Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎН УЧИНЧИ БОБ

Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари

Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари
  • Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари қандай?

  • Худонинг абортга бўлган нуқтаи назари қандай?

  • Ҳаётга бўлган эҳтиромни қандай кўрсатишимиз мумкин?

1. Барча тирик мавжудотларни ким яратган?

«ЯҲОВА ҳақ Худодир. У барҳаёт Худо»,— деган эди Еремиё пайғамбар. (Еремиё 10:10) Ҳа, Яҳова барча тирик мавжудотларнинг Яратувчисидир. Айнан шу сабаб самовий мавжудотлар: «Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир»,— дейишяпти. (Ваҳий 4:11) Шоҳ Довуд эса Аллоҳни улуғлаб шундай куйлаган: «Ҳаёт манбаи Сендадир». (Забур 36:9) Дарҳақиқат, ҳаёт — Худонинг инъоми.

2. Тангримиз ҳаётимизни қандай қўллаб-қувватлаяпти?

2 Шунингдек, Тангримиз Яҳова ҳаётимизни қўллаб-қувватлаб турибди. (Ҳаворийлар 17:28) Масалан, У ейишимиз учун озиқ-овқат, ичишимиз учун сув, нафас олишимиз учун ҳаво ва яшашимиз учун сайёрамизни берган. (Ҳаворийлар 14:15–17 ни ўқинг.) Яҳова ато этган бу нарсалар ҳаётимизни завқли қилади. Лекин қувончимиз тўлиқ бўлиши учун Худонинг қонунларини ўрганиб, уларга риоя қилишимиз даркор. (Ишаё 48:17, 18)

ҲАЁТГА БЎЛГАН ЭҲТИРОМ

3. Ҳобилнинг ўлимига Худо қандай муносабатда бўлди?

3 Аллоҳ ҳам ўзимизнинг, ҳам ўзгаларнинг ҳаётини қадрлашимизни хоҳлайди. Одамато билан Момоҳавонинг ўғли  Қобилнинг укаси Ҳобилга қаттиқ жаҳли чиққан воқеани олайлик. Яҳова Қобилни жаҳл қилиш оғир гуноҳга етаклаши мумкин, деб огоҳлантирган эди. Бироқ Қобил огоҳлантиришни назар-писанд қилмай, «укаси Ҳобилга ташланиб, уни ўлдирди». (Ибтидо 4:3–8) Яҳова қотиллик учун Қобилни жазолади. (Ибтидо 4:9–11)

4. Тавротда Худонинг ҳаётга бўлган муносабати қандай акс эттирилган?

4 Орадан минг йиллар ўтиб, Аллоҳ Яҳова Исроил халқига қонунлар берди. Бу қонунлар уларга Худога маъқул тарзда хизмат қилишга ёрдам берар эди. Қонунлар Мусо пайғамбар орқали берилгани учун баъзан улар Мусонинг Таврот китоби деб аталади. Тавротда: «Қотиллик қилманглар»,— деган амр бор. (Қонунлар 5:17) Бу амр исроилликларга Худо инсонларнинг ҳаётини қадрлашини ва улар ҳам бошқаларга шундай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатарди.

5. Абортга қандай қарашимиз керак?

5 Туғилмаган боланинг ҳаётига қандай муносабатда бўлиш керак? Тавротга биноан ҳомиланинг ўлимига сабабчи бўлиш оғир гуноҳ эди. Ҳа, ҳатто туғилмаган боланинг ҳаёти Яҳованинг назарида жуда қадрли. (Чиқиш 21:22, 23; Забур 127:3 ни ўқинг.) Демак, аборт қилиш нотўғри.

6. Нега ўзгалардан нафратланмаслик керак?

6 Ҳаётга эҳтиром билан қараш ўзгаларга тўғри нуқтаи назарга эга бўлишни ҳам ўз ичига олади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Биродаридан нафратланадиган ҳар бир киши қотил. Ҳеч бир қотил эса абадий яшамаслиги сизларга аёндир». (1 Юҳанно 3:15) Агар абадий яшашни истасак, унда ўзгаларга нисбатан ҳар қандай нафратни қалбимиздан юлиб ташлашимиз керак, чунки нафрат кўпинча зўравонликка олиб келади. (1 Юҳанно 3:11, 12) Бир-биримизни севишни ўрганиш муҳим.

7. Қандай одатлар ҳаётга ҳурматсизлик кўрсатилаётганидан дарак беради?

7 Ҳаётимизни ҳурмат қилаётганимизни қандай кўрсата  оламиз? Ҳеч ким ўлишни хоҳламайди, бироқ баъзилар шунчаки кўнгилхушлик қиламан деб ҳаётини хавф остига қўяди. Масалан, улар тамаки, нос, чилим чекишади ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишади. Бу одатлар нафақат соғлиққа зарар келтиради, балки кўпинча ўлимга сабаб бўлади. Бундай ишлар билан шуғулланганлар ҳаётни муқаддас деб билишмайди. Бу ишлар Худонинг назарида нопокдир. (Римликларга 6:19; 12:1; 2 Коринфликларга 7:1 ни ўқинг.) Худони мамнун қиламан десак, қанчалик қийин бўлмасин, бундай одатларни ташлашимиз лозим. Яҳова бизга керакли ёрдамни беради. Ҳаётга Худонинг қимматбаҳо ҳадясидек қараш учун қилган ҳаракатларимизни У қадрлайди.

8. Нега доим эҳтиёт чораларини кўришимиз даркор?

8 Агар ҳаётни қадрласак доим эҳтиёт чораларини кўришга ҳаракат қиламиз. Бепарволик қилмаймиз ва шунчаки кўнгил очиш учун ҳаётни хавф остига қўймаймиз. Масалан, машина ҳайдасак эҳтиёт бўламиз. Шафқатсиз ёки хавфли спорт турларидан четланамиз. (Забур 11:5) Тавротда исроилликларга шундай дейилган эди: «Янги [томи текис] уй қурсангиз, томингиз устига тўсиқ [яъни паст девор] қуринг. Тағин биров том устидан йиқилиб тушиб, хонадонингиз қон тўкилганликда айбдор бўлиб қолмасин». (Қонунлар 22:8) Бунга амал қилай десангиз, бирортаси йиқилиб тушиб жиддий зарар кўрмаслиги учун уйингиздаги зинапоялар мустаҳкам бўлиши керак. Агар машинангиз бўлса, у доимо соз ҳолатда бўлсин. Уйингизу машинангиз ўзингизга ва бошқаларга хавф туғдиришига йўл қўйманг.

9. Ҳайвонларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

9 Ҳайвонларнинг ҳаёти тўғрисида нима дейиш мумкин? Ҳайвонларнинг ҳаёти ҳам Парвардигор кўзида муқаддасдир. Тўғри, Худо уларни овқат, кийим учун ёхуд хавф туғдирса ўлдиришга ижозат берган. (Ибтидо 3:21; 9:3; Чиқиш 21:28) Бироқ уларни қийнаш ёки шунчаки томоша учун ўлдириш нотўғри. Чунки бундай ишлар ҳаётнинг  муқаддаслигига ниҳоятда ҳурматсизлик бўлар эди. (Ҳикматлар 12:10)

ҚОНГА БЎЛГАН ЭҲТИРОМ

10. Ҳаёт билан қон чамбарчас боғлиқ эканини Худованд қандай кўрсатди?

10 Қобил укаси Ҳобилни ўлдирганида Яҳова унга: «Укангнинг қони тупроқдан Менга нола қиляпти!» — деб айтган эди. (Ибтидо 4:10) «Укангнинг қони» деганда Худо Ҳобилнинг ҳаётини назарда тутган эди. Ҳобилнинг жонини олгани учун Қобил жазоланиши керак эди. Чунки мажозий маънода қон, яъни Ҳобилнинг ҳаёти адолат ўрнатилишини талаб қиларди. Ҳаёт билан қон чамбарчас боғлиқлиги Нуҳ пайғамбар давридаги Тўфондан кейин яна бир бор тасдиқланди. Тўфондан олдин одамлар фақат мева-чева, сабзавот, ғалла ва ёнғоқлар истеъмол қилишган. Бироқ Тўфондан сўнг Яҳова Нуҳга ва унинг ўғилларига: «Ер юзида яшаётган ҳайвонларнинг барчаси сизларга егулик бўлсин»,— деган эди. Лекин давом этиб: «Фақат этни жони [ёки ҳаёти], яъни қони билан еманглар»,— деб буюрганди. (Ибтидо 1:29; 9:3, 4) Кўриняптики, Худованд назарида ҳаёт билан қон чамбарчас боғлиқдир.

11. Қайси амр Нуҳ пайғамбар давридан бери ўз кучини йўқотмаган эди?

11 Агар ҳаётни қадрласак қон истеъмол қилмаймиз. Тавротда Худонинг бундай амри бор: «Исроил ўғилларидан бирортаси... ов қилганда еса бўладиган ёввойи ҳайвонни ёхуд қушни тутса, унинг қонини оқизиб, қонни тупроқ билан кўмиб қўйсин.... Мен Исроил ўғилларига: “Ҳеч бир тирик мавжудотнинг қонини истеъмол қилманглар...”,— деганман». (Левилар 17:13, 14) Қон истеъмол қилмаслик ҳақидаги амр илк бор бундан тахминан 800 йил аввал Нуҳ пайғамбарга берилган бўлса-да, ҳали ҳам ўз кучини йўқотмаган эди. Тангри Яҳованинг нуқтаи назари аниқ эди: Унинг хизматчилари ҳайвон гўштини ейиши мумкин, лекин қонини оғзига олмаслиги керак. Улар қонни ерга тўкиб юбориши даркор эди. Шунда мажозий маънода ҳаёт уни берган Яратувчига қайтарди.

12. Милодий биринчи асрда берилган қон тўғрисидаги қайси амр ҳозирга қадар муҳим?

 12 Бунга ўхшаш амр масиҳийларга ҳам берилган. Милодий биринчи асрда ҳаворийлару оқсоқоллар йиғилиб, масиҳийлар жамоатидаги барча амал қилиши керак бўлган амрларни муҳокама қилишган. Улар қуйидаги хулосага келишган: «Муқаддас руҳ ёрдами билан биз қуйида келтирилган зарур нарсалардан ортиғини бўйнингизга юкламасликка қарор қилдик: бутларга бағишланган нарсалардан, қондан, ҳаром ўлган ҳайвон гўштидан ва зинодан ўзингизни сақланглар». (Ҳаворийлар 15:28, 29; 21:25) Хуллас, ўзимизни қондан сақлашимиз керак. Худонинг назарида бу амрга риоя қилиш, худди бутпарастлик ва зинодан қочиш каби жиддийдир.

Шифокор спиртли ичимликларни тақиқлаб қўйса, уни томир орқали баданингизга киритармидингиз?

13. Қондан сақланиш амрига уни томир орқали қуймаслик ҳам киришини мисол ёрдамида тушунтиринг.

13 Қондан сақланиш уни томир орқали қуйиш ҳам тақиқланганини англатадими? Ҳа. Бир мисолни кўриб чиқайлик. Айтайлик, шифокор сизга спиртли ичимликларни тақиқлаб қўйган. Хўш, уни оғизга олмас экансиз, томир орқали баданга киритасизми? Албатта йўқ! Шунга ўхшаб, қондан сақланиш уни баданга ҳеч қанақасига қуймасликни англатади. Демак, баданимизга томир орқали қон қуйилишига йўл қўймасак, бу амрга амал қилган бўламиз.

14, 15. Агар шифокорлар қон қуйиш даркор, дейишса масиҳий нима қилади ва нега?

14 Лекин масиҳий ўта оғир аҳволда бўлса ёки унга жиддий операция қилишга зарурат туғилса-чи? Шифокорлар қон қуйилмаса бемор ўлади, деб айтиши мумкин. Албатта, Худонинг хизматчиси ўлишни истамайди. Шу сабаб, у Худонинг қимматбаҳо инъоми бўлган ҳаётни сақлаб қолиш учун қон қуйилишидан холи даволаш усулларига рози бўлади. Масиҳий бундай даволаш усулларини излайди ва ўзига тўғри келадиган қонсиз даволаш усулларини танлайди.

15 Масиҳий Худонинг қонунини бузиб бўлса-да, бу дунёда ҳаётини узайтиришга интиладими? Исо шундай деган: «Кимдир ўз жонини [ёки ҳаётини] сақламоқчи бўлса, ундан  маҳрум бўлади. Аммо мени деб жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади». (Матто 16:25) Биз ўлишни хоҳламаймиз. Бироқ ҳаётимизни сақлаб қоламиз деб Худонинг амрини бузсак, абадий ҳаётдан маҳрум бўлишимиз ҳеч гап эмас. Аллоҳнинг амри тўғри эканига ишониш оқилонадир. Қандайдир сабабларга кўра оламдан ўтсак ҳам, ҳаёт Манбаи тирилиш бўлганда бизни ёдга олиб, қимматбаҳо ҳаётни қайтаришига ишончимиз комил бўлиши керак. (Юҳанно 5:28, 29; Ибронийларга 11:6)

16. Худонинг хизматчилари қон масаласида қандай қарорга келишган?

16 Худонинг содиқ хизматчилари Унинг қонга тегишли амрига риоя этишга қатъий қарор қилишган. Улар ҳеч қандай кўринишда қонни истеъмол қилишмайди. Бу тиббий мақсадларда қўлланиладиган қонга ҳам тегишли *. Улар шунда аминки, қонни яратган Худо улар учун нима энг яхши эканини билади. Сиз ҳам бунга аминмисиз?

ҚОННИНГ ТЎҒРИ ҚЎЛЛАНИЛИШИ

17. Қадимги Исроилда қондан фақат қайси мақсадда фойдаланиш мумкин эди?

17 Тавротга кўра қондан фақат битта мақсадда фойдаланиш мумкин эди. Яҳова қадимги исроилликларга топиниш борасида шундай амр берган эди: «Тирик мавжудотнинг жони [ёки ҳаёти] қондадир. Гуноҳларингизни ювинглар дея,  Мен сизларга қонни қурбонгоҳ учун бердим. Қон орқали гуноҳдан фориғ бўласизлар». (Левилар 17:11) Исроилликлар гуноҳ қилганда Аллоҳ уларни кечириши учун ҳайвонни қурбонликка келтиришарди. Шунда қурбонликнинг қонидан бироз олинарди ва муқаддас чодирдаги қурбонгоҳга, Худонинг маъбади қурилганида эса у ердаги қурбонгоҳга сепиларди. Демак, қонни фақат шундай қурбонликлар келтириш мақсадида қўллаш мумкин эди.

18. Исонинг тўкилган қони туфайли бизда қандай имконият пайдо бўлди?

18 Ҳозир масиҳийлар Тавротга риоя қилиб қурбонлик келтиришмайди ва унинг қонини қурбонгоҳ устига сепишмайди. (Ибронийларга 10:1) Чунки исроилликлар қонни бу мақсадда қўллагани рамзий маънога эга бўлиб, Худонинг Ўғли Исо Масиҳнинг қимматбаҳо қурбонлигига ишора қилар эди. 5- бобдан билиб олганимиздай, Исо биз учун ўз ҳаётини бериб қонини қурбонлик сифатида тўкди. Кейин  Худо уни тирилтирганида у осмонга кўтарилиб, тўккан қонининг баҳосини биратўла Худога тақдим этди. (Ибронийларга 9:11, 12) Бу эса гуноҳларимиз кечирилишига асос бўлиб, абадий ҳаётга эга бўлишимизга йўл очди. (Матто 20:28; Юҳанно 3:16) Қоннинг айнан шундай қўлланилиши ниҳоятда муҳим! (1 Бутрус 1:18, 19) Фақатгина Исонинг тўкилган қонига ишониш орқали нажот топа оламиз.

Ҳаёт ва қонга эҳтиромни қандай намоён қила оласиз?

19. «Бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор» бўлмаслик учун нима қилишимиз керак?

19 Худовандимиз Яҳовага ҳаёт инъоми учун нақадар миннатдормиз! Исонинг қурбонлигига ишониш туфайли абадий яшаш умиди пайдо бўлди. Наҳотки бу тўғрисида бошқаларга айтгингиз келмаётган бўлса?! Худо каби бошқаларнинг ҳаёти учун қайғурсак, хушхабарни ғайрат билан ваъз қиламиз. (Ҳизқиё 3:17–21 ни ўқинг.) Агар бу ишда жон куйдириб қатнашсак, ҳаворий Павлусдек: «Мен бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмаслигимга бугун гувоҳ бўлишингизни истайман. Зеро мен Тангрининг иродасини сизларга етказишдан бош тортмаганман»,— деб айта оламиз. (Ҳаворийлар 20:26, 27) Хуллас, Худо ва Унинг ниятлари ҳақида бошқаларга гапирсак, ҳаёт билан қонни юқори қадрлаётганимизни кўрсатамиз.

^ абз. 16 Қондан холи даволаниш усуллари ҳақида маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Қон ҳаётингизни қандай сақлаб қолиши мумкин?» номли рисоланинг 13–17- саҳифаларига қаранг.