Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 САККИЗИНЧИ БОБ

Худонинг Шоҳлиги — у нима?

Худонинг Шоҳлиги — у нима?
  • Муқаддас Китобда Худонинг Шоҳлиги ҳақида нима дейилган?

  • Худонинг Шоҳлиги нималарни амалга оширади?

  • Самовий Шоҳлик ер юзида Худонинг иродасини қачон бажо келтиради?

1. Муқаддас Китоб таълимотларини тушунишимизга нима ёрдам беради?

ИСО МАСИҲ шогирдларига таълим бераётиб, намуна сифатида айтган ибодати чуқур маънога эга. Ушбу ибодатдаги илк учта тилакни кўриб чиқиш, Муқаддас Китоб таълимотларини тушунишимизга ёрдам беради.

2. Исо айтган ибодатдаги илк учта тилак қандай?

2 Мазкур ибодат қуйидагича бошланади: «Сизлар эса шундай ибодат қилинглар: “Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин”». (Матто 6:9–13) Хўш, бу учта тилак нимани англатади?

3. Худонинг Шоҳлиги ҳақида нимани билиб олишимиз лозим?

3 Биз Худонинг шахсий исми ҳақида анчагина маълумотга эга бўлдик. Шунингдек, Худонинг иродаси, жумладан, У қадимда нималар қилгани ва келажакда инсоният учун яна нималарни амалга ошириши тўғрисида билиб олдик. Хўш, Исо «Шоҳлигинг келсин», деб ибодат қилишни ўргатганида нимани назарда тутган? Худонинг Шоҳлиги — у нима? У қандай қилиб Худонинг исмини муқаддас қила олади? Самовий Шоҳлик келиши Худонинг иродаси амалга ошиши билан қандай боғлиқ?

 ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ — У НИМА?

4. Худонинг Шоҳлиги нима ва унинг Шоҳи ким?

4 Худонинг Шоҳлиги бу Худо томонидан ўрнатилган ҳукуматдир. Ушбу Шоҳликка Шоҳ сифатида Яҳова кимни тайинлади? Ҳазрати Исо Масиҳни. Чунки у «подшоҳларнинг Подшоҳи, Олий Ҳазрат», деб аталган ва ҳеч бир инсоний ҳукмдор ундан устун бўла олмайди. (1 Тимўтийга 6:15) У ҳар қандай, ҳатто энг яхши инсоний ҳукмдордан фарқли равишда беқиёс эзгу ишлар қилишга қодир.

5. Худонинг Шоҳлиги қаерда ўрнатилган ва у нима устидан ҳукмронлик қилади?

5 Худонинг Шоҳлиги қаерда ўрнатилган? Исо-чи, у қаерда? Эсингизда бўлса, Исо азоб устунида ўлдирилган, кейин эса тирилган. Кўп вақт ўтмай у самога кўтарилган. (Ҳаворийлар 2:33) Демак, Худонинг Шоҳлиги самода ўрнатилган. Шу сабабли, Муқаддас Китобда у «Осмон Шоҳлиги» деб номланган. (2 Тимўтийга 4:18) Худонинг Шоҳлиги самода ўрнатилган бўлса-да, у ер устидан ҳукмронлик қилади. (Ваҳий 11:15 ни ўқинг.)

6, 7. Нима сабабдан Ҳазрати Исони энг яхши Шоҳ дейиш мумкин?

6 Нима сабабдан Ҳазрати Исони энг яхши Шоҳ дейиш мумкин? Чунки у ҳеч қачон ўлмайди. Ер юзидаги ҳар қандай шоҳдан фарқли равишда у тўғрисида Муқаддас Китобда: «Танҳо у ўлмасликка эга бўлиб, яқинлашиб бўлмайдиган нурда туради»,— деб айтилган. (1 Тимўтийга 6:16) Демак, Исо қиладиган барча эзгу ишлари абадий қолади. У келажакда буюк ва эзгу ишларни амалга оширади.

7 Муқаддас Китобда Ҳазрати Исо ҳақида қуйидаги башорат қаламга олинган: «Унинг устида Яҳованинг руҳи, донолик ва идрок руҳи, насиҳат ва қудрат руҳи, билим ва Яҳовадан қўрқиш руҳи бўлади. У Яҳовадан қўрқишдан мамнуният топади. У кўзлари билан кўрганига асосланиб ҳукм қилмайди, қулоғи билан эшитгани бўйича танбеҳ бермайди. Бечораларни у ҳаққоният ила ҳукм қилади, ердаги камтаринлар манфаатини кўзлаб адолат ила танбеҳ  беради». (Ишаё 11:2–4) Бу сўзлар Исо қанчалик адолатли ва ҳамдард бўлишини кўрсатяпти. Бундай ҳукмдорингиз бўлишини хоҳлармидингиз?

8. Ҳазрати Исо билан бирга кимлар ҳукмронлик қилади?

8 Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исо бир ўзи ҳукмронлик қилмайди. Ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган мактубида: «Агар бардошли бўлсак, биргаликда шоҳлик ҳам қиламиз»,— деган эди. (2 Тимўтийга 2:12) Ҳа, Павлус, Тимўтий ва Худо томонидан танланган бошқа содиқ кишилар Ҳазрати Исо билан бирга Самовий Шоҳликда ҳукм суришади. Бундай шарафга нечта киши сазовор бўлади?

9. Исо билан бирга нечта киши ҳукм суради ва Аллоҳ қайси вақтдан уларни тўплашни бошлаган?

9 Китобнинг 7- бобида айтиб ўтилганидай, Исонинг шогирди Юҳаннога бир ваҳий берилган эди. У шундай деб ёзган: «Сион тоғида [Исонинг самодаги юксак мавқеи] Қўзи [Исо Масиҳ] турганини кўрдим. У билан бирга пешоналарида Қўзининг ҳамда Отасининг исми ёзилган 144 000 киши бор эди». Ўша 144 000 киши кимлар экан? Юҳанно давом этмоқда: «Булар ўзларини аёллар билан булғамаган маъсум кишилардир. Улар Қўзи қаерга борса, орқасидан эргашишади. Бу кишилар Худо ва Қўзи учун инсонлар орасидан биринчи ҳосил сифатида сотиб олинган». (Ваҳий 14:1, 4) Кўриниб турибдики, улар Исо Масиҳнинг содиқ издошлари бўлиб, самода у билан бирга ҳукм суриш учун алоҳида танлаб олинган. Улар самовий ҳаёт учун тирилгач, Исо билан бирга «ер юзи устидан шоҳлик қиладилар». (Ваҳий 5:10) Исо билан бирга ҳукм сурадиган 144 000 содиқ кишини тўплашни Аллоҳ ҳаворийлар давридан бошлаган.

10. Нега Исо ва 144 000 киши инсоният устидан ҳукмронлик қилиши Худонинг севгисидан далолат беради?

10 Исо Масиҳ ва 144 000 киши инсоният устидан ҳукмронлик қилиши Худонинг севгисидан далолат беради. Исо азоб чекиш нималигини жуда яхши билади, чунки  ўзи ҳам ўтмишда инсон бўлган. Ҳаворий Павлус Исо ҳақида: «Олий руҳонийимиз заифликларимизни тушунмайдиган зот эмас-ку. Зеро у биз каби ҳар тарафлама синалганига қарамай, бегуноҳлигича қолган»,— деб ёзган эди. (Ибронийларга 4:15; 5:8) У билан бирга ҳукмронлик қиладиганлар ҳам ер юзида яшаган пайтларида кўп азоб чекишган. Улар номукаммаллик ва турли хасталикларга дуч келгани сабаб, одамларнинг қийинчиликларини тушуниб, ҳамдард бўлишади.

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ НИМАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРАДИ?

11. Нега Исо шогирдларини Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби, ерда ҳам» бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишга ундаган?

11 Исо Худонинг Шоҳлиги келиши тўғрисида айтганидан сўнг, шогирдларини Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби, ерда ҳам» бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишга ундаган. Осмонда Худонинг содиқ фаришталари доимо Унинг иродасини бажо келтиришган. Бироқ 3- бобдан билиб олганимиздек, фаришталардан бири Худога қулоқ солмай, Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишига сабабчи бўлган. 10- бобда эса Шайтон Иблис деб ном олган бу ёвуз фаришта ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини кўпроқ билиб оламиз. Шайтон ва унга шерик бўлган фаришталар, яъни жинларга муайян вақт осмонда қолишга ижозат берилган. Ўшандан бери фаришталарнинг ҳаммаси ҳам Худонинг иродасини бажармаган. Худонинг Шоҳлиги бошқаришни бошлаганида эса самода шароит буткул ўзгарди. Тахтга ўтирган янги Шоҳ Исо Масиҳ Шайтонга қарши жанг олиб борди. (Ваҳий 12:7–9 ни ўқинг.)

12. Ваҳий 12:10 да қайси иккита муҳим воқеа ҳақида башорат қилинган?

12 Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай башорат қилинган: «Осмондан баланд овоз билан айтилган ушбу  сўзларни эшитдим: “Энди Худойимизнинг нажоти, куч-қудрати, Шоҳлиги ва Масиҳининг ҳукмронлиги келди. Чунки Аллоҳнинг олдида биродарларимизни кечаю кундуз айблаётган туҳматчи пастга отилди!”» (Ваҳий 12:10) Ушбу оятда қайси иккита муҳим воқеа ҳақида гап кетаётганини пайқадингизми? Биринчидан, Масиҳ бошчилигида Худонинг Шоҳлиги ўз ҳукмронлигини бошлади. Иккинчидан эса Шайтон ер юзига отилди.

13. Шайтоннинг осмондан отилиши қандай натижага олиб келди?

13 Ушбу иккита воқеа натижасида нима юз берди? Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Шу боис шодланинг, эй, осмону фалак ва унда яшовчилар!» (Ваҳий 12:12) Ҳа, энди содиқ фаришталар шодланяпти, чунки Шайтон билан жинлари ер юзига отилгач, осмонда фақатгина Тангри Яҳовага содиқ бўлганлар қолди. Энди самода тинч-тотувлик ҳукм суряпти. Дарҳақиқат, самода Аллоҳнинг иродаси бажо бўляпти.

Шайтон билан жинларнинг осмондан отилгани инсониятга азоб-уқубат келтиряпти. Яқинда улар барҳам топади

14. Шайтон осмондан отилганидан сўнг ер юзида нима юз берди?

14 Ер юзида-чи, нима юз берди? Оятнинг давомида шундай дейилган: «Ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила олдингизга тушди». (Ваҳий 12:12) Шайтон осмондан отилганидан ҳамда вақти оз қолганидан ўта ғазабда. Шу сабабли, у инсонларга кўп азоб-уқубат келтирмоқда. Бу ҳақда кейинги бобдан батафсил билиб оламиз. Бироқ: «Қандай қилиб Шоҳлик ер юзида Худонинг иродасини бажо келтиради?» — деб сўрашингиз мумкин.

15. Аллоҳ сайёрамизни қандай ният билан яратган?

15 Аллоҳ сайёрамизни қандай ният билан яратганини бир эслаб кўринг. Бу ҳақда 3- бобда гап кетган эди. Худо, нияти бутун ер юзи жаннатга айланиб, унда одил инсонлар абадий яшашидан иборат эканини Адан боғида кўрсатган эди. Бироқ Шайтон Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишига сабабчи бўлиб, Аллоҳнинг нияти бажарилишига халақит бермоқчи бўлди. Лекин Тангримизнинг  нияти ўзгармади. Яҳова ҳали ҳам: «Одил кишилар ер юзига эгалик қилади, улар ерда умрбод яшайди»,— деб ваъда беряпти. (Забур 37:29) Худонинг нияти Самовий Шоҳлик орқали амалга оширилади. Қандай қилиб дейсизми?

16, 17. Дониёр 2:44 да Худонинг Шоҳлиги ҳақида нима дейилган?

16 Келинг, Муқаддас Китобдаги яна бир башоратни кўриб чиқайлик. «Ўша шоҳларнинг даврида самодаги Худо асло яксон қилинмайдиган шоҳлик ўрнатади. Бу шоҳлик бошқа халқларнинг қўлига берилмайди. У барча бу шоҳликларни йўқ қилиб, ўзи абадий туради». (Дониёр 2:44) Бу оят Худонинг Шоҳлиги ҳақида нимани очиб беряпти?

17 Биринчидан, Худонинг Шоҳлиги «ўша шоҳларнинг», яъни ҳозирги ҳукуматларнинг даврида ўрнатилиши ҳақида айтилган. Иккинчидан, бу Шоҳлик абадий туради, яъни ҳеч қандай ҳукумат уни енгиб, ўрнини боса олмайди. Учинчидан, Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг шоҳликлари орасида жанг бўлади. Бироқ Худонинг Шоҳлиги ғолиб чиқади. Ўшанда бутун ер юзи устидан ягона ҳукумат бошқаради. Ушбу энг аъло бошқарув инсониятга ҳузур-ҳаловат келтиради.

18. Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг ҳукуматлари орасида бўладиган сўнгги жангнинг номи нима?

18 Муқаддас Китобда Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг ҳукуматлари орасида бўладиган сўнгги жанг ҳақида етарлича маълумот келтирилган. Масалан, охират яқинлашаётгани сайин ёвуз руҳлар «барча жаҳон шоҳларини» алдаб йўлдан оздиради. Қай мақсадда? «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплаш учун». Бу шоҳлар «ибронийча Армагеддон деб аталмиш жойга» тўпланади. (Ваҳий 16:14, 16) Ушбу иккита оятдан кўриниб турганидек, Худонинг Шоҳлиги билан бу дунёнинг ҳукуматлари орасида бўладиган сўнгги жангнинг номи Армагеддон.

19, 20. Қайси сабабларга кўра ҳозир Худонинг иродаси ер юзида бажарилмаяпти?

 19 Армагеддон жангида Худонинг Шоҳлиги ғалаба қозониши нималарга олиб келади? Аллоҳ сайёрамизни қандай ният билан яратганини яна бир эсланг. Тангри Яҳова ер юзини одил ва мукаммал инсонлар билан тўлғазиб, улар жаннатда Унга хизмат қилишларини ният қилган эди. Лекин нега ҳозир бундай эмас? Авваламбор, номукаммал бўлганимиз сабабли қарилик ва ўлимга гирифтормиз. Бироқ 5- бобдан билиб олганимиздай, Исо Масиҳ ўзини биз учун фидо қилиб, абадий ҳаётга йўл очди. Эсингизда бўлса Инжилдаги ушбу оятни муҳокама қилган эдик: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16)

20 Бошқа бир сабаб, кўп одамлар ёвузлик қилишга мойил. Улар ёлғончи, фирибгар ва ахлоқсиз. Бундайлар Худонинг иродасини бажаришни исташмайди. Ёвузлик қиладиган одамлар Худонинг жанги бўлмиш Армагеддонда йўқ қилинади. (Забур 37:10 ни ўқинг.) Яна бир сабаби, ҳукуматлар ўз фуқароларини Худонинг иродасини бажаришга ундамаётганидадир. Уларнинг аксарияти заиф, шафқатсиз ва порахўрликка тўла. Муқаддас Китобда очиқчасига қуйидагича дейилган: «Инсон инсоннинг устидан қилаётган ҳукмронлиги фақат зиён келтиради». (Воиз 8:9)

21. Қандай қилиб Шоҳлик ҳукмронлиги остида Худонинг иродаси ер юзида бажарилади?

21 Армагеддондан сўнг бутун ер юзи устидан фақат Худонинг Шоҳлиги бошқаради. Айнан бу Шоҳлик Худонинг иродасини бажо келтириб, инсониятга ажойиб қут-баракалар ёғдиради. Масалан, у Шайтон ва жинларни йўқ қилади. (Ваҳий 20:1–3) Исонинг тўлов қурбонлиги туфайли садоқатли кишилар бошқа касал бўлмайди  ва ўлмайди. Аксинча, улар Шоҳлик ҳукмронлиги остида абадий яшайди. (Ваҳий 22:1–3 ни ўқинг.) Бутун ер юзи жаннатга айланади. Шу йўсин Шоҳлик туфайли Худонинг иродаси ер юзида ҳам бажо бўлиб, Унинг исми муқаддас бўлади. Бу нима дегани? Самовий Шоҳлик бошқаруви остида яшайдиган ҳар бир киши Худонинг исмини шарафлайди.

ШОҲЛИК ҚАЧОН БОШҚАРИШНИ БОШЛАЙДИ?

22. Исо ибодат қилишни ўргатганида ёки осмонга кўтарилиши биланоқ Худонинг Шоҳлиги келмаганини қаердан биламиз?

22 Ҳазрати Исо издошларига «Шоҳлигинг келсин», деб ибодат қилишни ўргатган экан, демак, Шоҳлик ўша пайтда келмаган. Шоҳлик Исо осмонга кўтарилганда ўрнатилганми? Йўқ. Чунки Забур 110:1 да шундай башорат ёзилган: «Яҳова Ҳазратимга: “Душманларингни оёғинг остига курси қилмагунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тур”,— деб айтди». Бутрус билан Павлус бу башорат Исо тирилганидан кейин унда бажо бўлиши кераклигини айтишган. (Ҳаворийлар 2:32–35; Ибронийларга 10:12, 13) Кўриниб турганидай, орадан муайян вақт ўтиши керак эди.

Шоҳлик бошқаруви остида Худонинг иродаси осмонда бўлгани каби ерда ҳам бажарилади

23. а) Худонинг Шоҳлиги қачон бошқаришни бошлаган? б) Келаси бобда нима муҳокама қилинади?

23 Хўш, қанча вақт ўтиши керак эди? 19–20- асрлар оралиғида Муқаддас Китоб тадқиқотчилари бу вақт 1914 йилда якунига етишини тушунишган эди. (Ушбу сана  тўғрисида 215–218- саҳифалардаги Иловадан билиб олишингиз мумкин.) 1914 йилда содир бўлган воқеалар улар тўғри хулосага келганини исботлади. Муқаддас Китоб башоратларининг амалга ошгани Масиҳ 1914 йилда тахтга ўтириб, Худонинг Шоҳлиги бошқара бошлаганини кўрсатди. Демак, биз Иблиснинг «вақти оз қолган» пайтда яшаяпмиз. (Ваҳий 12:12; Забур 110:2) Шунда аминмизки, яқинда Самовий Шоҳлик Худонинг иродасини ер юзида ҳам бажаради. Бу хушхабар сизни қувонтиряптими? Бу ҳақиқат эканига ишонасизми? Булар ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини келаси бобдан билиб оламиз.

Кўпроқ билиш

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎРГАНИШ ДАСТУРИ

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?