Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

2- БОБ

Муқаддас Китоб — Худодандир

Муқаддас Китоб — Худодандир

Муқаддас Китоб бошқа китоблардан нима билан фарқ қилади?

Муаммоларни енгиш учун Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими?

Нимага Муқаддас Китоб башоратларига ишонишингиз мумкин?

ҚАДРДОН дўстингиздан ажойиб совға олсангиз, хурсанд бўлмасмидингиз? Бундай совға албатта кўнглингизни кўтаради. Чунки, шу билан дўстингиз, сизга бўлган муносабатини кўрсатган бўлар эди. Сиз, миннатдор бўлиб, дўстингизнинг совғасини қадрлайсиз.

2 Муқаддас Китоб таркибига кирган Таврот, Забур ва Инжил Худонинг бебаҳо совғасидир. Чунки бу ўзгача китобда, бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган маълумотлар бор. Масалан унда осмон, ер, биринчи эркак ва аёл яратилиши тўғрисида гап кетмоқда. Шунингдек, Муқаддас Китобда муаммоларни енгиш учун, ёрдам берадиган маслаҳатлар мавжуд. Унда, Худонинг иродаси бўйича ер юзида яхши шароитлар ўрнатилиши тўғрисида айтилган. Ҳа, Муқаддас Китоб нақадар бебаҳодир!

3 Муқаддас Китоб, Тангри Таолонинг ўзгача совғаси бўлиб, У ҳақда маълумот беради. Худо бизга бу китобни берган экан, демак Ўзини яқинроқ таништирмоқчи. Чиндан ҳам, Муқаддас Китоб Яҳовага яқинлашиш учун ёрдам беради.

4 Кенг тарқалганлиги учун, эҳтимол сизда ҳам Муқаддас Китоб бордир. Муқаддас Китоб бутунлайин ёки қисман 2 300 дан зиёд тилларга ўгирилган ва дунёнинг 90 фоиздан зиёд аҳолиси унга эгадир. Муқаддас Китоб ўртача ҳисобда, ҳафтасига миллионтадан зиёд тарқатилмоқда! Бутунлайин ёки қисман Муқаддас Китобнинг миллиардлаб нусхаси чиқарилган. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобга ўхшаш китоб йўқдир.

«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» кўп тилларга ўгирилган

«Янги дунё таржимаси» турли тилларда

5 Муқаддас Китоб «илоҳий илҳом билан ёзилган» (2 Тимўтийга 3:16). Қандай қилиб дейсизми? Жавобини ўзидан топиш мумкин. «Одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар» (2 Бутрус 1:21). Мисол учун: бир раҳбар ўз котибига хат ёзишни буюрди. Хатда раҳбарнинг фикрлари ва буйруқлари ёзилган. Демак хат котибники эмас, балки раҳбарникидир. Шунга ўхшаб, Муқаддас Китобни ёзган одамлар, ўзларининг фикрларини эмас, балки Худонинг фикрларини ёзганлар. Хуллас, Муқаддас Китобни чиндан ҳам «Худонинг каломи», деб айтиш мумкин (1 Салоникаликларга 2:13).

УЙҒУН ВА АНИҚ

6 Муқаддас Китоб 1 600 йил мобайнида ёзилган. Уни ёзган одамлар турли вақтда ва турли ижтимоий шароитларда яшаган. Улардан баъзилари деҳқон, балиқчи ва чўпон эдилар. Ораларида пайғамбарлар, ҳакамлар ва шоҳлар ҳам бўлган. Масалан Инжил ёзувчиси Луқо табиб эди. Аммо, бу фарқларга қарамай, Муқаддас Китоб бошидан то охиригача уйғундир*.

7 Муқаддас Китобнинг илк саҳифаларида инсониятнинг муаммолари нимадан бошлангани ҳикоя қилинади. Охирги саҳифаларида эса, ер юзи қайтадан жаннатга, яъни боққа айланиши тўғрисида баён қилинади. Муқаддас Китоб бир неча минг йиллик тарихни ўз ичига олган бўлиб, Худонинг иродаси қандай бажарилиши кераклигини секин-аста очиб берди. Муқаддас Китобнинг уйғунлиги чуқур таассурот қолдиради, аммо унинг бошқа исботлари ҳам бор.

8 Муқаддас Китоб илмий жиҳатдан аниқ. Унинг маълумотлари ҳатто ўша даврнинг илмидан анча ўзиб кетган эди. Масалан, Тавротнинг бир қисмида қадимги исроилликларга соғликни сақлаш учун, юқумли касалликка чалинган одамларни жамиятдан ажратиб қўйиш ҳамда юксак тозаликка риоя қилиш буюрилган эди. Ваҳоланки, бошқа халқлар бундан бехабар эди. Шунингдек, қадимги дунёда ернинг шакли тўғрисида нотўғри ғоялар бўлса-да, Муқаддас Китоб уни курра ёки шарсимон, деб айтган (Ишаё 40:22). Яна, Муқаддас Китобда ер ҳеч нарсага илиб қўйилган, деб аниқ айтилган (Аюб 26:7). Албатта, Муқаддас Китоб илмий асар эмас. Бироқ илмий маълумотларни айтиб ўтганда, у доим аниқдир. Наҳотки бу исботлар китобнинг Худодан эканлигини тасдиқламаса?

9 Муқаддас Китоб тарихий жиҳатдан ҳам аниқ ва ишончга сазовор. Унинг баёноти ўзгача, чунки Муқаддас Китобда нафақат одамларнинг исмлари, балки уларнинг насабномаси баён этилган#. Шунингдек, кўпинча тарихчилар ўз халқининг мағлубиятлари ҳақида ёзишмаган, аммо Муқаддас Китоб ёзувчилари эса нафақат ўз халқининг, ҳатто ўзларининг хатоларини очиқдан-очиқ баён этишган. Масалан, Муқаддас Китоб ёзувчиларидан бири Мусо пайғамбар, ўзининг жиддий хатоси ва оқибатда танбеҳ олганини баён этган (Саҳрода 20:2-12). Бундай ростгўйликни тарихий асарларда топиш амри маҳол. Аммо Муқаддас Китоб Худодан бўлгани учун доимо ростгўй ва аниқдир.

АМАЛИЙ ДОНОЛИК КИТОБИ

10 Муқаддас Китоб илоҳий илҳом билан ёзилгани сабабли, «таълим бериш, далолат қилиш, тузатиш учун фойдалидир» (2 Тимўтийга 3:16). Муқаддас Китоб чиндан ҳам амалий. Унда одамнинг табиати чуқур фаҳмлаб ўтилган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки унинг Муаллифи — Парвардигори Олам Яҳовадир! Худо фикр-хаёлимизни, ҳатто ўзимиздан ҳам яхшироқ тушунади. Боз устига, бахтли бўлишимиз учун нимага муҳтож эканимизни ва нимадан четланишимиз зарурлигини У яхши билади.

11 Матто баён этган Хушхабарнинг 5 дан 7- бобигача Исо пайғамбарнинг «Тоғдаги ваъзи» қаламга олинган. Ушбу дурдона таълимотларида Исо ҳар хил мавзуларга, шу жумладан: чинакам бахтга йўл топиш, баҳсларни ечиш, ибодат қилиш ва моддий эҳтиёжларга оқилона муносабатда бўлиш тўғрисида гап юритди. Исонинг сўзлари олдинлари қанчалик таъсирчан ва амалий бўлса, ҳозир ҳам ўз қадрини йўқотгани йўқ.

12 Муқаддас Китобнинг бошқа йўл-йўриқлари оила, иш ва одамларнинг муносабатларига тегишли. Ушбу йўл-йўриқлар ҳаммага тегишли бўлиб, ўта фойдалидир. Муқаддас Китобнинг донолиги, худди Ишаё пайғамбар айтган сўзларни тасдиқлайди: «Сенга фойдали нарсаларни ўргатадиган… Раббинг Яҳоваман» (Ишаё 48:17, ЯДТ).

БАШОРАТЛАР КИТОБИ

13 Муқаддас Китобда жуда кўп башоратлар мавжуд, ва уларнинг аксарияти рўёбга чиқиб бўлган. Мана бир мисол. Милоддан аввал VIII асрда яшаган Ишаё пайғамбарга, Ҳақ Таоло Яҳова, Бобил шаҳрининг вайронага айланишини очиб берган эди (Ишаё 13:19; 14:22, 23). Башоратда шаҳар қандай қилиб қўлга киритилиши ҳам кўрсатилган. Забт этувчи қўшин Бобил дарёсини қуритиб, ҳеч қандай жангсиз шаҳарни бостириб олиши даркор. Боз устига, Ишаёнинг башоратида Бобилни босиб олувчи шоҳнинг исми Кир бўлиши керак, деб айтилган (Ишаё 44:27-45:2).

Ишаё пайғамбар Бобилнинг қулашини башорат қилган

Киши Бобилнинг вайрон бўлиши борасида изланиш ўтказяпти

14 Қарийб 200 йилдан сўнг, милоддан аввалги 539- йили, 5 дан 6- октябрга ўтар кечаси қўшин Бобилнинг ёнида қароргоҳ қурди. Хўш, уларнинг саркардаси ким бўлган? Форс шоҳи — Кир. Башорат ҳайратланарли даражада рўёбга чиқди. Бироқ, башоратда айтилганидай, Кирнинг қўшини Бобилни жангсиз босиб олармикин?

15 Шу тунда бобилликлар зиёфат уюштириб, шаҳарнинг мустаҳкам деворлари ортида ўзларини бехатар ҳис қилишар эди. Бу пайтда, Кир моҳирлик билан шаҳарни айланасига муҳофаза қилиб турадиган дарё сувларини бошқа тарафга бурди. Бир оздан сўнг сув пасайди ва сипоҳлар дарёни осонгина кечиб ўтиб, шаҳар деворларига яқинлашди. Бироқ, Кирнинг қўшини Бобил деворларидан қандай ошиб тушади? Аллақандай сабабларга қўра, шу тунда шаҳар дарвозалари бепарво очиқ қолдирилган эди!

16 Бобил тўғрисида яна шундай башорат бор: «У то абад кимсасиз қолгай, ва насллар оша ҳеч ким унда маскан топмагай. Араб ҳам у ерда чодир тикмас, ва чўпонлар ҳам сурувлари ила у ерда қўним топмас» (Ишаё 13:20, ЯДТ). Башоратдан кўрганимиздай, Бобил шаҳри нафақат вайронага учрайди, балки абадий кимсасиз қолади. Бу сўзлар рўёбга чиққани равшан кўриниб турибди. Ироқнинг Бағдод шаҳридан қарийб 80 километр жанубдаги харобазор майдон, қадимги Бобил тўғрисида Яҳованинг Ишаёга айтган ушбу сўзларини тасдиқлайди: «Уни ҳалокат супургиси билан супуриб ташлайман» (Ишаё 14:22, 23, ЯДТ)%.

Бобилнинг харобалари

Бобилнинг харобалари

17 Муқаддас Китобнинг рўёбга чиққан башоратлари нахотки имонимизни мустаҳкамламаса?! Агар Яҳованинг ваъдалари ўтган вақтлари амалга ошган бўлса, демак ер юзида жаннат бўлиши тўғрисидаги келажакка оид ваъдаси албатта амалга ошади (Саҳрода 23:19). Дарҳақиқат: «Имонимиз абадий ҳаётга умидворликдан иборатдир. Ёлғон гапирмайдиган Худо бу умид ҳақида азалий вақтларданоқ ваъда берган эди» (Титусга 1:2)^.

«ХУДОНИНГ КАЛОМИ ЖОНЛИ»

18 Ушбу бобдан кўриб чиққанимиздай, Муқаддас Китоб чиндан ҳам ўзгача. Ҳа, унинг уйғунлиги, илмий ва тарихий аниқлиги, амалий донолиги ҳамда ишончли башоратлари, бу китобнинг нақадар бебаҳо эканини тасдиқлаяпти. Муқаддас Китобнинг Павлус исмли бир ёзувчиси қуйидагини ёзган: «Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб киради, юракнинг хаёлу ниятларини фош қилади» (Ибронийларга 4:12).

19 «Худонинг Каломи» бўлмиш Муқаддас Китоб инсон ҳаётини ўзгартиришга қодир. Унинг ёрдамида ўзимизга бошқача қараб кўришимиз мумкин. Худога ишонаман деб таъкидлаётгандирмиз, бироқ Муқаддас Китобнинг йўл-йўриқларига бўлган муносабатимиз, юрагимизнинг хаёлу ниятларини фош қилади.

20 Ҳақиқатан ҳам Муқаддас Китоб — Худодандир. Бу китобни ўқиш, тадқиқ қилиш ва қадрлаш даркор. Уни ўрганишда давом этиб, бу илоҳий совға учун миннатдорчилик изҳор қилинг. Шундай қилаётган бўлсангиз, Худонинг инсоният учун бўлган ниятини англаб оласиз. Бу қандай ният эканини ва у қандай қилиб амалга ошишини эса келаси бобда муҳокама қиламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Муқаддас Китоб илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, аниқ ва ишончга сазовордир (2 Тимўтийга 3:16).
  • Худонинг Каломидаги маълумот ҳар доим амалийдир (Ишаё 48:17).
  • Муқаддас Китобда қаламга олинган Худонинг ваъдалари албатта бажарилади (Саҳрода 23:19).

*  Баъзилар, Таврот, Забур ва Инжилнинг зиддиятлари бор, деб айтишади. Бироқ бунга исботлари йўқ. Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китоб — Худонинг Сўзими ёки инсоннингми?» деб номланган китобнинг 7- бобига қаранг.

#  Мисол учун, Луқо баён этган Хушхабарнинг 3:23-38- оятларида Исонинг насабномасига қаранг.

%  Муқаддас Китоб башоратлари тўғрисида кўпроқ билиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Ҳаммабоп Китоб», деб номланган рисоланинг 27-29- саҳифаларига қаранг.

^  Бобилнинг вайронага айланиши, Муқаддас Китобдаги рўёбга чиққан башоратларнинг битта намунаси холос. Унда Тир ва Найнаво шаҳарларининг вайронага айланиши тўғрисида ҳам айтилган (Ҳизқиё 26:1-5; Зафаниё 2:13-15). Шунингдек, Дониёр пайғамбар Бобилдан сўнг кучга кирган Мидия ва Форс ҳамда Юнонистон ҳукуматларининг жаҳон саҳнасига чиқишини башорат қилган (Дониёр 8:5-7, 20-22). Исо Масиҳга оид башоратларнинг амалга ошиши Иловада муҳокама қилинади.


Тадқиқ учун саволлар

1, 2. Қайси жиҳатдан Муқаддас Китоб бебаҳодир?

3. Худо ўзгача совға берганидан қандай хулосага келиш мумкин?

4. Муқаддас Китобнинг кенг тарқалганлиги сизга қандай таъсир қилмоқда?

5. Нимага Муқаддас Китобни «илоҳий илҳом билан ёзилган», деб айтиш мумкин?

6, 7. Нимага Муқаддас Китобнинг уйғунлиги эътиборга сазовор?

8. Муқаддас Китоб илмий жиҳатдан аниқ эканини кўрсатадиган мисоллар келтиринг.

9. а) Муқаддас Китоб аниқ ва ишончга сазовор эканини қандай кўрсатмоқда? б) Муқаддас Китоб ёзувчиларининг ростгўйлиги, сизга қандай таъсир қилмоқда?

10. Нимага Муқаддас Китоб амалий эканининг ажабланарли жойи йўқ?

11, 12. а) «Тоғдаги ваъзида» Исо пайғамбар қайси мавзуларни муҳокама қилган? б) Муқаддас Китобда яна қандай амалий маслаҳатлар бор ва нега уларга муҳтожмиз?

13. Қандай маълумотни Яҳова Ишаё пайғамбарга ёзиб қўйишини буюрди?

14, 15. Ишаёнинг Бобил тўғрисидаги башорати қандай қилиб рўёбга чиқди?

16. а) Ишаёнинг башоратига кўра, охир оқибатда Бобил билан нима содир бўлади? б) Бобил кимсасиз қолиши тўғрисида Ишаёнинг башорати қандай рўёбга чиқди?

17. Муқаддас Китобнинг рўёбга чиққан башоратлари, имонимизни қандай мустаҳкамлайди?

18. Муқаддас Китобнинг Павлус исмли бир ёзувчиси «Худонинг Каломи» тўғрисида қандай таъсирчан сўзлар ёзган?

19, 20. а) Қандай қилиб Муқаддас Китоб ёрдамида ўзимизга бошқача қараб кўришимиз мумкин? б) Худонинг ўзгача совғаси учун миннатдорчиликни қандай изҳор қилишингиз мумкин?

Кўпроқ билиш

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?