Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Муқаддас Китоб таълимотлари»

7- БОБ

Ўлганлар учун ҳақиқий умид

Ўлганлар учун ҳақиқий умид

Ўликларнинг тирилишини қаердан биламиз?

Тирилишга нисбатан Яҳова Таолонинг нуқтаи назари қандай?

Кимлар тирилади?

ТАСАВВУР қилинг: орқангиздан ашаддий душман қувиб келяпти. Бу шафқатсиз кимса ҳатто кўзингиз олдида баъзи дўстларингизни қатл қилди. Ҳозир эса бетўхтов орқангиздан қувиб, борган сари яқинлашиб келяпти. Ҳа, у сиздан анча чаққон ва кучли. Қутулишга ҳеч қандай умид йўқдай кўриняпти. Бироқ, ногаҳон қудратли халоскор пайдо бўлиб, сизни қутқариб қолмоқчи. Оҳ, қандай яхши!

2 Қайсидир жиҳатдан сизнинг чиндан ҳам шундай душманингиз бор. Ҳа, у ҳар биримизнинг кетимиздан қувиб келмоқда. Олдинги бобдан ҳатто у ким эканини билиб олдик. Муқаддас Китоб уни — ўлим, деб атамоқда. Ҳеч биримиз ундан устун кела олмаймиз ҳам, ундан қутула олмаймиз ҳам. У баъзи яқин кишиларимизни ҳаётдан маҳрум қилди. Бироқ, Яҳова ўлимдан қудратлидир. У бизнинг Халоскоримиздир. Ҳа, Худованд ўлимни бутунлайин бартараф қилади, чунки олдин ҳам Ўз қудратини намоён қилган. Муқаддас Китобда Худонинг қуйидаги ваъдасини ўқиймиз: «Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади» (1 Коринфликларга 15:26). Қандай яхши хабар!

3 Жудолик азоби қанчалик оғир бўлишини бир ўйлаб кўринг. Шунда юқорида айтилган хушхабар қанчалик тасалли беришини пайқайсиз. Зеро Худойимиз Яҳова ўлганлар тирилади, деб ваъда бермоқда (Ишаё 26:19). Бу ажойиб бир умид, чунки ўлганлар ҳаётга қайтиши муқаррардир.

ЯҚИНИНГИЗ ҲАЁТДАН КЎЗ ЮМСА

4 Жудолик азобини бошдан кечирганмисиз? Шундай вақтларда қайғу-алам чекиб, дод дегингиз келади. Аммо Муқаддас Китоб тасалли беришга қодир (2 Коринфликларга 1:3, 4). Чунки ундан Худовандимиз Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг ўлимга бўлган нуқтаи назарини билиб оламиз. Нега айни Исо Масиҳнинг дейсизми? Ахир у Худонинг нуқтаи назарига комил даражада тақлид қилар, ва жудолик азоби қанчалик оғир бўлишини яхши билар эди (Юҳанно 14:9). Масалан, Қуддусга йўл олган пайтлари Исо Масиҳ Байтания деган қишлоқда Лазар, Марта ва Марям исмли дўстлариникида тунаб қолар эди. Улар бир-бирларига жуда яқин бўлиб қолишган эди. Муқаддас Китобда ҳатто: «Исо Марта ва унинг синглисини ҳамда Лазарни севар эди»,— деб айтилади (Юҳанно 11:5). Бироқ, ўтган бобдан билиб олганимиздай, Лазар вафот этди.

5 Жонажон дўстидан айрилиш Исо Масиҳга қандай таъсир қилган экан? Исо келиб, дўстларию қариндошларига тасалли бермоқчи бўлди. Бироқ одамларнинг қайғу ва кўз ёшларини кўриб, Исонинг ўзи ҳам изтиробга тушди. Унинг «кўнгли ўртаниб кетиб… кўзи ёшланди» (Юҳанно 11:33, 35). Демак, Исонинг ҳеч қандай умиди йўқ экан-да, деб айтиш жоизми? Асло. Чунки Исо Масиҳ мўъжиза юз беришини билар эди (Юҳанно 11:3, 4). Лекин шунга қарамай Исо изтироб чеккан.

6 Исо ўзини шундай тутиши бизга тасалли беради. Бундан, Исо Масиҳ ҳамда Яҳова Таоло ўлимдан нафратланишини кўриб турибмиз. Бироқ Қодир Аллоҳ бу шафқатсиз душмандан устун келиши ҳеч гап эмас! У Ўз қудратини Исо Масиҳга ҳам ато этган.

«ЛАЗАР, ТАШҚАРИГА ЧИҚ!»

7 Лазарнинг жасадини бир ғорга қўйишган эди. Исо ғорнинг оғзидаги тошни олиб қўйишни буюрди. Бунга Марта эътироз билдириб, Лазарнинг ғорга қўйилганига тўрт кун бўлиб қолганини ва ҳидланиб қолганини айтди (Юҳанно 11:39). Боз устига, ўлган одамга қандай ёрдам бериш мумкин?

8 Қандай бўлмасин тош олиб қўйилди. Шунда Исо баланд овоз билан хитоб қилиб: «Лазар, ташқарига чиқ!» — деди. Шу пайт «жасад чиқиб келса» борми! (Юҳанно 11:43, 44). Одамлар нақадар ҳайратда қолганини тасаввур қилиб кўринг-да! Чунки опа-синглисию қариндошлари, дўстларию қўшнилари Лазарни кўришдан умидларини узишган эди. Энди эса қадрдон одамлари соғу омон ораларида турибди. Мўъжиза юз берди! Одамлар беҳад хурсанд бўлиб, эҳтимол кўплари Лазарни бағрига босмоқчи. Дарҳақиқат, бу, ўлим устидан ғалабадир!

Лазарнинг тирилиши натижасида юз берган хурсандчилик (Юҳанно 11:38-44)

Исо Масиҳ Лазарни тирилтириши

9 Бу билан Исо Масиҳ одамларнинг эътиборини жалб қилмоқчи эмас эди. Чунки Лазарни тирилтиришдан олдин Исо қодир Аллоҳ Яҳовага ибодат қилиб, қудратни Ундан олганини кўрсатди (Юҳанно 11:41, 42). Бироқ Яҳованинг қудратини кўрсатадиган бу ҳодиса биттагина эмас. Муқаддас Китобда бундай ҳодисалардан тўққизтаси қаламга олинган*. Ушбу ҳодисаларни ўқиб кўрингда, улар қанчалик тасалли беришини кўрасиз. Улар Худованд юз-хотир қилмаслигини, аксинча ёшми, қарими, эркакми, аёлми ва миллатга қарамай ҳаммани бир қаторда тирилишга сазовор кўришини билиб оламиз. Шунингдек, ҳодисаларнинг шодиёна руҳини айтмайсизми! Масалан, Исо Масиҳ бир қизалоқни тирилтирганида, ота-онаси хурсанд бўлганидан «ақли шошди» (Марк 5:42). Яҳова Таолонинг уларга кўрсатган иноятини унутиб бўлмайди.

10 Тўғри, вақти келиб Исо Масиҳ тирилтирган одамлар қазо қилишди. Унда, наҳотки уларни тирилтириш бефойда эди? Асло! Бу ҳодисалар бизга умид бахш этиб, муҳим бир ҳақиқатни исботлайди.

ТИРИЛИШ НИМАНИ ИСБОТЛАЙДИ

Илёс пайғамбар, бева аёл ва тирилган ўғли

Илёс пайғамбар бева аёлнинг ўғлини тирилтириши (3 Шоҳлар 17:17-24)

11 Муқаддас Китоб ўлганлар «ҳеч нарсани билмайдилар», деб ўргатмоқда. Улар беҳуш ҳолатда бўлади. Марҳумлар нариги дунёга ўтмайди. Лазар билан бўлган ҳодиса бунинг исботидир. Ўйлаб кўринг: Лазар тирилганида осмондаги фароғат тўғрисида айтганмиди? Ёки жаҳаннам олови билан одамларни қўрқитганмиди? Йўқ. Муқаддас Китобда бундай сўзларни учратмаймиз. Лазар вафот этиб тўрт кун мобайнида ҳеч нарса сезмай беҳуш ҳолатда бўлган (Воиз 9:5). Ҳа, у шунчаки ўлим уйқусида эди (Юҳанно 11:11).

12 Лазар билан юз берган мўъжиза, тирилиш ҳақиқатан бўлишини кўрсатмоқда. Исо Масиҳ бу мўъжизани ҳамманинг кўзи ўнгида қилган эди. Ҳатто Исодан нафратланаётган уламолар буни инкор этишга ожиз эди. Аксинча улар: «Биз нима қилайлик? Бу Одам [Исо Масиҳ] жуда кўп мўъжизалар яратиб юрибди-ку!» — дейишар эди (Юҳанно 11:47). Тирилган Лазарни кўриш учун тўда-тўда одамлар келишар эди. Лазарни кўриб, улардан кўпи Исо Масиҳни Худо юборганига ишондилар. Шу сабаб, яҳудий уламолари нафақат Исо Масиҳни, балки тирилган Лазарни ҳам ҳалок қилиш пайига тушишди (Юҳанно 11:53; 12:9-11).

Бутрус Тавита исмли аёлни тирилтириши

Азиз ҳаворий Бутрус Тавита исмли аёлни тирилтириши (Ҳаворийлар 9:36-42)

13 Бироқ тирилишига инонмоқ хаёлпарастлик эмасми? Йўқ, асло! Исо Масиҳ аминлик билан «қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси» тирилади деб айтган (Юҳанно 5:28). Парвардигори Олам Яҳова — ҳаёт манбаидир. Наҳотки Аллоҳ учун марҳумларни тирилтириш имконсиз бўлса? Ўйлаб кўринг, коинотда сон-саноқсиз юлдузлар мавжуд, бироқ Худованд барчасини номи ила чақирар! (Ишаё 40:26). Демак, марҳумларни ўша-ўша қобилияту фазилатлари билан ҳаётга қайтариш, Яҳова учун оғир иш эмас.

14 Бироқ, Яҳованинг марҳумларни тирилтириш истаги борми? Албатта! Бу тўғрисида Муқаддас Китобда ҳам айтилган. Масалан, Аюб алайҳиссалом тирилиш вақти тўғрисида гап юритиб: «Одам ўлса қайта яшай олармикан?» — деган савол кўтарган эди. Ва гапини Яҳовага қаратиб, давом этди: «Сен чақирар эдинг, мен эса жавоб берар эдим. Бунёд этган ижодингни жуда қўмсар эдинг» (Аюб 14:13-15, ЯДТ).

15 Фақат ўйлаб кўринг: Яҳова Таолонинг ўлганларни ҳаётга қайтариш истаги бор! Бу нақадар қувончли-а! Лекин кимлар тирилади, ва улар қаерда яшайдилар?

«ҚАБРДА ЁТГАН МАРҲУМЛАР»

16 Муқаддас Китобда қаламга олинган тирилиш ҳодисалари, келажакдаги улкан тирилишнинг акси холос. Қадимда бўлган тирилиш ҳодисалари шу ер юзида содир бўлгани каби, келажакдаги тирилиш ҳам айнан шу ер юзида, фақат жаҳон миқёсида бўлади. Китобимизнинг 3- бобидан билиб олганимиздай, Худованд бутун ер юзини жаннатга айлантирмоқчи. Демак марҳумларнинг тирилиши уруш, жиноят ва касалликларга тўла дунёда содир бўлмайди. Аксинча, улар келажакдаги янги дунёда ҳаётга қайтиб, бахтли ва абадий ҳаёт кечирадилар.

17 Кимлар тирилади? Исо Масиҳ: «Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг [Исо Масиҳнинг] овозини эшитади… Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар»,— деб айтган эди (Юҳанно 5:28, 29). Шунингдек, бошқа оятда қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, тамуғ [юнон. Ҳадес] ҳам ўзларидаги ўликларни берди» (Ваҳий 20:13). «Ҳадес» ўликлар диёрини англатади. (Иловага қаранг.) Демак, ўликлар диёрида ҳеч ким қолмайди, чунки миллиардлаб марҳумлар ҳаётга қайтади. Исонинг шогирди Павлус эса: «Солиҳ билан фосиқлар тирилтирилади»,— деб айтган эди (Ҳаворийлар 24:15). Бу нимани англатади?

18 «Солиҳлар» қаторига қадимда яшаган ва Муқаддас Китобда исмлари зикр қилинган инсонлар киради. Масалан Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим Халилуллоҳ, Соро биби, Мусо пайғамбар, тақводор аёллар Рут ҳамда Эстер. Улар ва бошқа садоқатли инсонлар тўғрисида Инжилдаги Ибронийларга йўналтирилган мактубнинг 11- бобида ўқишингиз мумкин. Шунингдек, «солиҳлар» қаторига Яҳованинг бугунги вақтда қазо қилган хизматчилари киради. Дарҳақиқат, тирилишга бўлган умид ўлим қўрқувидан халос қилмоқда (Ибронийларга 2:15).

Жаннатда марҳумлар тирилиб, ўз яқинлари билан бирга бўлишади

Жаннатда марҳумлар тирилиши

19 Яҳова Таолони билмай Унга хизмат қилмаганлар тўғрисида нима дейиш мумкин? Миллиардлаб «фосиқлар» қаторига кирганлар четда қолмай, худди шу каби тирилтирилади. Уларга Ҳақ Худо билан танишиб, дўстона муносабатлар ривожлантириш учун имконият берилади. Минг йиллар давомида ўлганлар тирилиб, ер юзида яшаётган тақводор инсонларга қўшиладилар. Муқаддас Китобда Қиёмат куни деб номланган бу давр ниҳоятда ажойиб бир давр бўлади#.

20 Демак, ҳамма ўлганлар тирилади деб айтиш жоизми? Асло! Муқаддас Китобда айтилишича, баъзи марҳумлар «Геҳенна» ёки ўзбекча Муқаддас Китобда «жаҳаннам» сўзи билан таржима қилинган жойга тушадилар (Луқо 12:5). Геҳенна сўзи, Қуддус деворлари ташқарисида ахлат ҳамда жасад ташланадиган, ва сўнг ёқиладиган Ҳинном водийсини билдирар эди. У ерга, дафн қилиниш ҳамда тирилтиришга нолойиқ саналганларнинг жасади ташланар эди. Хуллас, Геҳенна сўзи батамом йўқ қилишни назарда тутади. Яҳова Таоло Исо Масиҳни тиригу ўликларни ҳукм қилувчи этиб тайинлаган бўлса-да, Олий Ҳакам шахсан Яҳовадир (Ҳаворийлар 10:42). У ҳеч қачон тавба қилишдан воз кечган бетавфиқларни тирилтирмайди.

САМОВИЙ ҲАЁТ УЧУН ТИРИЛИШ

21 Муқаддас Китобда осмондаги ҳаёт учун тирилиш ҳақида ҳам айтилган. Исо Масиҳ билан рўй берган тирилиш бунинг илк намунасидир.

22 Исо Масиҳ қазо қилганида Яҳова бу азиз зотнинг қабрда қолишига йўл қўймаган (Забур 15:10; Ҳаворийлар 13:34, 35). Лекин Худованд уни инсон қиёфасида тирилтиргани йўқ. Аксинча ҳаворий Павлус тушунтирганидай «моддий бадан экилади, руҳий бадан тирилади» (1 Коринфликларга 15:42-50). Бу бир мўъжизадир! Ҳа, Исо Масиҳ қудратли фаришта бўлиб тирилтирилди (1 Коринфликларга 15:3-6). Исо Масиҳ бу каби тирилишни бошдан кечирган илк инсон бўлди (Юҳанно 3:13). Лекин бу сўнгги тирилиш эмас эди.

23 Яқин орада осмонга қайтишини била туриб Исо, ўз азизлари учун жой тайёрлагани кетиши тўғрисида айтган эди (Юҳанно 14:2). Келажакда самовотда макон топадиган кишиларни Исо Масиҳ «кичик пода» деб атаган эди (Луқо 12:32). Уларнинг сони нечта бўлар экан? Исонинг шогирди бўлмиш Юҳанно ваҳий кўриб, шундай деган эди: «Мен қарадим-у, Сион тоғида Қўзи [Исо Масиҳ] турганини кўрдим. Қўзи билан бирга пешанасида Унинг ва Отасининг исми ёзилган юз қирқ тўрт минг киши бор эди» (Ваҳий 14:1).

24 Ушбу 144 000 киши, Исо Масиҳнинг яқин шогирдларидан, яъни азиз ҳаворийлардан бошланган бўлиб, самовий ҳаёт учун тирилтирилади. Бу тирилиш қачон бошланар экан? Азиз ҳаворий Павлус, бу тирилиш Масиҳнинг ҳозир бўлиши пайтида юз беради, деб ёзган эди (1 Коринфликларга 15:23). Китобнинг 9- бобидан бу пайт аллақачон бошланганини кўрамиз. Демак, ҳозирги замонда 144 000 кишидан қолган қисми ўлган заҳотиёқ самовий ҳаёт учун тирилтириладилар (1 Коринфликларга 15:51-55). Бироқ инсонларнинг улкан қисми ердаги жаннатда яшаш учун тирилтирилади.

25 Ҳа, Яҳова ушбу шафқатсиз душман, яъни ўлимни батамом бартараф қилади! (Ишаё 25:8). Аммо сиз эҳтимол: «Нима сабабдан баъзи кишилар самовий ҳаёт учун тирилтирилади?» — деб савол бераётгандирсиз. Сабаби, бу кишилар самовий ҳукумат таркибига киришади. Бу ҳукумат тўғрисида эса янаги бобдан билиб оламиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ

  • Муқаддас Китобда қаламга олинган тирилиш ҳодисалари умид бахш этади (Юҳанно 11:39-44).
  • Яҳованинг марҳумларни тирилтириш истаги бор (Аюб 14:13-15).
  • Ўликлар диёрида бўлганларнинг ҳаммаси тирилтирилади (Юҳанно 5:28, 29).

*  Тирилиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳодисаларни қуйидаги оятлардан ўқишингиз мумкин: 3 Шоҳлар 17:17-24; 4 Шоҳлар 4:32-37; 13:20, 21; Матто 28:5-7; Луқо 7:11-17; 8:40-56; Ҳаворийлар 9:36-42 ва 20:7-12.

#  Қиёмат куни ҳамда тирилганларнинг қай асосда ҳукм қилиниши тўғрисида Иловадан билиб олишингиз мумкин.


Тадқиқ учун саволлар

1-3. Бизни қандай душман қувиб келмоқда, бироқ Муқаддас Китобда қандай хушхабар мавжуд?

4. а) Нега айни Исо Масиҳнинг намунасидан Яҳованинг нуқтаи назарини билиб олишимиз мумкин? б) Исо Масиҳнинг яқин дўстларининг исми нима эди?

5, 6. а) Лазарнинг дўстларию қариндошларининг қайғу чекиши Исога қандай таъсир қилди? б) Нега Исо Масиҳнинг жудолик азобини билиши бизга тасалли беради?

7, 8. Нега Лазарга ёрдам бериш имкони йўқдай туюлар эди, бироқ Исо Масиҳ нима қилди?

9, 10. а) Лазарни тирилтириш учун Исо Масиҳга қудратни ким ато этди? б) Тирилиш билан боғлиқ бўлган ҳодисалар бизга нима бахш этиб, нимани исботлайди?

11. Қандай қилиб Лазар тўғрисидаги ҳодиса Муқаддас Китоб таълимотига уйғун келмоқда?

12. Нега Лазар тўғрисидаги ҳодиса уйдирма эмаслигига амин бўлишимиз мумкин?

13. Нега Парвардигори Олам Яҳова учун марҳумларни тирилтириш оғир иш эмас?

14, 15. Аюб алайҳиссаломнинг гапида Яҳованинг тирилишга бўлган нуқтаи назари қандай ифодаланган?

16. Тирилганлар қандай шароитда яшайдилар?

17. Кимлар тирилади?

18. Тирилишга сазовор бўлган «солиҳлар» қаторига ким киради, ва бу сизга қандай таъсир қилмоқда?

19. «Фосиқлар» қаторига кимлар киради, ва Яҳова Таоло уларга қандай имконият беради?

20. «Геҳенна» сўзи нимани назарда тутади, ва у ерга ким тушади?

21, 22. а) Муқаддас Китобда яна қайси тирилиш ҳақида айтилган? б) Самовий ҳаёт учун илк бўлиб ким тирилтирилган эди?

23, 24. «Кичик пода» таркибига кимлар киради, ва уларнинг сони нечта?

25. Янаги бобда нимани муҳокама қиламиз?