эга бўлишди? Масалан, Иброҳим пайғамбар Худонинг гапига қулоқ солгани учун (Ибтидо 22:18). Демак, Худованд, камтаринлик билан итоат қилганларга яқиндир. Исроил халқига Яҳова қуйидагини айтган эди: «Менинг гапимга қулоқ солинглар, шунда Мен сизларнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар» (Еремиё 7:23, ЯДТ). Яҳованинг гапига қулоқ солсангиз, сиз ҳам Унинг дўсти бўла олишингиз мумкин!

ЯҲОВА ЎЗ ДЎСТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

4 Худонинг дўсти бўлиш қанчалар шараф эканини бир ўйлаб кўринг! Муқаддас Китобда Эгамиз Яҳова, Унга чин дилдан боғланган инсонларни доимо қўллаб-қувватлаши тўғрисида айтилади (2 Солномалар 16:9). Сизни-чи, Аллоҳ Таоло қандай қилиб қўллаб-қувватлаши мумкин? Масалан, Забур 31:8- оятда қуйидагини ўқиймиз: «Мен [Яҳова] сенга ақл ўргатарман, юрар йўлингни кўрсатарман. Кўзим сенинг устингда бўлиб, сенга раҳнамолик қиларман».

5 Яҳова қанчалик меҳрибон экан-а! У нафақат юрар йўлингизни кўрсатади, балки бу йўлдан юришингизга ёрдам ҳам беради. Худованд, қийин аҳволингизда сизга таянчиқ бўлишни истайди (Забур 54:23). Эгамизга чин дилдан боғланиб хизмат қилсангиз, қўйидаги сўзларнинг гувоҳи бўласиз: «Худовандни доим кўз олдимда кўраман, У ўнг томонимда бўлгунча тебранмасман» (Забур 15:8; 62:9). Ҳа, Тангримиз Яҳова маъқуллайдиган турмуш тарзини кечиришингиз учун, Ўзи сизга ёрдам беради. Бироқ, Худонинг душмани сизга тўсқинлик қилмоқчи.

ШАЙТОННИНГ ДАЪВОСИ

6 Шу китобнинг 11- бобидан, Шайтон Яҳованинг бошқариш ҳуқуқини шубҳа остига қўйганини билиб олдик. Худо, Одам Ато билан Момо Ҳавони яхши ва ёмонни танлаш имкониятидан маҳрум этяпти, деб таъкидлаган эди Шайтон. Шу йўсин у Худони ёлғончи қилиб кўрсатди. Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилганидан сўнг, Шайтон уларнинг авлоди бўлмиш бутун инсониятнинг садоқатини шубҳа остига қўйди. У шундай деди: «Одамлар Худога севги ила хизмат қилгани йўқ. Менинг ихтиёримда бўлганда, барчани Худога қарши қайраб қўяр эдим». Шайтон чиндан ҳам шундай ўйлаётганини Аюб алайҳиссалом билан юз берган воқеа тасдиқлайди. Аюб ўзи ким бўлган, ва у қандай қилиб Шайтоннинг даъвосига қўшилиб қолди?

7 Аюб алайҳиссалом қарийб 3 600 йил муқаддам яшаган. У мўмин инсон бўлгани учун, Яҳова: «Ер юзида унга ўхшагани йўқ. У покдомон, адолатли, Худодан қўрқадиган, ёмонликдан бош тортадиган одам»,— деб гапирар эди (Аюб 1:8, ЯДТ). Аюб алайҳиссалом Худо маъқуллайдиган турмуш тарзини кечирар эди.

8 Шайтон Аюбнинг садоқатини шубҳа остига қўйди. У Яҳовага шундай деди: «Сен уни ҳар тарафдан авайлаб, унинг уй-жойини ҳам бор мол-мулкини ҳам ҳимоянгда сақлаб юрибсан-ку. Унинг ишларига қут-барака бердинг, мол подалари эса мамлакатга сиғмайдиган бўлиб кетган. Бироқ Сен қўлингни чўзиб, унинг бор мол-мулкига тегиб кўр-чи, у Сенинг юзингга қараб лаънат айтмасмикин?» (Аюб 1:10, 11, ЯДТ).

9 Аюб фақат ўз фойдасини кўзлаб Худога хизмат қиляпти, деди Шайтон. Агар уни синовга солсам, у Худодан юз ўгиради, деб қўшиб қўйди. Худованд Яҳова Шайтоннинг даъвосига қандай жавоб қайтарар экан? Масала Аюбнинг садоқати билан боғлиқ бўлгани сабаб, Яҳова уни синаш учун изн берди. Чунки шу йўсин Аюбнинг самимий севгиси намоён бўла олар эди.

АЮБНИНГ СИНАЛИШИ

10 Шайтон Аюб алайҳиссаломнинг бошига жуда оғир кулфатлар ёғдирди. Унинг деярли барча подалари талон-тарож қилинди, қолгани эса қирилиб кетди. Унинг кўп хизматкорлари ҳалок бўлди. Аюб бор нарсасидан жудо бўлди. Сўнгра энг даҳшатли ҳодиса рўй берди. Кучли бўрон натижасида Аюбнинг ўнта фарзанди нобуд бўлди. Лекин, шунга қарамай, «Аюб бирон ножўя сўз айтиб Худо олдида гуноҳ қилмади» (Аюб 1:22, ЯДТ).

Аюб алайҳиссалом Худога содиқ қолгани учун тақдирланган

Аюб ўз садоқати учун мукофотланди

11 Лекин, Шайтон тинчигани йўқ. Эҳтимол, у ўйлагандир: «Аюб мол-мулки, хизматкорлари ва ҳатто болаларидан айрилганига бардош берган бўлса-да, ўзи касал бўлса шубҳасизки Худодан юз ўгиради». Яҳова йўл қўйиши билан, Шайтон Аюбни даҳшатли касалликка йўлиқтирди. Бироқ шунда ҳам Аюб имонидан қайтгани йўқ. У: «То ўлмагунимча, софдиллигимдан қайтмайман!» — деб қатъий қарор қилди (Аюб 27:5, ЯДТ).

12 Бу балоларнинг сабабчиси Шайтон эканидан Аюб бехабар эди. Худонинг бошқаруви ҳақидаги масалани билмай, Аюб бу балоларни Худодан кўрар эди (Аюб 6:4; 16:11-14). Қандай бўлмасин, Аюб Худованд Яҳовага содиқ қолди. Ўз садоқати билан Аюб Шайтоннинг даъвоси ёлғон эканини тасдиқлади. Ҳа, Аюб алайҳиссалом Худони севгани учун Унга хизмат қилгани ҳаммага аён бўлди!

13 Аюбнинг садоқати Шайтоннинг ҳақоратли даъвоси ёлғон эканини тасдиқлади. Дарҳақиқат, Аюб алайҳиссалом Яҳованинг чин дўсти эди, ва Худованд уни шунга яраша тақдирлади (Аюб 42:12-17).

ШАЙТОННИНГ ДАЪВОСИ СИЗГА ҚАНДАЙ ТЕГИШЛИ

14 Синовларда Худога содиқ қолиш ҳақидаги Шайтоннинг даъвоси нафақат Аюб алайҳиссаломга, балки сизга ҳам тегишлидир. Муқаддас Китобнинг бир оятида Яҳованинг ушбу сўзлари ёзилган: «Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан» (Ҳикматлар 27:11). Бу сўзлар Аюбнинг вафотидан анча вақт ўтгач ёзилган бўлиб, Шайтон Худони танқид қилишда ҳамда Унинг хизматчиларини қоралашда давом этишини кўрсатяпти. Агар Яҳова маъқуллайдиган турмуш тарзини кечираётган бўлсак, Шайтоннинг ёлғон даъвосига жавоб қайтарган ҳамда Худонинг қалбини қувонтирган бўламиз. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз? Наҳотки ҳаётингизга ўзгаришлар киритиб бўлса-да, Шайтоннинг даъвосига жавоб қайтариш шарафига эга бўлишни хоҳламасангиз?

15 Шайтон шундай деган эди: «Ўз жони учун эса инсон бор нарсасини аямайди» (Аюб 2:4, ЯДТ). «Инсон» сўзи остида Шайтон нафақат Аюбни, балки бутун инсониятни назарда тутган. Бу ўта муҳим, чунки сизнинг ҳам Худога бўлган садоқатингиз шубҳа остига қўйилган. Шайтон, қийинчиликларга дуч келганингизда Худога итоатсиз бўлиб, тўғри йўлдан озиб қолишингизни истайди. У бунга қандай қилиб эришмоқчи?

16 Шайтон турли усуллар билан одамларни Худога қарши қилиб қўйгани ҳақида 10- бобдан билиб олдик. Бировни ютиб юбориш учун, Шайтон шердай бўкириб юриши мумкин (1 Бутрус 5:8). Масалан, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва ундаги қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашни бошлаган пайтингизда, дўстлару қариндошларингиз сизга қарши чиқиши мумкин* (Юҳанно 15:19, 20). Боз устига, Шайтон «нурли фариштанинг қиёфасини олади» (2 Коринфликларга 11:14). Бу демакки, Шайтон айёрлик билан сизни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Шунингдек, тушкун руҳда бўлган пайтларингизда, Худога хизмат қилишга муносиб эмассиз, деган фикрни кўнглингизга солади (Ҳикматлар 24:10). Шайтон «шердай бўкириб» юрадими, ё «нурли фариштанинг қиёфасини» оладими, унинг мақсади бир, яъни у синов ва васвасаларда Худога хизмат қилишни тўхтатишингизни хоҳлайди. Аюб алайҳиссалом каби, сиз ҳам Худога содиқ эканингизни намоён қила оласизми? Қандай қилиб?

ЯҲОВАНИНГ АМРЛАРИНИ БАЖО КЕЛТИРИНГ

17 Агар сиз Худо маъқуллайдиган турмуш тарзини кечирсангиз, Шайтоннинг даъвосига жавоб қайтарган бўласиз. Бироқ бунга нима киради? Тавротда шундай дейилган: «Худойингиз — Яҳовани бутун қалбингиз билан, бутун жонингиз билан ва бутун қувватингиз билан севинглар» (Амрлар 6:5, ЯДТ). Худога бўлган севгингиз ошган сайин, Уни мамнун қилай дейсиз. Азиз ҳаворий Юҳанно деганларидай: «Худони севиш — Унинг амрларини бажо келтириш демакдир». Агар Яҳовани бутун қалбингиз билан севсангиз, Унинг амрлари сизга оғир бўлиб туюлмайди (1 Юҳанно 5:3).

18 Яҳованинг амрларига нима киради? Уларнинг айримлари, биз нимадан четланишимиз кераклигини кўрсатади. Масалан, «Яҳова нафратланадиган ишлардан четланинг», деб номланган рамкага қаранг. У ерда Муқаддас Китоб қоралайдиган ишлар келтирилган. Биринчи қарашдан, баъзилари унча ёмон эмасдай кўриниши мумкин. Бироқ келтирилган оятлар устидан мулоҳаза қилиб кўрсангиз, Эгамиз Яҳованинг амрлари қанчалик ҳикматли эканини кўрасиз. Эҳтимол турмуш тарзингизни ўзгартириш осонлигича кечмайди. Бу ҳатто энг оғир синов бўлиши мумкин. Лекин эсингизда бўлсин, Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи бахт ва саодат келтиради (Ишаё 48:17, 18). Бундай ҳаёт кечиришнинг имкони бор. Нега дейсизми?

ЯҲОВА НАФРАТЛАНАДИГАН ИШЛАРДАН ЧЕТЛАНИНГ

Иккитта босмачи
Ичиб чекаётган жуфтлик
Ўғирлаётган аёл
  • Қотиллик (Чиқиш 20:13; 21:22, 23)
  • Жинсий ахлоқсизлик (Левилар 20:10, 13, 15, 16; Римликларга 1:24, 26, 27, 32; 1 Коринфликларга 6:9, 10)
  • Спиритизм (Амрлар 18:9-13; 1-Коринфликларга 10:21, 22; Галатияликларга 5:20, 21)
  • Бутпарастлик (1 Коринфликларга 10:14)
  • Ичкиликбозлик (1 Коринфликларга 5:11)
  • Ўғрилик (Левилар 6:2, 4; Эфесликларга 4:28)
  • Ёлғон (Ҳикматлар 6:16, 19; Колосаликларга 3:9; Ваҳий 22:15)
  • Тамагирлик (1 Коринфликларга 5:11)
  • Зўравонлик (Забур 10:5; Ҳикматлар 22:24, 25; Малахи 2:16; Галатияликларга 5:20, 21)
  • Беадаб гап (Левилар 19:16; Эфесликларга 5:4; Колосаликларга 3:8)
  • Қондан нотўғри фойдаланиш (Ибтидо 9:4; Ҳаворийлар 15:20, 28, 29)
  • Оилага ғамхўрлик қилмаслик (1 Тимўтийга 5:8)
  • Урушлару сиёсий тўқнашувларда иштирок этиш (Ишаё 2:4; Юҳанно 6:15; 17:16)
  • Тамаки чекиш ва гиёҳвандлик (Марк 15:23; 2 Коринфликларга 7:1)

19 Яҳова биздан ҳеч қачон имкони йўқ нарсани талаб қилмайди (Амрлар 30:11-14). У таркибимизнию имконият даражамизни ўзимиздан ҳам яхши билади (Забур 102:14). Боз устига, тўғрилик қилишимиз учун мадад беришга ҳам тайёр. Азиз ҳаворий Павлус ёзганларидай: «Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради» (1 Коринфликларга 10:13). Тоқат қилишингиз учун Худованд Яҳова сизга ҳатто «олий қудрат» ато этади (2 Коринфликларга 4:7).

ИЛОҲИЙ ФАЗИЛАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

20 Худо маъқуллайдиган турмуш тарзини кечириш учун, нафақат Яҳова нафратланаётган ишлардан четланиш, балки Яҳова севган нарсаларни севиш ҳам даркор (Римликларга 12:9). Қарашлар, қизиқишлар ва қадриятларингизга шерик бўлган кимса билан дўст бўлиш сизга ёқмасмиди? Яҳова худди шуни истайди. Демак, Яҳовага азиз бўлган нарсаларни қадрланг. Унга ёққан нарсаларнинг кўпи Забур 14:1-5 оятларда қаламга олинган. Буларни бажариб Унинг дўсти бўласиз. Шунингдек, Яҳованинг дўстлари «илоҳий руҳ самарасини», яъни «муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибо» каби фазилатларни намоён қиладилар (Галатияликларга 5:22, 23).

21 Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, тадқиқ қилсангиз илоҳий фазилатларни ривожлантириш осон бўлади. Чунки Худонинг талабларини билиб, ўз фикр-ҳаёлингизни Унинг нуқтаи назари билан уйғун қила оласиз (Ишаё 30:20, 21). Ҳа, Яҳовага меҳр қўйганингиз сайин, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қилай дейсиз.

22 Тўғри, Худога маъқул бўлиш учун ҳаракат талаб қилинади. Муқаддас Китобда, бу худди эски инсонни соқит қилиб, янги инсонни қабул қилиш каби тасвирланган (Колосаликларга 3:9, 10). Эгамиз Яҳованинг қонунлари тўғрисида Забур 18:12- оятда шундай дейилган: «Уларга риоя этган киши буюк мукофот топур». Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи улкан қут-барака келтиришига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Айнан шу йўл билан сиз Шайтоннинг даъвосига жавоб бериб, Яҳова Таолонинг қалбини қувонтирасиз!

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Худонинг амрларини бажо келтириб, Унинг дўсти бўлишингиз мумкин (Ёқуб 2:23).
  • Шайтон бутун инсониятнинг Худога бўлган садоқатини шубҳа остига қўйган (Аюб 1:8, 10, 11; 2:4; Ҳикматлар 27:11).
  • Яҳова нафратланаётган ишлардан четланиш даркор (1 Коринфликларга 6:9, 10).
  • Худо маъқуллайдиган турмуш тарзини кечириш учун, Яҳова севган нарсаларни севиш даркор (Римликларга 12:9).

*  Албатта, сизга тўсқинлик қилаётан ҳар бир одамнинг ортида Шайтон тургани йўқ. Бироқ, Шайтон бу дунёнинг тангриси бўлгани учун, бутун дунё унинг ҳукмидадир (2 Коринфликларга 4:4; 1 Юҳанно 5:19). Демак бу дунё, Худо маъқуллайдиган турмуш тарзини олқишламайди, аксинча баъзилари сизга қарши чиқиши ҳам табиий ҳолдир.


Тадқиқ учун саволлар

1, 2. Худонинг дўсти бўлиш шарафига эга бўлган баъзи инсонларнинг исми нима эди?

3. Яҳовага ким дўст бўлиши мумкин?

4, 5. Яҳова Таоло хизматчиларини қандай қўллаб-қувватламоқда?

6. Шайтон инсониятни нимада айблади?

7, 8. а) Аюб замондошларидан нимаси билан фарқ қилар эди? б) Қандай қилиб Аюбнинг садоқати шубҳа остига қўйилди?

9. Яҳова Шайтоннинг даъвосига қандай жавоб қайтарди, ва нега айнан шу йўсин?

10. Аюбнинг бошига қандай кулфатлар ёғдирилди, лекин у қандай йўл тутди?

11. а) Шайтон Аюбни яна нимада айблади, ва Яҳова нима бўлишига йўл қўйди? б) Аюб навбатдаги синовни қандай бошидан кечирди?

12. Аюб Шайтоннинг даъвоси ёлғон эканини қандай тасдиқлади?

13. Аюбнинг садоқати нимани тасдиқлади?

14, 15. Шайтоннинг даъвоси нафақат Аюбга, балки бутун инсониятга тегишли эканини нима кўрсатмоқда?

16. а) Қайси усуллар билан Шайтон одамларни Худога қарши қилиб қўйиши мумкин? б) Шайтон шахсан сизга қандай тўсқинлик яратиши мумкин?

17. Яҳованинг амрларини бажо келтиришга бизни нима ундаши керак?

18, 19. а) Яҳованинг баъзи амрлари қандай? (Рамкага қаранг.) б) Яҳова ҳеч қачон имкони йўқ нарсани талаб қилмаслигини қаердан биламиз?

20. Қайси илоҳий фазилатларни ривожлантириш даркор, ва нега бу ўта муҳим?

21. Илоҳий фазилатларни ривожлантиришда сизга нима ёрдам беради?

22. Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи сизга нималар келтиради?