Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

5- БОБ

Тўлов — Худонинг қимматбаҳо ҳадяси

Тўлов — Худонинг қимматбаҳо ҳадяси

Тўлов ўзи нима?

У қандай ҳавола қилинган?

Тўлов билан қандай қут-баракалар боғлиқ?

Тўловни қадрлашингизни қандай кўрсата оласиз?

ҚАНДАЙ ҳадяни қимматбаҳо деб билар эдингиз? Унинг нархи баланд бўлиши шарт эмас, ахир ҳадянинг қадри доим ҳам пул билан ўлчанмайди-ку. Аслида энг қимматбаҳо ҳадя, сизга айнан керакли ва сизни бахтиёр қила оладиган ҳадядир.

2 Ҳадялар ичра энг қимматли бир ҳадя бор. Унинг қадрини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Бу, Худонинг инсониятга берган ҳадясидир. Аслида, Худойимиз Яҳова бизга кўп ҳадялар берган, аммо улардан энг қимматлиси — Исо Масиҳни биз учун тўлов сифатида бергани (Матто 20:28). Ушбу бобдан тўлов — энг қимматбаҳо ҳадя эканини билиб оламиз, чунки айнан у керакли ва бахтиёр қила оладиган нарса. Тўлов, Эгамиз Яҳованинг сизга нисбатан севгисининг далилидир.

ТЎЛОВ ЎЗИ НИМА?

3 Қисқача айтилганда, тўлов — бу, Яҳова Таоло инсониятни гуноҳ ва ўлимдан халос қилиш учун қўллайдиган воситадир (Эфесликларга 1:7). Муқаддас Китобнинг тўлов ҳақидаги таълимотини англаб олиш учун, жаннатда нима юз берганини кўриб чиқиш лозим. Одам Ато гуноҳ қилиб нимани қўлдан бой берганини билиб олсак, тўлов нақадар қимматбаҳо эканини тушуна оламиз.

4 Худовандимиз Яҳова Одам Атони мукаммал қилиб яратди. Бу нимани англатишини бир ўйлаб кўринг-да! Мукаммал тана ва онг соҳиби бўлмиш Одам Атони касаллик, қарилик ва ўлимдан ҳоли келажак кутаётган эди. Мукаммал инсон сифатида Одам Ато Худо билан ўзгача муносабатда эди. Уларнинг муносабатлари худди меҳрибон ота билан унинг ўғли ўртасида бўлган муносабатларга ўхшаб кетар эди. Айнан шу сабаб, Муқаддас Китобнинг бир оятида Одам Ато «Худо ўғли», деб айтилади (Луқо 3:38). Эгамиз Яҳова эса Одам Ато билан мулоқот қилиб, унга қизиқарли вазифалар берар ва ундан нималар кутаётганини тушунтирар эди (Ибтидо 1:28-30; 2:16, 17).

5 Одам Ато Худонинг «суратида» яратилган эди (Ибтидо 1:27). Албатта, бу ибора Одам Ато Қодир Аллоҳ қиёфасида бўлганини англатмайди. Чунки 1- бобдан билиб олганимиздай, Аллоҳ Яҳова руҳий шахс (Юҳанно 4:24). Шундай экан, Худонинг эт ва қондан иборат танаси йўқ. Одам Ато Худонинг суратида яратилгани демак, унда илоҳий фазилатлар, шу жумладан севги, ҳикмат, адолат ва қудрат акс эттирилган. Шунингдек, Одам Ато худди Парвардигор каби ирода эркинлигига эга эди. Демак, у инстинкт, яъни онгсиз равишда туйғу билан ҳаракатланадиган ҳайвонлар каби бўлмаган. Аксинча, у яхшилик ва ёмонликнинг фарқига бориб, танлаш имкониятига эга эди. Агар Одам Ато Худога итоаткор бўлганида, жаннатмакон ерда абадий ҳаётни давом этар эди.

6 Одам Атонинг итоатсизлиги ачинарли оқибатга олиб келди. Гуноҳи оқибатида у, мукаммал ҳаёти билан бирга барча қут-баракалардан маҳрум бўлиб, ўлимга маҳкум қилинди (Ибтидо 3:17-19). Афсуски, Одам Ато нафақат ўзининг, балки келажак авлодининг қимматбаҳо ҳаётига зомин бўлди. Муқаддас Китобда: «Битта одам [Одам Ато] дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсонларга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган»,— деб айтилади (Римликларга 5:12). Ҳа, Одам Атодан гуноҳ барчамизга ўтди. Шу сабабдан Муқаддас Китобда, у ўзини ва авлодларини гуноҳ ва ўлимга қул қилиб «сотган», деб айтилади (Римликларга 7:14). Одам Ато билан Момо Ҳаво келажакдан маҳрум бўлди, чунки била туриб итоатсизликка қўл уришди. Аммо уларнинг авлодлари бўлмиш биз ҳақимизда нима дейиш мумкин?

7 Яҳова Таоло инсонларни қутқариш учун, севги ила тўлов ҳавола қилди. Аммо тўлов ўзи нима? Бу сўзнинг маъносини аниқлашда иккита асосий нарса аҳамиятга эга. Биринчидан, тўлов — бу, бирор кимни, масалан асирни озод этиш учун тўланадиган ҳақ. Шунингдек, гаровга қўйилган буюмни қайтариш учун бериладиган пул. Иккинчидан, тўлов — бу, бирор нарсанинг баҳосини қоплайдиган маблағ. Мисол учун, бирор ҳалокатда айбдор ҳисобланган кимса, етказган зиённи қоплайдиган ҳақни тўлаши керак.

8 Шундай экан, Одам Ато етказган зиённи қоплаб, инсониятни гуноҳ ва ўлим қуллигидан қандай озод этиш мумкин эди? Келинг, Тангримиз Яҳова ҳавола қилган тўловни ва бу билан боғлиқ қут-баракаларни кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА ТЎЛОВНИ ҲАВОЛА ҚИЛМОҚДА

9 Мукаммал ҳаёт қўлдан бой берилгани сабаб, ҳеч бир номукаммал инсон уни қайтариб олиш учун тўлов бера олмас эди (Забур 48:8, 9). Тўлов тенг қийматли бўлиши шарт. Муқаддас Китобга биноан, адолатли тўлов жон эвазига жон талаб этарди (Амрлар 19:21). Хўш, Одам Ато йўқотган мукаммал ҳаёт ёки жон эвазига нима ҳавола қилиш мумкин экан? Бошқа бир мукаммал ҳаёт талаб қилинар эди (1 Тимўтийга 2:6).

Исо тўлов сифатида ўлди

Яҳова Таоло Ўз ўғлини тўлов сифатида берди

10 Тангримиз Яҳова тўловни қандай ҳавола қилди? У ер юзига фаришталаридан бири бўлган, ва шу йўсин «ўғил» деб аталган азиз бир зотни юборди (1 Юҳанно 4:9, 10). Бу зот ҳозирлик билан самовий маконни тарк этиб, ер юзига тушди (Филиппиликларга 2:7). Ўтган бобдан билиб олганимиздай, Яҳова Қодир Аллоҳ сифатида бу зотнинг ҳаётини, қудрати ила Марямнинг бачадонига кўчирди. Вақти келиб Марям Исо исмли, гуноҳдан ҳоли, яъни мукаммал фарзанд кўрди (Луқо 1:35).

11 Бироқ, қандай қилиб бир киши миллионлаб инсонларни қутқариши мумкин? Хўш, одамлар қандай қилиб гуноҳкор бўлиб қолгани ёдингиздами? Ахир Одам Ато гуноҳ қилиб, мукаммал ҳаётни қўлдан бой берган эди. Шундай экан, у авлодларига гуноҳ ва ўлимдан бўлак ҳеч нарсани мерос қила олмас эди. Аммо, Муқаддас Китобда «охирги Одам» деб аталган Исо Масиҳ гуноҳдан ҳоли, мукаммал инсон эди (1 Коринфликларга 15:45). Шуни айтиш жоизки, Исо алайҳиссалом бизни гуноҳдан қутқариш учун, Одам Атонинг ўрнини эгаллади. Худога итоаткор қолиб, Исо Масиҳ биз учун ўз мукаммал ҳаётини фидо қилди, ва шу йўсин Одам Ато гуноҳининг ҳақини батамом тўлади. Шундай қилиб Исо Одам Атонинг авлодларига умид ато этди (Римликларга 5:19; 1 Коринфликларга 15:21, 22).

12 Муқаддас Китобда, Исо Масиҳнинг чеккан азоб-уқубатлари батафсил ифодаланган. Шу жумладан: шафқатсиз қамчиланиши, устунга михланиши ва ниҳоят қийналиб жон бериши (Юҳанно 19:1, 16-18, 30; Иловага қаранг). Нима сабабдан Исо Масиҳ буни бошдан кечириши керак эди? Кейинги боблардан билиб оламизки, Шайтон Яҳова Таоло хизматчиларининг садоқатини шубҳа остига солди. Лекин азоб-уқубатларга қарамай Исо Масиҳ Худога содиқ қолиб, Шайтоннинг даъволарига ўринли жавоб берди. Исо Масиҳ шуни исботладики, Иблиснинг ҳийлаларига қарамай мукаммал инсон ўз ихтиёри ила Худога содиқ қолиши мумкин. Худога азиз бўлган зотнинг садоқати, Яҳова Таолонинг қалбини нақадар қувонтиргандир-а?! (Ҳикматлар 27:11).

13 Тўлов қандай берилган эди? Милодий 33- йили, яҳудийларнинг Нисон ойининг 14- кунида Эгамиз Яҳова ушбу мукаммал зотнинг қатл қилинишига йўл қўйди. Шу йўсин Исо ўз мукаммал ҳаётини «бир марта» қурбонликка бағишлади (Ибронийларга 10:10). Учинчи куни эса Яҳова Таоло Исо Масиҳни руҳий шахс қилиб тирилтирди. Осмонга қайтгач Исо, Одам Атонинг авлодларини қутқариш учун берган мукаммал ҳаётини, қимматбаҳо тўлов сифатида Яҳовага тақдим этди (Ибронийларга 9:24). Худованд ушбу тўловни қабул қилиб, унинг асосида инсонларни гуноҳ ва ўлимдан қутқарилишга лойиқ кўрди (Римликларга 3:23, 24).

ТЎЛОВ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚУТ-БАРАКАЛАР

14 Гуноҳкор банда бўлишимизга қарамай, Худонинг ҳадяси бўлмиш тўлов туфайли ажойиб қут-баракаларга эга бўлишимиз мумкин. Келинг, бу қут-баракаларнинг айримларини кўриб чиқайлик.

15Гуноҳларнинг кечирилиши. Номукаммал бўлганимиз сабабли, ҳар бир савоб иш биздан қатъий ҳаракат талаб қилади. Барчамиз тилда ҳам, ишда ҳам хато қиламиз. Аммо Исо бизнинг ўрнимизга қурбон бўлиб, «гуноҳларимизни ювди» (Колосаликларга 1:13, 14). Бундан фойда кўришимиз учун, ушбу қурбонлик асосида тавба қилиб, камтаринлик ила Парвардигори Олам Яҳовадан кечирим сўрашимиз лозим (1 Юҳанно 1:8, 9).

16Худо олдида пок виждон. Агар виждонимиз нопок бўлса, умидсизликка учраб, ўзимизни ҳеч нарсага яроқсиз ҳис этишимиз мумкин. Бироқ Яҳова гуноҳларимизни афв этиш учун тўлов ҳавола қилган эди. Шу туфайли, номукаммаллигимизга қарамай, пок виждон билан Худога хизмат қила оламиз (Ибронийларга 9:13, 14). Энди Тангри Таоло Яҳовага бемалол ибодатда мурожаат қилиш имкониятига эгамиз (Ибронийларга 4:14-16). Шунингдек пок виждон хотиржамлик, ўз ҳурматини билиш ва бахт-саодат ато этишга қодир.

17Жаннатмакон ерда абадий ҳаётга бўлган умид. Инжилда: «Гуноҳнинг эвази — ўлим»,— деган сўзларни ўқиймиз. Бу оятнинг давомида: «Худонинг инъоми эса Раббимиз [«Ҳазратимиз», ЯДТ] Исо Масиҳ қиёфасидаги абадий ҳаётдир»,— деб айтилган (Римликларга 6:23). Китобимизнинг 3- бобида кўриб чиққанимиздай, жаннатмакон ерда ҳаёт жуда ҳам гўзал бўлади (Ваҳий 21:3, 4). Бу барча баракалар, шу жумладан абадий ҳаёт ва мукаммал саломатлик, Исо Масиҳ ўз жонини биз учун фидо қилгани туфайлидир. Аммо бу тўловни қадрласаккина, бу қут-баракаларга эришамиз.

ТЎЛОВНИ ҚАДРЛАШИНГИЗНИ ҚАНДАЙ КЎРСАТА ОЛАСИЗ?

18 Нима сабабдан тўлов учун Эгамиз Яҳовага миннатдор бўлишимиз даркор? Хўш, агар кимдир вақти, кучи ва маблағини аямай сиз учун ҳадя тайёрласа, унга миннатдор бўлмасмидингиз? Бундай ҳадя унинг самимий севгисининг изҳори бўлмасмиди? Тўлов эса, энг қимматбаҳо ҳадядир. Нега дейсизми? Муқаддас Китоб жавоб бермоқда: «Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди» (Юҳанно 3:16). Ҳа, Яҳова одамларни севишининг яққол далили — тўловдир. Шунингдек, ҳозирлик билан ўз жонини фидо қилган Исо Масиҳнинг ҳам севгисининг исботидир (Юҳанно 15:13). Тўлов, Яҳова Таоло ҳамда Исо Масиҳ ҳар биримизни севишига аминлик бермоқда (Галатияликларга 2:20).

19 Худонинг ҳадяси бўлмиш тўловни қадрлашингизни қандай кўрсата оласиз? Аввало, бу ҳадяни тақдим этган Яҳова Таоло ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилинг (Юҳанно 17:3). Бунда сизга, қўлингиздаги китоб ёрдамида, Муқаддас Китоб тадқиқи кўмаклашади. Яҳова ҳақида билимингиз кўпайган сайин, Унга бўлган севгингиз ҳам ортиб боради. Севги эса ўз навбатида, барча нарсада Худони мамнун этишга ундайди (1 Юҳанно 5:3).

Аёл Муқаддас Китобни ўқияпти

Яҳова Таоло ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилиб, тўлов ҳадясини қадрлашингизни кўрсатасиз

20Исонинг гуноҳни ювувчи қурбонлигига эътиқод қилинг. Исо ҳақида: «Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади»,— деб айтилган (Юҳанно 3:36). Хўш, Масиҳга қандай эътиқод қилиш мумкин экан? Имонни фақат сўзда ифодалаб бўлмайди, чунки Муқаддас Китобга биноан, «хайрли ишларсиз имон ҳам ўликдир» (Ёқуб 2:26). Чиндан ҳам, ҳақиқий имон «ишлар» билан ифодаланади. Исога эътиқод қилишнинг йўлларидан бири — нафақат сўзда, балки амалда унинг ўрнагига эргашишдир (Юҳанно 13:15).

21Қутлуғ Кечлик маросимига қатнашинг. Милодий 33- йили Нисон ойининг 14- кунида Исо Масиҳ «Қутлуғ Кечлик» деб аталган ўзгача маросимни уюштириб, уни нишонлашни буюрди (1 Коринфликларга 11:20; Матто 26:26-28). Ҳа, Исо Масиҳнинг барча издошлари, унинг ўз мукаммал ҳаётини тўлов сифатида фидо қилганини ёдда тутишлари керак эди. Бу тўғрисида Исо Масиҳ: «Мени эслаб туриш учун шундай қилинглар»,— деган (Луқо 22:19). Агар бу, ҳар йили ўтказилаётган маросимга қатнашсак, Худойимиз Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг севгисини доимо ёдимизда сақлаб, бу севгининг қадрига етамиз*.

22 Яҳова Таоло ҳавола этган тўлов, чиндан ҳам қимматбаҳо ҳадядир (2 Коринфликларга 9:14, 15). Бу ҳадя ҳатто ўлганларга ҳам фойда келтириши мумкин. Навбатдаги 6- ва 7- боблардан бунинг қандай имкони борлигини кўриб чиқамиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Тўлов — бу, Яҳова Таолонинг инсониятни гуноҳ ва ўлимдан халос қилиш учун қўлланадиган восита (Эфесликларга 1:7).
  • Яҳова Таоло «Ўз Ўғлини гуноҳларимизни ювиш учун қурбонлик қилиб юборди» (1 Юҳанно 4:9, 10).
  • Тўлов туфайли гуноҳларимиз кечирилиб, пок виждон ҳамда абадий ҳаётга бўлган умид ато этилади (1 Юҳанно 1:8, 9).
  • Агар тўловни қадрласак, Яҳова Таоло ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қиламиз, Исонинг тўлов қурбонлигига эътиқод қиламиз ҳамда Қутлуғ Кечлик маросимига қатнашамиз (Юҳанно 3:16).

*  Қутлуғ Кечлик маросими ҳамда унинг маъноси ҳақида, Иловадан кўпроқ билиб олишингиз мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1, 2. а) Қандай ҳадяни қимматбаҳо деб билар эдингиз? б) Нимага тўловни, энг қимматбаҳо ҳадя деб билиш мумкин?

3. Тўлов ўзи нима ва тўлов ҳақидаги таълимотни англаб олиш учун, нимани кўриб чиқиш лозим?

4. Мукаммал инсон бўлмиш Одам Атони қандай келажак кутаётган эди?

5. Қайси маънода Одам Ато Худонинг суратида яратилган?

6. Худога итоатсизлик қилиб Одам Ато нимадан маҳрум бўлди, ва бу бизга қандай таъсир кўрсатди?

7, 8. Тўлов сўзининг маъносини аниқлашда қандай иккита нарса аҳамиятга эга?

9. Тўлов қандай талабга жавоб бериши керак?

10. Тангримиз Яҳова тўловни қандай ҳавола қилди?

11. Қандай қилиб бир инсон миллионлаб инсонларни қутқариши мумкин?

12. Азоб-уқубатни бошдан кечириб, Исо Масиҳ нимани исботлади?

13. Тўлов қандай берилган эди?

14, 15. «Гуноҳларимиз ювилиши» учун нима қилишимиз лозим?

16. Нима туфайли Худога пок виждон билан хизмат қила оламиз, ва пок виждон нима ато этишга қодир?

17. Исо Масиҳ ўз жонини биз учун фидо қилиб, қандай баракаларга йўл очди?

18. Нима сабабдан тўлов учун Эгамиз Яҳовага миннатдор бўлишимиз даркор?

19, 20. Тўловни қадрлашингизни қандай кўрсата олишингиз мумкин?

21, 22. а) Нима сабабдан Қутлуғ Кечлик маросимига қатнашишимиз лозим? б) Навбатдаги 6- ва 7- боблардан нимани кўриб чиқамиз?