Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

4- БОБ

Исо Масиҳ — ким?

Исо Масиҳ — ким?

У қандай ўзгача мавқега эга?

У асли қаердан келиб чиққан?

У қандай инсон эди?

ДУНЁДА кўп машҳур одамлар бор. Баъзилари қишлоқ, шаҳар ёки мамлакатларида таниқли бўлишса, бошқалари ҳатто дунёга донг чиқаришган. Агар шундай инсонлар тўғрисида эшитган бўлсангиз, уларни яхши биламан деб айта олишингиз қийин. Сабаби, уларнинг келиб чиқиши ва хулқ-атвори сизга қоронғу.

2 Исо Масиҳнинг 2 000 йил муқаддам яшаганига қарамай, у ҳақда эшитмаган одам оз бўлса керак. Аммо аслида у ким бўлгани, кўпларга номаълум. Баъзилари уни шунчаки яхши инсон қаторида билишса, бошқалари у фақатгина пайғамбар бўлган деб айтишади. Яна бошқалари эса, Исога сиғиниш керак, чунки у Худо деб таъкидлашади. Бироқ, асли шундайми?

3 Ҳар ким Исо Масиҳ ҳақида тўғри билимга эга бўлиши даркор. Нега дейсизми? Чунки Муқаддас Китобда: «Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир»,— деб айтилган (Юҳанно 17:3). Ҳа, Парвардигор Яҳова ҳамда Исо Масиҳ ҳақида тўғри билимлар, ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умидини беради (Юҳанно 14:6). Боз устига, турмуш тарзда ва ўзгалар билан қандай муносабатда бўлишда Исо Масиҳ намуна бўлди (Юҳанно 13:34, 35). Биринчи бобидан Худо тўғрисида ҳақиқатни билиб олганимиздай, келинг Исо Масиҳ тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилганини кўриб чиқайлик.

ВАЪДА ҚИЛИНГАН ЗОТ

4 Исонинг туғилишидан анча аввал Масиҳ, яъни Худо тайинлаган зот келиши башорат қилинган эди. Ибронийча «Машиаҳ» ва юнонча «Христос» сўзлари ушбу Масиҳга тегишли бўлиб, «мой билан суртилган» маъносини беради. Худо уни мой билан суртиши, яъни алоҳида бир хизматга тайинлаши кўзда тутилган эди. Келаси боблардан Масиҳ Худонинг ниятларини амалга оширишда қандай ўзгача иштирок этгани тўғрисида янада кўпроқ билиб оламиз. Шунингдек, Масиҳ бизнинг манфаатимиз учун ҳозирнинг ўзида нима қилаётганини кўрамиз. Шубҳасизки, Исонинг туғилишидан олдин кўпларни: «Масиҳ ким бўлар экан?» — деган савол қизиқтирган эди.

5 Милодий I асрда Исонинг шогирдлари айнан у Масиҳ эканидан шубҳаланмаганлар (Юҳанно 1:41). Улардан бири бўлмиш Симун Бутрус Исога очиқчасига: Сен — Масиҳсан! деб айтган (Матто 16:16). Нимага улар Исонинг Масиҳ эканидан амин эдилар, ва биз бунга қандай ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?

6 Масиҳни билиб олиш учун, қадимги пайғамбарлар у тўғрисида кўп башоратлар қолдиришган эди. Масалан, сиз ҳеч кўрмаган одамни бекатда ёки аэропортда кутиб олишингиз керак дейлик. Агар сизга бу одамнинг ташқи кўриниши қандай эканини тавсифлаб беришса, уни таниш осонроқ бўлмасмиди? Худди шунга ўхшаб Худойимиз Яҳова пайғамбарлар орқали Масиҳ нима қилиши ва у билан нима содир бўлиши кераклигини батафсил айтиб берган. Ушбу башоратларнинг амалга ошиши орқали Худонинг содиқ хизматчилари Масиҳни билиб олишди.

7 Фақат иккита башоратни олайлик. Биринчисини, рўёбга чиқишидан 700 йил аввал Михо пайғамбар айтган эди. У, Масиҳ Исроилнинг Байтлаҳм шаҳарчасида туғилишини башорат қилган (Михо 5:2). Хўш, Исо қаерда туғилган экан? Айни Байтлаҳмда! (Матто 2:1, 3-9). Иккинчисини Дониёр пайғамбар башорат қилган. Бу башорат бажо бўлишидан бир неча юз йил олдин айтилган бўлиб, Масиҳнинг милодий 29- йилда* юзага келиши тўғрисида эди (Дониёр 9:25). Ушбу ва бошқа башоратлар айнан Исо — ваъда қилинган Масиҳ эканидан далолат бермоқда.

Исонинг сувга чўмиши

Исо сувга чўмиб, Худо томонидан тайинланган Масиҳ бўлди

8 Исо ваъда қилинган Масиҳ эканидан яна бир далолат милодий 29- йилда содир бўлди. Ўша йили Исо Иордан дарёсида сувга чўмиш учун, Яҳё пайғамбарнинг ҳузурига келди. Худо Яҳё пайғамбарга Масиҳни билиб олиш учун белги бераман, деб ваъда қилган эди. Яҳё Исони сувга чўмдириб ушбу белгини кўрди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Исо дарёга тушди. У сувдан чиққан заҳоти, осмон очилиб кетди ва Худонинг Руҳи каптардай Исонинг устига тушиб қўнгани кўрилди. Осмондан эса: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман”,— деган нидо келди» (Матто 3:16, 17). Шунга гувоҳ бўлган Яҳё, Исони Худо юборганидан бутунлайин ишонч ҳосил қилди (Юҳанно 1:32-34). Исонинг устига Худонинг руҳи, яъни фаол қудрати тушганида, у — Масиҳ, яъни Худо томонидан тайинланган Шоҳ ва Ҳукмдор экани ойдин бўлди (Ишаё 55:4).

9 Хуллас Муқаддас Китобнинг башоратлари ва Аллоҳ Яҳованинг гувоҳлиги Исо айни Масиҳ эканидан далолат бермоқда. Муқаддас Китобда Исо Масиҳ тўғрисида яна иккита муҳим маълумот бор, айни: у асли қаердан келиб чиққан ва ўзи қандай инсон эди?

ИСО ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН?

10 Муқаддас Китоб айтишича Исонинг келиб чиқиши осмондандир. Михо пайғамбар Исонинг нафақат Байтлаҳмда туғилишини, балки «келиб чиқиши қадим замонлардан», деб башорат қилган эди (Михо 5:2, ЯДТ). Ерда туғилишидан аввал осмонда бўлганини Исонинг ўзи ҳам бир неча бор таъкидлаган эди (Юҳанно 3:13; 6:38, 62; 17:4, 5). У Худойи Таоло Яҳова билан ўзгача муносабатларда бўлган фаришта эди.

11 Исо Яҳованинг худди суюкли ўғли каби бўлган. Сабаби, у «тўнғич сингари» Худонинг энг биринчи ижоди# (Колосаликларга 1:15). Худо фақатгина Исони шахсан Ўзи яратгани сабабли, у Яҳованинг «ягона Ўғли»,— деб ҳам юритилади. Худо қолган барча нарсаларни яратганида эса, Исо ёрдамчи каби бўлган (Юҳанно 3:16; Колосаликларга 1:16). Шунингдек, Исо «Калом» деб ном олди (Юҳанно 1:14). Чунки, ҳам фаришталарга, ҳам ердаги бандаларга Худонинг йўл-йўриқ ва насиҳатларини етказган айнан Исо эди.

12 Баъзилар ишонганидай Исо Масиҳни Худога тенг деб бўладими? Муқаддас Китоб сира бунга ўргатмайди. Боя айтилганидай Исо Худонинг ижоди. Яҳова эса азалий ва абадий зотдир (Забур 89:3). Исо ҳеч қачон Худога тенг бўлган ҳурматни ўлжа қилмаган. Муқаддас Китоб ўргатганидай Худо Исодан улуғдир (Юҳанно 14:28; 1 Коринфликларга 11:3). Фақат Яҳова «Қодир Тангри» (Ибтидо 17:1). Унинг тенги йўқдир%.

13 Миллионлаб йиллар мобайнида, на юлдузлар ва на ер бўлганида, Яҳова ҳамда Исо Масиҳ ўзаро мулоқотда бўлишган. Улар бир-бирига нақадар боғланиб қолишган! (Юҳанно 3:35; 14:31). Худди ўғилча отасига тақлид қилганидай, Исо Масиҳ Худога, Унинг ҳамма фазилатларига шу даражада тақлид қилар эдики, ҳатто Муқаддас Китобда: «Исо Масиҳ кўринмас Худонинг инъикосидир»,— деб айтилган (Колосаликларга 1:15).

14 Исо Масиҳ ўз иродаси ила осмонни тарк этиб, инсон қиёфасига кирди. Бироқ сиз: «Қандай қилиб фаришта одам қиёфасига кириши мумкин?» — деб ҳайрондирсиз. Бу Яҳованинг бир мўъжизаси эди. У Масиҳнинг ҳаётини осмондан олиб, Марям деган яҳудий бокира қизнинг бачадонига ўтказди. Марямнинг ҳомиласи эркак кишининг иштироксиз содир бўлди. Хуллас, Марям мукаммал ўғил кўриб, исмини Исо деб қўйди (Луқо 1:30-35).

ИСО МАСИҲ ҚАНДАЙ ИНСОН ЭДИ?

15 Исо Масиҳнинг гапларию ишларидан, у қандай инсон бўлганини кўриш мумкин. Боз устига, у орқали Тангри Яҳова ҳақида кўпроқ билимга эга бўламиз. Қандай қилиб дейсизми? Олдин айтилганидай, Исо худди ўғил отасига тақлид қилганидай Худога эргашган. Шу йўсин, Исо бир шогирдига: «Мени кўрган Отамни кўрган бўлади»,— деб айтди (Юҳанно 14:9). Инжилнинг таркибига кирган Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно деб номланган рисолаларида Исонинг ҳаёти, фаолияти ва фазилатлари батафсил баён этилган.

16 Исо Масиҳни «Устоз» деб аташар эди (Юҳанно 1:38; 13:13). У нима тўғрисида ўқитар эди? Асосан Исо, ер устидан ҳукм сурадиган ва итоаткор инсонларга баракалар ёғдирадиган самовий ҳукумат, яъни «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни» тарғиб қилар эди (Матто 4:23). Бу хушхабар кимдан эди? Исо Масиҳ шундай деганлар: «Менинг таълимотим Ўзимники эмас, балки Мени Юборганникидир» (Юҳанно 7:16). Ҳа, хушхабар Худойимиз Яҳовадандир. Инсонлар Худонинг Шоҳлиги ҳақида билишлари керак, чунки бу Худонинг иродасидир. Худонинг Шоҳлиги ва мақсадлари тўғрисида кўпроқ 8- бобда муҳокама қилинади.

Исо шогирдларини ўргатмоқда

Исо Масиҳ қаерга бормасин, ваъз қилар эди

17 Исо Масиҳ одамларни қаерда ўқитар эди? Одамлар қачон келишар экан деб ўтирмай, Исо қаерга бормасин — қишлоққами, шаҳаргами, бозоргами, ё одамларнинг уйигами ҳамма ёқда ваъз қилар эди (Марк 6:56; Луқо 19:5, 6). Нима сабабдан Исо шундай қилар эди? Чунки бу Худонинг иродаси, Исо эса доимо Яҳованинг иродасини бажо келтирган (Юҳанно 8:28, 29). Шунингдек, Исо Масиҳнинг одамларга раҳми келарди (Матто 9:35, 36). Дин уламолари Худо ва Унинг ниятлари тўғрисида одамларга тушунтиришлари керак эди-ю, лекин шундай қилишмас эди. Исо эса одамлар Шоҳлик тўғрисида билишлари даркор эканини тушунган.

18 Исо Масиҳ меҳрибон ва раҳмдил одам эди. Шунинг учун одамлар ва ҳатто болалар унинг ёнида ўзларини бемалол ҳис қилишар эди (Марк 10:13-16). Исо ноҳақликдан нафратланаётган одил инсон эди (Матто 21:12, 13). У яшаган пайтда кўпинча аёлларни камситишган, лекин Исо Масиҳ улар билан ҳурмат ила муомала қилган (Юҳанно 4:9, 27). Бир марта эса у ҳатто хизматкорнинг вазифасини бажариб, шогирдларининг оёқларини ювди. Ҳа, Исо Масиҳнинг камтарлиги самимий эди.

1. Исо ваъз қиляпти; 2. Исо одамларни соғайтиряпти

19 Исо Масиҳ Худонинг руҳи билан хасталарга шифо берар эди. Бундан у жудаям ҳамдард бўлганини кўришимиз мумкин (Матто 14:14). Мисол учун, бир куни бир мохов Исога яқинлашиб: «Агар истасанг, мени моховликдан пок қила оласан»,— дея ялинди. Исо Масиҳнинг унинг азобларига раҳми келиб, ҳамдардлиги ила қўлини узатди ва унга тегизиб «Истайман, пок бўл!» — деб қўйди. Шу заҳоти одам пок-покиза бўлиб кетди! (Марк 1:40-42). Тасаввур қилиб кўринг, бу одам қанчалик бахтли бўлгандир-а?!

ЎЛИМГАЧА СОДИҚ

20 Худога итоаткор бўлишда Исо Масиҳ энг олий ўрнак кўрсатди. Ҳатто қийинчилик ва синовларга қарамай, у доимо Худойимиз Яҳовага содиқ эди. Шайтоннинг васвасаларида ҳам Исо Масиҳ имондан юз ўгирмади (Матто 4:1-11). Лекин бу осон бўлмаган, чунки ҳатто унинг қариндошлари бир вақтлар: «У ақлдан озиб қолибди»,— дея унга ишонишмас эди (Марк 3:21). Бироқ одамларнинг ҳақорат ва таҳқирларига қарамай, Исо Масиҳ Худонинг иродасини бажо келтиришда давом этган. У ҳеч қачон ғазабга миниб қасдини олмас эди (1 Бутрус 2:21-23).

21 Исо Масиҳнинг ўлими жуда шафқатсиз ва азобли эди, аммо шунда ҳам у содиқ қолди (Филиппиликларга 2:8). Ўлимидан бир кун олдин нима юз берганини фақатгина ўйлаб кўринг. Исони қўлга олиб қамоққа тиқишди, унга қарши қалбаки гувоҳлар чиқди, порахўр ҳакамлар уни ҳукм қилди, халқ ва аскарлар уни масхара қилиб калтаклашди, ва ниҳоят уни устунга михлашди. Шунда Исо: «Амалга ошди!» — дея жон таслим қилди (Юҳанно 19:30). Уч кундан сўнг Худо Исо Масиҳни қайтадан самовий ҳаёт учун тирилтирди (1 Бутрус 3:18). Яна бир неча ҳафтадан сўнг эса Исо Масиҳ осмонга кўтарилиб, шоҳлик қилиш вақти келгунига қадар Худонинг ўнг томонида ўтириб олди (Ибронийларга 10:12, 13).

22 Исо Масиҳнинг ўлими қандай аҳамиятга эга? Бу орқали жаннатда абадий яшаш имкониятига эга бўлдик. Ҳа, Худойимиз Яҳованинг нияти олдиндан шундай эди. Кейинги бобда, қандай қилиб Исо Масиҳнинг ўлими биз учун абадий ҳаётга йўл очиб берганини кўриб чиқамиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Рўёбга чиққан башоратлар ва Худонинг гувоҳлиги Исо айни Масиҳ эканидан далолат бермоқда (Матто 16:16).
  • Ерда туғилишидан аввал, Исо Масиҳ осмонда яшайдиган фаришта эди (Юҳанно 3:13).
  • Исо Масиҳ меҳрибон ва раҳмдил устоз бўлиб, итоаткорликда энг олий ўрнак кўрсатди (Матто 9:35, 36).

*  Дониёр пайғамбарнинг Масиҳ тўғрисидаги башоратлари Иловада муҳокама қилинади.

#  Яҳова бутун оламнинг Яратувчиси бўлгани учун, Ота деб юритилади (Ишаё 64:8). Исо эса Худонинг ижоди бўлгани сабабли, ўғил деб айтилишга муносиб. Бунга ўхшаб Худонинг фаришталари ва ҳатто бандаси бўлган Одам Ато ўғил деб юритилган (Аюб 1:6; Луқо 3:38).

%  Исо Масиҳ Худога тенг эмаслиги тўғрисида батафсил маълумотни Иловадан топишингиз мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1, 2. а) Нимага машҳур одам тўғрисида эшитиш, уни яхши билишни англатмайди? б) Исо Масиҳ тўғрисида қандай ўзгача фикрлар мавжуд?

3. Нимага Исо Масиҳ ҳақида тўғри билимга эга бўлиш даркор?

4. «Машиаҳ» ва «Христос» сўзлари Масиҳга тегишли бўлиб, қандай маънога эга?

5. Исонинг шогирдлари нимадан амин эдилар?

6. Қандай қилиб Худойимиз Яҳова Масиҳни билиб олишга ёрдам берди? Мисол келтиринг.

7. Қандай иккита башорат Исо Масиҳда амалга ошди?

8, 9. Қандай қилиб Исонинг сувга чўмган пайтида у Масиҳ экани ойдин бўлди?

10. Муқаддас Китоб айтишича Исо ерда туғилишидан аввал қаерда эди?

11. Муқаддас Китобда Исо Яҳованинг суюкли ўғли экани қандай таъкидланган?

12. Исо Масиҳ Худога тенг эмаслигини қаердан биламиз?

13. Муқаддас Китоб: «Исо Масиҳ кўринмас Худонинг инъикосидир»,— деб айтганида нимани назарда тутади?

14. Қандай қилиб Яҳованинг фариштаси бўлган Исо инсон қиёфасига кирди?

15. Нимага Исо Масиҳ орқали Тангри Яҳова ҳақида кўпроқ билимга эга бўлиш мумкин?

16. Исо Масиҳ асосан нима тўғрисида ўқитар эди ва бу хушхабар кимдан эди?

17. Исо Масиҳ одамларни қаерда ўқитар ва нима сабабдан шундай қилар эди?

18. Исо Масиҳнинг қайси фазилатлари сизга айниқса ёқимли?

19. Қайси мисол Исонинг ҳамдардлигини кўрсатмоқда?

20, 21. Худога итоаткор ва содиқ бўлишда Исо Масиҳ қандай ўрнак кўрсатди?

22. Исо Масиҳнинг ўлими қандай аҳамиятга эга?