Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Яҳовага қайтинг

Етакчи кенгашдан хат

Етакчи кенгашдан хат

Азиз имондош!

Муқаддас Китоб асосан инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи китоб эканлиги сизга маълум. Худонинг қадимда яшаган садоқатли хизматчилари биз сингари қийинчиликларни бошдан кечиришган. Улар ҳам «биз каби инсон» бўлишган (Ёқуб 5:17). Уларнинг баъзилари ғам-ташвишлардан руҳан эзилишган. Бошқалари оила аъзоси ёки имондошларидан қаттиқ хафа бўлишган. Айримлари эса ўтмишдаги хатолари дастидан қийналишган.

Бундай кишилар Яҳовани бутунлай унутишганми? Йўқ. Уларнинг кўпчилиги Забур бастакори сингари туйғуларни бошдан кечиришган. У шундай деб ибодат қилган: «Адашган қўйдай йўлдан озганман, излаб топ мени, Ўз қулингни. Зотан, мен амрларингни унутмаганман» (Забур 118:176). Бу каби туйғулар сизнинг ҳам кўнглингиздан ўтганми?

Яҳова Таоло сурувдан адашиб қолган хизматчиларини асло унутмайди. Аксинча, У кўпинча бу хизматчиларига имондошлари орқали ёрдам қўлини чўзади. Масалан, Яҳова кўп мусибатларни бошдан кечирган хизматчиси Аюбга қандай кўмак берганини кўриб чиқайлик. У молиявий инқирозга дуч келган, яқинларидан жудо бўлган ҳамда оғир касалликка чалинган эди. Боз устига яқин инсонлари уни қўллаб-қувватлашнинг ўрнига кўнглига озор етказишган. Гарчи Аюб баъзида мулоҳазаларида адашган бўлса-да, лекин ҳеч қачон Яҳовадан юз ўгирмаган (Аюб 1:22; 2:10). Яҳова Аюбга маънавий ҳолатини қайта тиклашга қандай ёрдам берган?

Мисол учун, Яҳова Таоло Аюбга Элиху орқали ёрдам берди. Аюб кўнглидагини тўкиб солганида Элиху уни диққат билан тинглади, сўнг гап бошлади. Хўш, у нима деган экан? У Аюбни танқид қилдими ёки айбдорлик ва уялиш ҳиссини уйғотмоқчи бўлдими? Элиху ўзини Аюбдан юқори қўйдими? Асло! Муқаддас руҳ остида Элиху: «Худонинг олдида сиз ҳам, мен ҳам бирмиз, мен ҳам тупроқдан яралганман»,— деб айтди. Сўнг: «Мендан қўрқмасангиз ҳам бўлади, сизга ҳеч зулм ўтказмайман»,— дея ишонтирди (Аюб 33:6, 7). Ярасига туз сепмасдан, Элиху меҳр ила Аюбга насиҳат ва далда берди.

Биз ҳам айнан шу ниятда мазкур рисолани тайёрлаганимизга амин бўлинг. Авваламбор, жамоатдан узоқлашиб қолган бир нечта кишини тинглаб, уларнинг ҳис-туйғулари ҳамда вазиятларини синчковлик билан ўрганиб чиқдик (Ҳикматлар 18:13). Сўнг Муқаддас Китобга мурожаат қилиб, Яҳова қадимда яшаган Ўз хизматчиларига қандай ёрдам берганини ибодат ила кўриб чиқдик. Ахир улар ҳам худди шу сингари қийинчиликларни бошдан кечиришган-ку! Охири, қадимги ҳамда замонавий мисолларни бирга йиғиб, қўлингиздаги ушбу рисолани нашр этдик. Ушбу маълумотни ўрганиб чиқишингизни самимият ила тилаб қоламиз. Ишонинг, биз сизни чин юракдан севамиз.

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши