Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Яҳовага қайтинг

 БЕШИНЧИ ҚИСМ

«Жонларингизнинг чўпону посбонига қайтинглар»

«Жонларингизнинг чўпону посбонига қайтинглар»

Рисолада санаб ўтилган қийинчиликлардан бирига ёки бир нечтасига сиз ҳам дуч келганмисиз? Мабодо шундай бўлса, билингки, Худонинг кўпгина садоқатли хизматчилари, хоҳ қадимда, хоҳ бугунги кунда бўлсин, шунга ўхшаш қийинчиликларни бошдан кечиришган. Улар Яҳованинг мадади билан бу каби қийинчиликларни енгишган экан, демак сиз ҳам бунинг уддасидан чиқа оласиз.

Яҳовага қайтсангиз, У сизга ёрдам беради

 ЯҲОВАГА қайтсангиз, У сизга ёрдам беришига амин бўлинг. Сабаби, Худо тушкунликни енгишингизга, хафагарчиликдан халос бўлишингизга ҳамда тоза виждон бахш этадиган қалб ва онгдаги тинчликка эришишингизга кўмаклашади. Шунда, имондошлар билан елкама-елка Яҳовага хизмат қилиш истагингиз уйғонади. Сизнинг вазиятингиз биринчи асрдаги айрим масиҳийларнинг вазиятига ўхшаш. Ҳаворий Павлус уларга қуйидагини ёзган: «Сизлар адашган қўйлар каби эдингиз, энди эса жонларингизнинг чўпону посбонига қайтиб келдингизлар» (1 Бутрус 2:25).

Яҳовага қайтиш учун қилган ҳаракатларингиз, энг арзигулик ишдир! Негаки, бу билан Унинг қалбини қувонтирган бўласиз (Ҳикматлар 27:11). Ахир Яҳованинг ҳис-туйғулари бор ва бизнинг хатти-ҳаракатларимизга У бепарво эмас. Бошқа тарафдан эса, Яҳова ҳеч кимни Уни севишга ва Унга хизмат қилишга мажбурламайди (Қонунлар 30:19, 20). Бир илоҳиётшунос буни шундай тасвирлаган: «Инсоннинг қалб эшигини ташқаридан очиш имконсиз, чунки у томондан дастаси йўқ. Эшикни фақат ичкаридан очиш мумкин». Севгига тўла қалб билан Яҳовага хизмат қилишни танласак, қалб эшигимизни очган бўламиз. Шунда биз Яҳовага энг аъло туҳфани, яъни садоқатимизни берамиз ва бу билан Унга улкан қувонч келтирамиз. Дарҳақиқат, Яҳовага хизмат қилиб, Уни мамнун этишдек бахтга нима ҳам бас кела оларди?! (Ҳаворийлар 20:35; Ваҳий 4:11).

Боз устига, илоҳий хизматингизни тиклаганингиз сайин, маънавий эҳтиёжларингизни қондира оласиз (Матто 5:3). Масалан, баъзи одамларда: «Нега дунёга келганмиз?» — деган савол туғилади. Улар ҳаёт мазмуни тўғрисидаги саволларга жавоб топишга ташналар. Зеро Яҳова инсониятни мана шундай эҳтиёж билан яратган. Ҳа, Унга хизмат қилсаккина, қониқарли ҳаёт кечира оламиз. Севги ила Яҳовага топинаётганимизни фаҳмлаш, бизга чексиз хурсандчилик келтиради, шундай эмасми?! (Забур 62:2–6).

Илтимос, Яҳова Унга қайтиб келишингизни истаётганини унутманг. Ҳали ҳам бунда шубҳаланяпсизми? Бўлмаса булар ҳақда ўйлаб кўринг: бу рисола кўп ибодатлар билан пухта тайёрланган. Кейин оқсоқол ёки бошқа бир имондош диққатингизни бу рисолага қаратгандир. Ва ниҳоят уни ўқишингизга ва муайян ҳаракатлар қилишингизга ундов пайдо бўлгандир. Буларнинг барчаси Яҳова сизни унутмаганини, аксинча, меҳр ила қайтишга ундаётганини тасдиқлайди (Юҳанно 6:44).

Яҳова адашган хизматчиларини ҳеч қачон эсидан чиқармаслигини билиш, тасалли бахш этади. Донна буни ўзида ҳис этган. У шундай деб бўлишяпти: «Яҳовадан аста-секин узоқлашаётган эдим, аммо Забур 138:23, 24 даги сўзлар такрор-батакрор хаёлимда айланарди. У ерда: “Текшириб кўр мени, эй Эгам, юрагимни бил, синаб кўр мени, ташвишларимни бил. Билгин-чи, менинг бирон қабиҳлигим бормикан? Мени абадий йўлдан етаклаб боргин”,— деб айтилган. Мен бу дунёга тегишли эмаслигимни, яъни ҳеч қачон унда ўз ўрнимни тополмаслигимни билардим. Шуни аниқ тушундимки, менинг жойим Яҳованинг ташкилотида экан. Яҳова мени асло ташлаб кетмаганини англай бошладим. Мен Унга қайтиш йўлини топишим керак эди, холос. Ва буни қила олганимдан беҳад бахтиёрман!»

«Яҳова мени асло ташлаб кетмаганини англай бошладим. Мен Унга қайтиш йўлини топишим керак эди, холос»

Самимий илтижо қиламизки, «Эгамиз туфайли топган севинчингиз» қайтадан қалбингиздан жой олсин (Нахимиё 8:10). Яҳовага қайтганингиздан ҳеч ҳам афсусланмайсиз.