Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

3- БОБ

Худонинг Ер учун нияти қандай?

Худонинг Ер учун нияти қандай?

Худонинг инсоният учун нияти қандай?

Қандай қилиб Худонинг ниятига қаршилик кўрсатилди?

Келажакда ер юзида қандай ҳаёт бўлади?

ХУДОНИНГ Ер учун нияти чиндан ҳам ажойиб. Яҳова Таоло бутун ер юзида соғлом ва бахтли инсонлар яшашини хоҳлайди. Муқаддас Китоб: «Худованди Карим… Адан ўлкасида боғ ўтқазиб… кўзга ёққан, емоққа яхши бўлган ҳар хил дарахтни ердан ўстирди»,— деб айтмоқда. Кейин Худо Одам Ато ва Момо Ҳавони яратиб, уларни ўша гўзал боққа жойлаштирди. Худо уларга: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар. Ер юзини тўлғазиб тобе қилинглар»,— деб буюрди (Ибтидо 1:28; 2:8, 9, 15). Хуллас, Худонинг нияти одамларнинг кўпайиб, жаннатмакон уйларини кенгайтириб, ҳайвонлар устидан ҳокимлик қилишларидан иборат эди.

2 Сизнинг фикрингизча, Худойи Таоло Яҳованинг ушбу нияти амалга ошадими? «Мен сўзладимми, айтганимни бажараман»,— деб ваъда бермоқда Худованд (Ишаё 46:9-11; 55:11, ЯДТ). Ҳа, Худонинг ниятлари албатта амалга ошади! Худо «ерни бекорга шакл бериб яратмаган, балки яшашлари учун уни мустаҳкам қилиб ўрнатган» (Ишаё 45:18, ЯДТ). Бироқ, ер юзида қандай инсонлар яшайди? Шунингдек, улар қанча умр кўришади? Муқаддас Китоб: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар»,— деб жавоб бермоқда (Забур 36:29; Ваҳий 21:3, 4).

3 Аммо, бу ниятлар ҳануз амалга ошмади. Одамлар касаллик ва ўлимга дучор; улар урушлар қилиб бир-бирини ўлдирмоқда. Бу эса Худонинг ниятига кирмаган! Бўлмаса, нима юз берди? Нима сабабдан Худонинг нияти амалга ошмади? Бу саволларга ҳеч бир тарих китоби жавоб бера олмайди, чунки муаммолар осмону фалакда бошланган.

ДУШМАН ПАЙДО БЎЛИШИ

4 Муқаддас Китобнинг биринчи саҳифаларидан, Адан боғида Худога қарши чиққан душман ҳақида билиб оляпмиз. Бу душман «илон» деб тасвирланган, лекин у оддий илон эмас. Муқаддас Китобнинг охирги саҳифаларида бу душманнинг шахси аниқ кўрсатилди: «Иблис ва шайтон деб аталган, бутун дунёни алдаб йўлдан оздираётган ўша алмисоқ илон» (Ибтидо 3:1; Ваҳий 12:9). Ушбу кўзга кўринмас руҳ, яъни қудратли фаришта худди қўғирчоқбоз каби илондан фойдаланиб, Момо Ҳаво билан гаплашди. Худо ерни одамлар учун тайёрлаётганида, бу руҳий шахс Худонинг ҳузурида бўлгани шубҳасиздир (Аюб 38:4, 7).

5 Яҳованинг барча ижодлари мукаммал бўлса, «Шайтон Иблис» қаердан пайдо бўлди, деб сўрарсиз? Қисқасини айтганда: Худонинг бир фариштаси Иблисга айланди. Бу қандай бўлиши мумкин? Оддий мисол, ҳатто яхши ва ростгўй бўлган кимса ҳам ўғрига айланиб қолиши мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Аввалига одам ўз қалбидан ёмон фикрларни ўтказади. Кейин, бу фикрлар кўнгилда ўрнашиб қолиб, мустаҳкам бир кучга айланади. Ва бир кун эмас, бир кун одам ёмон йўлга кириб кетишига олиб келади (Ёқуб 1:13-15).

6 Шундай ҳол Шайтон Иблис билан ҳам юз берди. Худо Одам Ато билан Момо Ҳавога кўпайинглар, деб айтаётганида шуни Шайтон ҳам эшитган эди (Ибтидо 1:27, 28). Балки у: «Нимага инсонлар менга эмас, Худога топинишлари керак экан!» — деб ўйлагандир. Хуллас, бу фикр Шайтоннинг қалбида ўрнашиб, ёмон оқибатга олиб келди. У Момо Ҳавони алдаб, Худога туҳмат уюштирди (Ибтидо 3:1-5). Шу тариқа у «Иблис», яъни «Туҳматчига» ва «Шайтон», яъни «Душманга» айланди.

7 Шайтон маккорлик ва ёлғон ила Одам Ато билан Момо Ҳавони итоатсизликка оғдирди (Ибтидо 2:17; 3:6). Натижада, Худо огоҳлантирганидай улар итоатсизликлари туфайли ўлишди (Ибтидо 3:17-19). Одам Ато гуноҳ қилгани сабабли, номукаммал бўлиб авлодларига гуноҳни мерос қилиб қолдирди (Римликларга 5:12). Буни қуйидаги мисол билан таққослаш мумкин: нон қолипини олайлик. Агар қолипнинг эзилган жойи бўлса, ундан чиққан ҳар бир нон эзилган жойининг изи билан чиқмайдими? Бунга ўхшаб, Одам Атонинг авлоди бўлган ҳар бир инсон номукаммаллик «изи» билан чиқди. Айни шу сабабдан барча инсонлар қариб ўлмоқда (Римликларга 3:23).

8 Шайтон Одам Ато билан Момо Ҳавони Худога қарши гуноҳ қилишга оғдириб, исён кўтарди. У Худонинг бошқарувини шубҳа остига солди. Шайтон худди: «Худо ёмон ҳукмдор. У қўл остидагиларидан яхшиликни яширадиган ёлғончи. Одамларга Худонинг бошқаруви керак эмас. Улар ўзлари ҳам яхшилик билан ёмонликнинг фарқига бора олишади. Одамлар менинг бошқарувим остида бахтлироқ бўлишади»,— дегандай бўлди. Худо бундай бадният даъволарга қандай жавоб берар экан? Баъзиларнинг фикрича, исёнчиларни йўқ қилиб юбориш осонроқ бўлар эди. Бироқ бу, Шайтоннинг даъволарига жавоб бўла олармиди? Бу билан Худонинг бошқаруви энг олий эканлиги тасдиқланармиди?

9 Яҳова Таоло олий донолиги ила исёнчиларни шу заҳотиёқ йўқ қилиб юбормади. Худо Шайтонга даъволарини тасдиқлаши учун етарлича вақт ажратиб берди ва унинг қанчалик ёлғончи эканлигини фош қилмоқчи бўлди. Шунингдек Худо: «Одамлар Шайтоннинг таъсири остида қолиб, ҳукм суриб кўришсин-чи»,— деган қарорга келди. Яҳованинг нима сабабдан шундай йўл тутгани ва нега шунча вақт ажратгани, шу китобнинг 11- бобида муҳокама қилинади. Ҳозир эса бир зум тўхтаб, бу ҳақда ўйлаб кўринг: Улар учун ҳеч бир яхшилик қилиб қўймаган Шайтонга ишониб, Одам Ато билан Момо Ҳаво тўғри йўл тутишдими? Наҳотки шунча эзгулик қилган Яҳовани золим ёлғончи деб бўлса? Сиз шундай қилган бўлармидингиз?

10 Бу саволлар устидан мулоҳаза қилиб кўриш муҳим, чунки улар ҳар биримизга тегишли. Ҳа, сиз Яҳова Таоло томонида туриб, Шайтоннинг даъволарига жавоб бериш имкониятига эгасиз. Ҳаётингиз билан Яҳовани ҳукмдор сифатида тан олинг, шунда Шайтон ёлғончи эканини тасдиқлаган бўласиз (Забур 72:28; Ҳикматлар 27:11). Минг афсуски, миллиардлаб ер аҳолисининг оз қисмигина шундай қилмоқда. Агар шундай бўлса, балки бу дунёнинг ҳокими Шайтондир? Муқаддас Китоб нима демоқда?

БУ ДУНЁНИНГ ҲОКИМИ КИМ?

Агар дунёнинг салтанатлари Шайтонинг измида бўлмаганида, уларни Исога қандай қилиб таклиф этар эди?

Агар дунёнинг салтанатлари Шайтоннинг измида бўлмаганида, уларни Исога қандай қилиб таклиф этар эди?

11 Бу дунёнинг ҳокими Шайтон эканидан Исо пайғамбар ҳеч қачон шубҳаланмаган эди. Бир марта Шайтон Исони васваса қилиб, унга мўъжиза ила «дунёнинг барча салтанатларини ҳамда уларнинг ҳашаматини» кўрсатиб: «Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини сенга бераман»,— деб ваъда берди (Матто 4:8, 9; Луқо 4:5, 6). Ўйлаб кўринг, агар салтанатлар Шайтоннинг ҳукми остида бўлмаганида, буни васваса деб бўлармиди? Исо пайғамбар барча салтанатлар Шайтоннинг измида эканини рад этмаган. Акс ҳолда, албатта шундай қилган бўлар эди.

12 Албатта, Яҳова Қодир Аллоҳ ва улкан оламнинг Парвардигоридир (Ваҳий 4:11). Бироқ, Муқаддас Китобнинг ҳеч бир оятида бу дунёнинг ҳокими Худо деб айтилмаган. Аксинча, Исо айнан Шайтонни: «Бу дунёнинг ҳокими»,— деб атаган (Юҳанно 12:31; 14:30; 16:11). Муқаддас Китоб Иблис Шайтонни: «Бу дунёнинг тангриси»,— деб тасвирлайди (2 Коринфликларга 4:3, 4). Ушбу душман тўғрисида Исонинг шогирди Юҳанно: «Бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир»,— деб таъкидлади (1 Юҳанно 5:19).

ШАЙТОННИНГ ДУНЁСИ ЙЎҚ ҚИЛИНАДИ

13 Дунёмиз бора-бора хавф-хатарли бўлиб кетмоқда. Диёнатсиз сиёсатчилар, иккиюзламачи диний раҳбарлар ва шафқатсиз жиноятчилар одамларни эзиб зулм ўтказмоқда. Ва буни ўзгартиришга ҳеч бир одамнинг қурби етмайди. Лекин Муқаддас Китобнинг кўрсатишича, Худо яқин орада бу ёвуз дунёни Ҳор-Магидўн жангида йўқ қилади. Ва унинг ўрнига адолат ҳукм сурадиган Худонинг янги дунёси келади (Ваҳий 16:14-16).

14 Яҳова Таоло самовий Шоҳлигига, яъни ҳукуматига Масиҳ деб танилган Исо пайғамбарни ҳоким қилиб тайинлади. Муқаддас Китобнинг бир қадимги башоратида: «Мана, биз учун чақалоқ туғилди, бизга бир ўғил берилди. Ҳукмронлик унинг елкасига юкланур. У… Тинчлик Ҳукмрони деб номланур… шоҳлиги узра абадий ҳукмронлик ва тинчлик бўлгай»,— деб ёзилган (Ишаё 9:6, 7, ЯДТ). Айни шу Шоҳлик ҳақида Исо Масиҳ шогирдларига ибодат қилишни ўргатган эди: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Матто 6:10). Яқин келажакда Худонинг Шоҳлиги ердаги барча шоҳликларни йўқ қилиб, танҳо ўзи бошқаради (Дониёр 2:44). Шунда Худонинг Шоҳлиги остида ер юзи жаннатга айланади.

ЯНГИ ДУНЁ ЯҚИНДИР!

15 «Худонинг аҳд қилгани бўйича, биз адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмонни кутаяпмиз»,— деб ишонтирмоқда Муқаддас Китоб (2 Бутрус 3:13; Ишаё 65:17). Баъзан Муқаддас Китоб «ер» сўзи остида унда яшовчи одамларни назарда тутади. Хуллас, «янги ер» — Худо иноят кўрсатган одамларни англатади.

16 Исонинг ваъдасига кўра, Худо иноят кўрсатган одамлар «абадий ҳаётга» эга бўладилар (Марк 10:30). Марҳамат, Инжилни очиб, Юҳанно 3:16- ва 17:3- оятларидаги Исонинг сўзларини ўқинг. Бу оятларда абадий ҳаётга эришиш учун зарурий бўлган нарсалар айтилган. Ҳозир эса келинг, ушбу қимматбаҳо ҳадяга эга бўлганларни, келажак жаннатда қандай қут-баракалар кутаётганини муҳокама қилайлик.

17Ёвузлик, жиноятчилик, зўравонлик ва урушлар бошқа бўлмас. «Фосиқ йўқ бўлур… Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак» (Забур 36:10, 11). Ер четларига қадар Худо жангларни тўхтатгани сабабли, тинчлик ўрнатилади (Забур 45:10; Ишаё 2:4). У пайтда «солиҳ яшнагай, ой йўқ бўлгунча [яъни абадий] тинчлик-осойиш бўлгай» (Забур 71:7).

18Яҳованинг хизматчилари хотиржам яшашади. Қадимги исроилликлар Худога итоат қилишганида хотиржам яшашган (Левилар 25:18, 19). Келажак жаннатда худди шундай хотиржам яшаш қанчалик қувончли бўлади-а! (Ишаё 32:18; Михо 4:4).

19Озиқ-овқатда етишмовчилик бўлмас. «Ўлка бўйлаб буғдой ҳосили мўл бўлгай… тоғу тепа бошларида ҳилпиллагай»,— дейилган Забур 71:16- оятида. Яҳова Таоло солиҳ бандаларини дуо қилганида, «ер ўз ҳосилини беради» (Забур 66:7).

Турли миллатдаги одамлар қувонч ила жаннатда бирга яшайди

20Бутун ер юзи жаннатга айланади. Бугун хароб қилинаётган ер тозаланиб, чиройли боғлару уйлар билан безалган бўлади (Ишаё 65:21-24; Ваҳий 11:18). Аста-секин бутун ер юзи худди гўзал Адан боғи каби бўлади. Шунда Худо қўлини очиб, ҳар бир жонзотни марҳаматига тўйдиради (Забур 144:16).

21Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида тинчлик бўлади. Йиртқич ва уй ҳайвонлари биргалашиб ўтлаб юришади. Ҳозир хавфли ҳисобланган ҳайвонлардан ҳатто гўдак ҳам қўрқмайди (Ишаё 11:6-9; 65:25).

22Дарду дармонсизлик бошқа бўлмас. Исо Масиҳ ерда бўлган пайтида кўп одамни даволаган эди. Самовий Шоҳ сифатида ҳам, Исо барча одамларнинг соғу омон бўлишига ғамхўрлик қилади (Матто 9:35; Марк 1:40-42; Юҳанно 5:5-9). Ўша пайт «яшовчилардан ҳеч бири: “Мен касалман”,— демайди» (Ишаё 33:24, ЯДТ; 35:5, 6).

23Ўлганлар тирилиб, бошқа ҳеч қачон ўлмаслик умидига эга бўладилар. Худонинг хотирасида бўлган барча ўлганлар тирилтирилади. Дарҳақиқат, «солиҳ билан фосиқлар тирилтирилади» (Ҳаворийлар 24:15; Юҳанно 5:28, 29).

24 Парвардигори Олам Яҳова тўғрисида билган ва Унга хизмат қилганларни қанчалик ажойиб келажак кутмоқда! Исо ёнидаги ўлаётган қароқчига: «Мен билан бирга жаннатда бўласан»,— деб ваъда берганида, ер юзидаги жаннатни назарда тутган эди (Луқо 23:43). Барча келажак баракалари Исо Масиҳ орқали амалга ошар экан, у тўғрисида билим олиш қанчалик муҳим.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Худонинг, ер юзини жаннатга айлантириш нияти амалга ошади (Ишаё 45:18; 55:11).
  • Ҳозирги дунёнинг ҳокими Шайтондир (Юҳанно 12:31; 1 Юҳанно 5:19).
  • Яқинлашиб келаётган янги дунёда, Худо инсониятга улкан баракалар ёғдиради (Забур 36:10, 11, 29).

Тадқиқ учун саволлар

1. Худонинг Ер учун бўлган нияти қандай?

2. а) Худонинг Ер учун бўлган нияти амалга ошишини қаердан биламиз? б) Ер юзида қандай инсонлар мангу яшайдилар?

3. Одамлар ачинарли аҳволда экани нимадан кўриняпти ва қандай саволлар келиб чиқмоқда?

4, 5. а) Илон орқали Момо Ҳаво билан ким гаплашди? б) Қандай қилиб яхши ва ростгўй киши ўғрига айланиб қолиши мумкин?

6. Қандай қилиб Худонинг бир фариштаси Шайтон Иблисга айланди?

7. а) Нимага Одам Ато билан Момо Ҳаво ўлишди? б) Нимага Одам Атонинг авлодлари бўлмиш бари қариб ўлмоқда?

8, 9. а) Шайтон қандай бадният даъволарни кўтарди? б) Нима сабабдан Яҳова исёнчиларни дарҳол йўқ қилиб юбормади?

10. Қандай қилиб Яҳова Таоло томонида туришингиз мумкин?

11, 12. а) Қандай қилиб Исонинг васваса қилиниши, бу дунёнинг ҳокими Шайтон эканини кўрсатяпти? б) Қайси оятлар буни тасдиқлаб бермоқда?

13. Нима сабабдан янги дунёга муҳтожмиз?

14. Худонинг Шоҳлигида ҳоким бўлиши учун, Яҳова Таоло кимни танлади ва бунга нисбатан қандай башоратлар бор?

15. «Янги ер» нимани англатади?

16. Худо иноятини кўрсатган одамларга қандай қимматбаҳо ҳадя берилади ва унга эришиш учун нима қилиш даркор?

17, 18. Нимага тинч ва хотиржам ҳаёт бўлишига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?

19. Янги дунёда озиқ-овқат мўл бўлишини қаердан биламиз?

20. Бутун ер юзи жаннатга айланишига нимага ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?

21. Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида тинчлик бўлишини қаердан биламиз?

22. Дарду дармонсизлик билан нима бўлади?

23. Нимага тирилиш қалбимизга қувонч келтиради?

24. Ер юзидаги жаннатда яшаш имконияти тўғрисида қандай фикрдасиз?