Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 БИРИНЧИ БОБ

Худо тўғрисида ҳақиқат

Худо тўғрисида ҳақиқат
  • Худо бизга ғамхўрлик қиляптими?

  • Худо Ўзи қанақа? Унинг исми борми?

  • Худога яқинлашиш мумкинми?

1, 2. Нимага саволлар бериш яхши?

БОЛАЛАРНИНГ савол беришига эътибор берганмисиз? Улар гапиришни ўрганибоқ, кўзларини катта қилиб: «Нимага осмон кўм-кўк? Юлдузлар қандай пайдо бўлди? Қушларга сайрашни ким ўргатди?» — деган саволлар беришади. Лекин жавоб бериш доим ҳам осон иш эмас, чунки кетидан: «Нимага?» — деган бошқа савол туғилиши мумкин.

2 Саволлар беришга нафақат болалар уста. Ҳаммамизда гоҳида саволлар туғилади. Масалан, ҳаётда ўз йўлимизни топиш, хавф-хатарлардан ҳимояланиш ёки қизиқувчанлигимизни қондириш учун саволлар берамиз. Аммо кўп одамлар савол беришдан тўхтайди. Айниқса муҳим саволларга жавоб изламай қўйишади.

3. Нега кўплар жуда муҳим саволларга жавоб излашдан тўхтайди?

3 Сўзбошида ва шу бобнинг кириш қисмида келтирилган саволлар устида бир ўйлаб кўринг. Бу жуда муҳим саволлардан бир нечтаси, холос. Аммо кўп инсонлар учун уларга жавоб топиш  қийин бўлиб кўринади. Нима учун? Муқаддас Китоб уларга жавоб бериши мумкинми? Баъзилар Муқаддас Китобни тушуниш қийин деб ўйлайди. Бошқалар эса ноқулай аҳволга тушиб қолмай, деб савол беришдан тортинади. Шунда бу саволларнинг жавобини диний устозлар билиши керак, деган хулосага келишади. Сиз нима деб ўйлайсиз?

4, 5. Одамларни қизиқтираётган муҳим саволларнинг баъзилари қандай ва нима учун уларга жавоб топиш даркор?

4 Балки сиз ҳам муҳим саволларга жавоб топишни хоҳлаётгандирсиз. Сизни ҳам мана бундай саволлар қизиқтиргани аниқ: «Ҳаётнинг мазмуни нимада? Ҳаётимизнинг бори шу холосми? Худо Ўзи қанақа?» Бундай саволларни четда қолдириш ярашмайди, аксинча, уларга ишончли ва қониқарли жавоблар топиш даркор. Исо пайғамбар айтгандай: «Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади». (Матто 7:7)

5 Агар шундай муҳим саволларга жавобларни «излаб» турсангиз, улар нақадар диққатга сазовор эканини кўрасиз. (Ҳикматлар 2:1–5) Одамлар нима дейишидан қатъи назар, бу саволларнинг жавоби бор ва уларни Муқаддас Китобдан топа оласиз. Жавобларни тушуниш унчалик қийин эмас. Боз устига, улар умид ва қувонч бахш этади. Улар ҳаётингизни бахтли қилишга ёрдам беради. Келинг, авваламбор кўпларни ташвишга солаётган бир саволни кўриб чиқайлик.

ХУДОВАНД РАҲМОНУ МЕҲРИБОНДИР

6. Нимага баъзилар Худонинг бизга раҳми келмайди, деб ўйлайди?

6 Баъзилар эътироз билдириб: «Агар Худо раҳмдил бўлганида, ҳаёт умуман бошқача бўлмасмиди?» — деб таъкидлашади. Ҳа, атрофимизга нигоҳ ташласак уруш, нафрат ва кулфатларни кўрамиз. Ҳар биримиз касалликлар ва азобларга дуч келиб, яқинларимизни йўқотамиз.  Шунинг учун кўплар: «Агар Худонинг бизга раҳми келса, нега ҳеч қандай чора кўрмаяпти?» — дейди.

7. а) Одамлар Худони раҳмсиз деб билишида диний устозларнинг қандай ҳиссаси бор? б) Синовлар ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

7 Қайғулиси шундаки, одамлар Худони раҳмсиз деб билишларида диний устозларнинг ҳиссаси бор. Нега дейсизми? Бирорта фожиа бошимизга тушса, улар, бу Аллоҳнинг иродаси деб айтишади. Шундай қилиб улар барча ёмон ишларда Худони айблашади. Муқаддас Китобда нима дейилган? Унда қуйидагини ўқиймиз: «Синовга дучор бўлганда ҳеч ким: “Мени Худо синаяпти”,— деб айтмасин. Чунки Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Унинг Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди». (Ёқуб 1:13) Атрофимиздаги ёвузликка Худонинг ҳеч қандай дахли йўқ. (Аюб 34:10–12 ни ўқинг.) Худо ёвузликка фақатгина йўл қўйган. Лекин бирор нарсага йўл қўйиш билан унинг сабабчиси бўлиш ўртасида катта фарқ бор.

8, 9. а) Қандай мисол орқали муаммоларга йўл қўйиш билан уларнинг сабабчиси бўлиш ўртасидаги фарқни кўрсатар эдингиз? б) Нега одамларнинг муаммоларида Худони айблаш адолатдан бўлмас эди?

8 Масалан, доно ва меҳрибон бир отанинг вояга етган ўғли бор дейлик. Шу ўғли исён кўтариб, уйдан кетиш қарорига келди ва отаси уни ўз ихтиёрига қўйди. Ўғли ёмон йўлга кириб кетиб, кўп муаммолар орттириб олди. Хўш, муаммоларнинг сабабчиси унинг отасими? Асло. (Луқо 15:11–13) Шунга ўхшаб, одамлар ёмон йўлни танлаганида, Худо уларни тўхтатмади. Аммо уларнинг муаммоларига У сабабчи эмас. Хуллас, ҳамма балоларда Худони айблаш адолатдан бўлмас эди.

9 Одамлар нотўғри йўлдан боришига йўл қўйиш учун Худода асосли сабаблар бўлган. Доно ва қодир Парвардигор бу сабабларни тушунтиришга мажбур эмас. Бироқ меҳрибон Аллоҳ ўзгача йўл тутмоқда. Бу сабаблар тўғрисида кўпроқ 11- бобдан билиб оламиз. Аммо бир нарсада  амин бўлишимиз мумкин: бошимизга тушган балоларда Тангрининг айби йўқ. Аксинча, уларни ҳал қилишга фақатгина Худонинг қурби етади! (Ишаё 33:2)

10. Худо ёвузликнинг оқибатларини йўқ қилишига нега ишонишимиз мумкин?

10 Худо муқаддасдир. (Ишаё 6:3) Бу дегани, У пок ва софдир. Унда ҳеч бир эгрилик йўқ. Шундай экан, Унга бутунлай ишонишимиз мумкин. Инсонга ишонгандай эмас, чунки одам зоти гоҳида адашади. Ҳатто ҳалол сиёсатчилар ҳам ёмон одамлар келтираётган зарарни кўпинча бартараф эта олишмайди. Бироқ Аллоҳ ҳамма нарсага қодир. Инсонлар етказган зарарни йўқ қилишга Худонинг ҳам хоҳиши, ҳам қудрати бор. Худо чора кўра бошлаганда ёвузликка батамом чек қўяди! (Забур 37:9–11 ни ўқинг.)

АДОЛАТСИЗЛИККА ХУДО ҚАНДАЙ ҚАРАЙДИ?

11. а) Адолатсизликка Худо қандай қарайди? б) Шахсан сиз чекаётган азобларга-чи?

11 Хўш, дунёда ва шахсан ҳаётингизда содир бўлаётган ишларга Худо қандай қарайди? Муқаддас Китобда айтилишича, Аллоҳ «адолатни севади». (Забур 37:28) Демак, содир бўлаётган яхши ва ёмон ишларга Тангри бефарқ эмас. У ҳар турли адолатсизликдан нафратланади. Қадимги дунё ёвузликка тўлиб-тошганида Худонинг «қалби эзилиб кетди». (Ибтидо 6:5, 6) Аллоҳ ўзгармаган. (Малаки 3:6) Уни ҳозир ҳам дунёда бўлаётган бахтсизликлар ранжитяпти. Одамларнинг азобларини кўриш Аллоҳга хуш келмайди. Муқаддас Китобда Худо тўғрисида: «У сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб айтиляпти. (1 Бутрус 5:7 ни ўқинг.)

Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова бутун оламнинг меҳрибон Парвардигори

12, 13. а) Нега севги каби хислатга эгамиз ва бу туфайли дунёдаги адолатсизликка қандай муносабатдамиз? б) Нимага муаммоларни ҳал этишни Худодан кутишимиз мумкин?

12 Азобларни кўриш Худога хуш келмаслигига қандай амин бўлишимиз мумкин? Мана бир исботи. Муқаддас Китобда ёзилишича, Худо одамни Ўзига монанд  қилиб яратган. (Ибтидо 1:26) Парвардигорнинг ажойиб хислатлари борлиги сабабли, бизнинг ҳам ажойиб хислатларимиз бор. Масалан, айбсиз одамлар азоб чекса раҳмингиз келмайдими? Агар сизнинг уларга раҳмингиз келса, унда Аллоҳнинг янада кўпроқ раҳми келмайдими?!

13 Инсоннинг ажойиб хислатларидан бири севгидир. Бу борада ҳам Худонинг фазилатини акс эттирамиз. Чунки «Аллоҳнинг Ўзи севгидир». (1 Юҳанно 4:8) Шунинг учун, биз ҳам севгини намоён қилишимиз мумкин. Агар азоблару адолатсизликка чек қўйиш ихтиёрингизда бўлганида, севги ила шундай қилмасмидингиз? Албатта қилар эдингиз! Демак, Худо азоблару адолатсизликка чек қўйишига ҳеч шубҳаланмасангиз бўлади. Сўзбошида қаламга олинган ваъдалар нафақат қуруқ гап ёки орзу. Аллоҳнинг ваъдалари албатта амалга ошади! Лекин бу ваъдаларга қатъий ишониш учун, уларни берган Парвардигор тўғрисида кўпроқ билиб олишингиз даркор.

ХУДО УНИ ТАНИБ-БИЛИШИНГИЗНИ ХОҲЛАЙДИ

Бирор киши билан танишишни хоҳласангиз, ўз исмингизни айтмасмидингиз? Худо Ўз исмини Муқаддас Китобда очиб бермоқда

14. Худонинг исми нима ва нега бу исмни айтиб чақиришимиз керак?

14 Бирор кимса билан танишмоқчи бўлсангиз, авваламбор исмингизни айтмасмидингиз? Бироқ Худонинг исми борми? Кўп диндор одамлар Унинг исмини «Аллоҳ» ёки «Худованд» деб айтишади, аммо бу Унинг шахсий исми эмас. Бу худди «шоҳ»  ёки «президент» каби унвонлар, холос. Муқаддас Китобда айтилишича Худонинг унвонлари кўп. «Аллоҳ» ва «Худованд» деган унвонлар ҳам улар жумласидандир. Муқаддас Китобга кўра Худонинг шахсий исми бор. Унинг исми — Яҳова. Забурда шундай дейилган: «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин». (Забур 83:18) Агар Муқаддас Китобингизда бу исм учрамаётган бўлса, бу китобнинг 195–197- саҳифаларида жойлашган Иловадан сабабини билиб олишингиз мумкин. Муқаддас Китобнинг асл нусхаларида Худонинг исми минглаб маротаба учрайди. Дарҳақиқат, Тангри Таоло Унинг исмини билишингизни  ва Уни айтиб чақиришингизни хоҳлайди. Хуллас, Муқаддас Китоб орқали Худо Ўзини таништирмоқда.

15. Яҳова деган исм нимани англатади?

15 Худо Ўзига чуқур маъноли исм берган. Яҳова деган исми, Унинг барча ваъдалари ва барча мақсадлари амалга ошишини кўрсатади *. Худонинг исми Ўз турида ягонадир. Бу исм фақатгина Унга тегишли. Яҳова ҳар тарафлама ўзгача. Қайси маънода?

16, 17. а) «Қодир Тангри», б) «абадият Шоҳи», в) «Парвардигор» деган унвонлардан Яҳова ҳақида нимани билиб олишимиз мумкин?

16 Билиб олганимиздай, Яҳова тўғрисида: «Ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло»,— деб айтилган. (Забур 83:18) Шунингдек, бир оятда қуйидагини ўқиймиз: «Қодир Тангри Яҳова,  ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй абадият Шоҳи, йўлларинг адолатли ва тўғридир». (Ваҳий 15:3) «Қодир Тангри» деган унвон Яҳованинг нақадар қудратли эканидан далолат беряпти. Унинг тенги йўқдир. «Абадият Шоҳи» дегани эса, Яҳованинг яна бир ўзгача томонини кўрсатяпти. Фақат У азалий ва абадий Зотдир. Забурда: «Азалдан, тоабад Сен Худосан»,— деб айтилади. (Забур 90:2) Наҳотки бу фикр сизда эҳтиром ҳиссини уйғотмаса?!

17 Шунингдек Яҳова танҳо Парвардигордир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир». (Ваҳий 4:11) Хаёлингизга келган бутун борлиқ — самодаги кўзга кўринмайдиган фаришталару тунда порлайдиган юлдузлар, дарахтда ўсаётган мевалару дарёда сузиб юрган балиқлар — уларнинг барчасини яратган Яҳовадир!

ЯҲОВАГА ЯҚИНЛАШИШ МУМКИНМИ?

18. Нега баъзилар Аллоҳга ҳеч қачон яқинлаша олмаймиз, деб ўйлашади, лекин Муқаддас Китобда нима дейилган?

18 Баъзилар Тангри Яҳованинг ҳайратомуз хислатлари тўғрисида ўқиганларида бу уларга ғалати бўлиб туюлади. Улар: «Аллоҳ шунчалик буюкки мен осий бир банда Унга ҳеч қачон яқинлаша олмайман»,— деб ўйлашади. Лекин Муқаддас Китобда нима дейилган? Унда Худованд Яҳова тўғрисида: «У ҳар биримизга яқин»,— деб айтилган. (Ҳаворийлар 17:27) Боз устига бошқа оятда: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деган ундов бор. (Ёқуб 4:8)

19. а) Худога қандай яқинлашиш мумкин ва бу қандай фойда келтиради? б) Худонинг қайси фазилати сизга айниқса ёқимли?

19 Худога қандай яқинлашиш мумкин? Авваламбор, ҳозирги қилаётган ишингизни давом эттиринг, яъни Худо тўғрисида билим олинг. Исо пайғамбар шундай деган:  «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3) Ҳа, Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова Таоло ҳамда Ҳазрати Исо тўғрисидаги билим «абадий ҳаётга» етаклаб боради! Билиб олганимиздай «Худо севгидир». (1 Юҳанно 4:16) Шунингдек, Яҳованинг бошқа ажойиб фазилатлари бор. Масалан, бир оятда: «Шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худодир»,— деб айтилган. (Чиқиш 34:6) Худо «меҳрибон ва кечиримли». (Забур 86:5) У сабр-тоқатли. (2 Бутрус 3:9) Аллоҳ садоқатли. (Ваҳий 15:4) Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, Тангри Яҳова яна кўпгина бошқа жозибадор фазилатларни қандай намоён қилаётганини кўрасиз.

20–22. а) Худони кўра олмасак-да, Унга қандай яқинлашиш мумкин? Тушунтириб беринг. б) Баъзилар яхши ниятлар ила нима қилиши мумкин, бироқ сиз нима қиласиз?

20 Тўғри, Худо руҳий Шахс бўлгани учун Уни кўра олмайсиз. (Юҳанно 1:18; 4:24; 1 Тимўтийга 1:17) Бироқ Унинг шахсияти тўғрисида Муқаддас Китоб саҳифаларидан билиб олишингиз мумкин. Бир оятда айтилганидай, сиз «Яҳованинг ҳимматига» кўз тикишингиз мумкин. (Забур 27:4; Римликларга 1:20) Яҳова тўғрисида билимингиз ошган сайин, Уни яқиндан таниб-биласиз. Шунда Худони севиш ва Унга яқинлашиш учун янада кўп сабаблар топасиз.

Меҳрибон ота боласини севгандай, самовий Отамиз бизни янада кўпроқ севади

21 Худо бизга нафақат ҳаёт берган, балки ҳар бир меҳрибон ота каби ҳаётдан завқ олишимизни хоҳлайди. (Забур 36:9) Шу сабабли, Муқаддас Китобда Яҳовани самовий Ота деб билишимиз кераклиги ҳақида айтилган. (Матто 6:9) Боз устига, одамлар Яҳованинг дўстлари бўлишлари мумкин. (Ёқуб 2:23) Фақат ўйлаб кўринг-а, сиз Парвардигори Оламнинг дўсти бўлишингиз мумкин!

22 Бироқ Муқаддас Китобни тадқиқ қилганингиз сайин, баъзилар яхши ниятлар ила сизга қарши чиқиши мумкин.  Улар ота-боболарингиз динини қолдирасиз, деб қўрқишади. Ёхуд шунчаки беҳуда вақт кеткизасиз, деб ўйлашади. Лекин бу ажойиб, ўзгача дўстликни ривожлантиришга сизга ҳеч ким халақит бермасин.

23, 24. а) Нега ўрганаётган нарсалар тўғрисида савол беришдан тортинмаслигингиз керак? б) Янаги бобда қандай мавзу муҳокама қилинади?

23 Шубҳасизки, баъзи фикрларни шу заҳотиёқ тушуна олиш қийин. Аммо ёрдам сўрашдан ҳеч ҳам тортинманг. Исо пайғамбар болалар каби камтарин бўлинглар деган. (Матто 18:2–4) Маълумки, болалар жуда кўп савол беришади. Худо эса саволларимизга жавоб бермоқчи. Муқаддас Китобда Худо тўғрисида билимга эга бўлишни истаган айрим одамлар мақтаб ўтилган. Улар олган билимлари ҳақиқатмикин, деб Муқаддас Ёзувларни синчиклаб ўрганишган. (Ҳаворийлар 17:11 ни ўқинг.)

24 Яҳова Таоло тўғрисида билим олишнинг энг яхши йўли — Муқаддас Китобни ўрганиш. Бу китоб бошқа барча китоблардан фарқ қилади. Қайси жиҳатдан дейсизми? Бу мавзу янаги бобда муҳокама қилинади.

^ абз. 15 Худо исмининг маъноси ва талаффузи тўғрисида 195–197- саҳифалардаги Иловадан билиб олиш мумкин.