Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

17- БОБ

Ибодат орқали Худога яқинлашинг

Ибодат орқали Худога яқинлашинг

Нима учун Худога ибодат қилиш даркор?

Ибодатларимиз ижобат бўлиши учун, нима талаб қилинади?

Худо ибодатларимизга қандай жавоб беради?

УЛКАН олам билан солиштирилганда Ер сайёрамиз жуда кичикдир. «Еру осмонни яратган Худованд» учун, барча миллатлар худди бир томчи кабидир (Забур 113:23; Ишаё 40:15). Бунга қарамай Забур 144:18-, 19- оятларида қуйидагини ўқиймиз: «Худовандга мурожаат қиладиган, чин қалбдан мурожаат қиладиган ҳар бир инсонга У яқиндир. Художўйларнинг тилагини У қондирар, уларнинг фарёдини эшитиб, нажот берар». Фақатгина ўйлаб кўринг: Парвардигори Олам, Унга чин қалбдан мурожаат қиладиганларга яқин ва уларнинг фарёдини эшитар экан! Худовандга ибодат қилиш катта шарафдир!

2 Сизнинг ибодатларингиз ҳам ижобат бўлишини хоҳлайсизми? Бўлмаса, Яҳова Таолога маъқул бўлган услубда ибодат қилишингиз керак. Бироқ, Муқаддас Китобда ибодат ҳақида нима дейилганини билмай бунинг имкони бўлармиди? Бу саволни кўриб чиқиш ўта муҳим, чунки ибодат орқали Эгамиз Яҳовага яқинлашишимиз мумкин.

НИМА УЧУН ЯҲОВАГА ИБОДАТ ҚИЛИШ ДАРКОР?

3 Ибодат қилиш учун энг муҳим сабаб, бу Яҳованинг таклифидир. Унинг Каломи шундай деб рағбатлантирмоқда: «Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади» (Филиппиликларга 4:6, 7). Дарҳақиқат, Парвардигори Оламнинг бу ажойиб инъоми нақадар эътиборлидир!

Аёл дуо қиляпти

«Еру осмонни яратган Худованд», ибодатларимизни тинглашга доимо тайёр

4 Ибодат қилиб туриш учун яна бир сабаб, у орқали Худованд Яҳова билан дўстона муносабатимиз мустаҳкамланади. Самимий дўстлар нафақат бирор нарса керак бўлиб қолганда, балки доимо бирга бўлиб, фикрлари, туйғулари ва ташвишлари билан бўлишиб суҳбат қиладилар. Буни Тангри Яҳова билан бўлган дўстона муносабатга ўхшатиш мумкин. Ушбу китоб ёрдамида, сиз Худованд чиндан ҳам мавжуд шахс эканини кўрдингиз. Яҳованинг ажойиб фазилатлари ва ниятлари ҳақида билиб олдингиз. Ибодат орқали эса фикрлару туйғулар билан бўлишиб, бу Олий шахсга яқинлашишингиз мумкин (Ёқуб 4:8).

НИМА ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?

5 Барча ибодатлар ижобат бўладими? Ишаё пайғамбарнинг даврида Яҳова Таолонинг итоатсиз исроилликларга қарата айтилган сўзларига эътибор беринг: «Ибодатларингизни кўпайтирсаларинг-да, қулоқ солмайман; қўлларингиз қонга тўла» (Ишаё 1:15, ЯДТ). Кўриняптики, баъзи ишлар сабабли ибодатлар ижобат бўлмас экан. Худо ибодатларимизни тинглаши учун, баъзи нарсалар талаб қилинади.

6 Муҳим талаблардан бири — имондир (Марк 11:24). Ҳаворий Павлус ёзганидай: «Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ. Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт» (Ибронийларга 11:6). Ҳақиқий имон, нафақат Худо борлигини билиш, ва ҳатто ибодатларимиз ижобат бўлишига ишонишдан ҳам кўпроқ нарсани англатади. Имон ишларимизда кўринади. Ҳар кунги ишларимиз, имонимиз борлигидан далолат бериши керак (Ёқуб 2:26).

7 Ибодат қилганимизда шунингдек, камтарин ва самимий бўлишимиз лозим. Парвардигори Олам Яҳовага мурожаат қилар эканмиз, камтарин бўлиш муҳим эмасми? Масалан, одамлар президентнинг юксак мартабасини тушуниб, унга мурожаат қилишганида иззат-эҳтиром ила гапиришмайдими? Худовандимиз Яҳова эса улардан ҳам юксак эмасми? (Забур 137:6) Ахир, У — «Қодир Тангридир» (Ибтидо 17:1). Шунинг учун Худога ибодат қилаётиб, Унинг олдида ўз ўрнимизни билайлик. Камтаринлик, чин қалбдан ибодат қилишга ундайди. Шунда ёддан айтиладиган ва такроран ўқиладиган ибодатлардан четда бўламиз (Матто 6:7, 8).

8 Ибодатларимиз ижобат бўлиши учун, уларга мувофиқ ҳаракат қилишимиз керак. Зеро «одамлардан ҳаракат — Худодан баракат», дейилиши бежиз эмас. Масалан, «ризқ-рўзимизни бергин», деб ибодат қилар эканмиз, ўз қўлимиз билан бажонидил меҳнат қилишимиз керак (Матто 6:11; 2 Салоникаликларга 3:10). Агар камчиликларимизни енгиш учун Худодан ёрдам сўрасак, васвасага соладиган вазиятлардан четланишимиз лозим (Колосаликларга 3:5). Хўш, буни қилар эканмиз, ибодатлар ижобат бўлиши учун, яна бирор нарса талаб қилинадими?

ЯНА НИМА ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?

9Кимга ибодат қилиш керак? Ҳазрати Исо айтганларидай, фақатгина «осмондаги Отамиз» бўлган Аллоҳ Таоло Яҳовага (Матто 6:9). Лекин Худованд, «ягона Ўғли» бўлмиш Исо Масиҳнинг мавқеини тан олишимизни хоҳлайди. Чунки, 5- бобдан билиб олганимиздай, Исо Масиҳ ўз ҳаётини фидо қилиб, бизни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод қилди (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:12). Ҳозир эса у Олий руҳоний ва Ҳокимдир (Юҳанно 5:22; Ибронийларга 6:20). Айнан шу сабаб Худонинг Каломи, Исо Масиҳ орқали ибодат қилишга ундамоқда. Ҳазрати Исо шундай деганлар: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳанно 14:6). Хуллас, ибодатларимиз ижобат бўлиши учун, фақат Яҳова Таолога Ҳазрати Исо Масиҳ орқали ибодат қилишимиз керак.

10Ибодат муайян хатти-ҳаракат билан ижро этилиши шартми? Йўқ. Яҳова бундай шартларни қўйгани йўқ. Муқаддас Китобдан кўриняптики, ибодат ҳар хил ҳолатларда айтилиши мумкин, масалан: ўтириб, қўлларни кўкка чўзиб, тиз чўкиб, тик туриб ва ҳоказо (2 Шоҳлар 7:18; Нахимиё 8:6; Дониёр 6:10; Марк 11:25). Энг муҳими, ибодат хўжа кўрсинга эмас, балки чин қалбдан ижро этилиши лозим. Чунки, қаерда бўлишимиздан қатъиназар, ҳар кунги ишлар билан банд бўламизми ёки ҳатто қийин вазиятларга дуч келамизми, ичимизда ибодат қилишимиз ҳам мумкин. Бундай ибодатларни бошқалар пайқамаган бўлса-да, Яҳова уларни албатта эшитади (Нахимиё 2:1-6).

11Нима ҳақда ибодат қилиш мумкин? Инжилда: «Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади», деб айтилган (1 Юҳанно 5:14). Демак, Худонинг иродасига мувофиқ нарсалар ҳақида бемалол ибодат қилишимиз мумкин. Бизни ташвишлантирадиган нарсалар ҳам Худонинг иродасига мувофиқми? Бўлмасам-чи! Тангримиз Яҳовага ибодат қилар эканмиз, худди яқин дўст билан мулоқот қилганимиздай, Унинг олдида юрагимизни очишимиз мумкин (Забур 61:9). Тўғри йўл тутишга ёрдам бера оладиган муқаддас руҳ ҳақида сўраб туриш жоиз (Луқо 11:13). Шунингдек, ҳикмат ила қарор чиқариш учун ва қийинчиликларни енгиш учун, Худонинг раҳбарлигини сўраб турсак бўлади (Ёқуб 1:5). Бирорта гуноҳ қилиб қўйсак, Исо Масиҳ тўккан қони асосида Худодан кечирим сўрашимиз керак (Эфесликларга 1:3, 7). Албатта, нафақат ўзимиз учун, балки оиламиз ва имондошларимиз учун ҳам ибодат қилиб туришимиз лозим (Ҳаворийлар 12:5; Колосаликларга 4:12).

Одамлар турли вазиятларда ибодат қилишяпти

Қаерда бўлишингиздан қатъиназар, ибодатингиз ижобат бўлади

12 Аммо, Худованд Яҳова билан боғлиқ бўлган нарсалар, ибодатларимизнинг асосий мавзуси бўлиши зарур. Чунки Унинг меҳр-инояти ҳамду саноларга лойиқдир (1 Солномалар 29:10-13). Матто 6:9-13- оятларида Исо Масиҳ, Худонинг муқаддас исми улуғланиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган. Шунингдек, Худонинг Шоҳлиги келиши ва Унинг иродаси осмонда бўлгани каби ерда ҳам бажо келиши ҳақида айтилган эди. Фақат ушбу муҳим мавзулардан сўнггина, Ҳазрати Исо шахсий тилаклар ҳақида гапириб ўтди. Агар Худованд билан боғлиқ нарсалар ибодатларимизда асосий ўринни эгалласа, унда нафақат ўзимизни, балки ўзгаларни ҳам ўйлаётганимизни кўрсатган бўламиз.

13Ибодатларнинг узунлиги қанақа бўлиши керак? Муқаддас Китобда, шахсий ҳамда омма учун айтилган ибодат қанча давом этилиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Улар, масалан овқатдан олдин қисқа айтиладиган ёки юракдаги қайғуни ифодалайдиган узун ибодат бўлиши мумкин (1 Шоҳлар 1:12, 15). Бироқ, хўжа кўрсинга узоқ ибодат қилаётган мағрур кишиларни Ҳазрати Исо қоралаган эди (Луқо 20:46, 47). Бундай ибодатларни Худованд Яҳова хуш кўрмайди. Аксинча, У кўнгилдан чиқадиган ибодатларни ёқтиради. Хуллас, ибодатларнинг узунлиги эҳтиёж ва вазиятга боғлиқ.

14Неча вақт ибодат қилиниши керак? Муқаддас Китоб: «Ибодат қила туринглар», «тоат-ибодатда саботли бўлинглар» ва «тинмай тоат-ибодат қилинглар», деб чорламоқда (Матто 26:41; Римликларга 12:12; 1 Салоникаликларга 5:17). Бу, кечаю кундуз ибодат қилиш кераклигини билдирмайди. Аслида Муқаддас Китоб, Яҳова Таолога меҳр-инояти учун шукрлар дейишга, йўл-йўриқ ва мадад сўраб, доимий равишда тоат-ибодатда бўлишимизни назарда тутади. Наҳотки, ибодат неча вақт қилинишига ва унинг узунлигига Яҳова чегара қўймаганини билиш, сизга тасалли бермаса? Агар ибодат қилиш имтиёзини қадрлаётган бўлсак, унда самовий Отамизга ибодат қилишга доимо вақт топган бўламиз.

15Нима учун ибодатнинг сўнгида «омин» дейилиши лозим? «Омин» сўзи «шундай бўлсин» деган маънога эга. Муқаддас Китобда баён этилган ибодатлар, хоҳ шахсий, хоҳ омма олдида айтилган бўлсин, одатда «омин» сўзи билан якунланар эди (1 Солномалар 16:36; Забур 40:14). «Омин» дейилиши ўринлидир, чунки бу билан гапимиз самимий эканини кўрсатган бўламиз. Омма олдида айтилган ибодатнинг сўнгида, хоҳ ичимизда, хоҳ овоз чиқариб «омин» десак, айтилган гап билан рози эканимизни кўрсатамиз (1 Коринфликларга 14:16).

ХУДО ИБОДАТЛАРИМИЗГА ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАДИ?

16 Яҳова Таоло ибодатларга жавоб бериши тайинми? Албатта! «Ибодатни эшитгучи» бўлмиш Худо, миллионлаб инсонларнинг ибодатларига жавоб беришида шубҳаланмасак ҳам бўлади (Забур 64:3). Унинг жавоблари турли усулларда бўлиши мумкин.

17 Тангри Яҳова фаришталар ёки ердаги хизматчилари орқали жавоб бериши мумкин (Ибронийларга 1:13, 14). Масалан, одамлар: «Ё Аллоҳ, Сени топишимга ёрдам бергин»,— дея илтижо қилганларида, кўпинча Яҳованинг хизматчилари билан дуч келишар эди. Бундан кўриняптики, Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарнинг ёйилишига фаришталар ғамхўрлик қилар экан (Ваҳий 14:6). Шунингдек, ибодатимизга жавобан Яҳова бирорта имондошимизни ёрдамга жўнатиши мумкин (Ҳикматлар 12:25; Ёқуб 2:16).

18 Боз устига, ибодатларимизга жавоб тариқасида Яҳова Ўз руҳини ва Каломини тақдим этади. Васвасада содиқ қолиш учун, Яҳова Ўз руҳи орқали керакли йўл-йўриқни ва қудратни ҳавола қилиши мумкин (2 Коринфликларга 4:7). Кўпинча, жавоб Муқаддас Китобдан келиши мумкин, чунки унинг қонунлари доно қарорларга келишга ёрдам беради. Керакли кўрсатмаларни Муқаддас Китобдан ва ушбу китоб каби адабиётлардан топишимиз мумкин. Шунингдек, Худонинг Каломига асосланган маслаҳатларни Яҳова Шоҳидларининг жамоат йиғилишларида ёки у ердаги ғамхўр оқсоқоллар билан мулоқот қилганимизда эшитишимиз мумкин (Галатияликларга 6:1).

Жуфтлик кекса кишига ғамхўрлик қиляпти

Ибодатимизга жавобан, Яҳова бирорта имондошимизни ёрдамга жўнатиши мумкин

19 Агар Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлса, бу Унинг ожизлигидан далолат бермайди. Тўғриси, Яҳова Ўз иродаси ила ва айнан керакли вақтда жавоб беришини ёдда тутишимиз керак. Чунки, нимага муҳтож эканимизни ва бизга қандай ёрдам бериш кераклигини У яхши билади. Кўпинча Яҳова сўраб, излаб ва тақиллатиб туришимизга имконият беради (Луқо 11:5-10). Шундай йўл тутиб, сўраётган нарсанинг муҳимлигини кўрсатиб, самимий имонимизни намоён этамиз. Боз устига, баъзида жавоб биз кутаётгандай бўлмаслиги мумкин. Масалан, синовларга дуч келиб, улардан халос қилгин дея ибодат қилсак, Яҳова жавобига қийинчиликлардан халос қилмай, куч-қувват бериши мумкин (Филиппиликларга 4:13).

20 Улкан оламнинг Парвардигори, чин қалбдан мурожаат қиладиганларга яқин эканидан нақадар миннатдормиз! (Забур 144:18). Келинг, ибодат қилиш имтиёзини қадрлайлик. Шунда ибодатни эшитгучиси бўлмиш Яҳова Таоло билан янада яқин бўламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Ибодат орқали Яҳовага яқинлашишимиз мумкин (Ёқуб 4:8).
  • Ибодатларимиз ижобат бўлиши учун имон, камтаринлик ва самимийлик талаб қилинади (Марк 11:24).
  • Фақат Яҳова Таолога, Ҳазрати Исо Масиҳ орқали ибодат қилишимиз керак (Матто 6:9; Юҳанно 14:6).
  • «Ибодатни эшитгучи» бўлмиш Яҳова Ўз фаришталари, ердаги хизматчилари, руҳи ва Каломи орқали жавоб беради (Забур 64:3).

Тадқиқ учун саволлар

1, 2. а) Нима учун ибодат қилиш катта шарафдир? б) Нега ибодат ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини билиб олишимиз керак?

3. Нега Яҳовага ибодат қилишимиз керак?

4. Нимага ибодат қилиб турсак, Худованд Яҳова билан дўстона муносабатимиз мустаҳкамланади?

5. Барча ибодатлар ижобат бўлмаслигини қаердан биламиз?

6. Ибодатларимиз ижобат бўлиши учун, муҳим талаблардан бири қайсидир?

7. а) Нима учун Яҳовага ибодат қилаётиб камтарин бўлиш лозим? б) Ибодат қилаётиб, камтарин ва самимий эканимизни қандай намоён қила оламиз?

8. Ибодатларимизга мувофиқ ҳаракат қилиш нимани англатади?

9. Кимга ибодат қилишимиз керак ва ким орқали?

10. Нега ибодат муайян хатти-ҳаракат билан ижро этилиши шарт эмас?

11. Қандай нарсалар ҳақида ибодат қилиш мумкин?

12. Ибодатларимизнинг асосий мавзуси қандай бўлиши зарур?

13. Муқаддас Китобда ибодатларнинг узунлиги тўғрисида нима дейилган?

14. «Тинмай тоат-ибодат қилиш» нимани назарда тутади ва нега бу тасаллидир?

15. Нима учун шахсий ва омма олдида айтилган ибодатларнинг сўнгида «омин» дейилиши лозим?

16. Ибодат қилаётиб нимадан шубҳаланмасак бўлади?

17. Нега, Тангри Яҳова фаришталар ёки ердаги хизматчилари орқали жавоб бериши мумкин, деб айта оламиз?

18. Ибодатларимизга жавоб тариқасида Яҳова Ўз руҳини ва Каломини қандай тақдим этади?

19. Агар ибодатларимиз жавобсиз қолаётгандай туюлса, нимани ёдда тутишимиз керак?

20. Нима учун ибодат қилиш имтиёзини қадрлашимиз керак?