Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

14- БОБ

Бахтли оилавий ҳаёт

Бахтли оилавий ҳаёт

Яхши эр бўлиш учун нима қилиш керак?

Яхши хотин бўлиш учун нима қилиш лозим?

Яхши ота-она бўлиш учун нима қилиш даркор?

Фарзандлар оилавий бахтга қандай ҳисса қўшадилар?

ЯҲОВА ТАОЛО оилавий ҳаётингиз бахтли бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун, Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан оиланинг ҳар бир аъзоси ўзига фойдали маслаҳатлар топа олади. Агар улар бу маслаҳатларга риоя қилсалар, оилавий ҳаёт бахт келтириши муайян. Ҳазрати Исо деганларидай: «Худо каломини тинглаб уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:28).

2 Ҳазрати Исо Тангри Яҳовани «осмондаги Отамиз» деб атаган экан, демак оилавий ҳаёт бахтли бўлиши учун, оиланинг асосчиси Худо эканини тан олишимиз керак (Матто 6:9). Ҳа, ҳар бир оила осмондаги Отамиз мадади билан ташкил топган, шу боис У оилавий бахтнинг сири нимада эканини яхши билади (Эфесликларга 3:14, 15). Хўш, Муқаддас Китобнинг оилага нисбатан маслаҳатлари қандай?

ОИЛАНИНГ АСОСЧИСИ — ХУДОДИР

3 Эгамиз Яҳова Одам Ато билан Момо Ҳавони яратиб, уларни никоҳ ришталари билан боғлади. Эру хотин жаннатмакон Адан боғида яшар эди, Худо эса уларни муборак қилиб: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар. Ер юзини тўлғазиб тобе қилинглар»,— деган (Ибтидо 1:26-28; 2:18, 21-24). Бу қандайдир афсона эмас, чунки Тавротда ёзилган ушбу ҳикояни шахсан Исо Масиҳ тасдиқлаган эди (Матто 19:4, 5). Тўғри, ҳозирги ҳаёт Худонинг иродасидан анча йироқ, муаммолар ҳам бошимиздан ошиб ётибди. Бироқ, келинг оила қандай қилиб бахтли бўлиши мумкинлигини кўриб чиқайлик.

4 Оиланинг ҳар бир аъзоси Худонинг севгисига тақлид қилса, оила бахтли бўлишига ҳисса қўшади (Эфесликларга 5:1, 2). Аммо, биз Худони кўрмаган бўлсак, Унга қандай тақлид қилишимиз мумкин? Тақлид қилишимиз учун Яҳова жуда яхши ўрнак сифатида азиз бир Зотни юборган (Юҳанно 1:14, 18). Ҳазрати Исо Масиҳ ушбу Зот бўлиб, Тангримиз Яҳовага жуда яқин тақлид қилар эди. Шу йўсин одамлар ҳам Исонинг ўрнагидан Яҳовага эргашиши мумкин (Юҳанно 14:9). Хуллас, Исонинг ўрнакли севгисини кўриб ҳамда унга тақлид қилиб, оиламиз бахтли бўлишига ёрдам берамиз.

ЭРЛАР УЧУН ЎРНАК

5 Масиҳ ўз уммати билан қандай муносабатда бўлган бўлса, эрлар ҳам хотинлари билан шундай муносабатда бўлиши даркор. Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар. […] Эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз умматини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади» (Эфесликларга 5:23, 25-29).

6 Исо Масиҳнинг, издошларига бўлган севгиси, эрлар учун ажойиб бир ўрнакдир. Шогирдлари хатолардан холи бўлмаса-да, Исо уларни «охиригача севиб», улар учун ўз жонини фидо қилди (Юҳанно 13:1; 15:13). Муқаддас Китоб: «Эй эркаклар, хотинларингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар», деб маслаҳат беради (Колосаликларга 3:19). Бу маслаҳатга эр қандай амал қилиши мумкин, айниқса хотини гоҳ-гоҳ адашса? Авваламбор эр ҳам адашиб турганини ва Худонинг меҳр-шафқатига муҳтожлигини ёдда тутиши керак. Бироқ Худонинг илтифотига сазовор бўлиши учун у нима қилиши лозим? У ҳам бошқаларни ва айнан хотинини кечириши керак. Албатта, бу маслаҳат рафиқасига ҳам тегишли (Матто 6:12, 14, 15). Никоҳ, кечиришга тайёр бўлган икки кишини бирлаштиради, деб бежиз айтишмайди-да.

7 Исо Масиҳ ўз шогирдларига эътиборли бўлганини эрлар ёдда тутишлари керак. Исо уларнинг чекланган имкониятлару қобилиятларини ҳисобга олар эди. Масалан, шогирдлари чарчаганида у: «Келинглар, бир ўзимиз бирон хилват жойга борайлик, бир оз дам олинглар»,— деб айтган эди (Марк 6:30-32). Хотинлар ҳам меҳрга муҳтож. Муқаддас Китоб аёлларни «заиф жинс» деб атаб, «уларни ҳурматга сазовор ҳисоблашга» ундамоқда. Нега дейсизми? Чунки аёл ҳам эркак каби «абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд» бўлади (1 Бутрус 3:7). Яна эрлар шуни ҳам эсда тутишлари керакки: Худонинг назарида, хоҳ эркак хоҳ аёл бўлсин, инсоннинг софдиллиги қадрлироқдир (Забур 100:6).

8 Муқаддас Китобда: «Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади»,— деб айтилган. Чунки, Ҳазрати Исонинг сўзларига биноан «улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар» (Матто 19:6). Демак, улар фақатгина бир-бири билан жинсий алоқада бўлишлари мумкин (Ҳикматлар 5:15-21; Ибронийларга 13:4). Улар албатта бир-бирининг эҳтиёжларини эътиборга олиб, вафодор бўлишлари даркор (1 Коринфликларга 7:3-5). Қуйидаги эслатма алоҳида эътиборга лойиқ: «Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади». Эр хотинини ўзини севгандай севиб, ўз бошлиғи бўлган Исо Масиҳнинг олдида жавобгар эканини унутмаслиги керак (Эфесликларга 5:29; 1 Коринфликларга 11:3).

9 Азиз ҳаворий Павлус «Исо Масиҳнинг меҳр-муҳаббати» ҳақида гапириб ўтган (Филиппиликларга 1:8). Исонинг меҳр-муҳаббати кўпларни, шу қаторда унинг шогирди бўлган аёлларни ҳам, жалб этарди (Юҳанно 20:1, 11-13, 16). Аёллар турмуш ўртоқларининг меҳр-муҳаббатини қумсайдилар.

ХОТИНЛАР УЧУН ЎРНАК

10 Оила худди ташкилотга ўхшайди, ва у муваффақиятли бўлиши учун унинг бир бошлиғи бўлиши керак. Ҳатто Исо Масиҳ ҳам ўз Бошлиғига бўйсунар эди. Масиҳнинг бошлиғи Худо бўлгани каби «хотиннинг бошлиғи эркакдир» (1 Коринфликларга 11:3). Худонинг раҳбарлигига итоат қилиб, Исо бизга яхши ўрнак кўрсатди, зеро ҳар биримизнинг бошлиғимиз бор.

11 Ҳар бир эр номукаммалдир, шу боис ҳар доим ҳам ўз вазифаларини аъло даражада бажара олмайди. Хўш, хотини нима қилсин? У эрининг обрўсини тушурмаслиги ёки раҳбарликни ўз қўлига олмаслиги керак. Чунки Худонинг назарида ювош ва сокин руҳ қимматбаҳодир (1 Бутрус 3:4). Агар хотин ўзини бундай тутса, ҳатто мушкул аҳволда ҳам: «Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин», деган илоҳий амрга бўйсуниши осонроқ бўлади (Эфесликларга 5:33). Бироқ, эр Исо Масиҳни ўз бошлиғи сифатида тан олмаса-чи? Муқаддас Китоб хотинларга: «Эрларингизга бўйсунинглар. Худо каломига ишонмайдиган баъзи кишилар сиз, аёлларнинг ор-номусли, покдомон хулқ-атворингизни кўриб, имон ҳақида бирон сўз айтилмасданоқ қойил қолсинлар», деб маслаҳат беради (1 Бутрус 3:1, 2).

Соро биби хотинларга қандай ажойиб ўрнак кўрсатди?

Соро Иброҳим билан суҳбат қиляпти

12 Эри «Худо каломига ишонмайдиган» ёки ишонадиган бўлишидан қатъиназар, аёл киши ўз нуқтаи назарини мулойимлик билан айтишга ҳақли. Бу ҳурматсизлик белгисини англатмайди, аксинча, унинг маслаҳати эҳтимол оилага фойда келтириши мумкин. Масалан, бир марта Иброҳим пайғамбарнинг фикри рафиқасининг фикридан фарқ қилган эди. Бироқ Худованд унга: «Соронинг айтадиган ҳамма гапига қулоқ сол»,— деб айтган (Ибтидо 21:9-12). Албатта, Худонинг амрларига зид бўлмаган эрнинг гапи гап бўлиши керак, ва хотин бу йўл-йўриққа тобе бўлиши даркор (Ҳаворийлар 5:29; Эфесликларга 5:24).

13 Ўз вазифаларини бажарган хотин оиланинг бахтли бўлишига анча ҳисса қўшади. Масалан Муқаддас Китоб, хотинлар «ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр, вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар», деб айтмоқда (Титусга 2:4, 5). Бу маслаҳатга амал қилган аёл эрининг ҳамда болаларининг меҳр-муҳаббатини қозонган бўлади (Ҳикматлар 31:10, 28). Эр-хотин номукаммал бўлгани учун, баъзи кескин вазиятлар уларнинг алоҳида яшаши ёки ажралишига олиб келиши мумкин. Тўғри, баъзида Муқаддас Китоб эр-хотиннинг алоҳида яшашларига ижозат беради. Бироқ бу ўта жиддий масала. Инжилда қуйидагини ўқиймиз: «Хотин эридан ажралмасин. […] Эр ҳам ўз хотинини қўйиб юбормасин» (1 Коринфликларга 7:10, 11). Чунки, Муқаддас Китобга биноан, фақатгина бевафолик сабабли ажралиш мумкин (Матто 19:9).

ОТА-ОНАЛАР УЧУН ЎРНАК

14 Ота-оналар фарзандларига қандай муносабатда бўлиши кераклигига доир, Ҳазрати Исо ажойиб ўрнак кўрсатди. Масалан, унинг ёнига болаларни қўйишмаётганида, у киши: «Болаларга йўл қўйинглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар!» — деган эди. «Кейин болаларни қучоқлаб, уларнинг пешаналарини силаб дуо қилди» (Марк 10:13-16). Ҳатто Исо Масиҳ болаларга эътиборли бўлган бўлса, ота-оналар ўз жигарларига эътиборли бўлиши керак эмасми? Фарзандларга шоша-пиша эмас, етарлича вақт ажратиш ўта муҳим. Ота-оналар уларни ўргатиб тарбиялаши лозим, чунки бу Яҳованинг амридир (Амрлар 6:4-9).

Ҳазрати Исо ўрнагидан ота-оналар нималарни ўрганиши мумкин?

1. Исо болаларга гапиряпти; 2. Ота ўз ўғли билан гапиряпти

15 Борган сари дунё ёвузлашиб борар экан, ота-оналар фарзандларини ҳимоя қилиши даркор, айниқса номусга тажовуз қиладиган разил одамлардан. Исо Масиҳ издошларини «болаларим» деб атаб, уларни қанчалик асраб-авайлаганига эътибор беринг. Ҳатто уни қатл қилиш учун тутишганларида, Исо шогирдларини қўйиб юборишлари учун ғамхўрлик қилган (Юҳанно 13:33; 18:7-9). Ота-она экансиз, фарзандларни Шайтоннинг таъсиридан ҳимоя қилиш сизнинг бурчингиздир. Уларга доимо насиҳат бериб туришингиз керак* (1 Бутрус 5:8). Ҳозирги вақтда бўлгани каби ҳали ҳеч қачон уларнинг жисмоний, ахлоқий ва руҳий-маънавий соғлиги шунчалик хавф остида бўлмаган.

16 Ҳазрати Исонинг ўлимидан олдин шогирдлари, биздан ким энг буюк деб тортишиб кетишди. Уларга ғазабланиб таъна қилишдан кўра, Исо Масиҳ севги ила насиҳат бериб, ўз ўрнагини ҳавола қилди (Луқо 22:24-27; Юҳанно 13:3-8). Сиз ота-оналар, болаларни тарбиялашда Исонинг ўрнагига қандай тақлид қилишингиз мумкин? Тўғри, танбеҳ беришга ҳақлисиз, бироқ меъёрини билиб, буни ҳеч қачон ғазаб ила қилманг. Сўзларингиз худди жароҳатлайдиган қиличдай бўлмасин (Еремиё 30:11; Ҳикматлар 12:18). Бераётган таълим-тарбиянгиз шундай бўлсинки, бола кейинчалик насиҳатнинг фойдасини кўрсин (Эфесликларга 6:4; Ибронийларга 12:9-11).

ФАРЗАНДЛАР УЧУН ЎРНАК

17 Ҳазрати Исо Масиҳдан болалар ҳам ўрнак олиши мумкинми? Бўлмасам-чи! Ота-онага итоат қилишда Исо ажойиб бир ўрнак кўрсатди. У шундай деган: «Отам Менга қандай ўргатган бўлса, шундай сўзлаяпман. […] Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан» (Юҳанно 8:28, 29). Исо Масиҳ самовий Отасига итоат қилганидай, болалар ҳам ота-оналарига итоат қилиши керак (Эфесликларга 6:1-3). Боз устига, Исо Масиҳ мукаммал бўла туриб, номукаммал ота-онаси Юсуф билан Марямга итоатли бўлган. Шубҳасизки, оиланинг ҳар бир аъзосига бу шодлик келтирар эди (Луқо 2:4, 5, 51, 52).

18 Болалар Исо Масиҳнинг ўрнагига тақлид қилиб, ота-онасини хурсанд қила олиши мумкинми? Тўғри, ота-онанинг гапига қулоқ солиш доимо осон эмас, бироқ бу Тангри Таолонинг хоҳиш-иродасидир (Ҳикматлар 1:8; 6:20). Ҳазрати Исо ҳатто қийин вазиятларда ҳам самовий Отасига итоат қилган. Бир марта, Худонинг амрини бажариш ниҳоятда қийин бўлгани учун Исо: «Кошки бу заққум косани [маълум бир вазифани] Мендан ўтказиб юборсанг»,— деган эди. Бунга қарамай у Худонинг ҳикматига таяниб Унинг иродасини бажарган (Луқо 22:42). Итоатли бўлишни ўрганиб, болалар ота-онасини ҳам, самовий Отани ҳам хурсанд қилиши мумкин# (Ҳикматлар 23:22-25).

Синовларда болалар нимани ёдда тутиши керак?

Бола синфдошларининг таклифини инкор этяпти

19 Иблис ҳатто Исо Масиҳни синов қилган экан, болаларни ҳам ёмон ишларга чорлашига амин бўлишимиз мумкин (Матто 4:1-10). Унинг энг айёр тузоғи — тенгдошларнинг таъсиридир. Худонинг амрларидан бош тортган одамлардан четда бўлиш қанчалик муҳим (1 Коринфликларга 15:33). Масалан, Ёқуб алайҳиссаломнинг Дина деган қизи Яҳовага хизмат қилмаган одамлар билан дўст бўлиб, бошига бало орттирган эди (Ибтидо 34:1, 2). Агар кимдир ахлоқсиз ҳаёт кечира бошласа, оила учун бу қанчалик қайғу келтиришини бир ўйлаб кўринг! (Ҳикматлар 17:21, 25).

ОИЛАВИЙ БАХТНИНГ СИРИ

20 Оила Муқаддас Китоб маслаҳатларига риоя қилса, муаммоларни енгиш осонроқ бўлади. Оилавий бахтнинг сири айнан шундадир. Хуллас, эрлар, Исо Масиҳ издошларини севганидай, хотинларингизни шундай севинглар. Хотинлар, эрларингизга бошлиқ сифатида бўйсуниб, Ҳикматлар 31:10-31- оятларида ёзилган «фаросатли хотинга» ўхшаш бўлинг. Ота-оналар, фарзандларингизни тарбияланг (Ҳикматлар 22:6). Оталар, уйингизни яхши бошқарадиган бўлинглар (1 Тимўтийга 3:4, 5; 5:8). Фарзандлар, ота-онангизга итоатда бўлинг (Колосаликларга 3:20). Ҳеч бир оила мукаммал эмас ва барчамиз хато қиламиз. Шу йўсин бир-биримиздан камтарлик ила кечирим сўрашдан чарчамайлик.

21 Дарҳақиқат, Муқаддас Китобнинг қимматбаҳо маслаҳатлари оилани бахтли қилишга қодир. Боз устига, унда келажакдаги жаннатда Яҳовага топинувчилар бахтли бўлиши тўғрисида баён этилган (Ваҳий 21:3, 4). Бизни қанчалик ажойиб келажак кутмоқда! Лекин, ҳозирнинг ўзида Худонинг маслаҳатларига риоя қилиб, оилавий бахтга эришиш имконияти бор.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак (Эфесликларга 5:25-29).
  • Хотинлар болаларини севадиган, эрларини ҳурмат қиладиган бўлсин (Титусга 2:4, 5).
  • Ота-оналар фарзандларини севги ила тарбиялаб, ҳимоя қилиши даркор (Амрлар 6:4-9).
  • Фарзандлар ота-оналарига итоат қилиши лозим (Эфесликларга 6:1-3).

*  Фарзандларингизга, ҳеч бир кимса жинсий аъзоларига тегиб, силаши мумкин эмаслигини тушунтириб, хавф-хатарли ҳисобланган одамлару жойлардан огоҳлантиринг. Кўпроқ маълумот олиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Улуғ Устоздан ибрат олинг», деб номланган китобнинг 32- бобига қаранг.

#  Ота-онаси Худонинг амрларига зид нарсани талаб қилганда, бола бунга итоат қилмаса тўғри бўлади (Ҳаворийлар 5:29).


Тадқиқ учун саволлар

1. Оилавий бахтнинг сири нимада?

2. Оилавий ҳаёт бахтли бўлиши учун, нимани тан олишимиз керак?

3. Муқаддас Китобга биноан илк оила қандай пайдо бўлди, ва нега бунга амин бўлишимиз мумкин?

4. а) Қандай қилиб оиланинг ҳар бир аъзоси оила бахтли бўлишига ҳисса қўшиши мумкин? б) Нега айни Исонинг ўрнаги оиламиз бахтли бўлишига ёрдам беради?

5, 6. а) Масиҳ ўз уммати билан қандай муносабатда бўлган, ва эрлар ундан қандай ўрнак олиши мумкин? б) Худонинг илтифотига сазовор бўлиш учун нима қилиш лозим?

7. Исо Масиҳ нимани ҳисобга олар эди, ва эрлар бундан қандай сабоқ олиши мумкин?

8. а) Қайси маънода «ўз хотинини севган ўзини ўзи севади»? б) Эр ва хотин учун «бир тан» бўлиш нимани англатади?

9. Ҳаворий Павлус Исонинг қайси фазилати тўғрисида гапириб ўтган, ва нима учун эрлар бу фазилатни қўллаши лозим?

10. Исо хотинларга қандай ўрнак кўрсатди?

11. Хотин ўз эрига нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак, ва бу қандай самаралар келтириши мумкин?

12. Нега аёл киши ўз нуқтаи назарини мулойимлик билан айтишга ҳақли?

13. а) Титусга 2:4-, 5- оятлари хотин кишини нимага рағбатлантиряпти? б) Муқаддас Китобда алоҳида яшаш ва ажралиш тўғрисида нима дейилган?

14. а) Ҳазрати Исо Масиҳ болаларга қандай муносабатда бўлган? б) Фарзандлар нимага муҳтож?

15. Ота-оналар фарзандларини қандай ҳимоя қилиши даркор?

16. Исо Масиҳ шогирдларнинг номукаммаллигига қандай қараган, ва ота-оналарга бу қандай ўрнакдир?

17. Қандай қилиб Исо Масиҳ болаларга ажойиб бир ўрнак кўрсатди?

18. а) Нега Исо Масиҳ доимо самовий Отасига итоат қилган? б) Итоатли бўлиб болалар кимни хурсанд қиладилар?

19. а) Иблис болаларни нималарга чорламоқда? б) Болаларнинг хулқ-атвори ота-онага қандай таъсир қилиши мумкин?

20. Оила бахтли бўлиши учун, оиланинг ҳар бир аъзоси нима қилиши керак?

21. Бизни қандай ажойиб келажак кутмоқда, ва оилавий бахтга ҳозирнинг ўзида қандай эришиш мумкин?

Кўпроқ билиш

БУГУНГИ КУНДА ТАНГРИ ЯҲОВАНИНГ ИРОДАСИНИ КИМ БАЖАРЯПТИ?

Оилавий топиниш нима ўзи?

Ушбу тадбир Худога яқинлашишга ҳамда оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга қандай ёрдам беришини билиб олинг.