Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Яҳовага қайтинг

 УЧИНЧИ ҚИСМ

Хафагарчилик — Мабодо «арз қилишга сабабимиз бўлса»

Хафагарчилик — Мабодо «арз қилишга сабабимиз бўлса»

Жамоатимиздаги бир опамиз мени унинг пулини ўғирлаб кетганда ноҳақ айблади. Бошқа имондошлар бу ҳақда эшитгач, томон эгаллашни бошлашди. Вақт ўтиб, ўша опамиз баъзи далилларни топгани ва мени асоссиз айблаганини тушуниб етгани ҳақида айтди. Гарчи опамиз мендан кечирим сўраган бўлса-да, юрагимда уни ҳеч қачон кечира олмайдигандек ҳис этардим (Линда).

ЭҲТИМОЛ, сиз ҳам Линда сингари имондошларнинг хатти-ҳаракати сабабли қаттиқ хафа бўлгандирсиз. Баъзилар бировнинг қилмишидан шунчалик ранжишганки, ҳатто бу уларнинг маънавийлигига таъсир қилган. Бу сиз билан ҳам содир бўлганми?

Ҳеч ким «бизни Худонинг севгисидан жудо қилишга қодир эмас»!

Чиндан ҳам имондошимиз бизни хафа қилса, уни кечириш қийин кечиши мумкин. Лекин шундай бўлса-да, масиҳийлар бир-бирини севиши даркор (Юҳанно 13:34, 35). Имондошимиз бизга нисбатан адолатсизларча йўл тутса, бу юрагимизга оғир ботиши мумкин (Забур 54:13).

Муқаддас Китобда масиҳийларнинг баъзида бир-биридан «арз қилишга сабаби» бўлиб туриши ҳақида очиқчасига айтилган (Колосаликларга 3:13). Бу нарса шахсан биз билан содир бўлса, бундай чигал вазиятда қанақа йўл тутишни билмай қолишимиз мумкин. Хўш, бизга нима ёрдам берар экан? Келинг, Муқаддас Китобдан учта принципни кўриб чиқайлик.

Самовий Отамиз ҳаммасидан хабардор. Яҳова барчасини, жумладан адолатсизликка дуч келиб, бундан азият чекаётганимизни кўриб турибди (Ибронийларга 4:13). Боз устига, биз қийналганда, Яҳова ҳам азоб чекади (Ишаё 63:9). На қайғу-алам, на азоб, на бошқа нарса ва ҳаттоки Унинг қайсидир хизматчиси «бизни Худонинг севгисидан жудо қилишига», Яҳова ҳеч қачон йўл қўймайди (Римликларга 8:35, 38, 39). Наҳотки бу, бизни ҳам шундай йўл тутишга ундамаса?! Ҳа, ҳеч ким ва ҳеч нарса бизни Худонинг севгисидан жудо қилишига йўл қўймаслигимиз керак.

Кечириш ҳаммасига кўз юмиш дегани эмас. Бизга қарши гуноҳ қилганларни кечирганимиз билан, биз уларнинг қилмишини оқламаймиз ёки бунга кўз юммаймиз. Шуни унутмангки, Тангри Яҳова ҳеч қачон гуноҳ қилишни маъқулламайди, аммо кечиришга сабаб бўлса албатта кечиради (Забур 102:12, 13; Хабаққуқ 1:13). Яҳова бошқаларни кечиришда Ундан ўрнак олишимизни истайди. Зеро У «тоабад ғазабини сочмайди» (Забур 102:9; Матто 6:14).

Хафагарчиликни унутиш ўзимиз учун фойдали. Қанақасига? Тасаввур қилинг, сиз оғирлиги тахминан бир кило бўлган тошни кўтариб, қўлингизни чўзган ҳолда ушлаб турибсиз. Эҳтимол қисқа вақт тошни кўтариб турсангиз оғирлиги сезилмас. Аммо узоқ вақт шундай қилишни хоҳласангиз-чи? Хўш, шу тарзда қанча тура оласиз: бир неча дақиқа, соат ёки ундан ҳам кўпроқми? Кўп ўтмай қўлингиз чарчаши тайин! Албатта тошнинг вазни ўзгармайди. Аммо уни қанча узоқ кўтариб турсангиз, шунча оғирлашиб кетаётганини ҳис этасиз. Хафагарчилик масаласида ҳам худди шундай. Гина катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, уни қанча юрагимизда узоқ сақлаб юрсак, шунча оғирлашиб боради. Яҳова бизни хафагарчиликдан қочишга ундаётгани беҳудага эмас. Дарҳақиқат, кечиримли бўлиш ўзимизнинг фойдамиз учундир (Ҳикматлар 11:17).

Хафагарчиликни унутиш ўзимиз учун фойдали

 «Худди Яҳованинг Ўзи менга гапиргандек бўлди»

Имондоши ноҳақ айблаганига қарамай, Линдага юрагида хафагарчиликни сақламасликка нима ёрдам берди? У Муқаддас Китобга биноан нега кечиримли бўлиш муҳимлиги борасида мулоҳаза юритди (Забур 129:3, 4). Биз кечиримли бўлишга интилсак, ўз ўрнида Яҳова ҳам бизни кечиради. Ва айнан шуни билиш, Линдани гина сақламасликка ундади (Эфесликларга 4:32–5:2). Бу фикрлардан Линда шунчалик таъсирланиб кетдики: «Худди Яҳованинг Ўзи менга гапиргандек бўлди»,— деб бўлишди.

Вақт ўтиб, Линда хафагарчиликни унутди. У имондошини бутунлай кечирди. Айни пайтда ўша опамиз Линданинг яқин дўсти. Линда эса Яҳовага ғайрат ила хизмат қилишни давом эттирмоқда. Ишонинг, Яҳова сизга ҳам худди шундай ёрдам беришга тайёр!