Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

8- БОБ

Худонинг Шоҳлиги — у нима ўзи?

Худонинг Шоҳлиги — у нима ўзи?

Муқаддас Китобда Худонинг Шоҳлиги ҳақида нима дейилган?

Худонинг Шоҳлиги туфайли нималар амалга оширилади?

Шоҳлик ер юзида Худонинг иродасини қачон бажо келтиради?

ШОГИРДЛАР Исо Масиҳдан, ибодат қандай қилиш керак, деб сўраганларида, у бир ибодатни намуна сифатида берган эди. Ушбу чуқур маънога эга бўлган ибодатни кўриб чиқиш, Муқаддас Китоб таълимотларини тушунишимизга ёрдам беради.

2 Мазкур ибодат қуйидагича бошланади: «Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Матто 6:9-13). Хўш, бу илтижолар нимани англатар экан?

3 Авваламбор, биз Худонинг шахсий исми билан танишиб олдик. Шунингдек Худонинг иродаси, шу жумладан қадимда қилган ва келажакда инсоният учун ният қилиб қўйган ишлари ҳақида билиб олдик. Хўш, Исо Масиҳ «Сенинг Шоҳлигинг келсин», деб ибодат қилишни ўргатаётганида нимани назарда тутган эди? Худонинг Шоҳлиги — у нима ўзи? У қандай қилиб Худонинг исмини улуғлай олар экан? Шоҳлик Худонинг иродаси билан қандай боғлиқ?

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ — У НИМА ЎЗИ?

4 Худонинг Шоҳлиги — бу Худо томонидан ўрнатилган ҳукуматдир. Ушбу Шоҳликка Шоҳ сифатида Яҳова Таоло кимни тайинлади? Ҳазрати Исо Масиҳни. Унга ҳеч бир инсоний ҳукмдор бас кела олмайди. Чунки Исо «ҳокимларнинг Ҳокими — Шоҳаншоҳдир» (Ваҳий 17:14). У ҳар қандай, ҳатто энг яхши инсоний ҳукмдордан фарқли равишда беқиёс эзгу ишлар қилишга қодир.

5 Худонинг Шоҳлиги қаерда ўрнатилган? Хўш, Исо-чи, у қаерда? Эсингизда бўлса, вафот этганидан сўнг Исо Масиҳ тирилиб, самога кўтарилган эди (Ҳаворийлар 2:33). Демак Худонинг Шоҳлиги самода ўрнатилган. Шу сабабли Муқаддас Китобда у «самовий Подшоҳлик» деб номланган (2 Тимўтийга 4:18). Худонинг Шоҳлиги самода ўрнатилган бўлса-да, у ер устидан ҳукмронлик қилади (Ваҳий 11:15).

6 Нима сабабдан Ҳазрати Исони энг яхши Шоҳ дейиш мумкин? Чунки, ер юзидаги ҳар қандай шоҳдан фарқли равишда у абадий зотдир. Муқаддас Китобда: «Исо… поёнсиз ҳаёт қудратига эга»,— деб айтилган (Ибронийларга 7:16). Демак, Исонинг илгариги ҳамда келажакдаги эзгу ишлари абадий қолишига амин бўлишимиз мумкин.

7 Келинг, Ҳазрати Исо ҳақидаги бир башоратни кўриб чиқайлик: «У Яҳованинг руҳига, ҳикмат ва ақл-идрок руҳига, маслаҳат ва куч-қудрат руҳига, билим ва Яҳовадан қўрқиш руҳига тўлади; ва Яҳовадан қўрқишда у шодлик топади. Ташқи кўринишга қараб ҳукм чиқармайди ва эшитганига қараб айбламайди. У бечораҳолларни адолатли ҳукм қилади, ердаги жафокашларнинг ишини ҳаққоний ҳал этади» (Ишаё 11:2-4, ЯДТ). Бу сўзлар Исо қанчалик адолатли ва ҳамдард бўлишини кўрсатиб турибди. Бундай ҳукмдорингиз бўлишини хоҳлармидингиз?

8 Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исо бир ўзи ҳукмронлик қилмайди. Азиз ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган мактубида: «Агар сабр тоқат қилсак, У билан бирга давр сурамиз»,— деган эди (2 Тимўтийга 2:12). Ҳа, Павлус, Тимўтий ва Худо томонидан танланган бошқа содиқ кишилар Исо Масиҳ билан биргаликда самовий Шоҳликда ҳукм сурадилар. Бундай ажойиб имтиёзга неча киши эга?

9 Китобнинг 7- бобида айтиб ўтилганидай, Исонинг шогирди Юҳаннога бир ваҳий берилган эди. У шундай деб ёзган: «Сион тоғида Қўзи [Исо Масиҳнинг самодаги юксак мавқеи] турганини кўрдим. Қўзи билан бирга пешанасида Унинг ва Отасининг исми ёзилган юз қирқ тўрт минг киши бор эди». Ўша 144 000 киши ким экан? Юҳанно давом этмоқда: «Булар Қўзи қаёққа кетса, Унинг орқасидан кетган кишилардир. Булар Худо ва Қўзига тўнғич бўлгудек, инсонлар орасидан сотиб олинганлар» (Ваҳий 14:1, 4). Кўриниб турибдики, улар Исонинг содиқ издошларидир. Улар самовий ҳаёт учун тирилиб, Ҳазрати Исо билан биргаликда ер устидан ҳукмронлик қиладилар (Ваҳий 20:4, 6). Ҳаворийлардан бошлаб Исо билан бирга ҳукм суриш учун, Тангри Таоло содиқ кишиларни танлаган. Уларнинг сони, жами 144 000 кишини ташкил этади.

10 Исо Масиҳ ва 144 000 кишининг инсоният устидан ҳукмронлик қилиши, Худонинг меҳр-муҳаббатидан далолат беради. Исо азоб чекиш нималигини жуда яхши билади, чунки ўзи ҳам ўтмишда инсон бўлган. Азиз ҳаворий Павлус Исо ҳақида: «Заифликларимизга ҳамдард бўлишга ожиз эмас, У ҳар томондан бизлар каби васвасага солинган, лекин гуноҳ қилмаган»,— деб ёзган эди (Ибронийларга 4:15; 5:8). Шунингдек, У билан бирга ҳукмронлик қилувчилар ҳам ер юзида яшаган пайтларида кўп азоб чекишган. Улар номукаммаллик ва турли хасталикларга дуч келгани сабаб, одамларнинг қийинчиликларини тушуниб, ҳамдард бўлишади.

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ ТУФАЙЛИ НИМАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

11 Исо Худонинг Шоҳлиги келиши тўғрисида айтганидан сўнг, издошларига Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби ерда ҳам» бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишга ундаган. Осмонда Худонинг содиқ фаришталари доимо Унинг иродасини бажо келтиришган. Бироқ 3- бобдан билиб олганимиздек, фаришталардан бири Худога қулоқ солмай қуйиб, Одам Ато билан Момо Ҳавони гуноҳга ботирди. Шайтон деб ном олган ўша ёвуз фаришта ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини 10- бобга келганимизда кўпроқ билиб оламиз. Шайтон ва унга шерик бўлган фаришталар, яъни жинлар бир муддат осмонда қолишларига ижозат берилди. Шу йўсинда, осмонда фаришталарнинг ҳаммаси ҳам Худонинг иродасини бажо келтиришмаган. Худонинг Шоҳлиги бошқаришни бошлаганида самодаги шароит буткул ўзгариши керак эди. Тахтга ўтирган янги Шоҳ Исо Масиҳ Шайтонга қарши жанг олиб бориши керак эди (Ваҳий 12:7-9).

12 Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай башорат қилинган: «Самодан баланд овоз билан айтилган бу сўзларни эшитдим: “Энди Худойимиз нажоткорлиги, қудрати, салтанати ҳамда Унинг Масиҳи ҳукмронлиги ўрнатилди. Энди биродарларимизнинг туҳматчиси, Худойимиз ҳузурида уларга кеча-кундуз туҳмат қилаётган иблис ташқарига отилди”» (Ваҳий 12:10). Ушбу оятда қайси иккита муҳим воқеа ҳақида гап кетаётганини пайқадингизми? Биринчидан, Масиҳнинг бошчилигидаги Худонинг Шоҳлиги ўз ҳукмронлигини бошлади. Иккинчидан эса Шайтон ер юзига отилди.

13 Ушбу воқеаларнинг натижаси қандай эди? Муқаддас Китобда, қуйидагини ўқиймиз: «Шодланинг, эй осмону фалак ва унда яшовчилар!» (Ваҳий 12:12). Ҳа, энди содиқ фаришталар шодланмоқда, чунки Шайтон билан жинлари ер юзига отилганидан сўнг, осмону фалакда фақатгина Яҳова Таолонинг содиқ хизматчилари қолган. Энди самода тинч-тотувлик ҳукм суради. Дарҳақиқат, самода Аллоҳнинг иродаси бажо бўлмоқда.

14 Ер юзида-чи, нима юз берди? Оятнинг давомида шундай дейилган: «Аммо ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро иблис вақт оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди» (Ваҳий 12:12). Шайтон осмондан отилганидан ҳамда вақти оз қолганидан ўта ғазабда. Шу сабабли у инсонларга кўп азоб-уқубат келтирмоқда. Бу ҳақда батафсилроқ маълумотни кейинги бобдан билиб олишингиз мумкин. Бироқ, сиз: «Қандай қилиб Шоҳлик, ер юзида Худонинг иродасини бажо келтирар экан?» — деб сўрашингиз мумкин.

15 Аллоҳ Ер сайёрамизни қандай ният билан яратганини бир эслаб кўринг. Бу ҳақда 3- бобда гап кетган эди. Унинг нияти, бутун ер юзи жаннатга айланиб, унда солиҳ инсонлар абадий яшашларидан иборат эди. Бироқ, Шайтон Одам Ато билан Момо Ҳавони гуноҳга мубтало қилиб, Аллоҳнинг нияти бажарилишига халақит бермоқчи бўлди. Лекин Тангримизнинг нияти ўзгармас. Яҳованинг мақсади, «солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшашларидан» иборатдир (Забур 36:29). Худонинг нияти Унинг Шоҳлиги орқали амалга оширилади. Қандай қилиб дейсизми?

Шайтон билан жинларнинг осмондан отилгани, инсониятга азоб-уқубатлар келтирди. Яқинда азоб-уқубатлар барҳам топади

Уруш, жиноятчилик ва очарчилик саҳнаси

16 Келинг, Муқаддас Китобдаги яна бир башоратни кўриб чиқайлик. «Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди. Бу шоҳлик бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради» (Дониёр 2:44). Мазкур оятда Худонинг Шоҳлиги ҳақида нима дейилган?

17 Биринчидан, Худонинг Шоҳлиги «ўша шоҳларнинг», яъни ҳозирги ҳукуматларнинг даврида ўрнатилиши ҳақида айтилган. Иккинчидан, бу Шоҳлик абадий туради, яъни ҳеч қандай ҳукумат уни енгиб, ўрнини боса олмайди. Учинчидан эса, Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг шоҳликлари орасида жанг бўлади. Бироқ Худонинг Шоҳлиги ғолиб чиқади. Ўшанда, бутун ер юзи устидан ягона ҳукумат бўлади. Ушбу энг зўр ҳукумат бутун инсониятга ҳузур-ҳаловат келтиради.

18 Муқаддас Китобда Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг ҳукмдорлари орасида бўладиган сўнгги жанг ҳақида батафсил маълумот берилган. Масалан, охират яқинлашаётгани сари ёвуз руҳлар «барча жаҳон шоҳларини» алдаб йўлдан оздирадилар. Қайси мақсадда? «Улар ҳар нарсага қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплаш учун чиқадилар». Шоҳлар «яҳудий тилида Ҳор-Магидўн дейилган жойга тўпланадилар» (Ваҳий 16:14, 16). Ушбу оятлардан кўриниб турганидек, Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг ҳукмдорлари орасида бўладиган сўнгги жангнинг номи Ҳор-Магидўндир.

19 Ҳор-Магидўн жангида Худонинг Шоҳлиги ғолиб келиши нималарга олиб келади? Аллоҳ Ерни қандай ният билан яратганини яна бир бор эслаб кўринг. Раббимиз Яҳова, ер юзини солиҳ ва мукаммал инсонлар билан тўлғазиб, улар жаннатда Унга хизмат қилишларини ният қилган эди. Лекин, нега ҳозир бунинг иложи йўқ? Авваламбор, номукаммал бўлганимиз сабабли қарилик ва ўлимга гирифтормиз. Бироқ, 5- бобдан билиб олганимиздай, Исо Масиҳ биз учун фидо бўлиб, абадий ҳаётга йўл очиб берди. Эсингизда бўлса, Инжилдаги ушбу оятни муҳокама қилган эдик: «Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳанно 3:16).

20 Бошқа бир сабаб, кўп одамлар ёвузлик қилишга мойилдир. Улар алдамчи, фирибгар ва ахлоқсиз, Худонинг иродасидан воз кечаётган одамлардир. Лекин бундай одамлар Худонинг жанги бўлмиш Ҳор-Магидўнда йўқ қилинади (Забур 36:10). Боз устига, бу дунёнинг ҳукмдорлари ўз фуқароларини Худонинг иродасини бажо келтиришга ундамайдилар. Уларнинг аксарияти зулм ўтказиб ҳукмронлик қилмоқдалар. Уларга Муқаддас Китобнинг ушбу ояти тўғри келади: «Бир киши иккинчисининг устидан зулм ўтказиб, ҳукмронлик қилади» (Воиз 8:9).

21 Ҳор-Магидўн жангидан сўнг бутун ер юзи устидан фақат Худонинг Шоҳлиги бошқаради. Айнан бу Шоҳлик Худонинг иродасини бажо келтириб, инсониятга ажойиб қут-баракалар ёғдиради. Шайтон ва жинларнинг таъсири бошқа бўлмайди (Ваҳий 20:1-3). Исо Масиҳнинг фидо бўлган ҳаёти туфайли ҳеч ким бошқа касал бўлмайди ҳамда ўлмайди. Аксинча, Шоҳлик ҳукмронлиги остида яшар эканмиз, ҳаётимизнинг чеки бўлмайди (Ваҳий 22:1-3). Бутун ер юзи жаннатга айланади. Шоҳлик ҳукмронлиги остида Худонинг иродаси ер юзида ҳам бажо келади. Шунингдек, у Худонинг исмини улуғлайди. Бу демак, барча банибашар Худойимиз Яҳованинг исмини шарафлайди.

ШОҲЛИК ҚАЧОН БОШҚАРИШНИ БОШЛАЙДИ?

22 Ҳазрати Исо Масиҳ «Сенинг Шоҳлигинг келсин» деб ибодат қилишни ўргатган экан, айнан ўша замон Шоҳлик бошқаришни бошламаган эди. Эҳтимол, Исо Масиҳ осмонга кўтарилган пайтда Шоҳлик ўрнатилгандир? Йўқ, чунки азиз ҳаворийлар Бутрус билан Павлус, олдин Яҳова Таолонинг Исога айтган ушбу башорат бажо бўлиши кераклигини айтишган: «Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўлтириб тургин» (Забур 109:1; Ҳаворийлар 2:32-35; Ибронийларга 10:12, 13). Оятдан кўриниб турибдики, аввал бироз вақт ўтиши керак эди.

Шоҳлик остида Худонинг иродаси осмонда бўлгани каби ерда ҳам бажо келади

Қуёшнинг уммон узра ботиши

23 Хўш, қанча вақт ўтиши керак эди? XIX асрнинг охири XX асрнинг боши оралиғида Муқаддас Китоб тадқиқотчилари, бу вақт 1914- йилда якунига етишини тушуниб олишган эди. (Ушбу сана тўғрисида Иловадан билиб олишингиз мумкин.) 1914- йилда содир бўлган воқеалар бунинг исботидир. Муқаддас Китоб башоратлари, Исо Масиҳнинг 1914- йилда тахтга ўтириб, Шоҳлик ўрнатилганини яққол кўрсатиб турибди. Демак, биз яшаётган пайт Иблиснинг вақти оз қолганини кўрсатяпти (Ваҳий 12:12; Забур 109:2). Яқин келажакда Шоҳлик Худонинг иродасини ер юзида ҳам бажо келтиришига амин бўлишимиз мумкин. Наҳотки бу хушхабар сизни қувонтирмаса? Бу хабарга ишонасизми? Келажакда бизни қандай ажойиб ўзгаришлар кутаётганини эса келаси бобда муҳокама қиламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Худонинг Шоҳлиги Ҳазрати Исо Масиҳ бошчилигидаги самовий ҳукуматдир; Исо Масиҳ билан бирга 144 000 танланган киши ҳукмронлик қилади (Ваҳий 14:1, 4).
  • Шоҳлик 1914- йилда бошқаришни бошлаганида Шайтон осмондан ер юзига отилди (Ваҳий 12:9).
  • Яқин келажакда Худонинг Шоҳлиги бу дунёнинг шоҳликларини яксон қилиб, бутун ер юзини жаннатга айлантиради (Ваҳий 16:14, 16).

Тадқиқ учун саволлар

1. Муқаддас Китоб таълимотларини тушунишимизга нима ёрдам беради?

2. Мазкур ибодат қайси сўзлар билан бошланади?

3. Худонинг Шоҳлиги ҳақида нимани билиб олиш лозим?

4. Худонинг Шоҳлиги — у нима ўзи, ва унинг Шоҳи ким?

5. Худонинг Шоҳлиги қаерда ўрнатилган, ва у нима устидан ҳукмронлик қилади?

6, 7. Нима сабабдан Ҳазрати Исони энг яхши Шоҳ дейиш мумкин?

8. Исо Масиҳ билан биргаликда тағин кимлар ҳукмронлик қилади?

9. Исо билан бирга неча киши ҳукм суради, ва Тангри Таоло қайси вақтдан уларни танлашни бошлаган?

10. Нега Исо Масиҳ ва 144 000 кишининг инсоният устидан ҳукмронлик қилиши, Худонинг меҳр-муҳаббатидан далолат беради?

11. Нима учун Исо издошларига Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби ерда ҳам» бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишга ундаган?

12. Ваҳий 12:10- оятида қайси иккита муҳим воқеа ҳақида башорат қилинган?

13. Шайтоннинг осмондан отилиши қандай натижага олиб келди?

14. Шайтон осмондан отилганидан сўнг ер юзида нима юз берди?

15. Аллоҳ Ерни қандай ният билан яратган?

16, 17. Дониёр 2:44- оятида Худонинг Шоҳлиги ҳақида нима дейилган?

18. Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг ҳукмдорлари орасида бўладиган сўнгги жангнинг номи қандай?

19, 20. Қайси сабабларга кўра Худонинг иродаси ер юзида бажо келмаяпти?

21. Қандай қилиб Шоҳлик ҳукмронлиги остида Худонинг иродаси ер юзида бажо келади?

22. Исо Масиҳ ибодат қилишни ўргатган пайтда ёки осмонга кўтарилганидаёқ Худонинг Шоҳлиги бошқаришни бошламаганини қаердан биламиз?

23. а) Худонинг Шоҳлиги қачон бошқаришни бошлаган? б) Келаси бобда нима муҳокама қилинади?

Кўпроқ билиш

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?