Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎН ИККИНЧИ БОБ

Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи

Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи
  • Худонинг дўсти бўлишингиз мумкинми?

  • Шайтон айбловининг сизга қандай дахли бор?

  • Яҳова қандай ишлардан нафратланади?

  • Қандай турмуш тарзи билан Худога маъқул келишингиз мумкин?

1, 2. Худонинг дўсти бўлиш шарафига эга бўлган баъзи инсонларнинг исми нима эди?

КИМ билан дўст бўлишни хоҳлар эдингиз? Эҳтимол қарашлар, қизиқишлар ва қадриятларингизга шерик бўлган одам билан, шундай эмасми? Меҳрибонлик ва ҳалоллик каби фазилатларга эга киши сизни ўзига жалб қилиши табиий.

2 Тарих давомида Худо айрим кишиларни Ўзининг дўсти сифатида танлаган. Масалан, Тангри Яҳова Иброҳим пайғамбарни Ўзига дўст тутган. (Ишаё 41:8; Ёқуб 2:23 ни ўқинг.) Шоҳ Довуд ҳақида эса Худо шундай деган: «Мен кўнглимга ёқадиган одамни... топдим». Чунки у Худога маъқул ишларни қилган. (Ҳаворийлар 13:22) Дониёр пайғамбарни Яҳова «ниҳоятда азиз инсон», деб билган. (Дониёр 9:23)

3. Ким Яҳованинг дўсти бўлиши мумкин?

3 Нега Яҳова Иброҳим, Довуд ва Дониёрни дўсти деб билган? Масалан, Иброҳим пайғамбарга Худо: «Менинг айтганларимга қулоқ солдинг»,— деган эди. (Ибтидо 22:18) Демак, Худованд камтарлик билан итоат қиладиганларга яқиндир. Исроил халқига Яҳова қуйидагини айтган эди: «Менга қулоқ солинглар, шунда Мен сизларнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар». (Еремиё 7:23)  Яҳованинг гапига қулоқ солсангиз, сиз ҳам Унинг дўсти бўлишингиз мумкин.

ЯҲОВА ЎЗ ДЎСТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

4, 5. Яҳова хизматчиларининг манфаатини кўзлаб қудратини қандай намоён этяпти?

4 Худонинг дўсти бўлиш катта шараф! Муқаддас Китобда Яҳова «Унга чин дилдан садоқатли бўлганларга қудратини намоён» этиш имконини излаши тўғрисида айтилган. (2 Солномалар 16:9) Аллоҳ Яҳова сизнинг манфаатингизни кўзлаб Ўз қудратини қандай намоён этиши мумкин? Масалан, Забур 32:8 да Яҳованинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз: «Сенга ақл-идрок ато этиб, юрадиган йўлингни кўрсатаман. Сендан кўзимни узмай, маслаҳат бераман».

5 Яҳова қанчалик меҳрибон экан-а?! У нафақат сизга керакли йўл-йўриқни беради, балки унга амал қилаётганингизда сиздан кўзини узмайди. Худованд қийинчиликлар ва синовлар пайтида сизга таянч бўлишни истайди. (Забур 55:22 ни ўқинг.) Яҳовага чин дилдан хизмат қилсангиз, қуйидаги сўзлар ҳақ эканига гувоҳ бўласиз: «Яҳовани ҳамиша ёдимда тутаман. У менинг ўнг томонимда экан, мен ҳеч қачон тебранмайман». (Забур 16:8; 63:8) Ҳа, Яҳова Уни мамнун этадиган турмуш тарзини кечиришингизга Ўзи ёрдам беради. Бироқ билиб олганимиздай, Худонинг душмани бунда сизга тўсқинлик қилмоқчи.

ШАЙТОННИНГ АЙБЛОВИ

6. Шайтон инсониятни нимада айблаган?

6 Шу китобнинг 11- бобидан, Шайтон Иблис Худонинг бошқариш ҳуқуқини шубҳа остига қўйганини билиб олдик. Шайтон Худони ёлғончиликда айблаб, Яҳова Одамато билан Момоҳавони яхши ва ёмонни танлаш имкониятидан маҳрум этаётгани адолатсизлик, деб айтмоқчи эди. Одамато ва Момоҳаво гуноҳ қилганидан сўнг, ер юзи уларнинг авлодига тўла бошлаганида Шайтон бутун инсониятнинг ниятини шубҳа остига қўйди. У шундай дегандай бўлди: «Одамлар Худога Уни севгани учун хизмат қилмайди. Менга имконият берилса, ҳар  ким Худодан юз ўгиришига эришаман». Шайтон чиндан ҳам шундай ўйлаётганини Аюб билан юз берган воқеа тасдиқлайди. Аюб ўзи ким бўлган ва Шайтоннинг айбловига унинг қандай дахли бор?

7, 8. а) Аюб замондошларидан нимаси билан фарқ қилар эди? б) Қандай қилиб Шайтон Аюбнинг ниятини шубҳа остига қўйди?

7 Аюб қарийб 3 600 йил муқаддам яшаган. У яхши инсон бўлгани учун Яҳова у ҳақда: «Ер юзида унга тенг келадигани йўқ. У бенуқсон, тўғри, худотарс ва ёмонликдан узоқ юради»,— деган эди. (Аюб 1:8) Аюб Худони мамнун қиладиган инсон эди.

8 Аюб Худога тўғри ният билан топинаётганини Шайтон шубҳа остига қўйди. Иблис Яҳовага шундай деди: «Ахир унинг ўзини [Аюбни], хонадонини ва бор нарсасини ҳимоя қилиб турган Сен эмасми?! Қилган меҳнатига барака бердинг, чорваси эса бутун юрт бўйлаб тарқалган. Лекин қўлингни узатиб, унинг ҳамма нарсасини олиб қўйгин-чи! Ўшанда кўз олдингда у Сени лаънатлайди». (Аюб 1:10, 11)

9. Яҳова Шайтоннинг даъвосига қандай жавоб қайтарди ва нега?

9 Шайтон Аюбни фақат фойда кўзлаб Худога хизмат қилаётганликда айблади. Шунингдек, Аюбни синасам у Худодан юз ўгиради, деб таъкидлади. Худованд Яҳова Шайтоннинг айбловига қандай жавоб берди? Масала Аюбнинг нияти билан боғлиқ бўлгани сабаб, Шайтон уни синашига Яҳова йўл қўйди. Чунки шу йўсин Аюбнинг Худога нисбатан севгиси бор ёки йўқлиги аниқ кўринарди.

АЮБНИНГ СИНАЛИШИ

10. Аюбнинг бошига қандай кулфатлар ёғдирилди, лекин у қандай муносабат билдирди?

10 Шайтон Аюбнинг бошига жуда оғир кулфатлар ёғдирди. Деярли барча подалари талон-торож қилинди, қолгани эса қирилиб кетди. Унинг кўп хизматкорларини ўлдиришди. Аюб бор нарсасидан жудо бўлди. Сўнгра энг даҳшатли ҳодиса рўй берди. Кучли бўрон натижасида Аюбнинг ўнта фарзанди нобуд бўлди. Лекин шунга қарамай, «Аюб гуноҳ қилмади ва Худони айбламади». (Аюб 1:22)

11. а) Шайтон Аюбни яна нимада айблади ва Яҳова нимага йўл қўйди? б) Аюб оғир касалликка чалинганида нима қилди?

 11 Шайтон бу билан тўхтамади. Эҳтимол, у шундай деб ўйлагандир: «Аюб мол-мулки, хизматкорлари ва ҳатто болаларидан айрилганига бардош берди, аммо ўзи касал бўлса Худодан юз ўгиради». Яҳова йўл қўйиши билан Шайтон Аюбни даҳшатли касалликка йўлиқтирди. Бироқ шунда ҳам Аюб имонидан қайтгани йўқ. Аксинча у: «Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деб қатъий қарор қилди. (Аюб 27:5)

Аюб Худога содиқ қолгани учун тақдирланган

12. Аюб Шайтоннинг айблови ёлғон эканини қандай исботлади?

12 Бу балоларнинг сабабчиси Шайтон эканидан Аюб бехабар эди. Яҳованинг ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ масаланинг тафсилотларини билмай, Аюб бу балоларни Худодан кўрди. (Аюб 6:4; 16:11–14) Қандай бўлмасин, Аюб Худованд Яҳовага содиқ қолди. Ўз садоқати билан Аюб Шайтоннинг айблови ёлғон эканини исботлади. Ҳа, Аюб Худони севгани учун Унга хизмат қилгани аён бўлди!

13. Аюбнинг садоқати туфайли нима юз берди?

13 Аюбнинг садоқати туфайли Яҳова Шайтоннинг ҳақоратли айбловига рад этиб бўлмас жавоб қайтара олди. Дарҳақиқат, Аюб Яҳованинг чин дўсти эди ва Худованд уни шунга яраша тақдирлади. (Аюб 42:12–17)

ШАЙТОН АЙБЛОВИНИНГ СИЗГА ҚАНДАЙ ДАХЛИ БОР?

14, 15. Шайтоннинг айблови нафақат Аюбга, балки бутун инсониятга тегишли эканини нима кўрсатяпти?

14 Худога содиқ қолиш ҳақидаги Шайтоннинг айблови нафақат Аюбга, балки сизга ҳам тегишли. Муқаддас Китобдаги бир оятда Яҳованинг ушбу сўзлари ёзилган: «Ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, токи Мени мазах қилувчига жавоб бера олайин». (Ҳикматлар 27:11) Бу сўзлар Аюбнинг вафотидан юзлаб йиллар ўтгач ёзилган бўлиб, Шайтон Худони мазах қилишда ҳамда Унинг хизматчиларини қоралашда давом этаётганини кўрсатяпти. Агар Яҳова маъқуллайдиган турмуш тарзини кечирсак, Шайтоннинг ёлғон айбловларига жавоб қайтариб, Худонинг қалбини қувонтирамиз. Сиз бу ҳақда  қандай фикрдасиз? Ҳатто ҳаётингизга ўзгаришлар киритиш керак бўлса-да, наҳотки Шайтоннинг айбловларига жавоб қайтаришни хоҳламасангиз?!

15 Шайтон шундай деган эди: «Инсон ўз жонини сақлаш учун бор нарсасини беради». (Аюб 2:4) «Инсон» сўзи остида Шайтон нафақат Аюбни, балки бутун инсониятни назарда тутган. Бу ўта муҳим, чунки у сизнинг ҳам Худога бўлган садоқатингизни шубҳа остига қўйган. Иблис қийинчиликларга дуч келганингизда Худога итоатсизлик қилиб, тўғри йўлни тарк этишингизни истайди. У бунга қандай эришмоқчи?

16. а) Одамлар Худодан юз ўгиришига эришиш учун Шайтон қайси усуллардан фойдаланади? б) Иблис бу усулларни сизга қарши қандай қўллаши мумкин?

16 Одамлар Худодан юз ўгиришига эришиш учун Шайтон турли усуллардан фойдаланиши ҳақида 10- бобдан билиб олдик. Иблис «шердай бўкириб» ташланиши мумкин ва унинг мақсади «бирор кимни ютиб юбориш». (1 Бутрус 5:8) Масалан, дўстларингиз, қариндошларингиз ва бошқалар Муқаддас Китобни тадқиқ қилишингизга ва ўрганганларингизга риоя қилиб яшашингизга тўсқинлик қилишганида Шайтоннинг таъсири кўриниши мумкин. (Юҳанно 15:19, 20) * Бошқа томондан Шайтон «ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатади». (2 Коринфликларга 11:14) Демак, Шайтон айёрлик билан сизни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилиши мумкин. Шунингдек, тушкун аҳволда бўлганингизда, Худога хизмат қилишга муносиб эмасман, деб ўйлашга ундайди. (Ҳикматлар 24:10) Шайтон «шердай бўкириб» юрадими ёки «ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатадими» унинг айблови ўзгармайди. У, қийинчилик ва васвасаларга учраганда сиз Худога хизмат қилишни тўхтатасиз, демоқчи. Қандай қилиб сиз ҳам Аюб каби Шайтоннинг айбловига жавоб бериб, Худога содиқ эканингизни исботлай оласиз?

 ЯҲОВАНИНГ АМРЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНГ

17. Яҳованинг амрларига риоя қилишга бизни нима ундаши керак?

17 Агар Худо маъқуллайдиган турмуш тарзини кечирсангиз, Шайтоннинг айбловига жавоб қайтарган бўласиз. Бироқ бунга нима киради? Тавротда шундай дейилган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун қувватингиз билан севинглар». (Қонунлар 6:5) Худога бўлган севгингиз ошгани сайин, У талаб этаётган нарсаларни қилиш истагингиз кучаяди. Ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган эди: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир». Агар Яҳовани бутун қалбингиз билан севсангиз, «Унинг амрлари оғир» бўлиб туюлмайди. (1 Юҳанно 5:3)

18, 19. а) Яҳованинг баъзи амрлари қандай? ( 122- саҳифадаги рамкага қаранг.) б) Яҳова ҳеч қачон имкони йўқ нарсани талаб қилмаслигини қаердан биламиз?

18 Яҳованинг амрларига нималар киради? Уларнинг айримларида нимадан четланишимиз кераклиги айтилган. Масалан, 122- саҳифадаги « Яҳова нафратланадиган ишлардан четланинг», деб номланган рамкага қаранг. У ерда Муқаддас Китобда қораланган ишлар рўйхати келтирилган. Бир қарашда уларнинг баъзилари унча ёмон эмасдай туюлиши мумкин. Бироқ келтирилган оятлар устида мулоҳаза қилсангиз, Яҳованинг амрлари қанчалик доно эканини кўрасиз. Эҳтимол турмуш тарзингизни ўзгартириш осон кечмайди. Бу ҳатто энг оғир синов бўлиши мумкин. Лекин эсингизда бўлсин, Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи мамнуният ва бахт келтиради. (Ишаё 48:17, 18) Бундай ҳаёт кечиришнинг имкони бор. Буни қаердан биламиз?

19 Яҳова биздан ҳеч қачон имкони йўқ нарсани талаб қилмайди. (Қонунлар 30:11–14 ни ўқинг.) У нимага қодир эканимизни ва нимани қила олмаслигимизни ўзимиздан ҳам яхши билади. (Забур 103:14) Бундан ташқари, Унга итоат этишимиз учун мадад беришга ҳам тайёр. Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган: «Худо эса Ўз сўзига содиқдир ва дош бера олмайдиган даражада васваса қилинишингизга У йўл қўймайди. Аксинча, васваса пайтида чидай олишингиз учун иложини ҳам беради». (1 Коринфликларга 10:13)  Сабр-бардош қилишингиз учун Яҳова сизга ҳатто «инсонларникидан усткн турган куч»ни ато этади. (2 Коринфликларга 4:7) Кўплаб қийинчиликларни бошдан кечиргач Павлус: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деган эди. (Филиппиликларга 4:13)

ИЛОҲИЙ ФАЗИЛАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

20. Қайси илоҳий фазилатларни ривожлантириш даркор ва нега бу ўта муҳим?

20 Яҳовани мамнун этиш учун, нафақат У нафратланадиган  ишлардан четланиш, балки У севган нарсаларни севиш ҳам даркор. (Римликларга 12:9) Қарашлар, қизиқишлар ва қадриятларингизга шерик бўлган одамлар билан дўст бўлиш сизга ёқмасмиди? Яҳова ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Шунинг учун, Яҳовага азиз бўлган нарсаларни қадрлашни ўрганинг. Унга ёқадиган нарсаларнинг айримлари Забурнинг 15- саносида қаламга олинган. Буларни бажарганларни У дўстлари деб ҳисоблайди. (Забур 15:1–5 ни ўқинг.) Шунингдек, Яҳованинг дўстлари «муқаддас руҳ самарасига» кирадиган фазилатларни намоён этишади. Муқаддас Китобга кўра уларга «севги, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат,  имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш» киради. (Галатияликларга 5:22, 23)

21. Илоҳий фазилатларни ривожлантиришда сизга нима ёрдам беради?

21 Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, тадқиқ қилиш илоҳий фазилатларни ривожлантиришингизга ёрдам беради. Шунингдек, Худонинг талабларини билиб, ўз фикрлаш тарзингизни Унинг нуқтаи назари билан уйғун қила оласиз. (Ишаё 30:20, 21) Яҳовага бўлган севгингиз ошгани сайин, Уни мамнун этиб яшаш истагингиз янада кучаяди.

22. Худони мамнун қилиб яшасангиз нимага эришасиз?

22 Яҳовани мамнун қилиб яшаш учун ҳаракат талаб қилинади. Ҳаёт тарзини ўзгартириш Муқаддас Китобда эски ўзликни ечиб ташлаб янги ўзликни кийиб олишга ўхшатилган. (Колосаликларга 3:9, 10) Яҳованинг амрлари тўғрисида Забур 19:11 да шундай дейилган: «Уларга риоя қилган киши буюк мукофотга эга бўлади». Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи улкан қут-барака келтиришига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Айнан шундай йўл тутиб сиз Шайтоннинг айбловига жавоб берасиз ва Яҳованинг қалбини қувонтирасиз!

^ абз. 16 Албатта, сизга тўсқинлик қилаётган ҳар бир одамнинг ортида Шайтон тургани йўқ. Бироқ Шайтон бу замонанинг худоси бўлгани учун, бутун дунё унинг ҳукмидадир. (2 Коринфликларга 4:4; 1 Юҳанно 5:19) Демак, Худо маъқуллайдиган турмуш тарзи бу дунёда олқишланмайди ва баъзилар сизга қарши чиқади.