Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

11- БОБ

Нега Худо азоб-уқубатларга йўл қўйди?

Нега Худо азоб-уқубатларга йўл қўйди?

Инсоният азоб-уқубат чекишида Худонинг айби борми?

Жаннатда қандай масала кўтарилган эди?

Азоб-уқубатларни Худо қандай қилиб бартараф этади?

БИР мамлакатда содир бўлган тўқнашувлар натижасида, минглаб аёллару бола-чақалар ўлдирилиб, битта умумий қабрга дафн этилган эдилар. Бу жойнинг атрофини тўсиб, «Нега?» деб ёзиб қўйишган экан. Одатда бундай савол қайғу-алам ифодасидир. Урушлару табиий офатлар, ўлатлару жиноят бегуноҳ одамларни беҳад қийнаб, уй-жойларини барбод этиб, ҳатто ҳаётини олиб кетмоқда. Шунда улар: «Нега бу кўргилик бошимизга тушди?» — деган саволни беришади.

2 Нега Худойимиз Яҳова азоб-уқубатларга йўл қўйди? Агар У раҳмону меҳрибон, қудратлию ҳикматли ҳамда адолатли бўлса, нега дунё зўравонлигу адолатсизликка тўла? Сизни ҳам шу каби саволлар ўйга солганми?

3 Бундай саволлар устидан ўйлаш хатоми? Баъзиларнинг фикрича бундай саволлар имони сустлик ҳамда Худога нисбатан ҳурматсизлик белгисидир. Бироқ Муқаддас Китобни тадқиқ қилсангиз, шу каби саволлар тақводор инсонларни қизиқтирганини кўрасиз. Масалан Хабаққуқ пайғамбар ибодат қилиб, шундай деб сўраганлар: «Нега бадкирдорликни кўришимга йўл беряпсан, ва бахтсизликка қараб турибсан? Нега кўз ўнгимда талончилик билан зўравонлик содир бўлмоқда, ва жанжалу адоват ёйилмоқда?» (Хабаққуқ 1:3, ЯДТ).

Яҳова Таоло азоб-уқубатларни йўқ қилади

Дафн маросими

4 Бундай саволлар бергани учун Яҳова Хабаққуқни таъна қилдими? Йўқ. Аксинча, Худо бу самимий сўзлар Муқаддас Китобда ёзилишига ғамхўрлик қилди. Боз устига У пайғамбарга тушунча бериб, имонини мустаҳкамлади. Худованд сизга ҳам ёрдам бермоқчи. Инжилда: «Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб айтилган (1 Бутрус 5:7). Одамларнинг азоб чекишини кўриш Аллоҳга хуш келмайди, чунки Унинг меҳр-шафқати бизникидан афзал (Ишаё 55:8, 9). Бўлмаса нега азоб-уқубат чекяпмиз?

НЕГА АЗОБ-УҚУБАТЛАР СОДИР БЎЛЯПТИ?

5 Кўп одамлар руҳонийларга: «Нега азоб-уқубатлар содир бўляпти?» — деб савол беришса, жавобига: «Бу Аллоҳнинг иродаси, пешанада ёзилгани бўлади-да»,— деган сўзларни эшитишади. Шунингдек руҳонийлар: «Худо Ўз истаганини қилади. Хоҳласа ҳатто гўдакнинг жонини ҳам олиши мумкин»,— деб таъкидлашади. Бироқ билиб олганимиздай Яҳова бало-қазоларнинг сабабчиси эмас. Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Ҳақ Таоло сира ноҳақлик қилмас. Қодир Аллоҳ адолатсиз йўл тутмас!» (Аюб 34:10, ЯДТ).

6 Лекин нима учун одамлар барча бало-қазоларда Қодир Тангрини айблашади? Уларнинг фикрича дунёни Худо бошқаряпти, демак барча нарсаларни Ундан кўриш мумкин. Биз 3- бобдан билиб олган ҳақиқатни, яъни бу дунёнинг асл ҳокими Шайтон эканини улар билишмайди-да.

7 Муқаддас Китобда очиқ-ойдин айтилган: «Бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир» (1 Юҳанно 5:19). Агар буни ёдда тутсак, ҳаммаси ўз жойига тушади. «Бутун дунёни алдаб йўлдан оздираётган» Шайтон каби, дунё ҳам разиллашиб бормоқда (Ваҳий 12:9). Шайтон ҳам, унинг измида бўлган дунё ҳам ёвуз, ёлғон ва шафқатсиздир. Айнан шу сабабли дунё азоб-уқубатларга тўла.

8 Шунингдек, 3- бобдан одамлар жаннатда исён кўтарганидан сўнг номукаммал ва гуноҳкор бўлиб қолганини билиб олдик. Осий банда эса ҳасад қилишга мойил. Айнан шу сабаб дунёда уруш, зулм ва азоб-уқубатлар мавжуд (Воиз 4:1; 8:9). Устига-устак ҳаммамиз «фурсат ва тасодифга» дучормиз (Воиз 9:11, ЯДТ). Яҳованинг ҳимоясидан ҳоли дунёда яшар эканмиз, ногаҳон бошимизга офат тушиши мумкин.

9 Худо азоб-уқубатларнинг сабабчиси эмаслигини билиш қанчалик тасаллидир. Ҳа, одамларни эзаётган уруш, жиноят, зулм ва ҳатто табиий офатларда Худонинг ҳеч қандай дахли йўқ. Бироқ, бизни шундай савол ташвишга солмоқда: нега Яҳова бунга йўл қўймоқда? Агар Аллоҳ ҳар нарсага қодир бўлса, нега ёвузликка чек қўймайди? Бунга қандайдир сабаблар бўлганми? Ҳа, меҳрибон Худонинг ўта жиддий сабаблари бор эди (1 Юҳанно 4:8).

ЎТА МУҲИМ ҲАЁТИЙ МАСАЛА

10 Худо азоб-уқубатларга йўл қўйганининг сабабини билиш учун инсоният ибтидосига қайтайлик. Одам Ато билан Момо Ҳавони Худога қарши қилиб қўйган Шайтон, ўта муҳим ҳаётий масалани кўтарди. Иблис Яҳова Таолонинг қудратида шубҳалангани йўқ, чунки Унинг қудрати қанчалик чексиз эканини жуда яхши билар эди. Худони, бандаларидан эзгуликни сир сақлайдиган ёлғончи сифатида кўрсатиб, Шайтон Яҳованинг бошқариш ҳуқуқини шубҳа остига қўйди (Ибтидо 3:2-5). Одамлар Худосиз ҳам бахтли яшай олишлари мумкин, деб таъкидлади у. Шу билан Шайтон Яҳованинг ҳукмдорлигига, яъни бошқариш ҳуқуқига қарши чиқди.

11 Хуллас, Одам Ато билан Момо Ҳаво исён кўтаришди. Аслида улар шундай дейишди: «Биз Яҳованинг бошқарувига муҳтож эмасмиз. Ўзимиз ҳам ёмон билан яхшиликнинг фарқига бора оламиз». Хўш, бу масалани Эгамиз қандай ҳал қилар экан? Барча онгли махлуққа исёнчиларнинг ноҳақлиги ҳамда Худонинг бошқаруви афзал эканини қандай кўрсатиш мумкин экан? Баъзиларнинг фикрича исёнчиларни йўқ қилиб, ҳамма нарсани қайтадан қилиш осонроқ туюлади. Лекин ер юзи Одам Ато ва Момо Ҳавонинг авлодлари билан тўлиши ҳақидаги Яҳованинг нияти қандай қилиб рўёбга чиқар эди? (Ибтидо 1:28). Тангримиз Яҳова Ўз ниятларини доимо амалга оширади (Ишаё 55:10, 11). Боз устига, агар жаннатдаги исёнчилар шу заҳотиёқ йўқ қилинганида Худонинг бошқаруви ҳақидаги масала ҳал қилинмай қолар эди.

Ўқитувчи ва унинг ўқувчилари

Наҳотки ўқувчи домласидан устун бўлса?

12 Бир мисол келтирайлик. Домла ўқувчиларига бир масалани ечиш усулини тушунтиряпти, дейлик. Лекин бир ўжар бола, домла ноҳақ ва бу масалани бошқа усул билан ечиш керак, деб даъво қилибди. У домлани билимсизликда айблаб, бу масалани ўзи ҳам жуда қулай тарзда ечишини таъкидлабди. Баъзи синфдошлар унинг даъвосига қўшилиб, тарафини олибди. Хўш, домла нима қилар экан? Агар безориларни синфдан ҳайдаб чиқарса, бошқа ўқувчилар нима деб ўйлайди? Синфдошимиз ҳақмикин деб ўйлашмайдими? Домла, ноҳақлиги ошкор бўлиб қолишидан қўрқди шекилли, деб ўйлашмасмикин? Бироқ, домла бу ўжар болага масалани билганидай ҳал қилиб кўриш учун имконият берса-чи?

13 Яҳова Таоло ҳам худди шундай йўл тутди. Эсингизда бўлса, жаннатдаги исён нафақат уни кўтарганларга тааллуқли эди. Ахир, миллионлаб фаришталар буни кузатиб туришар эди-ку (Аюб 38:7; Дониёр 7:10). Чунки бу масала қандай ҳал қилиниши фаришталарга ҳам, бошқа барча онгли махлуқларга ҳам тааллуқли эди. Яҳова нима қилган эди? У, одамлар хоҳлаган бошқариш усулларини синаб кўрсин, ҳамда Шайтон инсоният устидан бошқариб кўрсин дея, вақт ажратди.

14 Бояги мисолда келтирилган домла, ўжар бола ва унинг шериклари ноҳақ эканини билади. Бироқ бошқаларни деб, бу болага ўз тасдиқларини исботлаш учун имконият бериш кераклигини ҳам билади. Чунки бу безориларнинг уринишлари пучга чиқса, домла ҳақ экани ҳамда фақатгина у дарс олиб боришга ҳақли экани ҳаммага аён бўлади. Келажакда эса домла ҳар қандай ўжарни синфдан нега ҳайдаб чиқарганини ҳамма тушунади. Ҳа, Яҳова самимий одамлару фаришталарни деб, шундай йўл тутди. Шайтон ва унинг остида бўлган исёнчилар ноҳақ экани ҳамда инсоний бошқарув муваффақиятсизликка учраши ҳаммага аён бўлади. Шунда ҳамма Еремиё пайғамбарнинг ушбу гапларига қўшилади: «Ё Раббим Яҳова, аниқ биламан, инсоннинг ихтиёрида эмас унинг йўли. Йўловчи ўз қадамларини йўналтиришга қодир эмас» (Еремиё 10:23, ЯДТ).

НЕГА БУНЧАЛИК УЗОҚ?

15 Лекин, нега азоб-уқубатлар бунчалик узоқ давом этяпти? Нега Тангри Таоло Яҳова одамларни бало-қазолардан халос қилмаяпти? Бояги мисолга қайтсак, домла икки нарсани қилмаслигини биламиз. Биринчидан, ўжар болани тўхтатмади. Иккинчидан эса унга кўмаклашмади ҳам. Худди шунга ўхшаб, Эгамиз Яҳова икки нарсани қилмади. Биринчидан, Шайтон билан унинг шерикларини тўхтатмай, даъволарини тасдиқлаш учун уларга имконият ҳамда вақт ажратиб берди. Мана минглаб йиллар ўтдики, инсоният турли хил бошқариш усулларини синаб кўрди. Тўғри, илм-фан ва бошқа соҳаларда баъзи ютуқларга эришилди, лекин адолатсизлик, қашшоқлик, жиноятчилик ва урушлар авжига чиқди-ку! Дарҳақиқат, инсоний бошқарув муваффақиятсизликка учрагани барчага аён бўлди.

16 Иккинчидан, Яҳова Шайтонга кўмаклашгани йўқ. Агар Худованд ёвузлигу жиноятнинг олдини олганида, бу исёнчиларга қулай бўлмасмиди? Шунда улар, ўзимиз ҳам муваффақиятли бўла оламиз экан, деб ўйлашмасмиди? Шунингдек, инсоний бошқарувнинг қайғули оқибатлари кимга ҳам аён бўлар эди? Агар Яҳова шундай қилганида, ёлғонни қўллаб-қувватлаган бўлмасмиди? Лекин У «ёлғон гапирмайдиган Худодир» (Ибронийларга 6:18).

Худованд азоб-уқубатларни енгиш учун сизга ёрдам беради

Аёл киши Муқаддас Китобдан тассали оляпти

17 Лекин, Худога қарши кўтарилган исён дастидан узоқ вақт давом этаётган ёвузлик билан нима бўлади? Яҳова — Қодир Аллоҳ экани ёдимиздан чиқмасин. Шундай экан, У инсониятга етказилган барча ёвузликни йўқ қила олади. Билиб олганимиздай, ер юзи хароб қилинишдан тўхтаб, қайтадан жаннатга айланади. Ҳазрати Исо Масиҳнинг фидо бўлган ҳаёти эвазига гуноҳ оқибатлари йўқ қилиниб, ўлим устидан тирилиш ғалаба қозонади. Худованд Исо Масиҳга «иблиснинг ишларини барбод қилишни» буюрган эди (1 Юҳанно 3:8). Бунинг барчасини Яҳова аниқ тайинлаган вақтда амалга оширади. Худованд эртароқ ҳаракат қилмаганидан қанчалар миннатдор бўлишимиз мумкин, чунки Унинг сабр-тоқати туфайли биз ҳақиқатни билиб, Унга хизмат қилиш имкониятига эгамиз (2 Бутрус 3:9, 10). Бугунги кунда Яҳова Унга топинмоқчи бўлган самимий инсонларни излаб, уларнинг бошига тушган азоб-уқубатларни енгиш учун ёрдам бериб турибди (Юҳанно 4:23; 1 Коринфликларга 10:13).

18 Баъзилар ажабланиб: «Нега Аллоҳ Одам Ато билан Момо Ҳавони доимо тўғри йўл тутадиган қилиб яратмади?» — деб сўраши мумкин. Бу саволга жавоб топиш учун, келинг Яҳованинг қимматбаҳо ҳадясини ёдга олайлик.

ХУДОНИНГ ҲАДЯСИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАСИЗ?

19 Китобнинг 5- бобидан билиб олганимиздай, одам ирода эркинлиги билан яратилган эди. Ушбу ҳадянинг қадрига етяпсизми? Масалан ҳайвонлар инстинкт билан, яъни онгсиз равишда, туйғу билан ҳаракатланадиган қилиб яратилган. Одамлар эса ҳар хил вазифаларни бажарадиган робот яратишга қодир. Хўш, биз ҳайвон ёки робот каби бўлсак бахтли бўлармидик? Йўқ, асло. Танлаш имкониятидан хурсанд эмасмисиз? Масалан: қанақа инсон бўлиш, турмушни қандай режалаштириш, ким билан дўст бўлиш ва ҳоказо. Дарҳақиқат, бундай эркинликдан завқланишимиз мумкин, чунки бу Худонинг хоҳиш-иродаси эди.

20 Яҳова Унга мажбурият юзасидан хизмат қилишимизни хоҳламайди (2 Коринфликларга 9:7). Масалан, фарзанд: «Мен сизни яхши кўраман» деса, ота-она нимани кўпроқ хуш кўради, бу сўзлар бировнинг гапи билан айтилишиними ёки боланинг дилидан чиқишиними? Хўш, сиз Худонинг ҳадяси бўлмиш ирода эркинлигидан қандай фойдаланасиз? Шайтон, Одам Ато, Момо Ҳаво бу ҳадянинг қадрига етишмади. Улар Худованд Яҳовадан юз ўгиришди. Сиз-чи, нима қилган бўлар эдингиз?

21 Сиз ушбу қимматбаҳо ҳадядан, яъни ирода эркинлигидан тўғри фойдаланиш имкониятига эгасиз. Сиз Яҳованинг тарафида турган миллионлаб инсонлар қаторига қўшилишингиз мумкин. Улар, Шайтон ёлғончи эканини тасдиқлаб, Худони қувонтирмоқдалар (Ҳикматлар 27:11). Сиз ҳам тўғри йўлни танлашингиз мумкин. Буни қандай қилиш мумкинлиги тўғрисида эса келаси бобдан билиб оламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Инсоният азоб-уқубат чекишида Худонинг айби йўқ (Аюб 34:10).
  • Худони, эзгуликни сир сақлайдиган ёлғончи сифатида кўрсатиб, Шайтон Яҳованинг ҳукмдорлигини шубҳа остига қўйди (Ибтидо 3:2-5).
  • Яҳова Таоло Ҳазрати Исо Масиҳни самовий тахтга ўтирғизиб, унга ёвузликни йўқ қилиш ҳамда одамларни азоб-уқубатлардан халос қилишни буюрди (1 Юҳанно 3:8).

Тадқиқ учун саволлар

1, 2. Одамлар қандай кўргиликлар билан дуч келяпти ва қандай саволлар уларни ўйга солади?

3, 4. а) Нега азоб-уқубатларнинг сабаби тўғрисида ўйлаш хато эмас? б) Одамларнинг азоб чекишига Аллоҳ қандай қарайди?

5. Одамларнинг фикрича азоб-уқубатларнинг сабаби нимада, бироқ Муқаддас Китобда нима дейилган?

6. Нима учун одамлар барча бало-қазоларда Қодир Тангрини айблашади?

7, 8. а) Нега дунё азоб-уқубатларга тўла? б) Қандай қилиб номукаммаллик ҳамда «фурсат ва тасодиф» азоб-уқубатларни кўпайтирмоқда?

9. Азоб-уқубатларга йўл қўйиш учун, Худонинг жиддий сабаблари бўлганига нега амин бўлишимиз мумкин?

10. Шайтон нимани шубҳа остига қўйди, ва қандай қилиб?

11. Нега Яҳова исёнчиларни шу заҳотиёқ йўқ қилиб қўймади?

12, 13. Нега Яҳова Таоло одамлар хоҳлаган бошқариш усулларини синаб кўрсин, ҳамда Шайтон инсоният устидан бошқариб кўрсин, дея вақт ажратди? Мисол келтиринг.

14. Нега Яҳова инсоний бошқарувга йўл қўйди?

15, 16. а) Нега азоб-уқубатлар бунчалик узоқ давом этяпти? б) Нега Худованд ёвузлигу жиноятнинг олдини олмаяпти?

17, 18. Инсон бошқаруви ҳамда Шайтон таъсири оқибатида етказилган барча ёвузликни Яҳова қандай йўқ қилади?

19. Одам қандай қимматбаҳо ҳадя билан яратилган, ва нега унинг қадрига етиш керак?

20, 21. Ирода эркинлигидан қандай тўғри фойдаланиш мумкин ва нега бу ўта муҳим?

Кўпроқ билиш

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎРГАНИШ ДАСТУРИ

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?