Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

10- БОБ

Илоҳий зотларнинг таъсири

Илоҳий зотларнинг таъсири

Фаришталар бизга ёрдам беришадими?

Ёвуз руҳлар бизга қандай таъсир қилишади?

Ёвуз руҳлардан қўрқиш керакми?

АГАР кимнидир яхшироқ билишни хоҳласангиз, унинг яқинлари ким экан, деб қизиқмайсизми? Албатта. Худди шу каби Эгамиз Яҳовани яқиндан билишни хоҳласак, Уни қуршаб турган фаришталар ҳақида билиб олишимиз даркор. Муқаддас Китобда улар шунингдек илоҳий зотлар деб аталади (Аюб 38:7). Хўш, Худонинг ниятларида улар қандай иштирок этишади? Инсоният тарихига уларнинг қўли текканми? Уларнинг ҳаётимизга таъсири қандай?

2 Муқаддас Китобда фаришталар тўғрисида юзлаб маротаба айтилган. Келинг, улар ҳақида баъзи оятларни кўриб чиқайлик. Аввало, улар қандай вужудга келганлар? Инжилда шундай дейилган: «Кўкдаги ва ердаги борлиқ мавжудот… У [Исо Масиҳ] орқали яратилган» (Колосаликларга 1:16). Кўриняптики, кўкдаги мавжудот, яъни фаришталар, Яҳова Таолонинг илк ижоди бўлмиш Исо Масиҳ орқали вужудга келганлар. Бўлмаса, уларнинг сони нечта? Муқаддас Китобда айтилишича ушбу ботир малакларнинг сони юз миллионларни ташкил этади (Забур 102:20)*.

3 Ернинг пойдевори солинганида ҳамма фаришталар тараннум этишган, деб айтилади Муқаддас Китобда (Аюб 38:4-7). Демак одам ва ҳатто ер бўлмасидан аввал фаришталар мавжуд эди. Улар тараннум этишар экан, демак ҳис-туйғулари бор. Шунингдек, ҳамма фаришталар тараннум этишига эътибор беринг. Бундан кўринадики, бир вақтлар ҳамма фаришталар якдилликда Яҳовага хизмат қилишар эди.

ФАРИШТАЛАРНИНГ ЁРДАМИ ВА ҲИМОЯСИ

Фаришта Дониёрни шерлардан ҳимоя қиляпти

«У [Худо] фариштасини юбориб шерларнинг оғизларини беркитиб қўйди» (Дониёр 6:22)

4 Одам яратилгандан буён фаришталар инсоният оиласи билан қизиқишар ҳамда Худонинг иродаси ерда қандай бажо келишини орзу билан кузатиб туришар эди (Ҳикматлар 8:30, 31; 1 Бутрус 1:11, 12). Кўп инсонлар меҳрибон Парвардигордан юз ўгириб, Унга хизмат қилишдан воз кечганларида ҳам фаришталар буни кўриб қайғуришган. Лекин Яҳовага қайтган битта гуноҳкор учун «Худо фаришталари ҳузурида шодлик бўлади» (Луқо 15:10). Фаришталар инсоният учун шунчалар қайғурар экан, Яҳова уларни қайта-қайта Ўз хизматчиларига ёрдам бериш ҳамда ҳимоя қилиш учун юборар эди (Ибронийларга 1:7, 14). Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

5 Разиллашган Садўм билан Ғамўра шаҳарлари Худонинг ғазабига йўлиққанида, Аллоҳнинг иккита фариштаси тақводор бўлган Лут ва унинг қизларини омон сақлаб қолишган (Ибтидо 19:15, 16). Асрлар оша Дониёр пайғамбар шерлар уясига ташланган бўлса-да, ҳеч қандай зиён кўрмай: «У [Худо] фариштасини юбориб шерларнинг оғизларини беркитиб қўйди»,— деб айтган эди (Дониёр 6:22). Милодий I асрда бир фаришта азиз ҳаворий Бутрусни зиндондан озодликка чиқарди (Ҳаворийлар 12:6-11). Исо Масиҳнинг ердаги хизмати даврида фаришталар унга хизмат қилишарди (Марк 1:13). Масалан, Исонинг ўлими яқинлашиб қолганида бир фаришта уни «қувватлаб турди» (Луқо 22:43). Бу пайтда Исо айнан шундай таскинга муҳтож эди!

6 Ҳозирги вақтда фаришталар одамларга зоҳир бўлмайдилар. Шунга қарамай улар Худонинг хизматчиларини, аввало руҳий-маънавий зиёнлардан ҳимоя қиладилар. Забурда қуйидагини ўқиймиз: «Худованднинг фариштаси мўминлар атрофида қароргоҳ қурган, Ундан қўрққанларни Ўзи халос этар» (Забур 33:8). Наҳотки бу сўзлар бизга тасалли бермаса? Албатта! Лекин бизни ҳалок қилмоқчи бўлган ёвуз руҳлар ҳам мавжуд. Улар ким экан? Улар қаердан келиб чиққан? Улар бизга қандай таъсир қилиши мумкин? Бу саволларга жавоблар топиш учун, келинг аввало инсониятнинг ибтидосида нима юз берганини кўриб чиқайлик.

БИЗГА ДУШМАН БЎЛГАН ИЛОҲИЙ ЗОТЛАР

7 Китобнинг 3- бобидан билиб олганимиздай, фаришталардан бири ҳокимлик қилишни истаб, Худога қарши исён кўтарди. Кейинчалик у — Шайтон ва Иблис деб аталадиган бўлди (Ваҳий 12:9). Илк бор Момо Ҳавони йўлдан уриб, Шайтон фитнасини давом эттирди. Қарийб 16 аср мобайнида Шайтон деярли барча инсонни Худога қарши қайраб қўйди. Бундан мустасно тақводор Ҳобил, Ҳанўх ва Нуҳ пайғамбарлар эди (Ибронийларга 11:4, 5, 7).

8 Нуҳ пайғамбар даврида эса бошқа фаришталар ҳам Яҳовага қарши чиқишди. Улар ўз самовий маконини тарк этиб, ерга тушишди-ю, инсон қиёфасига киришди. Нега дейсизми? Жавобини Тавротдан ўқиймиз: «Илоҳий зотлар эса одамзод қизларининг жуда яхшилигини кўриб, истаганларини хотинликка оладиган бўлдилар» (Ибтидо 6:2). Бироқ, Яҳова бу қабиҳликка қараб туролмас эди, чунки улар тобора одамларни ахлоқан бузишар эди. Худо ер юзига Буюк Тўфон ёғдириб, барча бетавфиқларни ғарқ қилди. Фақатгина солиҳ бандалари сақланиб қолишди (Ибтидо 7:17, 23). Жинлар деб аталган ушбу илоҳий зотлар эса инсоний таналаридан чиқиб, осмонга қайтишга мажбур бўлишди. Улар «жинлар бошлиғи» бўлмиш Шайтоннинг тарафида ҳаракат қила бошлашди (Матто 9:34).

9 Жинлар осмонга қайтганида, Худо уларни Шайтон билан бирга Ўз ҳузуридан четлантирди (2 Бутрус 2:4). Бугунги вақтда жинлар инсон қиёфасига кира олмаса-да, ёвузликдан қайтишгани йўқ. Шайтон айнан улар орқали «бутун дунёни алдаб йўлдан оздиряпти» (Ваҳий 12:9; 1 Юҳанно 5:19). Жинларнинг одамларга қарши қўллаган баъзи фитналари бор (2 Коринфликларга 2:11). Келинг улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.

ЖИНЛАРНИНГ ФИТНАЛАРИ

10 Одамларни йўлдан оздириш учун жинлар спиритизмдан фойдаланмоқда. Спиритизм — бу шахсан ёки воситачи орқали ёвуз руҳлар билан алоқада бўлишдир. Муқаддас Китоб спиритизмни қоралаб, унинг барча усулларидан бизни огоҳлантирмоқда (Галатияликларга 5:19-21). Балиқчи балиқ овлаш учун ҳар хил усуллардан фойдалангани каби, жинлар ҳам спиритизмнинг турли усулларидан фойдаланиб, инсонларни тўрга илинтиришмоқда.

1. Буржлар жадвали 2. Фолбинлик 3. Ойнага қараш 4. Картага қараб фол очиш

Жинлар турли усуллар билан инсонларни тўрга илинтирмоқда

11 Спиритизмнинг бир усули — фолбинликдир. Фолбинлик нима ўзи? Фолбинлик — бу бирор нарсага, масалан қўл, китоб, карта ёки ойнага қараб, киши билишга қизиққан нарса ёки ҳодисаларни гўё олдиндан айтиб беришдир. Фолбинликка шунингдек, мунажжимлик ва тушларни таъбир этиш киради. Кўплари бу ишларнинг ҳеч қандай зиёни йўқ деб ўйлашса ҳам, Муқаддас Китоб фол очувчиларнинг ортида жинлар туришини кўрсатмоқда. Масалан, Инжилда қуйидаги воқеани ўқиймиз: «Ичида фолчилик руҳи бўлган бир чўри» олдиндан айтиш маҳоратига эга эди. Аммо руҳ, яъни жин чўрининг танасидан чиқиб кетганида, у ўз маҳоратидан жудо бўлди (Ҳаворийлар 16:16-18).

12 Одамларни чалғитиш учун жинларнинг яна бир фитнаси бор. Бу ҳам бўлса, ўлганлар билан мулоқотда бўлишдир. Яқинидан жудо бўлган инсонлар қайғу чекиб, баъзида бу фитнанинг тузоғига илинадилар. Жинлар билан алоқа қилган воситачилар, ўлган одамнинг товуши билан гапириш ва ўзгача маълумот бериш қобилиятига эга. Шунда кўплари, марҳум ҳаётини бошқа муҳитда давом этяпти деб ўйлаб, қайғусидан таскин топишади. Аммо бу каби алдамчи «таскинлар» ўта хавфлидир. Нега дейсизми? Чунки воситачига бу қобилиятларни берган айнан жинлардир (1 Шоҳлар 28:3-19). Шунингдек 6- бобдан билиб олганимиздай одам ўлгандан кейин умуман йўқ бўлиб кетади-ку (Забур 113:25). Хуллас, ўлганлар билан мулоқотда бўлганлар жинлар томонидан алданиб, Худонинг қонунига қарши чиққан бўладилар (Амрлар 18:10, 11; Ишаё 8:19). Бундай тузоққа тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг.

13 Жинлар одамларни алдабгина қолмай, ваҳимага ҳам солишади. Шайтон ҳамда жинлар «вақт оз қолганини» ва яқин орада кишанлаб қўйилишини билиб, «мудҳиш қаҳр-ғазаб ила» ҳаракат қиляптилар (Ваҳий 12:12, 17). Шунга қарамай, жинлар томонидан ваҳимага солинган минглаб инсонлар уларнинг таъсиридан озод бўлдилар. Улар буни қандай қилиб уддалай олишган экан? Спиритизм билан шуғулланганлар бундай офатдан қутулиш учун нима қилишлари лозим?

ЁВУЗ РУҲЛАРГА ҚАРШИ ТУРИНГ

14 Жинларнинг таъсиридан озод бўлиш ҳамда уларга қарши туриш усули Муқаддас Китобда қаламга олинган. Келинг, Эфес шаҳридаги илк масиҳчиларнинг намунасини кўриб чиқайлик. Масиҳчиликни қабул қилишдан аввал улардан баъзилари спиритизм билан шуғулланишар эди. Спиритизмдан четланиш учун улар нима қилган экан? Инжилда қуйидагини ўқиймиз: «Сеҳргарлик қилганлардан кўпчилиги ўз китобларини тўплаб, ҳамманинг кўз ўнгида ёндирдилар» (Ҳаворийлар 19:19). Сеҳргарлик китобларини ёндириб, улар бизга жудаям яхши ўрнак қолдиришди. Агар Ҳақ Яҳовага хизмат қилишни хоҳласак, спиритизм билан боғлиқ бўлган барча нарсалардан, шу жумладан: китоб, журнал, фильм, плакат ва мусиқа асарларидан халос бўлишимиз даркор. Шунингдек ёмон кўздан асраш мақсадида тақиладиган кўзмунчоқ, тумор ва шу каби нарсалардан четланишимиз керак (1 Коринфликларга 10:21).

ЖИНЛАРГА ҚАРШИ ТУРИШ УЧУН:

  • Спиригтизм билан боғлиқ нарсалардан халос бўлинг
  • Муқаддас Китобни тадқиқ қилинг
  • Худога ибодат қилинг
Инсон спиритизмдан озод бўлиши учун қадамлар қўйяпти

15 Эфесдаги масиҳчилар сеҳргарлик китобларини ёндирганидан бир неча йил сўнг, ҳаворий Павлус уларга: «Бизнинг курашимиз… ёвуз руҳий кучларга… қаршидир»,— деб ёзган эди (Эфесликларга 6:12). Кўриняптики, жинлар бўш келмай, ғолиб чиқиш учун курашар экан. Хўш, бунда масиҳчиларга нима ёрдам берар экан? «Имон қалқонини қўлга олинглар, у билан ёвуз шайтоннинг қиздирилган ҳамма ўқларини ўчира оласизлар»,— деб маслаҳат беради Павлус (Эфесликларга 6:16). Имон қалқонимиз қанчалик мустаҳкам бўлса, ёвуз руҳларга қарши туриш шунчалик осон бўлади (Матто 17:20).

16 Лекин имонни қандай қилиб мустаҳкамлаш мумкин? Муқаддас Китобни тадқиқ қилишда давом этинг. Деворнинг мустаҳкамлиги унинг пойдеворига боғлиқ бўлгани каби, имонимизнинг мустаҳкамлиги Муқаддас Китобга асосланган билимга боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам, Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиб, тадқиқ қилсак имонимиз мустаҳкам бўлади. У худди мустаҳкам девор каби бизни ёвуз руҳлар таъсиридан ҳимоя қилади (1 Юҳанно 5:5).

17 Эфесдаги масиҳчилар яна нима қилишлари лозим эди? Улар қўшимча мададга муҳтож эди, чунки улар жинлар таъсири остида бўлган шаҳарда яшар эди-да. Шу сабабли Павлус уларга: «Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан… ҳар доим ибодат қилинглар»,— деб ёзган эди (Эфесликларга 6:18). Биз ҳам жинлар таъсири остида бўлган дунёда яшар эканмиз, Тангримиз Яҳовага, бизни жинлардан халос этгин деб, ёлвориб ибодат қилишимиз даркор. Яҳованинг исмини чақириб ибодат қилайлик (Ҳикматлар 18:10). Шунингдек, «ёвуз шайтондан халос қилгин», деб ибодат қилиш лозим (Матто 6:13). Шунда самимий илтижоларимиз ижобат бўлади (Забур 144:19).

18 Тўғри, жинларнинг таъсири хавфли, аммо Иблисга қарши туриб, Худонинг иродасини бажариб Унга яқинлашсак, улардан ҳеч ҳам қўрқмаслигимиз мумкин (Ёқуб 4:7, 8). Жинларнинг таъсири чекланган. Нуҳ пайғамбар даврида улар жазоланган эди, энди эса охирги ҳукмни кутишяпти (Яҳудо 6). Яҳованинг ботир фаришталари бизни ҳимоя қилаётгани ҳам ёдингизда бўлсин (4 Шоҳлар 6:15-17). Улар жинларга қарши урушда ғолиб чиқишимизни хоҳлайдилар. Худонинг ушбу малаклари, мажозий маънода биз учун жон куйдиришяпти. Хуллас, келинг доимо Парвардигоримиз Яҳовага ҳамда Уни қуршаб турган фаришталарига яқин бўлайлик. Шунингдек, спиритизмнинг барча усулларидан четланиб, Муқаддас Китоб маслаҳатларига риоя қилайлик (1 Бутрус 5:6, 7; 2 Бутрус 2:9). Айнан шундай йўл билан ёвуз руҳлардан устун чиққан бўламиз.

19 Бироқ, нега Аллоҳ жинларнинг мавжуд бўлишига йўл қўйган? Нега азоб-уқубатларга йўл қўйган? Бу саволларга жавобни кейинги бобдан билиб оламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Фаришталар Яҳованинг хизматчиларига ёрдам беришга доимо тайёр (Ибронийларга 1:7, 14).
  • Шайтон ва жинлар одамларни алдаб, Худога қарши қайраб қўйиш ниятида (Ваҳий 12:9).
  • Худонинг иродасини бажаринг; Иблисга қарши туринг, шунда у сиздан қочади (Ёқуб 4:7, 8).

*  Бир оятда, Худонинг фаришталари «минг-минглаб, лак-лак эди», деб айтилган (Ваҳий 5:11). Хуллас, Муқаддас Китобда таъкидланишича юз миллионлаб фаришталар мавжуд.


Тадқиқ учун саволлар

1. Нима сабабдан фаришталар ҳақида билиб олиш даркор?

2. Фаришталар қандай вужудга келган ва уларнинг сони нечта?

3. Фаришталар ҳақида нимани билиб олдик?

4. Фаришталар инсоният оиласи билан қизиқишини Муқаддас Китоб қандай кўрсатмоқда?

5. Муқаддас Китоб баёнотидан фаришталарнинг қандай ёрдамини кўриб чиқдик?

6. а) Ҳозирги вақтда фаришталар Худонинг хизматчиларини нимадан ҳимоя қилади? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?

7. Шайтон ўз исёнида қанчалик муваффақиятга эришди?

8. а) Қандай қилиб баъзи илоҳий зотлар жинларга айланиб қолишди? б) Буюк Тўфондан омон қолиш учун, жинлар нима қилишга мажбур бўлишди?

9. а) Жинлар осмонга қайтганида нима юз берди? б) Нимани кўриб чиқишимиз керак?

10. Спиритизм нима ўзи?

11. Фолбинликка нима киради, ва нега ундан четланишимиз лозим?

12. Нега ўлганлар билан мулоқотда бўлиш ўта хавфлидир?

13. Жинлар томонидан ваҳимага солинган минглаб инсонлар нимани уддалай олишди?

14. Спиритизмдан четланиш учун Эфес шаҳридаги масиҳчилар бизга қандай намуна кўрсатишди?

15. Қандай қилиб ёвуз руҳларга қарши туриш мумкин?

16. Имонни қандай қилиб мустаҳкамлаш мумкин?

17. Жинлар таъсиридан халос бўлиш учун қандай қўшимча мададга муҳтожмиз?

18, 19. а) Ёвуз руҳлардан устун чиқиш учун нима ёрдам беради? б) Кейинги бобда қайси саволларни муҳокама қиламиз?