Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ИЛОВА

Илоҳий исмнинг қўлланилиши ва маъноси

Илоҳий исмнинг қўлланилиши ва маъноси

МУҚАДДАС КИТОБИНГИЗДА Забур 83:18 қандай таржима қилинган? «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасида» бу оят қуйидагичадир: «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин». Бошқа бир нечта таржималарда ҳам бу оят шундай ўгирилган. Аммо кўплаб таржималарда Худонинг шахсий исми олиб қўйилиб, «Эга» ёки «Раб» унвонлари билан алмаштирилган. Қайси таржима тўғри? Бу оятда Худонинг унвони ёки Яҳова деган исм туриши керакми?

Илоҳий исмнинг ибронийча ёзилиши

Ушбу оятда исм тўғрисида гап кетяпти. Муқаддас Китобнинг аксарият қисми ибронийчада ёзилган бўлиб, бу оятда ушбу исм мавжуд. Ибронийчада у қуйидагича ёзилади: יהוה (ЙҲВҲ). Ўзбекчага эса «Яҳова» деб ўгирилган. Бу исм фақатгина шу оятда учрайдими? Йўқ. Таврот ва Забурда, яъни Ибронийча ёзувларнинг асл нусхасида у тахминан 7 000 маротаба қўлланилган.

Худонинг исмини билиш қанчалик муҳим? Келинг, Исо Масиҳнинг намунали ибодатига эътибор берайлик. У шундай деб бошланган: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин». (Матто 6:9) Бошқа сафар эса Исо: «Ота, исмингни улуғла»,— деб ибодат қилган. Бунга жавобан Аллоҳ осмондан: «Улуғладим ва яна улуғлайман»,— деган. (Юҳанно 12:28) Кўриб турганимиздай, Худонинг исми катта аҳамиятга эга. Унда нега баъзи таржимонлар бу исмни олиб қўйиб, уни унвонларга алмаштирган?

Бунинг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, бу исмнинг талаффузини бугун ҳеч ким билмагани учун, кўпчилик уни қўлламаслик керак деган фикрда. Қадимги ибронийча алифбода унли ҳарфлар бўлмаган. Қадим замонларда ЙҲВҲ қандай талаффуз қилинганини бугунги кунда ҳеч ким аниқ айта олмайди. Лекин бу бизни Худонинг исмини қўллашдан тўхтатиши керакми? Муқаддас Китоб ёзилган даврда Исо исми Ешува  ёки Яҳошуа деб талаффуз этилган бўлиши мумкин, аммо буни ҳеч ким аниқ айта олмайди. Шунга қарамай, ҳозир бутун дунё бўйлаб одамлар Исо исмининг турли шаклларини қўллаб, она тилида одатий бўлган тарзда талаффуз қиляпти. Биринчи асрда бу исм қандай талаффуз этилганини билмаса-да, одамлар уни бемалол қўллаяпти. Шунга ўхшаб, агар чет мамлакатга саёҳатга борган бўлсангиз, эҳтимол исмингиз бошқа тилда ўзгача талаффуз қилинганини пайқагандирсиз. Дарҳақиқат, Худонинг исми қадимда қандай талаффуз қилингани номаълум, бироқ уни тилга олмаслик учун бу сабаб бўла олмайди.

Аллоҳнинг исми Муқаддас Китобдан олиб қўйилганининг иккинчи сабаби яҳудийларнинг қадимий анъанаси билан боғлиқ. Улардан кўпи Худонинг исми умуман тилга олинмаслиги керак, деб ишонган. Эҳтимол, бу анъана Худонинг қуйидаги амри нотўғри талқин қилингани туфайли келиб чиққан: «Аллоҳингиз Яҳованинг исмини ноўрин тарзда тилга олманглар, чунки Яҳова Унинг исмини ноўрин тарзда тилга олган кишини жазосиз қолдирмайди». (Чиқиш 20:7)

Бу амр Худонинг исмини ноўрин тарзда қўллашни тақиқлаган. Аммо уни ўринли тарзда тилга олиш ҳам мумкин эмасмиди? Асло. Ибронийча ёзувларнинг («Эски аҳд») ёзилишида иштирок этган садоқатли инсонлар Худо исроилликларга берган Тавротга мувофиқ яшаган. Улар Аллоҳнинг исмини тез-тез қўллаган. Мисол учун, бу исм Худонинг хизматчилари кўпчилик бўлиб куйлаган Забур саноларининг аксариятида учрайди. Тангри Яҳова хизматчиларига Унинг исмини айтиб чақиришни буюрган ва содиқ кишилар бунга бўйсунган. (Йўэл 2:32; Ҳаворийлар 2:21) Бугунги кунда Исонинг чинакам издошлари ҳам у каби Худонинг исмини эҳтиром ила қўллаяпти. (Юҳанно 17:26)

Худонинг исмини унвонлар билан алмаштириб, таржимонлар жиддий хатога йўл қўйяпти. Улар Худони қандайдир узоқ ва номаълум қилиб кўрсатяпти. Аммо Муқаддас Китобда Яҳова «билан яқин дўст» бўлишга ундаляпмиз. (Забур 25:14) Масалан, яқин дўстингиз бор, дейлик. Агар унинг исмини билмасангиз, у билан қандай қилиб дўст бўла оласиз? Шунга ўхшаб, одамлар Худонинг Яҳова исмини билмаса, қандай қилиб Унга яқин бўла олишади? Энг муҳими, улар Худонинг исмини  қўлламаса, унинг ажойиб маъносидан бехабар қолишади. Хўш, бу илоҳий исм нимани англатади?

Бу исмнинг маъносини Худонинг Ўзи садоқатли хизматчиси Мусога очиб берган эди. Мусо бу исм ҳақида сўраганида Яҳова унга жавобан шундай деган: «Мен Ким бўлишни истасам, Ўша бўламан». (Чиқиш 3:14) Хуллас, Тангри Яҳова Ўз ниятларини амалга ошириш учун ким бўлиш керак бўлса Ўша бўлади ва Ўз хоҳишига мувофиқ ижодлари воситасида иродасини бўлдиради.

Тасаввур қилинг, сиз ким бўлишни хоҳласангиз ўша бўла оласиз. Дўстларингиз учун нима қилар эдингиз? Масалан, кимдир оғир касал бўлиб қолса, моҳир шифокор бўлиб уни даволай олардингиз. Агар боридан айрилган бўлса, унга муаммони ҳал қилишга ёрдам бера олардингиз. Афсуски, ҳамма қатори имкониятларингиз чегараланган. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, Яҳова Ўз ваъдаларини бажариш учун ким бўлиш керак бўлса Ўша бўла олишини кўриб ҳайратда қоласиз. Худо Ўз қудратини Уни яхши кўрадиган кишиларнинг фойдаси учун қўллашни ёқтиради. (2 Солномалар 16:9) Бу исмни билмайдиган кишилар Яҳова шахсиятининг ушбу ажойиб томонларидан бехабар.

Шубҳасизки, Муқаддас Китобда Яҳова исми қўлланилиши даркор. Агар бу исмнинг маъносини билиб, топинишимизда уни айтиб чақирадиган бўлсак, самовий Отамиз Яҳовага янада яқин бўла оламиз *.

^ абз. 3 Худонинг исми, унинг маъноси ва топинишда уни нега қўллаш кераклиги борасида кўпроқ маълумотни Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Илоҳий исм абадий турар» номли рисоладан топасиз. Шунингдек, «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»даги илованинг А4 мавзусига қаранг.

 

Кўпроқ билиш

ХУДОДАН КЕЛГАН ХУШХАБАР

Худонинг исми борми?

Аллоҳнинг кўп унвони бор: Эга, Яратувчи, Раббий. Лекин Унинг шахсий исми бор ва Муқаддас Китобнинг асл нусхаларида бу исм деярли 7 000 марта учраган.

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ибронийча ёзувларда Аллоҳнинг исми

Кўпгина бошқа таржималарда Худонинг исми бутунлай олиб қўйилган бир пайтда, нега «Янги дунё таржимаси»да «Яҳова» исми қўлланилган?