Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎН ЕТТИНЧИ БОБ

Ибодат орқали Худога яқинлашинг

Ибодат орқали Худога яқинлашинг
  • Нега Худога ибодат қилиш даркор?

  • Худо ибодатимизни эшитиши учун нима қилишимиз керак?

  • Худо ибодатларимизга қандай жавоб беради?

«Осмон билан ернинг Яратувчиси» ибодатларимизни тинглашга доимо тайёр

1, 2. а) Нима учун ибодат қилиш катта шараф? б) Нега ибодат ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини билиб олишимиз керак?

УЛКАН олам билан солиштирилганда сайёрамиз жуда кичик. «Осмон билан ернинг Яратувчиси» бўлмиш Яҳова учун барча миллатлар бир томчи сув кабидир. (Забур 115:15; Ишаё 40:15) Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Яҳова Уни чақираётган кишиларга, Уни чин қалбдан чақираётганларга яқиндир. Ундан қўрқадиганларни муродига етказади, уларнинг фарёдини эшитади». (Забур 145:18, 19) Бир ўйлаб кўринг, Парвардигори Олам бизга яқин ва Уни «чин қалбдан чақираётганларнинг» фарёдини эшитар экан. Худовандга ибодат қилиш катта шарафдир!

2 Яҳова ибодатларимизни тинглашини хоҳласак, Унга маъқул тарзда ибодат қилишимиз керак. Бироқ Муқаддас Китобда ибодат ҳақида нима дейилганини билиб олмасак буни қандай қиламиз? Бу саволни кўриб чиқиш ўта муҳим, чунки ибодат орқали Яҳовага яқинлашишимиз мумкин.

НЕГА ЯҲОВАГА ИБОДАТ ҚИЛИШ ДАРКОР?

3. Яҳовага ибодат қилишимизнинг энг муҳим сабаби қандай?

3 Яҳовага ибодат қилиш учун энг муҳим сабаб, бунга  бизни Унинг Ўзи ундаяпти. Унинг Каломида шундай дейилган: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилади». (Филиппиликларга 4:6, 7) Дарҳақиқат, коинотнинг Олий Ҳукмдори берган бу ажойиб инъомнинг қадрига етишни истаймиз!

4. Нега доим ибодат қилсак Яҳова билан дўстона муносабатимиз мустаҳкамланади?

4 Доим ибодат қилишимизнинг яна бир сабаби, у орқали Худованд Яҳова билан дўстона муносабатимиз мустаҳкамланади. Чин дўстлар фақатгина бирор нарса керак бўлганда суҳбатлашмайди. Улар доим бир-бирига қизиқиш кўрсатиб, фикрлари, туйғулари ва ташвишлари билан бемалол бўлишганда дўстлиги мустаҳкамланади. Тангри Яҳова билан бўлган дўстона муносабатни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Ушбу китоб ёрдамида Муқаддас Ёзувларда Яҳова, Унинг шахсияти ва ниятлари тўғрисида нима дейилганини билиб  олдингиз. Қолаверса, У мавжуд Шахс экани ҳам сизга маълум бўлди. Ибодат орқали эса самовий Отамизга фикрлару туйғуларингизни изҳор эта оласиз. Шу йўсин, Яҳовага янада яқинлашасиз. (Ёқуб 4:8)

НИМА ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?

5. Яҳова барча ибодатларни тингламаслигини қаердан биламиз?

5 Яҳова барча ибодатларни тинглайдими? Ишаё пайғамбар даврида У итоатсиз исроилликларга қарата айтган сўзларига эътибор беринг: «Қанча кўп ибодат қилсангиз ҳам сизларни тингламайман. Зеро, қўлларингиз қонга ботган». (Ишаё 1:15) Кўриняптики, баъзи ишлар сабабли Аллоҳ ибодатларимизни тингламаслиги мумкин. Худо ибодатларимизни тинглаши учун биздан айрим нарсалар талаб қилинади.

6. Худо ибодатларимизни тинглаши учун муҳим талаблардан бири нима ва унга қандай мос келиш мумкин?

6 Муҳим талаблардан бири — имон. (Марк 11:24 ни ўқинг.) Ҳаворий Павлус ёзганидай: «Имон бўлмаса Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир. Зеро, Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим». (Ибронийларга 11:6) Ҳақиқий имон Худо борлигини ва У ибодатларимизни тинглаб, уларга жавоб беришини билишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бундай имон ишлар билан тасдиқланади. Кундалик ҳаётимиз имонимиз борлигидан далолат бериши керак. (Ёқуб 2:26)

7. а) Нега Яҳовага ҳурмат ила ибодат қилишимиз лозим? б) Ибодат қилаётганда қай йўсин камтарин ва самимий эканимизни кўрсатамиз?

7 Шунингдек, Яҳова биздан Унга камтарлик ва самимийлик ила ибодат қилишни талаб этади. Яҳова Унга камтарлик ила мурожаат қилишимизга лойиқ, шундай эмасми?! Масалан, одамлар президентнинг юксак мартабасини тан олиб, унга мурожаат қилганида иззат-эҳтиром ила гапиради. Худованд Яҳова ундан ҳам юксак  экан, кўпроқ ҳурматга лойиқ эмасми? (Забур 138:6) Ахир У «Қодир Тангри». (Ибтидо 17:1) Шунинг учун Худога ибодат қилаётганда, Унинг олдида камтарликни намоён этиб ўз ўрнимизни билишимиз лозим. Бундай камтарлик бизни ёддан айтиладиган ва ўша-ўша сўзларни такрорлашдан иборат бўлган ибодатлардан йироқлашиб, чин қалбдан ибодат қилишга ундайди. (Матто 6:7, 8)

8. Ибодатларимизга мувофиқ ҳаракат қилиш нимани англатади?

8 Аллоҳ ибодатларимизни эшитишини истасак, уларга мувофиқ ҳаракат қилишимиз керак. Яҳова сўраганимизга яраша қўлимиздан келганини қилишимизни кутади. Масалан, «бугунги ризқ-рўзимизни бер», деб ибодат қилсак, қўлимиздан келадиган ҳар қандай ишни астойдил бажаришимиз керак. (Матто 6:11; 2 Салоникаликларга 3:10) Агар тана истакларимизни енгиш учун Худодан ёрдам сўрасак, васвасага соладиган вазиятлардан четланишимиз лозим. (Колосаликларга 3:5) Ушбу асосий талаблардан ташқари, ибодат борасида бошқа саволларга ҳам жавоб олишимиз даркор.

ИБОДАТ БОРАСИДА ЯНА НИМАНИ БИЛИШ КЕРАК?

9. Кимга ибодат қилишимиз керак ва ким орқали?

9 Кимга ибодат қилиш керак? Исо издошларини «осмондаги Отамизга» ибодат қилишга ўргатган. (Матто 6:9) Шунинг учун, фақат Худованд Яҳовага ибодат қилишимиз лозим. Бироқ У «ягона Ўғли» бўлмиш Исо Масиҳнинг мавқеини тан олишимизни хоҳлайди. Чунки 5- бобдан билиб олганимиздай, Исо бизни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод қилиш мақсадида тўлов сифатида ер юзига юборилган. (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:12) У Олий руҳоний ва Ҳакам этиб тайинланган. (Юҳанно 5:22; Ибронийларга 6:20) Айнан шу сабабли, Худонинг Каломига кўра Исо орқали ибодат қилиш керак. Исо шундай деган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди». (Юҳанно 14:6) Хуллас,  ибодатларимиз ижобат бўлиши учун фақат Яҳовага Исо Масиҳ орқали ибодат қилишимиз керак.

10. Нега муайян ҳолатни эгаллаб ёки бирон томонга қараб ибодат қилиш шарт эмас?

10 Муайян ҳолатни эгаллаб ёки бирон томонга қараб ибодат қилиш керакми? Йўқ. Яҳова биздан қўлларимиз ёки гавдамиз муайян ҳолатда бўлишини талаб қилмайди. Муқаддас Китобдан кўриняптики, ибодат ҳар хил ҳолатларда айтилиши мумкин. Бунга ўтириб, тиз чўкиб, қўлларни кўтариб, мук тушиб ва тик туриб ибодат қилиш киради. (1 Солномалар 17:16; Нахимиё 8:6; Дониёр 6:10; Марк 11:25) Энг муҳими, ибодат хўжакўрсинга ёки бирон томонга қараб эмас, балки чин қалбдан қилиниши лозим. Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, кундалик ишлар билан банд бўламизми ёки қийин вазиятларга дуч келамизми, ичимизда ҳам ибодат қилишимиз мумкин. Бундай ибодатларни бошқалар пайқамаса-да, Яҳова уларни албатта эшитади. (Нахимиё 2:1–6)

11. Нима ҳақида ибодат қилиш мумкин?

11 Нима ҳақида ибодат қилиш мумкин? Муқаддас Китобда: «Унинг [Яҳованинг] иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади»,— деб айтилган. (1 Юҳанно 5:14) Демак, Худонинг иродасига мувофиқ нарсалар ҳақида ибодат қилишимиз мумкин. Шахсан ўзимизни ташвишлантирадиган нарсалар ҳақида ибодат қилиш Худонинг иродасига мувофиқми? Бўлмасам-чи! Тангри Яҳовага ибодат қилиш яқин дўст билан мулоқот қилишга ўхшайди. Аллоҳга юрагимизни тўкиб солиб, ҳаммасини очиқ-ойдин айтишимиз мумкин. (Забур 62:8) Тўғри йўл тутишга ёрдам бериши учун Ундан муқаддас руҳ сўрасак бўлади. (Луқо 11:13) Шунингдек, доно қарорлар чиқариш ва қийинчиликларни енгиш учун Худодан йўл-йўриқ сўрашимиз мумкин. (Ёқуб 1:5) Гуноҳ қилиб қўйсак, Масиҳнинг қурбонлиги асосида Худодан кечирим сўрашимиз керак. (Эфесликларга 1:3, 7) Албатта, нафақат ўзимиз,  балки оиламиз ва имондошларимиз учун ҳам ибодат қилишимиз лозим. (Ҳаворийлар 12:5; Колосаликларга 4:12)

12. Ибодатларимизнинг асосий мавзуси нима бўлиши зарур?

12 Худованд Яҳова билан боғлиқ бўлган нарсалар ибодатларимизнинг асосий мавзуси бўлиши зарур. Барча яхшиликлари учун Аллоҳ шукрона ва мадҳларга лойиқ. (1 Солномалар 29:10–13) Исо Матто 6:9–13 даги (ўқинг) намунали ибодатида Худонинг исми муқаддас бўлиши, яъни муқаддас тутилиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган. Шунингдек, Худонинг Шоҳлиги келиши ва Унинг иродаси осмонда бўлгани каби ерда ҳам бажо бўлиши ҳақида айтилган. Яҳова билан боғлиқ ушбу муҳим масалалардан сўнггина Исо ташвишларимиз ҳақида гапириб ўтган. Агар Худованд ибодатларимизда асосий ўринни эгалласа, нуқул ўзимизни ўйламаётганимизни кўрсатамиз.

13. Муқаддас Китобда Худога маъқул бўлган ибодатларнинг давомийлиги тўғрисида нима дейилган?

13 Ибодатларнинг давомийлиги қанақа бўлиши керак? Муқаддас Китобда шахсий ёки омма олдида айтиладиган ибодатлар қанча давом этиши кераклиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Улар овқатдан олдин қисқа ёки Яҳовага юракда борини тўкиб солиш учун узоқ айтиладиган бўлиши мумкин. (1 Шоҳлар 1:12, 15) Бироқ Исо хўжакўрсинга узун дуолар ўқийдиган, ўз назарида одил бўлган кишиларни қоралаган эди. (Луқо 20:46, 47) Бундай ибодатлар билан Яҳовани лол қолдириб бўлмайди. Аксинча, чин кўнгилдан ибодат қилишимиз муҳимроқ. Хуллас, Худога маъқул бўлган ибодатларнинг давомийлиги эҳтиёж ва вазиятга боғлиқ.

Қаерда бўлишингиздан қатъи назар Худо ибодатингизни эшитади

14. «Доим ибодат қилиш» нимани англатади ва нима бизга тасалли бахш этади?

14 Қанчалик тез-тез ибодат қилиш керак? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Доим ибодат қилинглар» ва «тинмай ибодат қилинглар». (Матто 26:41; Римликларга  12:12; 1 Салоникаликларга 5:17) Бу кечаю кундуз тинмай Яҳовага ибодат қилиш кераклигини билдирмайди. Аслида Муқаддас Китобга биноан яхшиликлари учун Яҳовадан миннатдор бўлиб йўл-йўриқ, мадад ва куч-қувват сўраб, доим ибодат қилишимиз лозим. Яҳова ибодатларимизнинг давомийлигига ва қанчалик тез-тез қилинишига чегара қўймаганини билиш тасалли бахш этяпти, шундай эмасми?! Агар ибодат қилиш шарафини қадрласак, самовий Отамизга ибодат қилишга доимо вақт топамиз.

15. Нега шахсий ва омма олдида айтилган ибодатларнинг сўнгида «омин» дейишимиз лозим?

15 Нега ибодатнинг сўнгида «омин» дейиш лозим? «Омин» сўзи «шундай бўлсин» деган маънога эга. Муқаддас Китобдаги мисоллар шуни кўрсатяптики хоҳ шахсий, хоҳ омма олдида айтилган ибодатлар бўлсин уларни «омин» сўзи билан якунлаш тўғри бўлади. (1 Солномалар 16:36; Забур 41:13) Шахсий ибодатимизнинг якунида «омин» дейиш билан айтганларимиз самимий эканини кўрсатамиз. Омма олдида қилинадиган ибодатнинг сўнгида ичимизда ёки овоз чиқариб «омин» десак, айтилганлар билан рози эканимизни кўрсатамиз. (1 Коринфликларга 14:16)

ХУДО ИБОДАТЛАРИМИЗГА ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАДИ?

16. Ибодат қилаётганда нимага амин бўлишимиз мумкин?

16 Яҳова ибодатларга жавоб берадими? Албатта! «Ибодатни Эшитгувчи» миллионлаб инсонларнинг самимий ибодатларига жавоб бериши шубҳасиз. (Забур 65:2) Яҳова ибодатларимизга турли йўллар билан жавоб бериши мумкин.

17. Нега Яҳова фаришталари ва хизматчилари орқали жавоб беради, деб айта оламиз?

17 Тангри Яҳова ибодатларга фаришталари ва Ўз хизматчилари  орқали жавоб беради. (Ибронийларга 1:13, 14) Худодан Муқаддас Китобни яхшироқ тушунишни сўраб ибодат қилган ва кейинчалик Яҳованинг хизматчилари билан танишган анчагина одамлар бор. Бундай одамларнинг мисоллари Шоҳлик фаолиятида фаришталар иштирок этаётганини кўрсатяпти. (Ваҳий 14:6) Ёрдамга муҳтож бўлганимизда ибодатларимизга жавобан Яҳова бирор хизматчисини бизга кўмак беришга ундаши мумкин. (Ҳикматлар 12:25; Ёқуб 2:16)

Ибодатимизга жавобан Яҳова бирор хизматчисини бизга кўмак беришга ундаши мумкин

18. Қандай қилиб Яҳова хизматчиларининг ибодатларига муқаддас руҳи ва Каломи орқали жавоб беради?

 18 Боз устига, Яҳова хизматчиларининг ибодатларига муқаддас руҳи ва Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали жавоб беради. Қийинчиликларни енгишга ёрдам беришини сўраганимизда Яҳова бизга Ўз руҳи орқали йўл-йўриқ ва куч-қудрат ато этиши мумкин. (2 Коринфликларга 4:7) Одатда йўл-йўриқ сўраб қилган ибодатга жавобни Муқаддас Китобдан топамиз, Яҳова принциплари орқали доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашади. Керакли оятларни шахсий тадқиқ пайтида ва бу китоб каби адабиётларимизни ўқиётганда топсак бўлади. Шунингдек, Худонинг Каломига асосланган маслаҳатларни жамоат учрашувларида ёки у ердаги ғамхўр оқсоқоллар билан суҳбатлашганда эшитишимиз мумкин. (Галатияликларга 6:1)

19. Ибодатларимиз жавобсиз қолаётгандай туюлса, нимани ёдда тутишимиз керак?

19 Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлса, бу Унинг ожизлигидан далолат бермайди. Аксинча, Яҳова ибодатларимизга Ўз иродасига мувофиқ ва керакли вақтда жавоб беришини ёдда тутишимиз лозим. Чунки У нимага муҳтож эканимизни ва бизга қандай ёрдам бериш кераклигини ўзимиздан кўра яхшироқ билади. Кўпинча Худо сўраб, излаб ва тақиллатиб туришимизга  йўл қўяди. (Луқо 11:5–10) Шу тарзда, сўраётган нарсамиз муҳимлигини кўрсатиб, самимий имонимизни намоён этамиз. Баъзида Яҳова ибодатларимизга жавоб берганини пайқамаслигимиз мумкин. Масалан, қандайдир қийинчилигимиз борасида сўраганимизда Худо бизни ундан халос қилмас, лекин уни енгишимиз учун куч беради. (Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.)

20. Нега ибодат қилиш шарафини қадрлашимиз керак?

20 Парвардигори Олам Унга маъқул тарзда ибодат қилаётганларга яқин эканидан нақадар миннатдормиз! (Забур 145:18 ни ўқинг.) Келинг, мунтазам ибодат қилиб бу шарафни қадрлайлик. Шундай қилиб, ибодатларни Эшитгувчи Яҳова билан янада яқин бўламиз.