Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ОЛТИНЧИ БОБ

Ўлимдан кейин ҳаёт борми?

Ўлимдан кейин ҳаёт борми?
  • Ўлимдан кейин нима содир бўлади?

  • Одамлар нега ўлади?

  • Нега ўлим тўғрисида ҳақиқатни билсак тасалли топамиз?

1–3. Одамларни қандай саволлар безовта қилади ва турли динларда нима деб жавоб беришади?

МАНА минг йиллардан бери, бу муҳим саволлар инсониятни қизиқтириб келмоқда. Ҳа, улар жуда муҳим. Ким бўлишимиз ва қаерда яшашимиздан қатъи назар, бу саволларнинг жавоблари ҳар биримизга тегишли.

2 Аввалги бобда Исо Масиҳ биз учун жонини тўлов сифатида бериб, абадий яшаш имконини очиб берганини кўрдик. Шунингдек, Муқаддас Китобда: «Ўлим... бошқа бўлмайди»,— деган башорат борлигини билиб олдик. (Ваҳий 21:4) Аммо ҳозир барчамиз ўлимга дучормиз. Доно шоҳ Сулаймон айтганидай: «Тириклар ўлишини билади». (Воиз 9:5) Ҳаммамиз узоқ умр кўришни истаймиз. Лекин барчамизни шундай савол қизиқтиради: «Ўлимдан кейин ҳаёт борми?»

3 Яқинларимизнинг ўлими бизга қайғу келтиради. Эҳтимол бизни: «Ўлимдан кейин нима содир бўлади? Ўлганлар азоб чекадими? Улар бизни кузатиб турибдими? Уларга ёрдам беришимиз мумкинми? Уларни яна кўра оламизми?» — деган саволлар безовта қилар. Лекин турли динларда турлича жавоб беришади. Масалан, улардан баъзилари: «Ўлганидан сўнг яхши одамлар осмонга, ёмон одамлар эса оловли дўзахга кетишади»,— деб таъкидлашади. Бошқалари эса: «Ўлганлар нариги дунёга,  ота-боболари ёнига боришади»,— дейишади. Яна бошқалари эса: «Ўлганлар ҳукм қилинади, сўнг бошқа танага кириб ҳаётини давом эттиради»,— деб айтишади.

4. Кўп динларнинг ўлим борасидаги таълимоти қайси битта фикрга асосланган?

4 Кўп динларнинг таълимотлари битта фикрга асосланади: одамнинг танаси ўлгач ундан руҳи чиқиб яшашни давом эттиради. Қадимдан то бугунги кунгача, деярли барча динларда руҳ абадий яшаб кўриш, эшитиш ва ўйлаш қобилиятига эга, дея таъкидланади. Лекин аслида бу шундайми? Одамнинг ҳис-туйғуларию фикрлари мия фаолияти билан боғлиқ. У ўлганида унинг мияси фаолиятини тўхтатади-ку. Шунда хотиралару ҳис-туйғулар йўқ бўлиб кетади, чунки улар миясиз мавжуд бўла олмайди.

ЎЛИМДАН КЕЙИН НИМА СОДИР БЎЛАДИ?

5, 6. Ўлганларнинг ҳолати тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган?

5 Бу масала мияни яратган Парвардигор Яҳовага маълум. У, бу сирни Муқаддас Китобда очиб бермоқда. Ундан қуйидаги ҳақиқатни билиб оламиз: одам ўлганида йўқ бўлиб кетади. Ўлим ҳаёт билан қарама-қаршидир. Ўлганлар на кўришади, на эшитишади ва на фикрлай олишади. Ўлимдан сўнг одамнинг танасидан чиқиб кетадиган ва боқий яшайдиган жони ёки руҳи йўқ *.

Олов қаерга ғойиб бўлди?

6 Сулаймон: «Тириклар ўлишини билади»,— деганидан сўнг: «Ўлганлар эса ҳеч нарсани билмайди»,— деб ёзган. Кейин гапида давом этиб, ўлганлар севишга ҳам, нафратланишга ҳам қодир эмаслигини таъкидлаган. Чунки «қабрда на иш, на режа, на билим, на донолик бор». (Воиз 9:5, 6, 10 ни ўқинг.) Шунингдек, Забурда айтилишича, одам ўлганидан сўнг унинг «ўй-фикрлари пучга чиқади». (Забур 146:4) Барчамиз ўткинчимиз ва танамиз ўлганидан  кейин яшай олмаймиз. Ҳаётимизни шамда ёниб турган оловга ўхшатиш мумкин. Оловга пуфласангиз, у бошқа бир жойга кўчиб бормайди, балки йўқ бўлиб қолади.

ЎЛИМ ТЎҒРИСИДА ИСО МАСИҲНИНГ ФИКРИ

7. Исо ўлимни нима билан таққослаган?

7 Исо Масиҳ ўлганларнинг ҳолати тўғрисида билар эди. Масалан, Лазар исмли яқин дўсти қазо қилганида Исо шогирдларига: «Дўстимиз Лазар ухлаб қолди»,— деб айтган. Шогирдлар Лазар касалликдан тузалиш учун ухлаб ётгани тўғрисида гап кетяпти, деб ўйлашган. Лекин улар янглишган. Шунда Исо уларга очиғини айтган: «Лазар вафот этди». (Юҳанно 11:11–14 ни ўқинг.) Эътибор беринг, Исо ўлимни уйқу билан таққослаган. Лазар на осмонга кетган, на оловли дўзахга тушган. У на фаришталар, на оламдан ўтган аждодлари билан кўришган. Шунингдек, Лазар бошқа танада қайта туғилмаган. Ўлиб, у худди тушдан холи қаттиқ уйқуга кетгандай бўлган. Бошқа оятларда ҳам ўлим уйқу билан солиштирилган. Масалан, Исонинг шогирди Стефан тошбўрон қилиб ўлдирилганида, у ҳақида: «Ўлим уйқусига кетди»,— деб ёзилган. (Ҳаворийлар 7:60, изоҳ.) Шу каби Исонинг издоши Павлус ҳам ўз давридаги айримлар ҳақида: «Ўлим уйқусига кетган»,— деб ёзган эди. (1 Коринфликларга 15:6, изоҳ.)

Яҳова инсонларни ер юзида абадий яшаш учун яратган

8. Ўлим Худонинг ниятига кирмаганини қаердан биламиз?

8 Ўлим Худонинг ниятига кирганмиди? Асло! Тангри Яҳова одамлар ер юзида абадий яшашини истаган. Бу китобнинг бошида билиб олганимиздай, Худованд илк инсон жуфтини жаннатмакон ерга жойлаштириб, уларга  мукаммал соғлик ато этган. Ҳа, Яҳова уларга фақат яхшилик тилаган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, меҳрибон ота-она болалари қариб ўлишини хоҳлайдими? Албатта йўқ! Яҳова ҳам ер юзидаги фарзандларини севади ва улар чексиз бахт-саодатдан баҳраманд бўлишини истайди. Муқаддас Китобда инсонлар ҳақида: «[Яҳова] инсон қалбига абадийлик туйғусини солди»,— деб ёзилган. (Воиз 3:11) Худо бизни абадий яшаш истаги билан яратган ва бу истакни амалга ошириш учун барча чораларни кўриб қўйган.

 ОДАМЛАР НЕГА ЎЛАДИ?

9. Яҳова Одаматога нимани тақиқлаган ва нега бу буйруққа бўйсуниш қийин эмас эди?

9 Унда нега одамлар ўлади? Бу саволга жавоб топиш учун, илк эркак ва аёл билан нима содир бўлганини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китобда: «Аллоҳ Яҳова кўзга ёқимли ва емоққа яхши бўлган турли дарахтларни ўстирди»,— дейилган. (Ибтидо 2:9) Лекин Худо бир нарсани тақиқлаган эди. У Одаматога шундай деган: «Боғдаги ҳар қандай дарахтнинг мевасидан тўйгунингча еявер. Аммо нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емаслигинг керак, акс ҳолда, ундан еган куни ўласан». (Ибтидо 2:16, 17) Бу буйруққа бўйсуниш қийин эмас эди. Сабаби, Одамато билан Момоҳаво боғдаги бошқа кўпгина дарахтларнинг мевасидан ейиши мумкин эди. Бу, уларга барча нарсани, жумладан, мукаммал ҳаётни ато этган Худога миннатдорчилик билдириш имконини берарди. Итоаткорлиги билан улар Аллоҳнинг ҳокимиятини ҳурмат қилаётганини ҳамда Унинг севги ила берган йўл-йўриғига амал қилишни истаётганини кўрсатишарди.

10, 11. а) Қай йўсин илк жуфтлик Худога итоатсизлик қилди? б) Нега Одамато билан Момоҳавонинг итоатсизлигини оқлаб бўлмайди?

10 Минг афсуски, илк жуфтлик Худога бўйсунмасликни танлади. Илондан фойдаланиб Шайтон Момоҳаводан: «Худо боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтгани ростми?» — дея сўради. Момоҳаво шундай жавоб берди: «Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин. Лекин Худо боғнинг ўртасидаги дарахтнинг меваси ҳақида: “Ундан еманглар, унга тегманглар. Акс ҳолда, ўласизлар”,— деб айтган». (Ибтидо 3:1–3)

11 «Асло ўлмайсизлар,— дея давом этди Шайтон,— Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар». (Ибтидо 3:4, 5) Шайтон Момоҳавони тақиқланган мевани еса бахтлироқ бўлишига  ишонтирмоқчи эди. Унинг фикрича, Момоҳаво нима яхши ва нима ёмон эканини ўзи ҳал қила оларди ва истаганча йўл тутиши мумкин эди. Шунингдек, Шайтон Яҳовани ўша мевани ейишнинг оқибатлари ҳақида ёлғон гапирганликда айблади. Хуллас, Момоҳаво Шайтонга ишониб, нафақат ўзи мевадан еди, балки эрини ҳам ўзига шерик қилди. Улар буни била туриб қилишди. Чунки улар қилаётган ишни Худо тақиқлаганини аниқ билишарди. Мевадан еб, улар оддий ва оқилона буйруққа қулоқ солишмади. Улар самовий Отасини ва Унинг ҳокимиятини писанд қилишмади. Меҳрибон Яратувчисига нисбатан бундай ҳурматсизликни ҳеч оқлаб бўлмайди!

12. Қандай мисол Яҳованинг ҳис-туйғуларини тушунишимизга ёрдам беради?

 12 Мисол учун, болаларингизни жон куйдириб катта қилсангиз-у, улар сизни на севишса, на ҳурмат қилишса, бу юрагингизга қаттиқ ботмасмиди? Энди, Одамато билан Момоҳаво исён қилганида Яҳованинг дили қанчалик оғриганини бир тасаввур қилинг!

Одамато тупроқдан яратилган ва тупроққа қайтган

13. Яҳова Одаматога нима деган ва бу сўзлар нимани англатарди?

13 Яҳова итоатсиз Одамато билан Момоҳавонинг ҳаёти абадий давом этишига йўл қўя олмас эди. Худованд огоҳлантирганидай улар ҳаётдан кўз юмишди, яъни йўқ бўлиб кетишди. Улар нариги дунёда ҳаётини давом эттиришмаган. Буни, Яҳова Одаматони жавобгарликка тортаётиб айтган қуйидаги сўзларидан биламиз: «Сен тупроқдан яралгансан ва тупроққа [қайтасан]... Чунки сен тупроқдирсан ва тупроққа қайтасан». (Ибтидо 3:19) Аллоҳ Одаматони ернинг тупроғидан яратган. (Ибтидо 2:7) Яратилишидан олдин Одамато ҳеч қаерда бўлмаган. Шунинг учун «тупроққа қайтасан» деган сўзлар, Одаматонинг шунчаки йўқ бўлиб кетишини англатар эди. Одамато ўзи олинган тупроқ каби жонсиз бўлиб қолади.

14. Одамлар нега ўлади?

14 Агар Одамато билан Момоҳаво Худога қулоқ солишганида ҳозир ҳам тирик бўлишарди. Одамато гуноҳ ва ўлимни барча авлодларига мерос қилиб бергани сабабли биз ҳам ўлимга дучор бўляпмиз. (Римликларга 5:12 ни ўқинг.) Гуноҳ наслдан наслга ўтадиган хавфли касалликка ўхшайди. Ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Унинг оқибати ўлим, лаънатдир. Ўлим дўст эмас, душмандир. (1 Коринфликларга 15:26) Ушбу шафқатсиз душмандан бизни халос қилиш учун тўлов тақдим этган Худойимиз Яҳовадан миннатдор бўлсак арзийди!

ЎЛИМ ТЎҒРИСИДА ҲАҚИҚАТНИ БИЛИШ ТАСАЛЛИ БАҒИШЛАЙДИ

15. Нега ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш тасалли бағишлайди?

15 Ўлганларнинг ҳолати ҳақида Муқаддас Китобдан  билиб олаётганларимиз чиндан ҳам тасалли беряпти. Кўриб турганимиздай ўлганлар на азоб чекади, на оғриқни сезади. Улар билан на сўзлаша оламиз, на уларни эшита оламиз. Марҳумлар бизга на ёрдам бера олади, на ёрдамимизга муҳтож. Улар зиён етказишга ҳам ожиз, шу сабабли улардан қўрқишга ҳеч қандай асос йўқ. Бироқ диний устозларнинг кўпи ўз дуолари билан ўлганларга ёрдам бера олишларини айтишади ва бунга ишонганлар эвазига пул беришади. Лекин ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш бунга ўхшаш ёлғонлардан бизни ҳимоя қилади.

16. Аксарият динларга ким ва қандай таъсир ўтказяпти?

16 Кўп динларнинг таълимоти Муқаддас Китобда айтилганларга мувофиқми? Аксарият динларда бундай эмас. Нега? Чунки уларнинг таълимотлари Шайтоннинг таъсири остида вужудга келган. Шайтон сохта диндан фойдаланиб одам ўлганидан сўнг нариги дунёда яшашни давом эттиришига ҳаммани ишонтирмоқчи. Бу ва шу каби бошқа сохта таълимотларни бир-бирига боғлаб, Шайтон одамларни Тангри Яҳовадан узоқлаштиради. Қандай қилиб дейсизми?

17. Нега абадий азоб ҳақидаги таълимот Худонинг номига доғ туширади?

17 Юқорида айтилганидай, баъзи динларда ёмон ишлар қилган одамлар оловли дўзахда абадий азоб чекади, деган таълимот мавжуд. Бу таълимот Худонинг номига доғ туширади. Меҳрибон Тангримиз Яҳова ҳеч қачон бундай қилмайди. (1 Юҳанно 4:8 ни ўқинг.) Масалан, итоатсиз ўғлини жазолаш учун унинг қўлини оловда куйдирган ота ҳақида нима деб ўйлаган бўлардингиз? У билан яқиндан танишишни истармидингиз? Уни янада ҳурмат қилармидингиз? Қайдам. Ҳойнаҳой, у жуда шафқатсиз деган фикрга борардингиз. Шайтон ҳам Яҳова одамларни абадий қийнашига бизни ишонтирмоқчи.

18. Ўлганлар билан боғлиқ қандай сохта таълимот мавжуд?

18 Шайтоннинг яна бир сохта таълимоти мавжуд. Унга  биноан тириклар ўлганларнинг руҳига ҳурмат кўрсатишлари керак. Чунки ўлганларнинг руҳи ё дўстга ёки ашаддий душманга айланар экан. Кўпчилик бу таълимотга ишонади. Шунинг учун одамлар ўликлардан қўрқиб, уларнинг шаънига дуолар ўқийди ва уларга сиғинади. Муқаддас Китобга биноан эса марҳумлар ўлим уйқусида ва фақат ҳақ Худо, Парвардигори Олам Яҳова топинишимизга лойиқ. (Ваҳий 4:11)

19. Ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш Муқаддас Китобдаги қайси таълимотни тушунишга ёрдам беради?

19 Ўлим тўғрисида ҳақиқатни билиш сизни сохта дин таълимотларига алданиб қолишдан ҳимоялайди. Шунингдек, Муқаддас Китобдаги бошқа таълимотларни яхшироқ тушунишингизга ёрдам беради. Масалан, нариги дунё йўқ эканини англаганингизда, ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умиди нақадар бебаҳо эканини тушунасиз.

20. Келаси бобда қайси савол кўриб чиқилади?

20 Қадимда яшаган художўй инсон Аюб шундай саволни кўтарган эди: «Агар одам ўлса, у яна яшай оладими?» (Аюб 14:14) Хўш, вафот этган киши яна ҳаётга қайтиши мумкинми? Бу борада Муқаддас Китобда тасалли берадиган таълимот ёзилган. Келаси бобдан бу ҳақида билиб оламиз.

^ абз. 5 «Жон» ва «руҳ» тўғрисида 208–211- саҳифалардаги Иловадан билиб олиш мумкин.