Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎН ОЛТИНЧИ БОБ

Ҳақ топиниш томонини эгалланг

Ҳақ топиниш томонини эгалланг
  • Топинишда ҳайкаллар, суратлардан фойдаланиш ва ўликлардан ёрдам сўраш тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган?

  • Масиҳийлар диний байрамларга қандай қарайди?

  • Бошқаларни хафа қилмай эътиқодингизни уларга қандай тушунтиришингиз мумкин?

1, 2. Сохта диндан чиқиб кетгач ўзингизга қандай савол беришингиз керак ва нега бу муҳим?

СИЗ яшаётган ҳудуд заҳарланган, деб айтайлик. Кимдир у ерга заҳарли чиқиндилар ташлар экан. Ҳаётингиз хавф остида. Энди нима қиласиз? У ердан имкон борича тезроқ кўчиб кетмасмидингиз? Кўчиб кетдингиз ҳам дейлик, лекин шунда ҳам сизни: «Заҳарланганим йўқми?» — деган жиддий савол қизиқтиради.

2 Сохта дин масаласида ҳам вазият шундай. Муқаддас Китобда айтилишича у нопок таълимотлару удумларга тўлиб-тошган. (2 Коринфликларга 6:17) Шу сабабли сохта дин империяси бўлмиш «Буюк Бобилдан» дарҳол чиқиб кетиш даркор. (Ваҳий 18:2, 4) Сиз бундай йўл тутдингизми? Агар шундай бўлса мақтовга сазоворсиз. Лекин сохта диндан бутунлайин озод бўлиш учун кўпроқ нарса талаб қилинади. Ўзингизга савол беринг: «Сохта дин билан боғлиқ барча нарсадан озод бўлдимми?» Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

 ҲАЙКАЛЛАР ВА СУРАТЛАРГА ТОПИНИШ, ЎЛИКЛАРДАН ЁРДАМ СЎРАШ

3. а) Топинишда ҳайкаллар ва суратлардан фойдаланиш тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган? б) Нега Худонинг нуқтаи назарини қабул қилиш қийин бўлиши мумкин? в) Сохта дин билан боғлиқ нарсаларни нима қилишингиз керак?

3 Баъзиларнинг уйларида ҳайкаллар ва суратлар ёки санамлар бор. Сизда ҳам бундай нарсалар борми? Агар бўлса, эҳтимол Худога дуо қилаётиб улардан фойдаланмаслик нотўғри деб ўйларсиз. Балки улар сиз учун жуда ҳам қадрлидир. Бироқ Аллоҳ Унга қандай топиниш кераклигини Ўзи ҳал қилади. Муқаддас Китобда айтилишича Худо ҳайкаллар ва суратлардан фойдаланишимизни хоҳламайди. (Чиқиш 20:4, 5 ни ўқинг; Забур 115:4–8; Ишаё 42:8; 1 Юҳанно 5:21) Хуллас, ҳақ топиниш томонини эгаллаш учун сохта дин билан боғлиқ нарсаларни йўқ қилишингиз керак. Биз уларни худди Яҳова каби «жирканч» деб билишимиз лозим. (Қонунлар 27:15)

4. а) Аждодлар руҳига дуо ўқиш бефойда эканини қаердан биламиз? б) Нега Яҳова халқига сеҳр-жодунинг ҳар қандай турини тақиқлаб қўйган?

4 Кўп динларда ўликларга дуо ўқиб ёрдам сўраш удуми  кенг тарқалган. Баъзилар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билишдан олдин, одам ўлса унинг руҳи тирикларга зиён етказишга ёхуд ёрдам беришга қодир, деб ишонган. Эҳтимол, олдинлари сиз ҳам ўлган аждодларингизнинг руҳи шод бўлиши учун кўп ҳаракат қилгандирсиз. Аммо бу китобнинг 6- бобидан билиб олганимиздай, ўлимдан кейин ҳаёт йўқ. Шунинг учун ўликларга дуо ўқиб ёрдам сўраш бефойдадир. Марҳумлардан келган хабарлар аслида жинлардан келиб чиқади. Айнан шу сабабли Тангри Яҳова исроилликларга ўликларга мурожаат қилишни ва сеҳр-жодунинг ҳар қандай турини тақиқлаб қўйган эди. (Қонунлар 18:10–12 ни ўқинг.)

5. Ҳайкаллар ва суратлардан фойдаланиш ёки аждодлар руҳига дуо ўқиш аввалги динингизга хос бўлса нима қилишингиз керак?

5 Хўш, топинишда ҳайкаллар ва суратлардан фойдаланиш ёки аждодлар руҳига дуо ўқиш аввалги динингизга хос бўлса нима қилишингиз керак? Худонинг бунга нисбатан нуқтаи назари қандай эканини кўрсатувчи Муқаддас Китоб оятларини ўқиб, устида мулоҳаза қилинг. Ҳақ топиниш томонини эгаллашни истаётганингиз ҳақида Яҳовага ҳар куни ибодат қилинг ва У каби фикр юритиш учун ёрдам сўранг. (Ишаё 55:9)

ИЛК МАСИҲИЙЛАР РОЖДЕСТВОНИ НИШОНЛАМАГАН

6, 7. а) Рождество байрамини кимлар нишонлайди ва Исонинг илк шогирдлари уни нишонлаганми? б) Исонинг илк шогирдлари даврида туғилган куннинг нишонланиши нима билан боғлиқ бўлган?

6 Инсоннинг топинишини сохта дин боғлиқ байрамлар ҳам булғаши мумкин. Улардан бири Рождестводир. Бу байрам христиан оламига оид бўлиб, Исо Масиҳнинг туғилган куни сифатида нишонланади. Лекин Исонинг илк шогирдлари бу байрамни нишонлагани тўғрисида ҳеч қандай далил йўқ. Диний анъаналарга бағишланган бир китобда шундай дейилади: «Исо туғилганидан кейинги икки аср мобайнида у қайси куни туғилганини ҳеч ким аниқ билмас эди; бу озчиликни қизиқтирарди». («Sacred Origins of Profound Things»)

 7 Шогирдлар Исонинг туғилган кунини аниқ билганида ҳам уни нишонламас эди. Нима учун? Чунки бир энциклопедия айтилишича, илк масиҳийлар «туғилган кунни нишонлаш бутпарастларга хос, деб билган». («The World Book Encyclopedia») Муқаддас Китобда фақат иккита туғилган кун ҳақида баён этилган, иккови ҳам Яҳовага хизмат қилмаган ҳокимларнинг туғилган кунлари эди. (Ибтидо 40:20; Марк 6:21) Туғилган куннинг нишонланиши бутпарастлик билан ҳам боғлиқ. Масалан, 24 май куни римликлар маъбуда Диананинг туғилган кунини нишонлар эди. Кейинги куни эса қуёш худоси Аполлоннинг туғилган куни нишонланар эди. Кўриняптики, туғилган кунни нишонлаш масиҳийликка эмас, балки бутпарастликка оиддир.

8. Туғилган куннинг нишонланиши ирим билан қандай боғлиқ эканини тушунтиринг.

8 Илк масиҳийлар Исонинг туғилган кунини нишонламаганига яна бир сабаб бор. Шогирдлар туғилган куннинг нишонланиши ирим билан боғлиқ эканини билган бўлиши мумкин. Масалан, қадимги юнонлару римликлар инсон туғилганида ёнида бир руҳ бўлишига ва бу руҳ уни умри бўйи асрашига ишонишган. Бир китобда шундай дейилади: «Чақалоқ аллақандай худонинг туғилган кунида туғилар, уни асрайдиган руҳ эса бу худо билан сирли алоқада бўлар экан». («The Lore of Birthdays») Исони ирим билан боғлиқ байрамга алоқадор қилиш Яҳовага ёқмаслиги аниқ. (Ишаё 65:11, 12) Унда қанақасига Рождество байрами кўплар томонидан кенг нишонланадиган бўлди?

РОЖДЕСТВОНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

9. Нега Исонинг туғилган куни айнан 25 декабрда нишонланадиган бўлди?

9 Исо ер юзида яшаганидан асрлар оша, одамлар унинг туғилган кунини 25 декабрда нишонлай бошлаган. Лекин бу сана Исонинг туғилган куни эмас, чунки у тахминан  октябрда туғилган *. Унда нега айнан 25 декабрь танланган эди? Кейинчалик христиан деб аталганларнинг баъзилари «бу кунни бутпараст римликларнинг “енгилмас қуёш худосининг туғилган куни” байрами билан бирга нишонламоқчи бўлишди». («The New Encyclopædia Britannica») Қишда қуёшнинг фаоллиги сусайганида, бутпарастлар иссиқлик ва ёруғлик манбаи узоқ саёҳатдан қайтиб келсин, деб ўзгача байрам ўтказишган. Айнан 25 декабрь куни қуёш қайтишга ҳозирланади, деб ҳисобланган. Бутпарастларни ўз динига оғдириш ниятида, диний раҳбарлар бу байрамга «христиан» тусини беришган, холос *.

10. Нега баъзилар ўтмишда Рождествони нишонламаган?

10 Рождество байрами бутпарастликдан келиб чиққани анчадан бери маълум. Муқаддас Китобга асосланмагани учун 17- асрда бу байрамнинг нишонланиши Англияда ва Америка мустамлакаларида тақиқланган эди. Ўша куни ишга чиқмай, уйда қолганларга жарима солинар эди. Бироқ тез орада эски анъаналар яна оммалашиб, уларга янгилари қўшилди. Ҳозирги вақтга келиб Рождество яна машҳур бўлиб кетди ва кўп жойларда нишонланяпти. Худони мамнун қилмоқчи бўлганлар Рождествони ҳамда бутпарастликдан келиб чиққан ва сохта дин билан боғлиқ бўлган бошқа байрамларни нишонламайди *.

 БАЙРАМНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИНИ БИЛИШ МУҲИММИ?

11. Нега баъзилар байрамларни нишонлайди, лекин биз учун нима муҳим бўлиши керак?

11 Рождество каби кўп байрамлар бутпарастликдан келиб чиққанини баъзи инсонлар тан олади, лекин уларни нишонлашнинг ёмон жойи йўқ, деб ўйлайди. Аксарият одамлар байрамлар сохта диндан келиб чиққанига эътибор бермайди. Улар буни шунчаки оила билан бирга дастурхон атрофида йиғилиш учун бир сабаб деб билади. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Агар шундай бўлса, ҳақ дин томонини эгаллашингизга сохта динга меҳр қўйганингиз эмас, балки оила аъзоларингизни хафа қилмаслик туйғуси тўсқинлик қилаётгандир. Унутманг, оила асосчиси Тангри Яҳова оила аъзоларингиз билан яхши муносабатларга эга бўлишингизни хоҳлайди. (Эфесликларга 3:14, 15) Аммо қариндошлик муносабатларини мустаҳкамлашга Худонинг принципларини бузмасдан эришиш мумкин. Биз учун биринчи навбатда нима муҳим бўлиши кераклиги ҳақида ҳаворий Павлус шундай сўзларни ёзган: «Раббингизга нима маъқул эканига доимо ишонч ҳосил қилинглар». (Эфесликларга 5:10)

Ахлатда ётган конфетни кўтариб сўришни бошлармидингиз?

12. Ифлос манбадан келиб чиққан урф-одат ва байрамлардан нега четланишимиз кераклигини мисол ёрдамида тушунтиринг.

12 Эҳтимол, байрамларнинг бугунги нишонланиши ўтмишдагисининг келиб чиқиши билан боғлиқ эмас, деб ўйлаётгандирсиз. Уларнинг келиб чиқиши чиндан ҳам муҳимми? Бўлмасам-чи! Бир мисол келтирайлик: ахлатда ётган конфетни кўриб қолдингиз дейлик. Уни кўтариб сўришни бошлармидингиз? Қайдам. Ахир у ифлос-ку. Худди ширин конфет каби байрамлар ёқимли бўлиб кўриниши мумкин, бироқ улар ифлос манбадан келиб чиққан. Ҳақ топиниш томонини эгаллаш учун: «Ҳаром нарсага тегманг»,— деб айтган Ишаё пайғамбар сингари нуқтаи назарга эга бўлишимиз керак. (Ишаё 52:11)

 ФАРОСАТ БИЛАН ИШ ТУТИНГ

13. Байрамларни нишонламасликка қарор қилсангиз қандай қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин?

13 Байрамларни нишонламасликка қарор қилсангиз қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин. Масалан, байрамга қўшилмасангиз ҳамкасбларингиз ажабланиши турган гап. Агар бирорта байрам муносабати билан сизга совға беришса, нима қиласиз? Уни қабул қилиш нотўғри бўладими? Борди-ю, турмуш ўртоғингиз эътиқодингизга шерик бўлмаса-чи? Болалар байрамларда қатнашмаса, ўзини бир нарсадан маҳрум бўлгандай ҳис этмаслиги учун нима қилиш керак?

14, 15. Агар сизни байрам билан табриклашса ёки совға беришса нима қиласиз?

14 Ҳар бир вазиятда тўғри йўл тутиш учун фаросат талаб қилинади. Агар бирор киши шунчаки байрам билан табрикласа, ҳурмат юзасидан миннатдорчилик билдириш мумкин. Бироқ тез-тез кўришиб турадиган танишингиз ёки ҳамкасбингиз табрикласа-чи? Бундай вазиятда ўз нуқтаи назарингизни тушунтирсангиз бўлади. Ҳамиша хушмуомала бўлишга ҳаракат қилинг. Муқаддас Китобда: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин. Шунда ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар»,— деган маслаҳат бор. (Колосаликларга 4:6) Беҳурматлик қилмай, одоб билан ўз эътиқодингизни тушунтиринг. Совға бериш ёки ўтиришларга қарши эмаслигингизни, фақат буни байрам муносабати билан қилмаслигингизни айтинг.

15 Лекин сизга совға беришса нима қиласиз? Кўп нарса вазиятга боғлиқ. Совға берувчи шундай дейиши мумкин: «Байрамни нишонламаслигингизни биламан, лекин барибир буни совға қилмоқчиман». Эҳтимол, бундай вазиятда совғани олиш байрамда қатнашиш билан баробар эмас, деган хулосага келарсиз. Бироқ одам эътиқодингиздан бехабар бўлса, бу байрамни нишонламаслигингизни айтиб ўтсангиз яхши бўларди. Шунда нега жавобан совға бермаганингизни тушунтириш осонроқ бўлади. Бошқа томондан,  эътиқодингизга содиқ эмаслигингизни ёки моддий нарсалар учун эътиқодингизга зид йўл тутишингиз мумкинлигини кўрсатиш мақсадида берилаётган совғани қабул қилмаган маъқул.

ОИЛАДА ЎЗИНГИЗНИ ҚАНДАЙ ТУТИШИНГИЗ КЕРАК?

16. Байрам билан боғлиқ масалаларда қандай қилиб оиладагилар билан хушмуомала бўла оласиз?

16 Оиладагилар эътиқодингизга шерик бўлмаса-чи? Шунда ҳам хушмуомала бўлинг. Оиладаги ҳар бир одат ёки байрам ҳақида баҳслашишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Фикрингизни ҳурмат қилишларини истасангиз, уларнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилинг. (Матто 7:12 ни ўқинг.) Байрамга қўшилиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Агар муайян масала қайсидир байрам билан боғлиқ бўлмаса, фаросат билан иш тутинг. Нимаики қилманг, ҳамиша виждонингизни тоза сақланг. (1 Тимўтийга 1:18, 19 ни ўқинг.)

17. Болаларингиз байрамларда қатнашмаса, ўзини бир нарсадан маҳрум бўлгандай ҳис этмаслиги учун нима қилишингиз мумкин?

17 Болалар Муқаддас Китобга зид бўлган байрамларда қатнашмаса, ўзини бир нарсадан маҳрум бўлгандай ҳис этмаслиги учун нима қилишингиз мумкин? Кўп нарса йил давомида қилган ҳаракатларингизга боғлиқ. Айрим ота-оналар бошқа кунлари болажонларига совғалар беришади. Болалар учун энг қимматбаҳо совға эса, уларга ажратган вақтингиз ва севгига тўла эътиборингиздир.

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДАН ЮРИНГ

Ҳақ топиниш томонини эгаллаш ҳақиқий бахт келтиради

18. Қандай қилиб жамоат йиғилишлари ҳақ топиниш томонини эгаллашингизга ёрдам беради?

18 Худони мамнун қилиш учун сохта дин билан алоқани узиб, ҳақ топиниш томонини эгаллаш керак. Бунга нима киради? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини  кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик». (Ибронийларга 10:24, 25) Жамоат йиғилишлари Худога маъқул тарзда топинишингизга ёрдам беради. (Забур 22:22; 122:1) Бундай йиғилишларда бир-биримиздан «далда олишимиз» мумкин. (Римликларга 1:12)

19. Муқаддас Китоб таълимотларини бошқалар билан баҳам кўриш нима учун ўта муҳим?

19 Ҳақ топиниш томонини эгаллашнинг яна бир йўли Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилганда орттирган билимларингизни бошқаларга ҳам айтишдир. Дунёдаги ёвузликни кўриб кўп инсонлар оҳ-нола қиляпти. Ҳойнаҳой сиз ҳам бундай одамларни биларсиз. Уларга Муқаддас Китобга асосланган умид ҳақида айтишга нима дейсиз? Масиҳнинг чинакам издошлари билан мулоқот қилинг ва Муқаддас Китобдаги ажойиб ҳақиқатларни бошқалар билан баҳам кўринг. Шунда қалбингизга яқин бўлган, бироқ сохта диндан келиб чиққан урф-одатлардан аста-секин халос бўласиз. Ишонаверинг, ҳақ топиниш томонини эгалласангиз кўп баракалар оласиз ва жуда бахтиёр бўласиз. (Малаки 3:10)

^ абз. 9 Танлов 25 декабрга тушгани римликларнинг Сатурналия деган байрами билан ҳам боғлиқ. Бу байрам 17–24 декабрь кунлари нишонланадиган ҳосилдорлик худоси шарафига бағишланган эди. Байрам карнавал тусида бўлиб, совға бериш одат бўлган.

^ абз. 10 Бошқа машҳур байрамларга масиҳийларнинг муносабатини 222–223- саҳифалардаги Иловадан билиб олишингиз мумкин.