Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

ИЛОВА

Жон билан руҳ нима ўзи?

Жон билан руҳ нима ўзи?

ЖОН ва руҳ ҳақида қандай фикрга эгасиз? Кўпларнинг эътиқодига кўра, киши ҳаётида у билан бирга, вафотидан кейин эса танадан чиқиб абадий қоладиган кўзга кўринмас нарса бор. У ҳам бўлса жон ёки руҳдир. Бу эътиқод жуда кенг тарқалган. Бироқ, Муқаддас Китобда умуман бошқа фикр берилган. Хўш, Худонинг Каломига биноан жон ва руҳ нима ўзи?

ЖОН НИМА ЎЗИ?

Авваламбор «жон» тушунчасини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китоб илк бор иброний ва юнон тилларида ёзилгани сабаб, «жон» сўзига нисбатан ибронийча не́феш ва юнонча псюхе́ сўзлари қўлланилган эди. «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да бу иккала сўз тахминан 800 марта учраб, изчиллик билан «жон» деб таржима қилинган. Муқаддас Китобдаги «жон» сўзини тадқиқ қилсангиз, унинг қўлланилиши 1) одам, 2) ҳайвон ёки 3) одам ва ҳайвон ҳаётини назарда тутишини кўрасиз. Келинг «жон» сўзи қўлланилган баъзи оятларни кўриб чиқайлик.

Одам. «Қадим замонда… кемадан оз киши, яъни саккиз жонгина сувдан ўтиб қутулган эдилар» (1 Бутрус 3:20). Бу оятда Нуҳ пайғамбар, унинг рафиқаси, учта ўғли ва келинлари тўфон сувидан қутулгани тўғрисида гап кетяпти. Бошқа оятда исроилликларга қарата шундай амр берилган эди: «Хонадондаги ҳар бир жон учун бир омирдан [манна] йиғиштириб олсин» (Чиқиш 16:16). Демак, чодирда неча киши яшашига қараб, ҳар бирига етарлича манна, яъни Худо мўъжизавий равишда етказиб берган егуликни йиғиб олишлари керак эди. Муқаддас Китобнинг яна кўп бошқа оятлари «жон» сўзи остида одамни назарда тутади. Масалан: Ибтидо 46:18- ва Ҳаворийлар 27:37- оятларига қаранг.

Ҳайвон. Муқаддас Китоб яратилиш даврини қаламга олиб, шундай демоқда: «Яна Худо: “Сув тўда-тўда жониворлар билан қайнасин, ер устидаги осмон гумбази бўйлаб қушлар учсин”,— деди. Яна Худо: “Ер турли-туман тирик жонни: чорва, судралувчи ҳамда ёввойи ҳайвон турларини ҳосил қилсин”,— деди ва шундай ҳам бўлди» (Ибтидо 1:20, 24). Бу оятлардан кўриняптики, балиқлар, чорва ва ёввойи ҳайвонларнинг барчаси — «жондир». Қуйидаги оятлардан ҳатто парранда ва умуман ҳамма ҳайвонлар ҳам жон экани кўриняпти. Масалан: Ибтидо 9:10- ва Саҳрода 31:28- оятларига қаранг.

Одам ҳаёти. Баъзида «жон» сўзи остида одамнинг ҳаёти назарда тутилади. Масалан Яҳова Таоло Мусо пайғамбарга шундай деган эди: «Жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди» (Чиқиш 4:19). Хўш, Мусо пайғамбарнинг душманлари нимани олмоқчи эди? Унинг жонини, яъни ҳаётини. Бундан олдин бўлган воқеани олайлик. «Роҳила ўлаётиб, жони чиқай деганда, туғилган ўғлини Бен-Ўни деб чақирди» (Ибтидо 35:16-19). Тўлғоқ пайтида Роҳила ҳаётдан кўз юмди. Энди эса Исо Масиҳнинг сўзларига эътибор беринг. «Мен яхши Чўпонман. Яхши Чўпон қўйлари учун жонини бағишлайди» (Юҳанно 10:11). Исо Масиҳ ўз жонини, яъни ҳаётини инсонлар учун фидо қилган. Бу оятларнинг барчасида «жон» сўзи остида одамнинг ҳаёти назарда тутилади. Яна кўп бошқа оятлар ҳам буни тасдиқлайди. Масалан: 3 Шоҳлар 17:17-23-; Матто 10:39-; Юҳанно 15:13- ва Ҳаворийлар 20:10- оятларига қаранг.

Муқаддас Китобни тадқиқ қилган сари, ҳеч бир оятда «жон» сўзи ўлмас ёки абадий сўзлар билан бирга қўлланмаганини кўрасиз. Аксинча, Муқаддас Китобда — жон ўлимга маҳкумдир, деб айтилади (Ҳизқиё 18:4, 20).

РУҲ НИМА ЎЗИ?

Энди эса «руҳ» тушунчасини кўриб чиқайлик. Баъзиларнинг фикрича, «руҳ» билан «жон» бир хил маънога эга. Лекин аслида бундай эмас, чунки Муқаддас Китобда «руҳ» ва «жон» сўзлари умуман бошқа-бошқа нарсаларни билдиради. Бўлмаса уларнинг фарқи нимада, демоқчимисиз?

Муқаддас Китобда «руҳ» сўзига нисбатан ибронийча ру́ах ва юнонча пне́вма сўзлари қўлланилган. Бу сўзларнинг маъносини Муқаддас Китобнинг ўзидан билиб олишимиз мумкин. Масалан Забур 103:29- оятида, Яҳова Таолога қарата шундай дейилган: «Юзингни яширганингда, улар даҳшатга тушар, руҳларини олсанг, улар ўлиб кетар, яна тупроққа қайтарлар». Инжилда эса: «Руҳсиз бадан ўлик»,— деб айтилади (Ёқуб 2:26). Бу оятларда «руҳ» сўзи ҳаётни сақлаб турувчи куч сифатида ифодаланади. Дарҳақиқат, бадан руҳсиз яшай олмайди. Айнан шу сабабдан баъзи оятларда нафақат «руҳ», балки «ҳаёт руҳи» ибораси ҳам қўлланилади. Масалан, Нуҳ пайғамбар даврида Худованд шундай деган эди: «Мен ер юзини тўфон билан бостириб, фалак остида ҳаёт руҳига эга бўлган ҳамма махлуқларни маҳв этаман» (Ибтидо 6:17; 7:15, 22). Хуллас, «руҳ» — кўзга кўринмас ҳаёт учқунидир.

Радио

«Жон» ва «руҳ» бир маънога эга эмас. Мисол тариқасида қуйидагини келтириш мумкин: радио ишлаши учун электр қуввати керак. Агар уни электр тармоғидан узсангиз у ишламай қолади. Шунингдек, батарея билан ишлайдиган радиолар ҳам бор. Лекин батареяси ўтириб қолса, у «ўлган» ҳисобланади. Худди шунга ўхшаб, одам тирик бўлиши учун унинг «руҳи» бўлиши керак. Электр қувватининг ҳис-туйғулари ёки фикрлаш қобилияти йўқ бўлгани каби, руҳ ҳам шахссиз бир кучдир. Ҳа, Забурда айтилгандай, руҳ ёки ҳаётий руҳ бўлмаса одам «яна тупроққа қайтар».

Одам ўлса у билан нима содир бўлишини тасвирлаб, Муқаддас Китоб шундай дейди: «Сенинг ўткинчи тананг ернинг тупроғига қайтар, Худо берган руҳинг ҳам Унинг Ўзига қайтар» (Воиз 12:7). Одамнинг ҳаёт руҳи баданни тарк этса, у ҳаётини тўхтатиб, чиққан жойга, яъни тупроққа қайтади. Руҳ эса уни берганга, яъни Худога қайтади (Аюб 34:14, 15; Забур 35:10). Бунинг моҳияти, ҳаёт руҳи том маънода осмонга боришида эмас, балки ҳаётга қайтиш умиди бутунлайин Тангри Яҳовага боғлиқ эканидадир. Бошқача айтганда, унинг ҳаёти Парвардигорнинг қўлидадир. Ҳа, фақатгина Қодир Аллоҳнинг қудрати ила ҳаёт руҳи одамга қайтадан ато этилади, ва шу йўсин одам тирилади.

Худойи Таолонинг, «қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммасини» тирилтириш истаги борлиги учун қанчалик хурсанд бўлишимиз мумкин-а! (Юҳанно 5:28, 29). Яҳова ўликларга янги тана бериб, ҳаёт руҳини ато этиши қанчалик ажойибдир. Тирилиш вақти — шодиёна вақти бўлур!

«Жон» билан «руҳ» иборалари тўғрисида кўпроқ маълумотни, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Ўлимдан сўнг нима содир бўлади?» деб номланган рисоладан ва «Муқаддас Китоб асосида музокара» деб номланган китобнинг 375-384- саҳифаларидан билиб олишингиз мумкин.

← Бобига қайтиш