Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Ёшларнинг 10 та саволига жавоблар

 8- САВОЛ

Жинсий зўрлаш ҳақида нимани билишим керак?

Жинсий зўрлаш ҳақида нимани билишим керак?

НЕГА БУ МУҲИМ?

Ҳар йили миллионлаб одамлар зўрлашнинг ёки бошқа бир жинсий таҳқирланишнинг қурбонига айланишяпти. Уларнинг асосий ўлжаси — ёшлардир. *

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТГАН БЎЛАРДИНГИЗ?

Бир кимса Аннеттни тутиб олди ва Аннетт нима бўлаётганини ҳали тушунмасиданоқ уни ерга йиқитди. Аннетт шундай деб бўлишди: «Мен унга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бақиришга ҳам уриндим, лекин нафасим бўғзимга тиқилиб қолди. Уни итардим, мушт билан урдим, тепдим, тимдалаб ташладим, аммо бирдан танамга пичоқ санчилганини сездим. Бундан кейин бошқа қаршилик кўрсата олмадим».

Сиз шундай вазиятга тушиб қолганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз?

ТЎХТАБ, ЎЙЛАБ КЎРИНГ!

Гарчанд кечаси кўчада юрганингизда ҳушёр бўлсангиз ҳам, ёмон ҳодисалар юз бериши мумкин. Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Доим ҳам ютуқ тез югурганга,.. муваффақият эса билимлига насиб этавермас экан. Сабаби, уларнинг бари вақт ва тасодифга дуч келади». (Воиз 9:11, ЯДТ)

Аннеттга ўхшаб, баъзи ёшлар нотаниш кимса томонидан зўрланишган. Бошқалар эса таниши ёки ҳатто оила аъзоси томонидан бундай жирканчликка дуч келишган. Масалан, 10 ёшли Наталини қўшниси бўлган бир ўсмир бола зўрлаган. У қуйидагича деди: «Мен шунчалик қўрқиб кетиб, уялгандимки, ҳатто бошида бу ҳақда ҳеч кимга айта олмадим».

 СИЗ АЙБДОР ЭМАССИЗ

Аннетт ҳали-ҳамон бўлиб ўтган воқеадан ўзини айбдор ҳис қиляпти. У шундай деб бўлишди: «Ўша кеча ҳанузгача бошимда айланаверади. Ўшанда унга кучлироқ қаршилик кўрсатишим керак эди. Лекин у менга пичоқ санчиганида қўрқиб, қотиб қолдим ва бошқа қаршилик кўрсата олмадим... Аммо кўрсатишим керак эди».

Натали ҳам шундай айбдорлик ҳисси билан курашиб келяпти. У қуйидагича айтиб берди: «Мен бунчалик ишонувчан бўлмаслигим керак эди. Дадам билан ойим мен ва синглимга кўчада доим бирга ўйнашимизни айтишганди, бироқ мен қулоқ солмадим. Шунга қўшнимга ўзим имконият бериб қўйдимми, деб ўйлаб қоламан. Юз берган воқеа оиладагиларимга қаттиқ таъсир қилди. Уларга шунчалик кўп оғриқ келтирганимдан ўзимни айбдор ҳис қиламан ва айниқса шундан кўп сиқиламан».

Агар сизнинг ҳис-туйғуларингиз Аннетт ва Наталиникига ўхшаш бўлса, шуни ёдда тутингки, зўрланган инсон ўз хоҳиши билан зўрлаш қурбони бўлгани йўқ. Айрим одамлар зўрлаш қурбонларининг ўзлари бунга йўл қўйиб беришган дейишади. Лекин бу билан зўрлаган инсонни оқлаб бўлмайди, ахир ҳеч кимнинг бировни зўрлашга ҳаққи йўқ. Мабодо сиз ҳам бундай кимсаларнинг жирканч қилмишидан азият чеккан бўлсангиз, ўзингизни айбламанг!

Тўғри, «Сен айбдор эмассан» деган гапни эшитиш осон, лекин бунга ишонч ҳосил қилиш анча қийинроқдир. Баъзилар ҳис-туйғуларини ичида сақлашади ва ўзларини айбдор ҳис қилиб, бундан азоб чекишади. Аммо сукут сақласангиз, зўрловчини хурсанд қилганингиз қолади, холос. Шундай экан, сиз бошқача йўл тутишингиз керак.

БОШҚАЛАРГА АЙТИБ БЕРИНГ

Муқаддас Китобда катта фожиани бошдан кечирган адолатли Аюбнинг қуйидаги сўзлари қайд этилган: «Алам-ҳасрат билан гапиришдан ўзимни тиймайман». (Аюб 10:1) Шундай йўл тутиш сизга ҳам фойдали бўлади. Ишонган инсонингиз билан суҳбатлашиш сизга бўлиб ўтган воқеадан кўп куюнмасликка ёрдам бериб, дил ярангиз тезроқ битишига ҳисса қўшади.

Сизга ҳис-туйғуларингизни ичингизда сақлаш ниҳоятда қийин бўлиши мумкин. Шунинг учун, бу ҳақда бошқаларга айтиб беринг

Аннетт бу сўзлар тўғри эканини ўзида ҳис этди. У шундай деди: «Мен дугонам билан суҳбатлашдим ва у мени бу ҳақда жамоатимиздаги оқсоқолларга айтиб беришга ундади. Бундай қилганимдан хурсандман. Оқсоқоллар мен билан бир неча марта суҳбатлашишди ва бўлиб ўтган воқеада айбдор эмаслигимни айтишди. Бу билан улар айнан мен эшитмоқчи бўлган сўзларни гапиришди. Мен ҳеч нарсада айбдор эмас эдим».

Натали у билан юз берган воқеани ота-онасига айтиб берди. У шундай фикр билдирди: «Улар мени қўллаб-қувватлашди. Ота-онам мени бу ҳақда борини айтиб беришга ундашди ва бу қаттиқ тушкунликка тушмаслигимга ҳамда ҳадеб ўзимни айблайвермасликка кўмаклашди».

Натали ибодат орқали ҳам тасалли топди. У шундай дея сўзлади: «Худо билан суҳбат менга айниқса ичимдагини бошқаларга айта олмаган пайтларимда ёрдам берди. Ибодатда мен ичимдагини бемалол тўкиб соламан ва шу орқали қалбим ҳақиқий тинчлик-хотиржамликка тўлади».

«Шифо беришнинг... ўз вақти борлигига» ўзингиз ҳам амин бўлишингиз мумкин. (Воиз 3:3) Ўзингизни эҳтиёт қилинг ва ҳамиша ижобий нарсалар ҳақида фикр юритинг. Етарлича дам олинг. Энг муҳими эса, ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ Яҳовага таянинг. (2 Коринфликларга 1:3, 4)

УЧРАШИШ УЧУН ЕТАРЛИЧА КАТТА БЎЛСАНГИЗ

 Қиз бола бўлсангиз ва сизга босим ўтказиб, ахлоқсиз хатти-ҳаракатга ундаётган бўлишса, қатъийлик ила «Бундай қилма!» ёки «Қўлингни ол!» деб айтишдан қўрқманг. Йигитингизни йўқотиб қўйишдан қўрққанингиз учунгина орқага чекинманг. Агар бундан кейин у сизни ташлаб кетса, демак, у сизга лойиқ эмас. Ахир сиз принципларингизни ва сизни ҳурмат қиладиган инсоннинг севгисига арзийсиз!

ЖИНСИЙ ШИЛҚИМЛИККА ОИД ТЕСТ

«Ўрта мактабда болалар орқадан бюстгальтеримни тортиб, «Биз билан ётсанг, маза қиласан» деган уятсиз гапларни айтишарди». (Коретта)

Сизнингча, бу болалар...

  1. А. тегажоғлик қилишганми?

  2. Б. ноз-карашма қилишганми?

  3. В. жинсий шилқимлик қилишганми?

«Автобусда бир бола менга беадаб гапларни айтишни бошлаб, мени ушлаб олмоқчи бўлди. Мен бўлса, қўлига бир шапалоқ уриб, олдимдан кетишини айтдим. У менга жиннига қарагандек қаради». (Кендис)

Сизнингча, бу бола Кендисга...

  1. А. тегажоғлик қилганми?

  2. Б. ноз-карашма қилганми?

  3. В. жинсий шилқимлик қилганми?

«Ўтган йили бир бола мени яхши кўришини айтиб, “йўқ” десам ҳам, мен билан учрашмоқчи эканини ҳадеб айтаверди. Баъзида у қўлимни силаб қўярди. «Бўлди қил», деб айтсам ҳам, у ҳеч тўхтамасди. Бир марта оёқ кийимимнинг ипини боғлаганимда эса, думбамга бир урганди». (Бетани)

Сизнингча, бу бола...

  1. А. тегажоғлик қилганми?

  2. Б. ноз-карашма қилганми?

  3. В. жинсий шилқимлик қилганми?

Мазкур учта саволнинг барчасига тўғри жавоб — В.

Жинсий шилқимлик ноз-карашма ва тегажоғликдан нимаси билан фарқ қилади?

Жинсий шилқимлик бир томонлама ҳаракатдир. Шилқимликнинг қурбони бундай қилишни тўхтатишни айтса ҳам, шилқим барибир давом эттиради.

Шилқимлик — жиддий нарса. У жинсий зўравонликка олиб келиши мумкин.

^ 4- х.б. Гарчи бу мақолада асосан қизлар ҳақида гапирилса ҳам, мақоладаги принциплар ва маслаҳатлар ўғил болаларга ҳам тегишлидир.