Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

13- БОБ

Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари

Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари

Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари қандай?

Абортга бўлган Худонинг нуқтаи назари қандай?

Ҳаётга бўлган эҳтиромни қандай кўрсатишимиз мумкин?

«ЯҲОВА — Ҳақ Таолодир. У барҳаёт Худо»,— деганлар Еремиё пайғамбар (Еремиё 10:10, ЯДТ). Ҳа, Яҳова бутун борлиқнинг Парвардигоридир. Айнан шу сабаб самовий мавжудотлар: «Сен бутун борлиқни яратдинг, ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди»,— дея ҳайқиришар эди (Ваҳий 4:11). Ҳазрати Довуд эса шундай деб куйлаган: «Зотан, ҳаёт манбаи Сендадир» (Забур 35:10). Дарҳақиқат, ҳаёт — Худонинг инъомидир.

2 Тангримиз Яҳова ҳаётимизни қўллаб-қувватлаб турибди (Ҳаворийлар 17:28). Масалан, озиқ-овқат, сув, ҳаво ва ер, буларнинг бари ҳаётимиз учун нафақат зарур, балки қувонч келтирадиган нарсалардир (Ҳаворийлар 14:15-17). Лекин қувониб яшаш учун, Худонинг қонунларини ўрганиб, уларга риоя қилишимиз даркор (Ишаё 48:17, 18).

ҲАЁТГА БЎЛГАН ЭҲТИРОМ

3 Эгамиз хоҳ ўзимизнинг, хоҳ ўзгаларнинг ҳаётига эҳтиром билан қарашимизни хоҳлайди. Келинг Одам Ато билан Момо Ҳавонинг даврига қайтайлик. Бир куни уларнинг тўнғич ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилга қаттиқ ранжиган эди. Шунда Яҳова, бу оғир гуноҳга етаклаши мумкин, деб Қобилни огоҳлантирди. Бироқ Қобил назар-писанд қилмай, «укаси Ҳобилга қарши қўл кўтариб уни ўлдирди» (Ибтидо 4:3-8). Тангри Яҳова, қотиллик учун Қобилни жазолади (Ибтидо 4:9-11).

4 Орадан минг йиллар ўтиб, Яҳова Таоло одамларга йўл-йўриқ сифатида, Мусо пайғамбар орқали Тавротни нозил қилди. Тавротнинг бир амри шундай буюрар эди: «Қотиллик қилманг» (Амрлар 5:17, ЯДТ). Кўриняптики, Худо ҳаётга ўта эҳтиром билан қарайди. Худди шуни Худованд одамлардан ҳам кутмоқда.

5 Ҳомилага эса муносабатимиз қандай бўлиши керак? Тавротга биноан, ҳомилани ўлдириш оғир гуноҳ эди. Ҳа, ҳатто туғилмаган чақалоқнинг ҳаёти Худованд Яҳованинг назарида жуда қадрлидир (Чиқиш 21:22, 23; Забур 126:3). Демак, аборт қилиш нотўғридир.

6 Ҳаётга эҳтиром билан қараш, ўзгаларни ҳурмат қилишни ҳам ўз ичига олади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил эса абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар» (1 Юҳанно 3:15). Агар абадий ҳаётга умид боғлаган бўлсак, демак қалбимиздан заррача бўлса-да нафратни ҳайдаб чиқаришимиз керак, чунки нафратнинг оқибати зўравонликдир (1 Юҳанно 3:11, 12). Келинг, ўзгаларни севишни ўрганайлик.

ҲАЁТНИ ҚАДРЛАЁТГАН БЎЛСАК

Ҳомила
  • ҳомиланинг ҳаётини қадрлаймиз

Киши бир пачка сигаретни мижиғлаб ташлади
  • ҳаром ишлардан халос бўламиз

Ирқи турли бўлган иккита дўст
  • қалбимиздан нафратни ҳайдаб чиқарамиз

7 Ҳаётга бўлган эҳтиромни қандай кўрсатишимиз мумкин? Ҳаётни севиш табиийдир, бироқ баъзилар шунчаки кўнгилхушлик деб тамаки, нос, чилим чекиб, гиёҳванд моддалардан нотўғри тарзда фойдаланяптилар. Бу ишлар нафақат соғлиққа зарар, балки кўпинча ўлимга ҳам сабаб бўлади. Бундай ишлар билан шуғулланганлар ҳаётга эҳтиром билан қарашмайди. Боз устига, бундай ишлар Худонинг нуқтаи назарида ҳаромдир (Римликларга 6:19; 12:1; 2 Коринфликларга 7:1). Худони мамнун қилай десак, бундай ишлардан халос бўлишимиз даркор. Тўғри, бу қийин бўлиши мумкин, бироқ Эгамиз Яҳованинг мадади билан буни уддалашимиз тайин. Ҳаётга Худонинг инъоми сифатида қараш учун қилган ҳаракатларимизни У албатта қадрлайди.

8 Агар ҳаётни қадрласак албатта эҳтиёткор бўлишга ҳаракат қиламиз. Шунчаки кўнгил очиш учун ҳаётни хавф остига қўйиш ҳеч ҳам ярашмайди. Масалан, машина ҳайдасак эҳтиёт бўламиз. Шафқатсиз ҳисобланган спорт турларидан четланамиз (Забур 10:5). Тавротнинг бир қонунида шундай дейилган: «Янги уй қурсангиз [томи текис бўлган], томингиз устида тўсиқ қуринг, тағин ундан бирортаси йиқилиб, сиз туфайли уйингизда қон гуноҳи бўлмасин» (Амрлар 22:8, ЯДТ). Бунга амал қилай десангиз, бирортаси йиқилиб тушмаслиги учун, уйингиздаги зинапоялар мустаҳкам бўлиши керак. Умуман олганда, уйингиз яхши аҳволда бўлсин. Агар машинангиз бўлса, у доимо соз ҳолатда турсин. Ҳеч қачон уйингизу машинангиз хавф-хатар туғдиришига йўл қўйманг.

9 Хўш, жониворларнинг ҳаёти тўғрисида нима дейиш мумкин? Ҳайвонларнинг ҳаёти ҳам Парвардигор кўзида қадрлидир. Тўғри, Худо уларни овқат, кийим учун ёхуд хавф туғдирса ўлдиришга ижозат берган (Ибтидо 3:21; 9:3; Чиқиш 21:28). Бироқ, уларнинг жонини қийнаш ёки шунчаки томоша учун ўлдириш нотўғри. Чунки бундай ишлар ҳаётга нисбатан ҳурматсизлик бўлар эди (Ҳикматлар 12:10).

ҚОНГА БЎЛГАН ЭҲТИРОМ

10 Қобил укаси Ҳобилни ўлдирганида Яҳова унга: «Укангнинг қони тупроқдан Менга қараб фарёд этмоқда»,— деб айтди (Ибтидо 4:10). «Укангнинг қони» деганда Худо Ҳобилнинг ҳаётини назарда тутган эди. Ҳобилнинг қонини тўккани учун Қобил жазоланиши керак эди. Чунки мажозий маънода қон, яъни Ҳобилнинг ҳаёти адолат ўрнатилишини талаб қиларди. Ҳа, қон ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ. Буни, Тўфондан олдин бўлган давр тасдиқлайди. Ўша пайтда одамлар фақат мева-чева, сабзавот, ғалла ва ёнғоқ истеъмол қилишган. Бироқ Тўфондан сўнг Яҳова Нуҳ пайғамбарнинг уй аҳлига: «Яшаётган ҳар бир жонивор сизлар учун емиш бўлади; кўк ўт каби буларнинг ҳаммасини ҳам сизларга бердим»,— деди. Лекин давом этиб: «Фақат этни ўз жони, яъни қони билан еманглар»,— деб буюрди (Ибтидо 1:29; 9:3, 4). Кўриняптики, Худованд назарида ҳаёт билан қон чамбарчас боғлиқдир.

11 Агар ҳаётни қадрласак қон истеъмол қилишдан қочамиз. Тавротда Худонинг бундай амри бор: «Бирортаси тановул қилиб бўладиган ҳайвон ёки қушни овласа, ўша ҳайвон ёки қушнинг қонини бутунлай оқизиб юборсин. Кейин қонни тупроқ билан кўмиб ташласин… Мен Исроил ўғилларига айтган эдим: “Ҳеч қандай мавжудотнинг қонини оғзингизга олманглар”» (Левилар 17:13, 14, ЯДТ). Бу амр Нуҳ пайғамбарнинг давридан 800 йил ўтгач берилган бўлса-да, ҳанузгача ўзгармас эди. Тангри Яҳованинг нуқтаи назари ойдин: Унинг бандалари ҳайвон гўштини еб, қонини оғзига олмаслиги керак. Қонни ерга тўкиб юбориш даркор. Шунда мажозий маънода ҳаёт, уни берган Парвардигорга қайтади.

12 Бунга ўхшаш амр масиҳчиларга ҳам берилган. Милодий I асрда ҳаворийлару оқсоқоллар йиғилиб, масиҳчилар жамоатига тегишли бўлган амрларни муҳокама қилишган. Улар қуйидаги хулосага келишди: «Муқаддас Руҳга ва бизга маъқул кўринган қуйидаги зарур саналганлардан бошқа сизларга ҳеч нарса юкламасликка қарор қилдик, чунончи: бутларга сўйилган қурбонлик гўшти, қон, бўғилган ҳайвоннинг гўшти [қони оқизиб чиқарилмаган] ҳамда зинодан ўзингизни сақланглар» (Ҳаворийлар 15:28, 29; 21:25). Хуллас, масиҳчилар қондан ўзларини сақлаши керак. Худонинг назарида бу амрга риоя қилиш, худди бутпарастлик ва зинодан қочиш каби жиддийдир.

Киши спиртли ичимликни томири орқали баданига киритяпти

Шифокор спиртли ичимликларни тақиқлаб қўйса, уни томир орқали баданга киритармидингиз?

13 Қондан сақланиш, унинг томир орқали қуйилиши ҳам тақиқланганини англатадими? Ҳа. Бир мисолни кўриб чиқайлик. Айтайлик, шифокор сизга спиртли ичимликларни тақиқлаб қўйган. Хўш, уни оғизга олмас экансиз, балки томир орқали баданга киритарсиз? Албатта йўқ! Худди шунга ўхшаб, қондан сақланиш, баданга уни турли усуллар билан қуйишдан четда бўлишни англатади. Хуллас, бу амрга амал қилган масиҳчи, унга қон қуйилишига йўл қўймайди.

14 Лекин, масиҳчи ўта жиддий ҳолатда жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлса-чи? Эҳтимол шифокорлар, қон қуйилмаса бемор ўлиши мумкин, деб таъкидлайдилар. Албатта масиҳчи ўлишни истамайди. Шу сабаб у, Худонинг инъоми бўлган ҳаётни сақлаб қолиш учун, қон қуйилишидан ҳоли усулларни излайди. Хуллас, масиҳчи энг сифатли, бироқ маъқул келадиган даволаш усулларини қўллайди.

15 Масиҳчи Худонинг қонунини бузиб бўлса-да, бу ёвуз дунёда ҳаётини узайтиришга интиладими? Ҳазрати Исо шундай деганлар: «Ким ўз жонини аямоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен учун жонини йўқотса, жон топади» (Матто 16:25). Тўғри, ўлишни хоҳламаймиз, бироқ ҳаётимизни сақлаймиз деб Худонинг амрларини бузсак, абадий ҳаётдан маҳрум бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Яҳованинг адолатида шубҳаланмаслигимиз керак, чунки қандай сабабларга кўра бўлмасин, ҳаётдан кўз юмсак ҳам, ҳаёт манбаи бўлган Худо уни тирилиш орқали тиклаши мумкин (Юҳанно 5:28, 29; Ибронийларга 11:6).

16 Худонинг содиқ хизматчилари Унинг қонга нисбатан нуқтаи назарига тақлид қиладилар. Улар ҳеч қачон ва ҳеч қандай йўл билан қонни истеъмол қилишмайди. Бу тиббиётда қўлланиладиган қонга ҳам тегишли*. Қонни яратган Худо, уни қандай услубда қўлланилиши кераклигини ҳам яхши билишига улар аминлар. Сиз-чи?

ҚОННИНГ ТЎҒРИ ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Ҳаёт билан қонга бўлган эҳтиромни қандай намоён қила оласиз?

Бемор шифокори билан суҳбатлашяпти

17 Тавротга кўра қон фақат бир нарсага қўлланилиши керак эди. У ерда Худонинг шундай амри берилган: «Тананинг жони қондадир, ва жонларингизни покланглар дея, Мен сизларга қонни қурбонгоҳ учун бердим. Зотан ўша қон жонни поклайди» (Левилар 17:11, ЯДТ). Кўриняптики, гуноҳ қилган одам, ўзини поклаш учун қурбонлик келтириб, қурбоннинг қонидан эса жиндай олиб, муқаддас чодирда, кейинчалик эса Худонинг маъбадида жойлашган қурбонгоҳ устига сепиши керак эди. Демак, қон фақат қурбонгоҳ учун қўлланилар эди.

18 Ҳозирги масиҳчилар қурбонлик келтиришга ёки унинг қонини қурбонгоҳ устига сепишга муҳтож эмас (Ибронийларга 10:1). Чунки, бундай услубда қоннинг қўлланилиши рамзий маънога эга бўлиб, Исо Масиҳнинг ўта қимматли қонига ишора қилар эди холос. Зеро 5- бобдан билиб олганимиздай, Ҳазрати Исо ўз қонини тўкиб, биз учун фидо бўлди. Кейин эса Худо уни тирилтириб самовотга юксалтирди. У ерда Исо Масиҳ ўз қонини Худога тақдим этди (Ибронийларга 9:11, 12). Шу йўсин гуноҳлардан покланиш ва абадий ҳаётга эга бўлиш йўли очилди (Матто 20:28; Юҳанно 3:16). Ҳа, бу қон қанчалар қимматбаҳо экан-а! (1 Бутрус 1:18, 19). Дарҳақиқат, Ҳазрати Исонинг тўккан қони туфайли гуноҳларимиз ювилишига эътиқод қилиб, нажот топишимиз мумкин.

19 Худовандимиз Яҳовага ҳаёт инъоми учун нақадар миннатдормиз! Наҳотки, Исо Масиҳнинг фидо бўлган қурбони эвазига очилган абадий ҳаёт умиди тўғрисида бошқаларга айтмасак? Албатта, Яҳованинг нуқтаи назари устидан мулоҳаза қилсак, нажот хабари тўғрисида ғайрат билан ваъз қиламиз (Ҳизқиё 3:17-21). Агар бу ишда жон куйдириб қатнашсак, ҳаворий Павлуснинг сўзлари бизга ҳам тегишли бўлади: «Мен бировнинг ҳалокатига жавобгар эмасман. Чунки Худонинг мурод-мақсадини сизларга тамоман баён этиш учун бирон фурсатни бой бермадим» (Ҳаворийлар 20:26, 27). Хуллас, Худо ва Унинг иродаси ҳақида ваъз этиб, ҳаёт билан қон инъомини қадрлаётганимизни кўрсатамиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Ҳаёт — Худонинг инъомидир (Забур 35:10; Ваҳий 4:11).
  • Аборт қилиш нотўғри, чунки ҳатто туғилмаган чақалоқнинг ҳаёти Худонинг назарида қадрлидир (Чиқиш 21:22, 23; Забур 126:3).
  • Ҳаётга бўлган эҳтиром: ҳаётни хавф остига қўймаслик ва қон истеъмол қилмасликни англатади (Амрлар 5:17; Ҳаворийлар 15:28, 29).

*  Қондан ҳоли бўлган даволаниш усуллари ҳақида маълумот олиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган, «Қон ҳаётингизни қандай сақлаб қолиши мумкин?» деб номланган рисоланинг 13-17- саҳифаларига қаранг.


Тадқиқ учун саволлар

1. Бутун борлиқни ким яратган?

2. Тангримиз ҳаётимизни қандай қўллаб-қувватлайди?

3. Илк қотилликка Худованд қандай қаради?

4. Тавротда Худонинг ҳаётга бўлган эҳтироми қандай кўрсатилган?

5. Абортга қандай қарашимиз керак?

6. Нега ўзгалардан нафратланмаслигимиз керак?

7. Қандай ишлар ҳаётга эҳтиромсизлик деб ҳисобланади?

8. Нега доимо эҳтиёткор бўлиш даркор?

9. Ҳайвонларга бўлган муносабатимиз қандай бўлиши керак?

10. Ҳаёт билан қон чамбарчас боғлиқ эканини Худованд қандай кўрсатди?

11. Қайси амр Нуҳ пайғамбар давридан бошлаб ҳанузгача ўзгармаган?

12. Милодий I асрда берилган қон тўғрисидаги қайси амр ҳозирга қадар муҳим?

13. Қондан сақланиш, унинг томир орқали қуйилиши ҳам тақиқланганини англатадими? Мисол келтиринг.

14, 15. Агар шифокорлар қон қуйиш даркор, деб таъкидлашса масиҳчи нима қилади ва нега?

16. Худонинг хизматчилари қонга нисбатан қандай фикрда?

17. Яҳованинг амри бўйича, қон фақат қайси бир нарсага қўлланилиши керак эди?

18. Ҳазрати Исонинг тўккан қони эвазига қандай йўл очилди?

19. «Бировнинг ҳалокатига жавобгар» бўлмаслик учун нима қилиш даркор?