Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 УЧИНЧИ БОБ

Худонинг Ер учун нияти қандай?

Худонинг Ер учун нияти қандай?
  • Худонинг инсоният учун нияти қандай?

  • Қандай қилиб Худонинг ниятига қаршилик кўрсатилди?

  • Келажакда ер юзида қандай ҳаёт бўлади?

1. Худонинг Ерга нисбатан нияти қандай?

ХУДОНИНГ Ерга нисбатан нияти чиндан ҳам ажойиб. Яҳова Таоло бутун ер юзида соғлом ва бахтли инсонлар яшашини хоҳлайди. Муқаддас Китобда: «Тангри Яҳова... Адан деган жойда бир боғни барпо қилиб... кўзга ёқимли ва емоққа яхши бўлган турли дарахтларни ўстирди»,— деб айтилган. Кейин Худо Одамато ва Момоҳавони яратиб, уларни ўша гўзал боққа жойлаштирди. Худо уларга: «Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар ва ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар»,— деб буюрди. (Ибтидо 1:28; 2:8, 9, 15) Хуллас, Худонинг ниятига кўра одамлар кўпайиши, жаннатмакон уйларини кенгайтириши ва ҳайвонларга ғамхўрлик қилиши лозим эди.

2. а) Худонинг Ерга нисбатан нияти амалга ошишини қаердан биламиз? б) Ер юзида қандай инсонлар абадий яшайди?

2 Сизнингча, Аллоҳ Яҳованинг ушбу нияти амалга ошадими? «Айтганимни амалга ошираман»,— деб ваъда бермоқда Худованд. (Ишаё 46:9–11; 55:11) Ҳа, Худонинг ниятлари албатта амалга ошади! Худо «Ерни бекорга эмас, инсонлар яшаши учун барпо этган». (Ишаё 45:18) Бироқ ер юзида қандай инсонлар яшайди? Шунингдек, улар қанча умр кўради? Муқаддас Китобдан: «Одил  кишилар ер юзига эгалик қилади, улар ерда умрбод яшайди»,— деган жавобни ўқиймиз. (Забур 37:29; Ваҳий 21:3, 4)

3. Одамлар ачинарли аҳволда экани нимадан кўриняпти ва қандай саволлар келиб чиқяпти?

3 Аммо бу ният ҳануз амалга ошмади. Одамлар касаллик ва ўлимга дучор бўлишяпти; улар урушлар қилиб бир-бирини ўлдиришяпти. Бу эса Худонинг ниятига кирмаган! Бўлмаса, нима юз берди? Нима сабабдан Худонинг нияти амалга ошмади? Бу саволларга ҳеч бир тарих китоби жавоб бера олмайди, чунки муаммолар осмонда бошланган.

ДУШМАН ПАЙДО БЎЛИШИ

4, 5. а) Аслида илон орқали Момоҳаво билан ким гаплашган? б) Қандай қилиб яхши ва ростгўй киши ўғрига айланиб қолиши мумкин?

4 Муқаддас Китобнинг биринчи саҳифаларидан Адан боғида Худога қарши чиққан душман ҳақида билиб оляпмиз. Бу душман «илон» деб аталган, лекин у оддий илон эмас. Муқаддас Китобнинг охирги саҳифаларида бу душманнинг шахси аниқ кўрсатилган: «Бутун ер юзини йўлдан оздириб юрган... Иблис ва Шайтон». У шунингдек «алмисоқ илон» деб ҳам аталган. (Ибтидо 3:1; Ваҳий 12:9) Ушбу кўзга кўринмас руҳий мавжудот, яъни қудратли фаришта худди қўғирчоқбоз каби илондан фойдаланиб Момоҳаво билан гаплашган. Худо ерни одамлар учун тайёрлаётганида, бу руҳий шахс Худонинг ҳузурида бўлгани шубҳасиздир (Аюб 38:4, 7).

5 Яҳованинг барча ижодлари мукаммал бўлса, Шайтон Иблис қаердан пайдо бўлди, деб сўрарсиз? Қисқасини айтганда, Худонинг қудратли фаришталаридан бири Иблисга айланди. Бу қандай бўлиши мумкин? Оддий мисол, ҳатто яхши ва ростгўй киши ҳам ўғрига айланиб қолиши мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Аввалига одам кўнглидан ёмон фикрларни ўтказади. Агар  у ёмон нарсаларни ўйлайверса, нотўғри йўл тутиш истаги кучайиб кетади. Қулай фурсат туғилиши билан одам ўйлаб юрган ёмон истагини амалга оширади. (Ёқуб 1:13–15 ни ўқинг.)

6. Қандай қилиб Худонинг бир фариштаси Шайтон Иблисга айланди?

6 Шундай ҳол Шайтон Иблис билан ҳам юз берди. Худо Одамато билан Момоҳавога кўпайиб, ер юзини фарзандлари билан тўлдиришни айтганида буни Шайтон ҳам эшитган эди. (Ибтидо 1:27, 28) Балки у: «Нега инсонлар менга эмас, Худога топинишлари керак?!» — деб ўйлагандир. Хуллас, бу фикр Шайтоннинг қалбида ўрнашиб, ёмон оқибатга олиб келди. У Момоҳавони алдаб, Худога туҳмат қилди. (Ибтидо 3:1–5 ни ўқинг.) Шу тариқа у «Иблис», яъни «туҳматчига» ва «Шайтон», яъни «душманга» айланди.

7. а) Нега Одамато билан Момоҳаво ўлишди? б) Нима учун Одаматонинг барча авлодлари қарийди ва ўлади?

7 Шайтон маккорлик ва ёлғон ишлатиб Одамато билан Момоҳавони итоатсизликка оғдирди. (Ибтидо 2:17; 3:6) Натижада, Худо огоҳлантирганидай улар итоатсизлиги дастидан ўлишди. (Ибтидо 3:17–19) Одамато гуноҳ қилгани сабабли номукаммал бўлди ва авлодларига гуноҳни мерос қилиб қолдирди. (Римликларга 5:12 ни ўқинг.) Буни қуйидаги мисол ёрдамида тушунтириш мумкин: нон қолипини олайлик. Агар қолипнинг эзилган жойи бўлса, ундан чиққан ҳар бир нон эзилган жойининг изи билан чиқмайдими? Шунга ўхшаб, Одаматонинг авлоди бўлган ҳар бир инсон номукаммаллик «изи» билан туғилади. Айнан шу сабабли барча инсонлар қарийди ва ўлади. (Римликларга 3:23)

8, 9. а) Шайтон Худони нимада айблади? б) Нима сабабдан Яҳова исёнчиларни дарҳол йўқ қилиб юбормади?

8 Шайтон Одамато билан Момоҳавони Худога қарши гуноҳ қилишга оғдириб, исён кўтарди. У Худонинг бошқарувини шубҳа остига қўйди. Шайтон худди: «Худо  ёмон ҳукмдор. У қўл остидагиларидан яхшиликни яширадиган ёлғончи. Одамларга Худонинг бошқаруви керак эмас. Улар ўзлари ҳам яхшилик билан ёмонликнинг фарқига бора олишади. Одамлар менинг бошқарувим остида бахтлироқ бўлишади»,— дегандай бўлди. Худо бундай ҳақоратли айбловга қандай жавоб берар экан? Баъзиларнинг фикрича исёнчиларни йўқ қилиб юбориш  осонроқ бўлар эди. Бироқ бу Шайтоннинг айбловига жавоб бўла оладими? Бу билан Худонинг бошқаруви энг яхши экани тасдиқланадими?

9 Мукаммал адолат ҳиссига эга бўлган Тангри Яҳова исёнчиларни шу заҳотиёқ йўқ қилиб юбормади. Шайтон Иблис айбловини исботлаши ва у қанчалик ёлғончи эканини фош қилиш учун Худо етарлича вақт ажратди. Шунингдек У, одамлар муайян вақт Шайтоннинг таъсири остида қолиб ҳукм суриб кўришлари керак, деган қарорга келди. Яҳова нима сабабдан бундай йўл тутгани ва нега шунча вақт ажратгани, шу китобнинг 11- бобида муҳокама қилинади. Ҳозир эса бир зум тўхтаб, бу ҳақда ўйлаб кўринг: улар учун ҳеч бир яхшилик қилмаган Шайтонга ишониб, Одамато билан Момоҳаво тўғри йўл тутишдими? Уларга барча нарсани муҳайё қилган Яҳова золим ёлғончи эканига ишонишлари учун асос бормиди? Сиз кимга ишонардингиз?

10. Қандай қилиб Яҳова томонини эгаллашингиз мумкин?

10 Бу саволлар устида мулоҳаза қилиб кўриш муҳим, чунки улар ҳар биримизга тегишли. Ҳа, Шайтоннинг айбловига жавоб беришда сиз Яҳованинг томонини эгаллаш имкониятига эгасиз. Яҳовани ҳукмдор сифатида тан олиб, Шайтон ёлғончи эканини кўрсатишингиз мумкин. (Забур 73:28; Ҳикматлар 27:11 ни ўқинг.) Минг афсуски, миллиардлаб ер аҳолисининг оз қисмигина бундай қилмоқда. Бу, дунёнинг ҳокими Шайтон эканини англатадими? Муқаддас Китобда нима дейилган?

БУ ДУНЁНИНГ ҲОКИМИ КИМ?

Агар дунё шоҳликлари Шайтоннинг измида бўлмаганида, уларни Исога таклиф эта олармиди?

11, 12. а) Қандай қилиб Исо васвасага солингани, бу дунёнинг ҳокими Шайтон эканини кўрсатяпти? б) Қайси оятлар буни тасдиқлаяпти?

11 Бу дунёнинг ҳокими Шайтон эканидан Исо пайғамбар ҳеч қачон шубҳаланмаган. Бир марта Шайтон Исони васвасага солиб, мўъжизавий тарзда унга «дунёнинг  барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини» кўрсатган. Шайтон Исога: «Буларнинг ҳаммасини сенга бераман, фақат менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас»,— деб ваъда берган. (Матто 4:8, 9; Луқо 4:5, 6) Ўйлаб кўринг, агар Шайтон барча шоҳликларнинг ҳокими бўлмаганида, буни васваса деб бўлармиди? Исо дунёдаги барча шоҳликлар Шайтоннинг измида эканини рад этмаган. Акс ҳолда, буни айтган бўларди.

12 Албатта, Яҳова қодир Аллоҳ ва улкан оламнинг Парвардигоридир. (Ваҳий 4:11) Бироқ Муқаддас Китобнинг ҳеч бир оятида бу дунёнинг ҳокими Худо деб айтилмаган. Аксинча, Исо айнан Шайтонни «бу дунёнинг ҳокими», деб атаган. (Юҳанно 12:31; 14:30; 16:11) Муқаддас Китобда Иблис Шайтон «ушбу замонанинг худоси» сифатида тасвирланган. (2 Коринфликларга 4:3, 4) Ушбу душман тўғрисида Исонинг шогирди Юҳанно: «Бутун дунё эса Шайтоннинг ҳукмидадир»,— деб таъкидлаган. (1 Юҳанно 5:19)

ШАЙТОННИНГ ДУНЁСИ ЙЎҚ ҚИЛИНАДИ

13. Нима сабабдан янги дунёга муҳтожмиз?

13 Борган сари дунёда хавф-хатар ортиб боряпти. Дунё урушлар, инсофсиз сиёсатчилар, иккиюзламачи диний раҳбарлар ва шафқатсиз жиноятчиларга тўлиб-тошган. Буни ўзгартиришга ҳеч бир одамнинг қурби етмайди. Лекин Муқаддас Китобда айтилишича, Худо яқин орада бу ёвуз дунёни Армагеддон жангида йўқ қилади. Унинг ўрнини адолат ҳукм сурадиган янги дунё эгаллайди. (Ваҳий 16:14–16)

14. а) Бу ёвуз дунёни йўқ қилишда Худо нимадан фойдаланади? б) Ўз Шоҳлигининг ҳокими сифатида Яҳова кимни танлади ва бу ҳақида қандай башоратлар бор?

14 Аллоҳ Яҳова бу ёвуз дунёни йўқ қилиш учун назорати остидаги самовий ҳукуматидан фойдаланади. Муқаддас Китобда бу ҳукумат Самовий Шоҳлик деб  аталган. Айнан шу Шоҳлик ҳақида Исо Масиҳ шогирдларига ибодат қилишни ўргатган эди: «Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин». (Матто 6:10) Худо бу Шоҳликнинг ҳокими сифатида Исо Масиҳни танлаган. Минг йиллар аввал Муқаддас Китобда: «Биз учун бола туғилди, бизга бир ўғил ато этилди. Унинг қўлига ҳокимият берилади. Унга... Тинчлик шаҳзодаси деб исм қўйилади. Унинг ҳокимияти ортиб боради,.. тинчлигининг чеки бўлмайди»,— деб башорат қилинган эди. (Ишаё 9:6, 7) Бу китобни ўрганишни давом эттириб, яқин келажакда Худонинг Шоҳлиги дунёдаги барча ҳукуматларни бартараф этиб, уларнинг ўрнини эгаллашини билиб оламиз. (Дониёр 2:44 ни ўқинг.) Шунда Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида ер юзи жаннатга айланади.

ЯНГИ ДУНЁ ЯҚИН!

15. «Янги ер» ибораси нимани англатади?

15 Муқаддас Китобда: «Унинг [Худонинг] ваъдасига биноан адолат ҳукм сурадиган янги осмон ва янги ерни кутяпмиз»,— деган сўзлар ёзилган. (2 Бутрус 3:13; Ишаё 65:17) Баъзан Муқаддас Китобда «ер» сўзи остида унда яшовчи одамлар назарда тутилади. (Ибтидо 11:1, изоҳ) Демак, адолат ҳукм сурадиган «янги ер» деганда Худонинг марҳаматига эга бўлган одамлар тушунилади.

16. Худонинг марҳаматига эга бўлган одамларга қандай қимматбаҳо ҳадя берилади ва унга эришиш учун нима қилиш даркор?

16 Исонинг ваъдасига кўра Худонинг илтифотига сазовор бўлган одамларга янги дунёда «абадий ҳаёт» ато этилади. (Марк 10:30) Марҳамат, Муқаддас Китобни очиб, Юҳанно 3:16 ва 17:3 даги Исонинг сўзларини ўқинг. Бу оятларда абадий ҳаётга эришиш учун зарур бўлган нарсалар айтилган. Ҳозир эса келинг, ушбу қимматбаҳо ҳадяга эга бўлганларни ер юзидаги  жаннатда қандай қут-баракалар кутаётганини муҳокама қилайлик.

17, 18. Бутун ер юзида тинчлик ва хавфсизлик бўлишига нега ишончимиз комил?

17 Ёвузлик, жиноятчилик, зўравонлик ва урушлар бошқа бўлмайди. «Ёвузлар йўқ бўлади... Камтар кишилар эса ер юзига эгалик қилади». (Забур 37:10, 11) Ер юзи бўйлаб Худо жангларга барҳам бергани сабабли, тинчлик ўрнатилади. (Забур 46:9; Ишаё 2:4) У пайтда «адолат гуллаб-яшнайди, ой бор экан, [яъни абадий] ҳамма ерда тинчлик-осойишталик бўлади». (Забур 72:7)

18 Яҳовага топинадиган кишилар хавфсизликда яшашади. Қадимда исроилликлар Худога итоат қилишганида бехатар ҳаёт кечиришган. (Левилар 25:18, 19) Жаннатда ҳам бундай хавфсизликдан баҳраманд бўлиш нақадар ажойиб бўлади! (Ишаё 32:18 ни ўқинг; Михо 4:4)

19. Янги дунёда озиқ-овқат мўл бўлишини қаердан биламиз?

19 Озиқ-овқат етишмовчилиги бўлмайди. «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади»,— дейилган Забур 72:16 да. Яҳова Таоло одил кишиларга барака ато этганида «замин ўз ҳосилини беради». (Забур 67:6)

20. Нега бутун ер юзи жаннатга айланишига амин бўлишимиз мумкин?

20 Бутун ер юзи жаннатга айланади. Бугун хароб қилинаётган ер тозаланиб, гўзал боғлар барпо этилади ва чиройли уйлар қурилади. (Ишаё 65:21–24 ни ўқинг; Ваҳий 11:18) Аста-секин бутун ер юзи худди гўзал Адан боғи каби бўлади. Ўшанда Худо қўлини очиб, «ҳар бир тирик жоннинг истагини» қондиради. (Забур 145:16)

21. Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида тинчлик бўлишини қаердан биламиз?

21 Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида тинчлик бўлади. Йиртқич ва уй ҳайвонлари биргалашиб ўтлаб юришади. Ҳозир хавфли ҳисобланган ҳайвонлардан ҳатто гўдак ҳам қўрқмайди. (Ишаё 11:6–9 ни ўқинг; Ишаё 65:25)

22. Касалликлар билан нима бўлади?

 22 Касалликлар бошқа бўлмайди. Исо Масиҳ ерда бўлган пайтида кўп одамни даволаган эди. Самовий Шоҳ сифатида ҳам Исо барча одамларнинг соғ-омон бўлишига ғамхўрлик қилади. (Матто 9:35; Марк 1:40–42; Юҳанно 5:5–9) Ўша пайтда «ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди». (Ишаё 33:24; 35:5, 6)

23. Нега тирилиш бизга қувонч келтиради?

23 Ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз тирилиб, бошқа ҳеч қачон ўлмаслик умидига эга бўлишади. Худонинг хотирасида бўлган барча ўлганлар тирилтирилади. Дарҳақиқат, «адолатли ва адолатсиз одамлар» тирилади. (Ҳаворийлар 24:15; Юҳанно 5:28, 29 ни ўқинг.)

24. Ер юзидаги жаннатда яшаш имконияти тўғрисида қандай фикрдасиз?

24 Парвардигори Олам Яҳова тўғрисида билган ва Унга хизмат қилганларни ажойиб келажак кутмоқда! Исо ёнида ўлаётган жиноятчига: «Сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз»,— деб ваъда берганида, ер юзидаги жаннатни назарда тутган эди. (Луқо 23:43) Келажакда бўладиган баракаларнинг барчаси Исо Масиҳ орқали амалга ошар экан, у тўғрисида билим олиш қанчалик муҳим.