Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Худодан келган хушхабар

 5- дарс

Худонинг ер юзига нисбатан нияти қандай?

Худонинг ер юзига нисбатан нияти қандай?

1. Аллоҳ нега ерни яратган?

Тангри Яҳова ерни инсонлар учун барпо этган. Шундай экан, ер бизнинг турар жойимиздир. Илк жуфтлик Одамато билан Момоҳаво осмонда яшаш учун яратилмаган. Бунинг учун Худо фаришталарни яратган (Аюб 38:4, 6). Одамларни эса ерга, Адан боғи деб аталмиш гўзал жаннатга жойлаштирган (Ибтидо 2:15–17). Яҳова, илк жуфтлик ҳамда уларнинг авлоди ер юзида ўлмасдан, абадий умр кечиришларини истаган. Ҳаворийлар 17:26; 1 Юҳанно 2:17- оятларни ўқинг.

Аввалига фақат Адан боғи жаннат бўлган. Вақт ўтиб, илк жуфтлик авлодлари билан бутун ер юзини тўлдириши керак эди. Шу тарзда улар ер юзини жаннатга айлантира олишарди (Ибтидо 1:28). Ер ҳеч қачон йўқ қилинмайди. У доимо бизнинг турар жойимиз бўлиб қолади. Забур 103:5- оятни ўқинг.

2. Ер нега ҳозир жаннат эмас?

Одамато билан Момоҳаво Аллоҳга қулоқ солишмади. Шунинг учун, Яҳова уларни Адан боғидан чиқариб юборди. Натижада, жаннат йўқотилди ва инсонлардан ҳеч бири уни тиклай олмади. Муқаддас Китобда: «Бутун ер юзи фосиқлар қўлида»,— деб айтилган (Аюб 9:24). Ибтидо 3:23-, 24- оятларни ўқинг.

Худованд Яҳова инсониятга нисбатан илк ниятини амалга ошира олмадими? Асло! Зеро У қудратли Худодир. Унга буни бажаришга ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди (Ишаё 45:18). Яҳова ният қилганларини одамларга албатта беради ва ер юзи жаннатга айланади. Ишаё 65:21-, 22- оятларни ўқинг.

3. Жаннат қандай қилиб тикланади?

Исо ер юзи устидан Шоҳлик қилишни бошлаганида, жаннатни тиклайди. У Армагеддон номли жангда, Худонинг фаришталарини бошқариб, Аллоҳга қарши чиққанларнинг  барчасини йўқ қилади. Кейин эса, Шайтонни минг йилга кишанлаб қўяди. Аллоҳнинг хизматчилари бу жангда омон қолади, сабаби Исо уларга йўл-йўриқ бериб, ҳимоялайди. Улар ер юзидаги жаннатда бахтли бўлиб абадий яшашади. Ваҳий 20:1–3; 21:3-, 4- оятларни ўқинг.

4. Азоб-уқубатларга қачон чек қўйилади?

Худованд ёвузликни қачон йўқ қилади? Исо, бу яқин қолганига ишора қилувчи «белги»ни айтиб ўтган. Бутун дунёда содир бўлаётган воқеалар, инсонларнинг ҳаётига хавф туғдиряпти ва биз «замона охирлаб бораётган» пайтда яшаётганимиздан далолат беряпти. Матто 24:3-, 7–14-, 21-, 22- оятларни ўқинг.

Исо, минг йиллик бошқаруви мобайнида ер юзидаги барча азоб-уқубатларга чек қўяди (Ишаё 9:6, 7; 11:9). Шоҳлик қилиш билан бирга, у Руҳоний сифатида хизмат қилиб, Аллоҳни севувчиларни гуноҳларидан халос этади. Шу йўсин, Худо Исо орқали касалликларни, қариликни ва ўлимни бартараф қилади. Ишаё 25:8; 33:24- оятларни ўқинг.

5. Бўлажак жаннатда кимлар яшайди?

Йиғилиш Залида Худони севадиган ва Унинг қонунларини ўрганишни истайдиган инсонларни учратасиз

Худога итоатли бўлган инсонлар жаннатда яшайдилар (1 Юҳанно 2:17). Исо издошларига камтарин, таълим олишга тайёр инсонларни излаб, уларга Худонинг дўсти бўлишга ёрдамлашиш ишини топширган. Яҳова бугунги кунда, ер юзидаги жаннатда яшайдиган миллионлаб одамларни тайёрлаяпти (Зафаниё 2:3). Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш Залларида одамлар яхши эр-хотин ва ота-она бўлишни ўрганишяпти. Ота-оналар ва болалар биргаликда Худога топиниб, Муқаддас Китобдаги билимлар ҳозирнинг ўзида уларга қандай фойда келтиришини билиб олишяпти. Михо 4:1–4- оятларни ўқинг.