Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Ёшларнинг 10 та саволига жавоблар

 6- САВОЛ

Тенгдошларнинг таъсирига қандай қарши тура оламан?

Тенгдошларнинг таъсирига қандай қарши тура оламан?

НЕГА БУ МУҲИМ?

Ўз нуқтаи назарингизда тура олсангиз, ҳаётингизни бошқалар эмас, ўзингиз назорат қиласиз.

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТГАН БЎЛАРДИНГИЗ?

Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг: Брайннинг иккита синфдоши олдига келганида, юраги ўйнаб кетди. Бу ҳафта улар икки марта Брайнни чекишга мажбурламоқчи бўлишди. Бу уларнинг учинчи уриниши эди.

Биринчи синфдоши шундай деди:

«Яна яккамохов бўлиб юрибсанми? Қара, сен учун битта зўр нарсам бор».

У «зўр нарсам» деган сўзга алоҳида урғу қўяди ва кўзини қисиб, чўнтагидан бир нарсани олади-да, Брайнга узатади.

Шунда Брайн синфдошининг қўлида сигаретни кўриб, юраги янада тезроқ ура бошлайди.

Брайн шундай дейди: «Керак эмас, ахир сизларга айтгандим-ку...»

Иккинчи синфдоши эса гапини бўлиб: «Намунча қўрқоқ бўлмасанг?!» — деб айтади.

Брайн эса қатъийлик ила: «Мен қўрқоқ эмасман»,— дейди.

Иккинчи синфдоши Брайннинг елкасига қўлини қўйиб, мулойимлик билан: «Битта чекиб кўр»,— деб айтади.

Биринчиси эса сигаретни Брайннинг юзига яқин келтириб: «Биз ҳеч кимга айтмаймиз, қўрқма. Ҳеч ким бу ҳақда билмайди»,— деб шивирлайди.

Агар Брайннинг ўрнида бўлганингизда, қандай йўл тутардингиз?

 ТЎХТАБ, ЎЙЛАБ КЎРИНГ!

Брайннинг тенгдошлари нима қилишаётгани ҳақида ўйлашганми? Бу уларнинг шахсий қарори бўлганми? Йўқ, чунки улар бошқаларнинг таъсирига берилишган. Улар тенгдошларидан ажралиб қолмаслик учун, уларнинг фикрлаш тарзини тенгдошлари шакллантиришларига йўл қўйиб беришган.

Борди-ю, сиз ҳам шундай вазиятга дуч келсангиз, тенгдошларнинг босимига қарши туриб, бошқача йўл тута оласизми?

  1. ХАВФНИ ОЛДИНДАН КЎРА БИЛИНГ

    Худонинг Каломида қуйидагича ёзилган: «Эс-ҳушли хавф-хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади». (Ҳикматлар 22:3)

    Одатда хавфни олдиндан аниқласа бўлади. Масалан, тасаввур қилинг, сиздан сал нарироқда турган синфдошларингиз сигарет чекаётганини кўриб қолдингиз. Муаммони олдиндан кўра билсангиз, уни ечишга тайёр бўласиз.

  2. МУЛОҲАЗА ЮРИТИНГ

    Муқаддас Китобда: «Виждонингизни тоза сақланглар»,— деган сўзларни ўқиймиз. (1 Бутрус 3:16)

    Ўзингиздан шундай деб сўраб кўринг: «Агар мен бу тўдага қўшилсам, кейин ўзимни қандай ҳис қиламан?» Тўғри, вақтинча тенгдошларингизнинг ҳурматини қозонарсиз, лекин кейин ўзингизни қандай ҳис этасиз? Синфдошларингизга ёқиш учунгина ўзлигингиздан кечиш арзийдими? (Чиқиш 23:2)

  3. ҚАРОР ЧИҚАРИНГ

    Муқаддас Ёзувларда шундай деб айтилган: «Ақлли... қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15)

    Эртами кечми ҳаммамиз қарор чиқаришимизга ва чиқарган қароримизнинг оқибати билан яшашимизга тўғри келади. Муқаддас Китобда Юсуф, Аюб ва Исо тўғри қарор чиқаришгани ҳақида айтилган. Аммо шу билан бирга, нотўғри қарорлар чиқарган Қобил, Эсов ва Яҳудо тўғрисида ҳам ёзилган. Сиз эса қандай йўл тутасиз?

Худонинг Каломида: «Кичик нарсада ишончли бўлган, катта нарсада ҳам ишончли бўлади»,— деб таъкидланган. (Луқо 16:10) Агар оқибатлар ҳақида олдиндан ўйлаб, қарор чиқарган бўлсангиз, нуқтаи назарингизни айтиш ўйлаганингиздан ҳам осонроқ бўлади ва бундан хурсандчилик топасиз.

Тенгдошларингизга насиҳат бериш шарт эмас. Одатда қатъийлик билан «ЙЎҚ» дейишнинг ўзи кифоядир. Ёки қарорингизда қатъий эканингизни кўрсатиш учун шундай дейишингиз мумкин:

  • «Адашдингиз, шекилли»

  • «Мен бунақа нарсаларга қўшилмайман»

  • «Мени ҳали яхши билмайдиганга ўхшайсизлар»

Асосийси, гапни чўзмасдан аминлик билан жавоб беринг. Шунда тенгдошларингиз сизни қанчалик тез тинч қўйишганини кўриб, ҳайрон қоласиз!

МАЗАХ ҚИЛИШГАНДА

Тенгдошларингизнинг босимига қарши турмасангиз, улар томонидан бошқариладиган робот каби бўлиб қоласиз

Тенгдошларингиз сизни мазах қилишаётган бўлса-чи? Улар сизга: «Ҳа, нима бўлди? Қўрқяпсанми?» — дейишса-чи? Одатда тенгдошлар айнан шундай мазахлар орқали сизга босим ўтказишлари мумкин. Бу босимга қандай қарши тура оласиз? Сиз қуйидагича йўл тутишингиз мумкин:

  • Шунчаки мазахни қабул қилсангиз бўлади. («Ҳа, сен ҳақсан, мен қўрқаман»,— деб, нуқтаи назарингизни қисқача тушунтиринг.)

  • Жавоб қайтаришингиз мумкин. Нима учун таклифни рад этганингизни айтиб, тенгдошларни мулоҳаза юритишга чорланг. («Ақлли одамга ўхшайсизлар-у, қилаётган ишларингизни қаранг».)

Мабодо тенгдошларингиз устингиздан кулишни давом эттиришса, уларнинг олдидан кетинг. Шуни унутмангки, қанчалик узоқ турсангиз, босим ҳам шунчалик кучайиб боради. Уларнинг олдидан кетиб, бурнингиздан ип ўтказишларига йўл қўймаслигингизни кўрсатган бўласиз.

Тўғри, тенгдошларнинг босимидан қочиб қутула олмайсиз. Бироқ нима қилишни истаётганингизни ўзингиз ҳал қилишингиз, нуқтаи назарингизни айтишингиз ҳамда вазиятни бошқаришингиз мумкин. Ахир танлов — сизнинг қўлингизда! (Ёшуа 24:15)