Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

19- БОБ

Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланинг

Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланинг

Худони севиш нимани англатади?

Худонинг меҳр-муҳаббати соясида қандай сақланиш мумкин?

Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланганлар қандай мукофотланади?

ТАСАВВУР қилинг: йўлда кетяпсиз, ҳаво булутли. Бир пайт осмон қоронғилашиб, чақмоқ чақдию момақалдироқ гумбурлаб, ёмғир қуйила бошлади. Шоша-пиша у ёққа бу ёққа қарадингизу яқин ўртада бошпана кўриб қолиб, у ерга югуриб бордингиз. У ер иссиқ, маза. Шунақанги хавфсиз бир жой топганингиздан қанчалик хурсандсиз!

Киши бўрондан қочяпти

Бўронга ўхшаш бу замонда, Яҳова Таоло бошпанангиз бўладими?

2 Ҳозирги замон, бўронга ўхшайди. Чунки вазият борган сари оғирлашиб бормоқда. Бироқ бизни ҳимоя қиладиган мустаҳкам бошпанамиз бор. Бу қандай бошпана экан? Жавобини Муқаддас Китобдан топиш мумкин: «Ўзингсан бошпанам, қасрим менинг, умидим фақат Сенда, эй Худойим!» (Забур 90:2).

3 Фақат ўйлаб кўринг: бутун оламнинг Парвардигори Яҳова Таоло, мустаҳкам бошпанамиз бўлиши мумкин! У бизни ҳимоялашга қодир, ахир Унинг қудратига ҳеч ким бас кела олмайди. Ҳатто бирорта офатга дуч келсак ҳам, Яҳова бизни барча зарардан халос қилиши мумкин. Аммо, қандай қилиб Яҳова бошпанамиз бўла олар экан? Аввало Унга умид боғланг. Шунингдек, Муқаддас Китоб: «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар»,— деб ундамоқда (Яҳудо 21). Дарҳақиқат, бундай қилиб, биз У билан дўстона муносабатни ривожлантирамиз. Шундагина, Яҳова чиндан ҳам бошпанамиз бўлади. Лекин бунга қандай эришиш мумкин?

ХУДОНИНГ МЕҲР-МУҲАББАТИНИ ҚАДРЛАНГ

4 Худонинг меҳр-муҳаббатини қадрлаш учун, бу муҳаббатга эътиборли бўлиш даркор. Масалан, бу китоб ёрдамида билиб олган таълимотлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Парвардигор бизга совға сифатида сайёрамизни берди. Турли-туман озиқ-овқат, сув, ернинг табиий бойликлари, ҳайвонот олами ва чиройли манзаралар ҳақида нима дейиш мумкин? Муқаддас Китоб орқали Худо Ўз исмини ва жозибали фазилатларини очиб берди. Боз устига, бизни ўлимдан қутқариш учун Худо «Ўзининг ягона Ўғлини берди» (Юҳанно 3:16). Бу тортиқ қанчалар бебаҳо. Нега дейсизми? Чунки у орқали биз ажойиб бир умидга эга бўлдик.

5 Умидимиз, шунингдек Яҳова Таоло ўрнатган самовий Шоҳлик билан боғлик. Бу Шоҳлик бизни барча азоб-уқубатлардан халос этиб, ер юзини жаннатга айлантиради. Фақат ўйлаб кўринг: биз тинч-тотувликда абадий яшай оламиз! (Забур 36:29). Бироқ, ҳозирнинг ўзида Худовандимиз, тўғри йўлга бошлайдиган қўлланмани ҳавола қилди. Шунингдек, ибодат орқали бемалол ҳис-туйғуларимизни У билан бўлишишимиз мумкин. Буларнинг бари Тангри Яҳованинг, инсониятга ва шахсан сизга бўлган меҳр-муҳаббатидан далолат бермоқда.

6 Энди жиддий бир масалани кўриб чиқайлик: Яҳованинг меҳр-муҳаббатига қандай жавоб бериш мумкин? Кўплар: «Биз ҳам Уни севишимиз керак-да»,— деган жавоб беришади. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Дарҳақиқат, Ҳазрати Исо: «Эганг Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин»,— деб, бу амр энг муҳим эканини таъкидлади (Матто 22:37). Ҳа, Худованд Яҳовани севиш учун барча асослар бор. Аммо Худони севиш нимани англатади?

Олма уруғи

7 Муқаддас Китоб кўрсатганидай, Худони севиш, ҳис-туйғудан кўпроқ нарсани англатади. Тўғри, ҳис-туйғу ҳам бўлиши керак, бироқ бу ҳақиқий севгининг бошланиши холос. Бир мисол: олма уруғидан, мева келтирадиган катта дарахт ўсиб чиқиши мумкин. Агар олма ейишни хоҳласангиз, фақат уруғи билан қаноатланармидингиз? Қайдам. Шунга кўра, ҳис-туйғу, Яҳовага бўлган севгининг бошланиши холос. Муқаддас Китобда шундай дейилади: «Худони севиш — Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас» (1 Юҳанно 5:3). Худони севиш, бунга мувофиқ мева бериш демакдир. Ҳа, севги амалда кўринади (Матто 7:16-20).

8 Агар Худонинг амрларини бажо келтириб, Унинг йўл-йўриғидан юрсак, Унга севгимизни ифода этган бўламиз. Ахир, Тангри Яҳованинг амрлари оғир эмас. Боз устига, улар бизнинг манфаатимиз учун берилган ва ҳаётимизни янада мазмунли ва бахтли қила олади (Ишаё 48:17, 18). Яҳованинг раҳбарлигини тан олиб, Унинг барча яхшиликлари учун миннатдор эканимизни кўрсатамиз. Афсуски, ҳозирги кунда ношукур одамлар кўпайиб кетган. Лекин биз Ҳазрати Исонинг баъзи замондошлари каби ношукур бўлишни истамаймиз. Бир маҳал Исо ўнта моховни соғайтирди, аммо улардан фақат биттаси қайтиб унга ташаккур билдирди (Луқо 17:12-17). Ҳа, биз яхшиликни билмайдиган тўққизта одамга эмас, балки ташаккур билдирган кишига ўхшашни хоҳлаймиз!

9 Хўш, Худонинг қайси амрларини бажо келтиришимиз керак? Бу китобда анчасини кўриб чиқдик, энди эса келинг уларни такрорлаб чиқайлик. Зеро уларни бажо келтирсак, Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланган бўламиз.

ЯҲОВА ТАОЛОГА ЯҚИНЛАШИНГ

10 Яҳовага яқинлашиш учун, У ҳақда билим олиш зарур. Бу билимларнинг эса чеки йўқ. Масалан, совуқ тунда кўчада қолсангиз, сизни иситиб турган гулхан ўчишига йўл қўярмидингиз? Йўқ. Гулхан ўчмаслиги учун, унга ўтин солиб турар эдингиз, шундай эмасми? Чунки ҳаётингиз бунга боғлиқ! Ўтин гулханнинг ёнишига ёрдам берганидай, «Худо кимлигини билиш» ҳам Яҳовага нисбатан севгимизни мустаҳкамлайди (Ҳикматлар 2:1-5).

Ўтин гулханнинг ёнишига ёрдам берганидай, Худо ҳақидаги билимлар ҳам Яҳовага нисбатан севгимизни мустаҳкамлайди

Киши гулхан олдида исиняпти

11 Исо Масиҳ издошларининг, Тангримиз Яҳовага ҳамда Унинг қимматли Каломига нисбатан севгилари бўлишини ва улғайишини хоҳлаган. Тирилганидан сўнг, Исо иккита шогирди билан учрашиб, пайғамбарлар китобларида ўзи ҳақида ёзилган оятларнинг ҳаммасини уларга тушунтира бошлади. Хўш, натижаси қандай эди? «Шогирдлар бир-бирига: “У йўлда биз билан гаплашиб, оятларни тушунтираётганида, кўнглимизга илиқлик югурмаганмиди, ахир!” — дедилар» (Луқо 24:32).

12 Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганингизда, қалбингиз қувонч, ғайрат ва Худога нисбатан севги билан тўлиб-тошмаганмиди? Бўлмасам-чи! Бошқа одамларда ҳам худди шундай бўлган. Энди эса бу севгини асраб, унда улғайишингиз керак. Биз ёвуз дунёга тақлид қилмоқчи эмасмиз. Зеро Ҳазрати Исо: «Кўпчиликнинг севгиси совийди»,— деб башорат қилган эди (Матто 24:12). Қандай қилиб Худога ва Муқаддас Китоб таълимотларига бўлган севгимизни асраб қолишимиз мумкин?

13 Яҳова Таоло ва Исо Масиҳ ҳақида билим олишни давом этинг (Юҳанно 17:3). Худонинг Каломи устидан чуқур мулоҳаза қилинг. Уни ўқиётиб ўзингизга шундай саволлар беринг: Яҳова ҳақида нималарни билиб олдим? Қандай қилиб бу оятлар Худони бутун қалбим, жоним ва онгим билан севишга ундайди? (Забур 76:13). Бундай фикрлар сизга Худони янада қаттиқроқ севишга ёрдам беради.

14 Яҳовага нисбатан севгимиз улғайиши учун, ибодатга вақт ажратиш даркор (1 Салоникаликларга 5:17). Ибодат, бу Худонинг улуғ ҳадяси эканини 17- бобдан билиб олдик. Одамлар мулоқот орқали бир-бирига яқинлашганидай, доимий ибодатлар ҳам бизни Яҳова билан яқинлаштиради. Асосийси, ибодатларимиз юзаки ва маънодан холи, қуруқ гап бўлмаслиги керак. Ибодат, худди отага мурожаат қиладиган фарзанднинг сўзларига ўхшайди. Албатта, ибодат пайтида беҳурматликдан эҳтиёт бўлиб, самимий ва ростгўй бўлиш лозим (Забур 61:9). Ҳа, Муқаддас Китоб тадқиқи ва самимий ибодатлар топинишнинг асосий омиллари бўлиб, Яҳованинг меҳр-муҳаббати соясида сақланишимизга ёрдам беради.

ИЛОҲИЙ ХИЗМАТДАН ЗАВҚЛАНИНГ

15 Муқаддас Китоб тадқиқи ва ибодатлар шахсан сизнинг Худо билан бўлган муносабатингизга боғлиқ. Энди эса, барчамиз бажаришимиз керак бўлган ваъзгўйлик хизматимиз ҳақида гап юритайлик. Муқаддас Китоб таълимотларини бошқалар билан бўлишяпсизми? Бу катта шарафдир. Яҳова Таоло ҳамда Унинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз этиб, Худонинг умматига берилган муҳим бир вазифани бажарган бўляпмиз (Матто 24:14; 28:19, 20).

16 Азиз ҳаворий Павлус бу фаолиятни хазинадек қадрлар эди (2 Коринфликларга 4:7). Яҳова ҳамда Унинг ниятлари ҳақида ваъз этиш, энг олий фаолиятдир. Ахир, биз шахсан Эгамизга хизмат қилган бўляпмиз. Бу хизмат эса улкан қут-баракалар келтиради. Чунки унда иштирок этиб, биз самимий инсонларга, Яҳовага яқинлашиб абадий ҳаётга эга бўлишларига ёрдам беряпмиз. Бундан улуғ нарса бормикин? Боз устига, Яҳова ҳамда Унинг Каломи тўғрисида шоҳидлик қилиб, сиз имонингизни мустаҳкамлайсиз ва Худога нисбатан севгингиз ортиб боради. Тангри Яҳова, қилган ишингизни унутмайди (Ибронийларга 6:10). Бу хизмат, сизга Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланишга ёрдам беради (1 Коринфликларга 15:58).

17 Шоҳлик тўғрисида ваъз этиш фаолиятни четга суриб бўлмайди. Муқаддас Китобда: «Худо каломини ваъз қил… доим гапиришга тайёр бўл»,— деб айтилади (2 Тимўтийга 4:2). Нега ҳозир бунинг айни вақти экан? «Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб қолди. У жуда тезлик билан яқинлашиб келяпти» (Зафаниё 1:14, ЯДТ). Ҳа, бу ёвуз дунёнинг бартараф этилиш вақти яқинлашиб келяпти. Одамларни бу ҳақда огоҳлантириш керак! Улар Яҳовани бутун оламнинг Ҳокими, деб тан олишлари даркор. Ҳозир бунинг айни вақтидир. Зеро бу дунёнинг охирати кечикмайди (Хабаққуқ 2:3).

18 Яҳова Таоло, биз ҳақ динга қўшилиб, Унга топинишимизни хоҳлайди. Айнан шу сабабли Унинг Каломида шундай дейилган: «Бир-биримизга эътибор берайлик ва муҳаббатга, хайрли ишларга рағбатлантирайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, Раббимиз келадиган куни яқинлашиб қолганини билиб, бир-биримизга яна кўпроқ далда берайлик» (Ибронийларга 10:24, 25). Жамоат йиғилишлари Худовандимизни олқишлаб, муқаддас хизматимизда қатнашишга ажойиб имконият яратади. Шунингдек, у ерда бир-биримизга далда ва тасалли беришимиз мумкин.

19 Тангри Яҳовага топинаётган одамлар билан мулоқот қилиб, севги ва дўстлик ришталаримизни мустаҳкамлай оламиз. Яҳова бизнинг яхши томонларимизни кўраётганидай, биз ҳам бошқаларнинг яхши фазилатларини кўришга ҳаракат қилишимиз керак. Имондошлардан мукаммалликни кутманг. Ёдда тутинг, ҳаммамиз маънан ўзгача улғаямиз ва хатолар қилишга мойилмиз (Колосаликларга 3:13). Яҳовани бутун қалби билан севганлар, сизнинг яқин дўстларингиз бўлсин, шунда маънан тезроқ улғаясиз. Ҳа, имондош ака-ука, опа-сингиллар билан Яҳовага содиқ хизмат қилсангиз, Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланган бўласиз. Бироқ, Яҳованинг меҳр-муҳаббати соясида сақланганлар қандай мукофотланади?

«ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТГА» ИНТИЛИНГ

20 Яҳова содиқ хизматчиларини ҳаёт билан тақдирлайди. Лекин ҳозир яшамаяпмизми, деб сўрарсиз? Хўш, ҳозир яшаяпман деб ўйлаяпсизми? Тўғри, барчамиз нафас оламиз, еб-ичамиз, умримиз давом этяпти. Лекин буни қарангки, ҳаётимизнинг энг бахтли онларида биз: «Мана буни ҳаёт деса бўлади!» — деб айтамиз, шундай эмасми? Демак, Муқаддас Китоб кўрсатганидай, инсонлар бугунги кунда ҳақиқий ҳаётни кўргани йўқ.

Оила жаннатмакон шароитлардан бахтиёр

Яҳова Таоло «ҳақиқий ҳаётдан» завқланишингизни истайди. Сиз бунга интиляпсизми?

21 Муқаддас Китоб бизни, «ҳақиқий ҳаётга» бор кучимиз билан интилишга чорламоқда (1 Тимўтийга 6:19). Бундан кўриняптики, «ҳақиқий ҳаётга» фақат келажакда эришамиз. Ҳа, Худо азалдан ният қилгани бўйича, фақат камолотга эришганимиз замон, ҳақиқий ҳаётни кўрган бўламиз. Жаннатда соғ-саломат, тинч ва ҳаловат бўладиган жойда биз ниҳоят «ҳақиқий ҳаёт», яъни абадий ҳаётга эга бўламиз (1 Тимўтийга 6:12). Бундай келажакка бўлган умид нақадар ажойибдир!

22 Бироқ, қандай қилиб «ҳақиқий ҳаётга» интилишимиз мумкин? Ҳаворий Павлус бизни «яхши ишларга бой, хайрихоҳ» бўлишга чорлаган (1 Тимўтийга 6:18). Демак, Муқаддас Китоб таълимотларини амалда қўлласак «ҳақиқий ҳаётга» интилган бўламиз. Бироқ, Павлуснинг сўзлари, яхши ишлар билан абадий ҳаётга эришиш мумкинлигини англатадими? Йўқ, чунки абадий ҳаётга одамлар савоб ишлари билан эмас, балки «Худонинг инояти» туфайлигина эга бўладилар (Римликларга 5:15). Лекин содиқ хизмат қилганларни Яҳова бажонидил мукофотлайди. У, «ҳақиқий ҳаётга» эга бўлишингизни истайди. Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланганларни ажойиб шароитларда абадий ҳаёт кутмоқда.

23 Ҳар биримиз ўзимизга шундай савол беришимиз керак: Муқаддас Китоб ўргатганидай, Худога маъқул хизмат қиляпманми? Агар кундан-кунга бу саволга «ҳа», деб жавоб бера олсак, демак тўғри йўлдан кетяпмиз. Яҳова бошпанамиз эканига амин бўлишимиз мумкин. Бу ёвуз дунёнинг охирги қийин онларида, Яҳова содиқ хизматчиларини асраб қолишга қодир. Ҳа, У бизни яқинлашиб қолган янги дунё учун асраб қолади. Бу вақт келишига қанчалар зормиз! Ҳозир тўғри йўлни танлаганимиздан, янги дунёда ғоят хурсанд бўламиз! Ҳа, тўғри йўлни танласангиз, Худо азалдан ният қилганидек, «ҳақиқий ҳаётдан» тоабад завқланишингиз муқаррар!

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Худонинг амрларини бажо келтирсак ва Унинг йўл-йўриғидан юрсак, Худога нисбатан севгимизни ифода этган бўламиз (1 Юҳанно 5:3).
  • Муқаддас Китоб тадқиқи, самимий ибодатлар, хушхабарни ваъз этиш ва жамоат йиғилишларига қатнашиш, Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланишга ёрдам беради (Матто 24:14; 28:19, 20; Юҳанно 17:3; 1 Салоникаликларга 5:17; Ибронийларга 10:24, 25).
  • Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланганлар «ҳақиқий ҳаётдан» тоабад завқланишади (1 Тимўтийга 6:12, 19; Яҳудо 21).

Тадқиқ учун саволлар

1, 2. Мустаҳкам бошпанани қаердан топишимиз мумкин?

3. Қандай қилиб Яҳова бошпанамиз бўлиши мумкин?

4, 5. Тангри Яҳованинг меҳр-муҳаббатидан нима далолат беради?

6. Яҳованинг меҳр-муҳаббатига қандай жавоб бера оласиз?

7. Худони севиш, ҳис-туйғудан кўпроқ нарсани англатишини, мисол ёрдамида тушунтиринг.

8, 9. Худога бўлган севгимизни ва миннатдорчилигимизни қандай кўрсата оламиз?

10. Нега Худо ҳақда билим олиш зарур? Мисол келтиринг.

11. Исонинг сўзлари шогирдларига қандай таъсир қилган?

12, 13. а) Бу ёвуз дунёда, инсонларнинг Худога ва Унинг Каломига бўлган севгиси билан нима бўлди? б) Қандай қилиб севгимизни асраб қолишимиз мумкин?

14. Яҳовага нисбатан севгимиз улғайиши учун, ибодат қандай ёрдам беради?

15, 16. Нега ваъзгўйлик фаолиятни хазинадек қадрлашимиз даркор?

17. Нега Шоҳлик тўғрисида ваъз этиш фаолиятини четга суриб бўлмайди?

18. Нега ҳақ динга қўшилиб, Яҳовага топинишимиз зарур?

19. Қандай қилиб жамоатдаги севги ришталарини мустаҳкамлай оламиз?

20, 21. «Ҳақиқий ҳаёт» нима ўзи ва нега бу умид ажойибдир?

22. Қандай қилиб «ҳақиқий ҳаётга» интилишимиз мумкин?

23. Худонинг меҳр-муҳаббати соясида нега сақланиш муҳим?

Кўпроқ билиш

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?