Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

Чиндан ҳам «охирзамонда» яшаяпмизми?

Чиндан ҳам «охирзамонда» яшаяпмизми?
  • Бизнинг вақтимизга доир қандай ҳодисалар башорат қилинган эди?

  • Муқаддас Китобда айтилишича «охирзамонда» одамлар қандай бўлади?

  • «Охирзамонда» қувониш учун қандай сабаблар бор?

1. Бизни нима кутаётганини қаердан билишимиз мумкин?

ЯНГИЛИКЛАРНИ кўраётиб, эҳтимол ўзингизга шундай савол бергандирсиз: «Дунёда нима бўляпти ўзи?» Дарҳақиқат, бошимизга ногаҳон кулфату фалокатлар ёғилиши мумкин. Ҳеч биримиз эртага нима бўлишини билмаймиз. (Ёқуб 4:14) Бироқ Яҳова келажакда нима бўлишини билади. (Ишаё 46:10) Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда нафақат ҳозир юз бераётган даҳшатли воқеалар, балки яқин келажакда бизни кутаётган қут-баракалар ҳақида ҳам олдиндан башорат қилинган.

2, 3. Шогирдлари Исодан нима ҳақида сўрашган ва у нима деб жавоб берган?

2 Исо Масиҳ Худонинг Шоҳлиги ҳақида гапирган. Бу Шоҳлик ёвузликка чек қўйиб, ер юзини жаннатга айлантиради. (Луқо 4:43) Шубҳасизки, одамлар бу Шоҳлик қачон келиши билан қизиқишган. Исонинг шогирдлари ҳам ундан: «Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замон охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» — деб сўрашган эди. (Матто 24:3) Бунга жавобан Исо замонанинг охири келадиган аниқ вақтни Аллоҳ Яҳовадан бўлак  ҳеч ким билмаслигини айтган эди. (Матто 24:36) Лекин Исо Худонинг Шоҳлиги ер юзига тинчлик ва хавфсизлик келтиришидан аввал дунёда қандай воқеалар юз беришини башорат қилган эди. Бу воқеалар ҳозир содир бўляпти.

3 «Замон охирлаб бораётган» пайтда яшаётганимизни кўрсатувчи далилларни билиб олишдан аввал, келинг, осмонда бўлган бир жангни қисқача муҳокама қилайлик. Бу жангни ҳеч бир одам кўрмаган бўлса-да, унинг натижаси барчамизга таъсир қиляпти.

ОСМОНДАГИ ЖАНГ

4, 5. а) Тахтга ўтирибоқ Исо нима қилишга тушган? б) Ваҳий 12:12 га кўра самодаги жанг нималарга олиб келган?

4 Ўтган бобдан Исо Масиҳ 1914 йили осмонда Шоҳ бўлганини билиб олдик. (Дониёр 7:13, 14 ни ўқинг.) Тахтга ўтирибоқ Исо чора кўришга тушди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Микоил [Исо Масиҳнинг бошқа исми] ўз фаришталари билан аждаҳога [Шайтон Иблисга] қарши жанг қилди. Аждаҳо ҳам ўз фаришталари билан уларга қарши чиқди» *. Бироқ Шайтон ва унинг фаришталари, яъни жинлари мағлубиятга учраб, ер юзига отилди. Худонинг содиқ фаришталари бундан қувонишди. Инсоният учун эса бу хурсандчилик келтирадиган ҳодиса эмас эди. Сабабини Муқаддас Китобдан билиб оляпмиз: «Ер... ҳолига вой! Зеро Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди». (Ваҳий 12:7, 9, 12)

5 Самодаги бу жанг нималарга олиб келганига эътибор беринг. Шайтон мудҳиш қаҳр-ғазаб ила одамларга қайғу келтира бошлади. Бу айнан бизнинг вақтимизда содир бўлаётганига ўзингиз амин бўласиз. Лекин бу «оз», яъни нисбатан қисқа муддат давом этади. Муқаддас Китобда  бу вақт «охирзамон» деб аталган. (2 Тимўтийга 3:1) Аммо бизга таскин берадигани шуки, Худо яқин орада ерни ҳам Шайтоннинг таъсиридан халос қилади! Келинг, бизнинг вақтимизга тегишли баъзи башоратларни кўриб чиқайлик. Шунда охирзамон вақтида яшаётганимизни ҳамда яқин орада Самовий Шоҳлик Яҳовани севадиганларга қандай баракалар ёғдиришини билиб оламиз. Аввало, Исо башорат қилган белгининг тўртта қисмини кўриб чиқайлик.

ОХИРЗАМОНДАГИ АСОСИЙ ВОҚЕАЛАР

6, 7. Урушлар ва очарчилик ҳақидаги башорат қандай амалга ошмоқда?

6 «Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади». (Матто 24:7) Сўнгги аср давомида урушлар дастидан миллионлаб одамлар ҳалок бўлди. Британиялик бир тарихчи шундай деб ёзган: «20- аср инсоният тарихида энг кўп қон тўкилган аср бўлди. [...] Бу асрда урушлар бетўхтов давом этиб, фақат қисқа муддатга босилгандай бўлиб, яна аланга олар эди». Бир институт ҳисоботида эса шундай дейилган: «Биринчи асрдан бери содир бўлаётган урушлардан кўра, 20- аср урушларининг қурбонлари уч баравар кўпроқ» («Worldwatch Institute»). 1914 йилдан бошлаб ҳарбий тўқнашувларда  100 миллиондан зиёд одам ҳалок бўлди. Миллионлаб одамлар яқинларини уруш туфайли йўқотиб қайғу-алам чекишяпти. Эҳтимол сиз ҳам яқинингизни шу тарзда йўқотгандирсиз.

7 «Озиқ-овқат етишмовчилиги... бўлади». (Матто 24:7) Тадқиқотлар кўрсатишича, охирги 30 йил мобайнида озиқ-овқат ишлаб чиқариш анча кўпайди. Лекин шунга қарамай очарчилик ҳукм сурмоқда. Сабаби, овқат сотиб олиш учун одамларда на пули бор, на ҳосил етиштириш учун ери бор. Ривожланаётган мамлакатларда миллиарддан зиёд аҳоли кунига бир долларга ёки ундан ҳам озроқ пулга яшаяпти. Бу одамлар учун очлик оддий ҳол бўлиб қолган. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, йилига беш миллиондан зиёд болалар очлик дастидан ҳаётдан кўз юмяпти.

8, 9. Зилзилалар билан ўлатлар ҳақидаги башорат амалга ошаётганини нима исботлаяпти?

8 «Кучли зилзилалар юз беради». (Луқо 21:11) АҚШнинг Геологик хизмати маълумотига кўра, ҳар йили ўртача ҳисобда 19 та кучли зилзила юз беради ва улар дастидан бинолар шикастланиб, ер қобиғи ёрилади. Устига-устак, йилига шундай шиддатли зилзилалар рўй берадики, биноларни бутунлай ер билан  яксон қилади. Маълумотларга кўра 1900 йилдан буён зилзилалар дастидан икки миллиондан кўпроқ киши ҳалок бўлди. Бир манбада шундай дейилган: «Замонавий жиҳозлар зилзила қурбонлари сонини деярли камайтирмади».

9 «Ўлатлар бўлади». (Луқо 21:11) Тиббиёт ютуқларига қарамай, қадимдан маълум бўлган ҳамда янги пайдо бўлган касалликлар авжига чиқяпти. Бир ҳисоботда айтилишича, сўнгги бир неча ўн йил мобайнида кўпчиликка таниш 20 та касаллик, жумладан, сил, безгак ҳамда вабо дунё бўйлаб кенг тарқалиб кетган ва уларнинг айримларини дори-дармон ёрдамида даволаш жуда қийин. Камида 30 та янги касаллик пайдо бўлди, улардан кўпи бедаво ва ўлимга олиб келади.

ОХИРЗАМОН ОДАМЛАРИ

10. Павлус 2 Тимўтийга 3:1–5 да башорат қилган қайси салбий хусусиятларни бугун одамларда кузатяпсиз?

10 Муқаддас Китобда охирзамонда нафақат дунёдаги аҳвол қандай бўлиши, балки одамлар ўзгариб кетиши ҳақида ҳам башорат қилинган. Ҳаворий Павлус одамлар қандай бўлишини тасвирлаган. У шунингдек: «Охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келади»,— деган. (2 Тимўтийга 3:1–5 ни ўқинг.) Одамларнинг  феъл-атворида қуйидаги салбий хусусиятлар кузатилади:

  • ўзини севадиган

  • пулпараст

  • ота-онага итоатсиз

  • садоқатсиз

  • меҳрсиз

  • ўзини тута билмайдиган

  • шафқатсиз

  • Аллоҳдан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган

  • ўзларини художўй қилиб кўрсатиб, амалда эса бунга риоя қилмайдиган

11. Забурда ёзилишича ёвузлар билан нима юз беради?

11 Бундай одамларга дуч келганмисиз? Йўқ дейишингиз қийин, чунки дунё бундай одамларга тўлиб-тошган. Демак, яқинда Худо чора кўради. Чунки Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Ёвузларнинг майса каби ўсиб кетиши, ёмонлик қилувчиларнинг гуллаб-яшнаши — абадий йўқ бўлиб кетиши учундир». (Забур 92:7)

ҚУВОНИШ УЧУН САБАБЛАР БОР!

12, 13. Қандай қилиб охирзамон пайтида «аниқ билим» кўпайди?

12 Башорат қилинганидай охирзамон пайтида қайғу кўпаяди. Бироқ  шундай нотинч дунёда ҳам Яҳовага топинадиган инсонларда қувониш учун сабаблар бор.

13 «Аниқ билим мўл-кўл бўлади», деб башорат қилган эди Дониёр пайғамбар. Бу қачон бўлар экан? «Охирзамон» пайтида. (Дониёр 12:4) Айниқса 1914 йилдан бери Яҳова чин дилдан Унга хизмат қилишни истаган кишиларга Муқаддас Китобни тушунишга ёрдам беряпти. Улар Худонинг исми ва нияти, Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги, ўлганларнинг ҳолати ва тирилиш ҳақида кўпроқ билим орттиришди. Яҳованинг хизматчилари бахтли ҳаёт кечириш ҳамда Худони улуғлаш учун нима қилиш зарурлигини билиб олишди. Боз устига, улар Худонинг Шоҳлиги қандай аҳамиятга эга эканини ва бу Шоҳлик ер юзидаги аҳволни қандай яхшилашини аниқ тушунишди. Бу билимлар асосида улар нима қилишди? Бу савол охирзамонда амалга ошган бошқа бир башорат билан чамбарчас боғлиқ.

«Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади». (Матто 24:14)

14. Шоҳлик ҳақидаги хушхабар қай миқёсда ёйиляпти ва уни кимлар ваъз қиляпти?

14 «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади», деб «замон охирлаб» борадиган пайт ҳақида башорат қилган эди Исо Масиҳ. (Матто 24:3, 14 ни ўқинг.) Шоҳлик ҳақидаги хушхабар, яъни у нималиги, нимани амалга ошириши ва у туфайли қандай баракаларга эга бўлишимиз ҳақидаги хабар бугунги кунда 230 дан зиёд мамлакату ҳудудларда юзлаб тилларда эълон қилиняпти. Бу хушхабарни «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган» миллионлаб Яҳованинг Шоҳидлари ғайрат билан ваъз қиляпти. (Ваҳий 7:9) Улар Муқаддас Китоб таълимотларини билмоқчи бўлган миллионлаб инсонларга бепул таълим беряпти. Исонинг «ҳамма халқлар сизлардан нафратланади», деган сўзларини эътиборга олсак, уларнинг бу фаолиятини бир мўъжиза деб аташ мумкин. (Луқо 21:17)

 СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАСИЗ?

15. а) Охирзамонда яшаётганимизга ишонасизми? Нега? б) «Охират» келса Яҳовага қарши чиққанлар ва Худо Шоҳлигининг бошқарувига бўйсунадиганлар билан нима содир бўлади?

15 Муқаддас Китобдаги кўплаб башоратлар ҳозир амалга ошаётган экан, охирзамонда яшаётганимизга қўшиласизми? Яҳова хушхабар етарлича ваъз қилинди, деб ҳисоблаганида «охират бўлади». (Матто 24:14) «Охират» сўзи остида Худо ер юзидан ёвузликни йўқ қилиши назарда тутилади. Унга била туриб қарши чиққанларни бартараф этишни Яҳова Исога ҳамда қудратли фаришталарга буюради. (2 Салоникаликларга 1:6–9) Шайтон билан унинг жинлари халқларни бошқа алдай олмайди. Бундан сўнг Худо Шоҳлигининг адолатли бошқарувига бўйсунадиган барчанинг устига улкан қут-баракалар ёғдирилади. (Ваҳий 20:1–3; 21:3–5)

16. Ушбу охирзамонда нима қилиш оқилона бўлади?

16 Шайтоннинг дунёси яқинда йўқ бўлиб кетар экан, ўзимизга шундай савол берайлик: «Мен нима қилишим керак?» Авваламбор, Яҳова ҳамда У биздан нима талаб қилаётгани тўғрисида билим олишда давом этиш оқилона бўлади. (Юҳанно 17:3) Муқаддас Китобни синчиклаб тадқиқ қилинг. Худонинг иродасини бажо келтиришга интилаётган инсонлар билан мулоқот қилишни одат тусига киритинг. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш орқали Тангри Яҳовани таниб-билинг ва Унга маъқул келиш учун ҳаётингизга керакли ўзгаришлар киритинг. (Ёқуб 4:8)

17. Нега ёвуз одамларнинг йўқ қилиниши кутилмаган воқеа бўлади?

17 Исо кўплар охирзамонда яшаётганимизнинг далилларига бепарво бўлишини башорат қилган эди. Ёвуз одамлар кутилмаганда ва қўққисдан йўқ қилинади. Худди ўғри кечаси келгандек, бу кун аксарият инсонлар учун кутилмаган воқеа бўлади. (1 Салоникаликларга 5:2 ни  ўқинг.) Исо шундай деб огоҳлантирган: «Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам шундай бўлади. Тўфондан олдин, Нуҳ пайғамбар кемага киргунча, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Аммо Тўфон келиб барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган. Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам худди шундай бўлади». (Матто 24:37–39)

18. Исонинг қайси сўзларига жиддий қарашимиз керак?

18 Исо яна шундай деган: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин. Тағин ўша кун ногаҳон келиб сизларни тўрга илинтирмасин. Чунки ўша кун ер юзида яшовчи барчанинг бошига тушади. Шундай экан, юз берадиган бу воқеалардан омон қолиб, Инсон Ўғлининг олдида тура олиш [розилигини олиш] учун, Аллоҳга доимо илтижо қилиб, ҳушёр туринглар». (Луқо 21:34–36) Ушбу сўзларга жиддий қарашимиз керак. Нега дейсизми? Чунки Яҳова Таоло ҳамда «Инсон Ўғли», яъни Исо Масиҳнинг розилигини олганлар Шайтоннинг дунёси йўқ қилинганда омон қолиб, янги дунёда абадий яшайди. Бу вақт эса жуда яқин! (Юҳанно 3:16; 2 Бутрус 3:13)

^ абз. 4 Микоил Исо Масиҳнинг бошқа исми эканини 218–219- саҳифалардаги Иловадан билиб олишингиз мумкин.

Кўпроқ билиш

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎРГАНИШ ДАСТУРИ

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?