Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

ИЛОВА

Ота, ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида ҳақиқат

Ота, ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида ҳақиқат

УЧЛИККА, яъни уч қиёфали худоларга ишонган одамлар: «Худо Худо-Ота, Худо-Ўғил ва Худо-Муқаддас Руҳдан иборат. Худо уч қиёфали, лекин ягонадир. Улардан ҳар бири куч-қудратда тенг ва абадий»,— деб айтишади.

Учликка ишонганларнинг кўпчилиги бу таълимотни тушунтиришга ожиз бўлса-да, буни Муқаддас Китоб таълимоти деб биладилар. Бир нарсани эътиборга олайлик, «учлик» сўзи Худонинг Каломида умуман учрамайди. Бўлмаса, бу ақидага ишониш учун Муқаддас Китобда асос бордир? Бу саволга жавоб топиш учун, келинг бу ақидани тасдиқлаш мақсадида келтирилган оятларни кўриб чиқайлик.

«КАЛОМ — ХУДО ЭДИ»

Юҳанно 1:1- оятида қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Азалда Калом бор эди. Калом Худо ҳузурида эди, Калом — Худо эди». Бир неча оят пастроқ, ҳаворий Юҳанно «Калом» бу айни Исо Масиҳ эканини тушунтириб беряпти (Юҳанно 1:14). Модомики бу оятда «Калом — Худо эди», деб айтилар экан, баъзилар Исо Масиҳни Худо-Ўғил, деб билишади.

Аввало, Юҳанно Хушхабари юнон тилида ёзилганига эътибор берайлик. Кейинчалик эса уни бошқа тилларга ҳам таржима қилишган. Баъзи таржималарда «Калом — Худо эди», деган сўзларни учратмаймиз. Нега дейсизми? Қадимги юнон тилини билган таржимонлар, бу оятни бошқача таржима қилиш керак, деган қарорга келишди. Хўш, уларнинг таржимаси қандай экан? Мана бир неча мисол: «Логос [Калом] илоҳий эди» («A New Translation of the Bible»). «Калом худо эди» («The New Testament in an Improved Version»). «Калом Худо ҳузурида эди ва Унинг хусусиятларини акс этарди» («The Translator’s New Testament»). Бу таржималарга асослансак, Калом қудратли Аллоҳ эмаслигини кўрамиз*. Лекин «худо» деб айтилиши, Яҳова Таолонинг ижодлари ичра юксак мартабага эга бўлган «қудратли зот» эканидан далолат беради.

ДАЛИЛЛАР

Кўп одамлар қадимги юнон тилини билишмайди. Бўлмаса, азиз ҳаворий Юҳанно нимани назарда тутганини қандай билиш мумкин? Бир мисол: домла ўқувчиларга бир масалани тушунтиряпти, дейлик. Ўқувчилар эса домланинг сўзларини ҳар хил тушунишди. Хўш, ўқувчилар нима қилсин? Домлага, қўшимча маълумот бериши учун, мурожаат қилишлари мумкин. Дарҳақиқат, қўшимча далиллар масалани тушунишга ёрдам беради. Шунга ўхшаб, Юҳанно 1:1- оятини тўғри тушуниш учун, Юҳанно баён этган Хушхабарда Исо Масиҳ қандай мавқега эга эканини кўриб чиқишимиз керак. Бу далиллар тўғри хулосага келишимизга ёрдам беради.

Масалан Юҳанно 1:18- оятида: «Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас», деган сўзларни ўқиймиз. Лекин ўғилни, яъни Исо Масиҳни одамлар кўришган. Юҳанно 1:14- оятида: «Калом [Исо Масиҳ] инсон қиёфасига кирди ва биз аро маскан қилди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик», деган сўзлар бор. Хўш, ўғил Қодир Тангри каби Худо бўлиши мумкинмикан? Юҳанно «Калом Худо ҳузурида эди», деб тушунтиради. Бироқ кимнингдир ҳузурида бўлиш ва айни пайтда унинг ўзи бўлиш мумкинми? Боз устига, Юҳанно 17:3- оятидан, Ҳазрати Исо ва самовий Отаси бошқа-бошқа шахс эканларини кўряпмиз. Бу оятда Исо Масиҳ ўз Отасини «танҳо Ҳақ Худо» деб атайди. Ва ниҳоят, Хушхабарнинг сўнгида Юҳанно шундай деб ёзади: «Булар эса Исо — Худонинг Ўғли, Масиҳ эканлигига ишонишингиз учун… ёзилган» (Юҳанно 20:31). Ҳазрати Исо Худо эмас, балки Худонинг ўғли деб аталишига эътибор беринг. Кўриняптики, қўшимча оятлар, Юҳанно 1:1- ояти нимани назарда тутиши тўғрисида тушунтириб беряпти. Ҳазрати Исо, яъни Калом «худо» деб аталиши, унинг юксак мавқеини таъкидласа-да, у ҳеч ҳам Қодир Аллоҳга бас кела олмайди.

ҚЎШИМЧА ДАЛИЛЛАР

Келинг, домла ва ўқувчилар ҳақидаги мисолга қайтайлик. Домла қўшимча маълумот беришига қарамай, баъзи ўқувчилар шубҳаланяпти, дейлик. Хўш, яна нима қилиш мумкин? Бошқа домлага мурожаат қилиш мумкин. Агар бу домла ҳам биринчи домланинг сўзларини тасдиқласа, ҳеч бир шубҳа қолмайди. Сиз ҳам шундай йўл тутишингиз мумкин. Агар Исо Масиҳ ҳамда Қодир Аллоҳ ҳақида Юҳаннонинг сўзларида ҳозирга қадар шубҳалансангиз, бошқа домлага, яъни Марк баён этган Хушхабарга мурожаат қилинг. Масалан Марк 13:32- оятида, Ҳазрати Исо бу дунёнинг охири қачон келиши тўғрисида шундай деган: «Ўша кун ёки соат ҳақида биргина Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди; Ўғил ҳам, осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар». Бу оят, Исо Масиҳ — Қодир Аллоҳ эмаслигини қандай тасдиқлаяпти?

Исонинг сўзларидан кўриняптики, Ота ўғилдан кўра кўпроқ нарсани билар экан. Агар Ҳазрати Исо қодир Аллоҳ бўлганида, у ҳам худди шунча нарсани билмасмиди? Хуллас, ўғил Отага тенг эмас. Лекин баъзилар: «Исо бу сўзларни инсон қиёфасида бўлган пайтида айтган»,— деб эътироз билдиришади. Хўп, шундай ҳам дейлик, аммо муқаддас руҳ ҳақида нима дейиш мумкин? Агар муқаддас руҳ ҳам Ота каби Худо бўлса, нега Исо, бу маълумот муқаддас руҳга ҳам маълум, деб айтмади?

Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, яна кўп шу каби оятларни топа оласиз. Улар Ота, ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида ҳақиқатни очиб беради (Забур 89:3; Ҳаворийлар 7:55; Колосаликларга 1:15).


*  Юҳанно 1:1- ояти тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган рус тилидаги «Қўриқчи минораси» журналининг 2008- йил 1- ноябрь сонидаги 24-25- саҳифаларига қаранг.

← Бобига қайтиш