Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

6- БОБ

Ўлимдан кейин ҳаёт борми?

Ўлимдан кейин ҳаёт борми?

Ўлимдан кейин нима содир бўлади?

Одамлар нега ўладилар?

Нега ўлим тўғрисида ҳақиқатни билсак, тасалли топган бўламиз?

МАНА минг йиллардан бери, бу муҳим саволлар инсониятни қизиқтириб келмоқда. Ҳа, улар жуда муҳим. Ким бўлишингиздан ва қаерда яшашингиздан қатъиназар, бу саволларнинг жавоблари сизга ҳам тегишли.

2 Аввалги бобда, Исо Масиҳ биз учун жонини фидо қилиб, абадий ҳаётга бўлган имкониятни очиб берганини кўрдик. Шунингдек, келажакда «ўлим сира бўлмаслигини» билиб олдик (Ваҳий 21:4). Аммо ҳозир барчамиз ўлимга дучормиз. Ҳазрати Сулаймон деганларидай: «Ҳаёт бўлганлар ҳеч бўлмаса ўлишларини биладилар» (Воиз 9:5). Ҳар кимнинг яшагиси келар, лекин барчамизни шундай савол ҳам қизиқтиради: ўлимдан кейин ҳаёт борми?

3 Яқинларимизнинг ўлими жуда даҳшатли воқеадир. Эҳтимол бизни: «Ўлимдан кейин нима содир бўлади? Ўлганлар азоб чекишадими? Улар бизни кузатиб туришга қодирми? Уларга ёрдам беришимиз мумкинми? Қачон бўлмасин уларни яна кўра оламизми?» — деган саволлар безовта қилади. Лекин диндорлар ўзгача жавоб беришади. Масалан улардан баъзилари: «Ўлганидан сўнг яхши одамлар осмонга, ёмон одамлар эса оловли дўзахга кетишади»,— деб таъкидлашади. Бошқалар эса: «Ўлганлар нариги дунёга, ота-боболари ёнига боришади»,— деб айтишади. Яна бошқалари эса: «Ўлганлар ҳукм қилинади ва сўнг бошқа танага кириб ҳаётини давом этади»,— дейишади.

4 Кўп диндорлар битта асосий фикрга қўшилади: одамнинг қайсидир қисми тана ўлимидан сўнг ҳаётини давом этиб, кўриш, эшитиш ва ўйлаш қобилиятига эга. Бунга қадим замонлардан ишониб келишган. Лекин ҳақиқатан шундайми? Одамнинг ҳис-туйғулари унинг мияси билан боғлиқ. Лекин одам ўлса унинг мияси ўз фаолиятини тўхтатади-ку. Шунда хотиралару ҳис-туйғулар йўқ бўлиб кетади, чунки миясиз улар ҳеч нарсага яроқсиз.

ЎЛИМДАН КЕЙИН НИМА СОДИР БЎЛАДИ?

Ўчиб қолган шам

Олов қаерга ғойиб бўлди?

5 Бу масала мияни яратган Парвардигор Яҳовага маълум. Ва У, бу сирни Муқаддас Китобда очиб бермоқда. Ундан қуйидаги ҳақиқатни билиб оламиз: одам ўлганида йўқ бўлиб кетади. Ўлим ҳаёт билан қарама-қаршидир. Ўлганлар на кўришади, на эшитишади ва на фикрлай олишади. Одам ўлганида унинг қандайдир боқий яшайдиган на жони ва на руҳи бор*.

6 Ҳазрати Сулаймон: «Ҳаёт бўлганлар ҳеч бўлмаса ўлишларини биладилар»,— деганидан сўнг: «Марҳумлар эса ҳеч нарсани билмайдилар»,— деб қўшиб қўйди. Кейин гапида давом этиб, ўлганлар на севишга ва на нафратланишга қодир, чунки қабрда «ҳеч қандай иш, фаҳм-идрок, билим ёки донолик йўқдир», деб айтди (Воиз 9:5, 6, 10). Шунингдек, Забурда: «Пучга чиқар унинг [марҳумнинг] барча мурод-орзулари»,— деб ёзилган (Забур 145:4). Барчамиз фониймиз. Ҳаётимизни шамда ёниб турган оловга ўхшатиш мумкин. Оловга пуфласангиз, у бошқа бир жойга кўчиб бормайди, балки йўқ бўлиб қолади.

ЎЛИМ ТЎҒРИСИДА ИСО МАСИҲНИНГ ФИКРИ

7 Исо Масиҳ ўлганларнинг ҳолати тўғрисида билар эди. Масалан унинг Лазар исмли яқин дўсти қазо қилганида, Исо шогирдларига: «Дўстимиз Лазар ухлаб қолди»,— деб айтди. Шогирдлари Исо одатдаги уйқу тўғрисида гапиряпти шекилли деб ўйладилар. Лекин улар янглишган. Шунда Исо уларга очиғини айтди: «Лазар вафот этди» (Юҳанно 11:11-14). Эътибор беринг: Исо ўлимни уйқу билан таққослади. Лазар на осмонга, на оловли дўзахга жўнади. У на фаришталар билан ва на ўтиб кетган аждодлари билан кўришди. Шунингдек, Лазар бошқа танага кўчиб ўтгани йўқ. Ўлиб, у худди тушдан ҳоли қаттиқ уйқуга кетгандай бўлди. Исо Масиҳ ўлимни уйқу билан солиштирган бу воқеа танҳо мисол эмас. Бошқа сафар Исо, Яир исмли кишининг ўлиб қолган қизини тирилтирганида: «У ўлган эмас, фақат ухлаб ётибди»,— деган эди (Луқо 8:52, 53). Шунингдек, ҳазрати Довуд «ўлим уйқуси» ҳақида ёзган эди (Забур 12:4).

Бахтли жуфтлик

Яҳова инсонларни абадий ҳаёт учун яратган

8 Лекин ўлим Худонинг ниятларига кирганмикин? Хўш, меҳрибон ота-она болаларининг қариб ўлишларини хоҳлайдими? Асло! Худди шунга ўхшаб, Тангри Таоло Яҳова, бандалари ер юзида абадий яшасин деган эди. Боя билиб олганимиздай, Худованд илк инсон жуфтини жаннатга жойлаштириб, уларга мукаммал соғлик ато этди. Ҳа, Яҳова уларни ҳар тарафлама баракалади. У ҳатто инсонларнинг қалбига «вақт ўтишини сезиш» қобилиятини жо қилган (Воиз 3:11). Мана нима сабабдан одамнинг яшагиси келар. Ва аминмизки, Худо барча ниятларини, шу жумладан одамларга абадий ҳаёт насиб этиш ниятини, албатта амалга оширади.

ОДАМЛАР НЕГА ЎЛАДИЛАР

9 Бўлмаса нега одамлар ўлади? Бу саволга жавоб топиш учун, илк эркак ва аёл билан нима содир бўлганини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китоб: «Худованди Карим кўзга ёққан, емоққа яхши бўлган ҳар хил дарахтни ердан ўстирди»,— деб ҳикоя қилади (Ибтидо 2:9). Сўнгра Парвардигоримиз Яҳова Одам Атога буюриб деди: «Боғнинг ҳар бир дарахтидан еявергин. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан» (Ибтидо 2:16, 17). Бу буйруқ асло қийин эмас эди. Сабаби, Одам Ато билан Момо Ҳаво боғнинг хилма-хил дарахтидан ейиши мумкин эди. Ҳа, Тангри Яҳова уларга шунча барака ёғдириб, мукаммалликни ато этди. Итоаткорлиги билан улар меҳрибон Худонинг раҳбарлигини тан олиш ҳамда миннатдорчилик изҳор қилиш имкониятига эга бўлишди.

10 Минг афсуски, илк инсонлар Худога қарши чиқишди. Илондан фойдаланиб Шайтон Момо Ҳаводан сўради: «Чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдимикин?» Момо Ҳаво жавобан: «Боғ дарахтларининг мевасидан ея оламиз-у, Худо фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасини еманглар, унга тегманглар, бўлмаса ўласизлар, деди»,— деб айтди (Ибтидо 3:1-3).

11 Шунда Шайтон: «Йўқ, мутлақо ўлмайсизлар!» — деб, давом этди: «Худо биладики, ундан еган куниёқ, кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар» (Ибтидо 3:4, 5). Шайтон, агар Момо Ҳаво тақиқланган дарахтнинг мевасидан еса бахтлироқ бўлади, деб ишонтирмоқчи бўлди. Унинг фикрича, Момо Ҳаво ўзи ҳам яхши ва ёмоннинг фарқига бора оларди. Шунингдек, Шайтон Яҳовани бандаларидан яхши нарсаларни яширадиган золим ёлғончи қилиб кўрсатди. Хуллас, Момо Ҳаво Шайтонга ишониб, нафақат ўзи мевадан еди, балки эрини ҳам ўзига шерик қилди. Улар буни билмай қилиб қўйишди, дейиш жоиз бўлмас эди. Чунки бу қилиқ билан Худога қарши чиқаётганларини улар яхши билар эди. Мевадан еб, улар бир оддий ва маъноли буйруқдан воз кечишди. Улар бутун олам Ҳукмдорига ҳурматсизлик кўрсатишди. Бу эса жуда хунук иш эди!

12 Мисол тариқасида: болаларингизни жон куйдириб катта қилсангиз-у, улар эса сизни на севишса ва ҳатто на ҳурмат қилишса, бу худди юрагингизга ўқ қадалгандай бўлмасмиди? Энди эса Одам Ато билан Момо Ҳавонинг исёнларини кўриб турган Яҳова Таолонинг ҳис-туйғуларини бир ўйлаб кўринг-да!

Аллоҳ Одаматони тупроқдан яратган

Одам Ато тупроқдан ясалган ва тупроққа қайтди

13 Итоатсиз Одам Ато билан Момо Ҳавонинг ҳаёти ортиқ давом эта олмас эди. Худованд огоҳлантирганидай улар ҳаётдан кўз юмдилар. Одам Ато билан Момо Ҳаво шунчаки йўқ бўлиб қолдилар. Улар нариги дунёга кўчиб ўтган эмаслар. Буни қаердан биламиз? Муқаддас Китобда Яҳова Таолонинг Одам Атога қарата айтган сўзларини ўқиймиз: «Сен ердан олингансан ва ерга қайтасан… Зеро тупроқдирсан ва тупроққа қайтарсан» (Ибтидо 3:19). Худованди Карим Одам Атони ернинг тупроғидан ясаган (Ибтидо 2:7). Яратилишидан олдин Одам Ато ҳеч қаерда бўлмаган. Шунинг учун «тупроққа қайтарсан» деган сўзлар, Одам Атонинг шунчаки йўқ бўлиб кетишини англатар эди.

14 Агар Одам Ато билан Момо Ҳаво Худога итоат қилишганида, ҳозирга қадар ҳаётлари давом этар эди. Бироқ Одам Атонинг гуноҳга қўл ургани натижасида, барчамиз гуноҳ ва ўлимга дучормиз (Римликларга 5:12). Наслдан наслга ўтадиган гуноҳ, юқумли касаллик каби, инсоният устидан лаънат бўлиб турибди. Ўлим эса гуноҳнинг натижасидир. Ўлим дўст эмас, балки — душмандир (1 Коринфликларга 15:26). Ҳа, бу шафқатсиз душмандан бизни тўлов орқали халос қиладиган Худойимиз Яҳовага минг қатла шукур!

ЎЛИМ ТЎҒРИСИДА ҲАҚИҚАТНИ БИЛИШ ТАСАЛЛИДИР

15 Муқаддас Китоб ўлганларнинг ҳолатини бизга билдириб чиндан ҳам тасалли бермоқда. Кўриб турганимиздай, ўлганлар на азоб чекишади ва на оғриқни сезишади. Улар билан на сўзлаша оламиз ва на уларни эшита оламиз. Марҳумлар бизга на ёрдам бера олади, на ёрдамимизга муҳтожлар. Улар зиён етказишга ҳам ожиз, шул сабаб улардан қўрқишга ҳеч қандай асос йўқ. Бироқ, руҳонийларнинг кўпи ўз дуолари билан ўлганларга ёрдам беришларини айтишади, ва бунга ишонганлар бунинг эвазига пул беришга тайёр. Лекин, ўлим тўғрисида ҳақиқат бунга ўхшаш ёлғондан бизни ҳимоя қилади.

16 Муқаддас Китобнинг ушбу таълимоти динингизга мувофиқми? Аксарият динда бундай эмас. Бироқ нега? Чунки уларнинг таълимотлари Шайтоннинг таъсири остида вужудга келди. Шайтон сохта дин орқали, одам ўлганидан сўнг нариги дунёда яшашни давом эттиради, деб ишонтирмоқчи. Шу каби сохта таълимотлар бизни Тангримиз Яҳовадан узоқлаштиради. Қандай қилиб дейсизми?

17 Юқорида айтилганидай, баъзи динда қуйидаги таълимот мавжуд, яъни ёмон одамлар оловли дўзахда абадий азоб чекишар эмиш. Бу таълимот Худога шак келтириш билан баробардир. Меҳрибон Тангримиз Яҳова ҳеч қачон шундай қилган бўлмас эди (1 Юҳанно 4:8). Масалан, жазолаш тариқасида ота терс бўлган ўғлининг қўлини олов устида куйдирса, бунчалик бераҳм кимса ҳақида нима деб ўйлар эдингиз? Балки у билан яқиндан танишиш истагингиз пайдо бўлиб, уни янада ҳурматлар эдингизми? Қайдам. Бироқ Шайтон Яҳовани айнан шундай, абадий азоб келтирадиган бераҳм зот сифатида кўрсатмоқчи.

18 Шайтоннинг яна бир сохта таълимоти мавжуд. Унга биноан ўлганларнинг руҳи ё дўстга ёки ашаддий душманга айланар экан. Шул боис, одамлар ўликлардан қўрқиб, уларнинг шаънига дуолар ўқийди ёки ҳатто сиғинишади. Бу таълимотга кўпчилик ишонса ҳам, у сохтадир. Зеро Муқаддас Китоб марҳумлар ўлим уйқусида, деб ўргатмоқда. Сиғинишга келсак эса, унга фақат Парвардигори Олам Яҳова лойиқдир (Ваҳий 4:11).

19 Ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш сизни сохта дин таълимотларидан ҳимоя қилади. Шунингдек, Муқаддас Китоб таълимотларини яхшироқ тушуна оласиз. Масалан, нариги дунё йўқ эканини англаб, ер юзидаги абадий ҳаётга бўлган умид нақадар бебаҳо эканини тушунасиз.

20 Аюб алайҳиссалом шундай саволни кўтарганлар: «Одам ўлса қайта яшай олармикан?» (Аюб 14:14, ЯДТ). Ҳақиқатан ҳам, ўлим уйқусига кетган кимса ҳаётга қайтиши мумкинми? Келаси бобдан, Муқаддас Китобнинг бу ҳақдаги тасалли берадиган таълимотини билиб оламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Ўлганлар на кўришади, на эшитишади ва на фикрлай олишади (Воиз 9:5).
  • Ўлганлар азоб чекишмайди; уларнинг ҳолати уйқуга ўхшаш (Юҳанно 11:11).
  • Одам Атонинг гуноҳи дастидан ўлимга дучормиз (Римликларга 5:12).

*  «Жон» ва «руҳ» тўғрисида Иловадан билиб олиш мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1-3. Одамларни қандай саволлар безовта қилади ва диндорлар қандай ўзгача жавоблар беришмоқда?

4. Қайси асосий фикрга кўп диндорлар қўшилади?

5, 6. Ўлганларнинг ҳолати тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган?

7. Исо Масиҳ ўлимни нима билан таққослади?

8. Ўлим Худонинг ниятларига кирмаганини қаердан биламиз?

9. Парвардигоримиз Яҳова Одам Атога нима буюрди, ва нега бу буйруқ асло қийин эмас эди?

10, 11. а) Қандай қилиб илк инсонлар Худога қарши чиқишди? б) Нимага Одам Ато билан Момо Ҳавонинг бу қилиқлари хунук эди?

12. Қандай мисол Яҳованинг ҳис-туйғуларини тушунишимизга ёрдам беради?

13. Яҳова Таоло Одам Атога қарата нима деган, ва бу сўзлар нимани англатар эди?

14. Одамлар нега ўладилар?

15. Нега ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш тасаллидир?

16. Аксарият динлар кимнинг таъсири остида ва нега?

17. Нега абадий азоб ҳақидаги таълимот Худога шак келтириш билан баробардир?

18. Ўлганлар билан боғлиқ қандай сохта таълимот мавжуд?

19. Нега ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш яхшидир?

20. Келаси бобда қайси савол кўриб чиқилади?