Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎН БЕШИНЧИ БОБ

Худо маъқул деб билган топиниш

Худо маъқул деб билган топиниш
  • Худо ҳамма динни маъқул деб биладими?

  • Ҳақ динни қандай аниқлаш мумкин?

  • Ҳозирги вақтда Худонинг ҳақиқий топинувчилари кимлар?

1. Худога тўғри топинсак қандай баракаларга эга бўламиз?

ТАНГРИМИЗ ЯҲОВА бизга ғамхўрлик қилади ва севги ила берган йўл-йўриқлари бизга фойда келтиришини истайди. Унга тўғри топинсак бахтли бўламиз ва кўпгина муаммолардан қочамиз. Шунингдек, Худонинг мададига ва баракасига эга бўламиз. (Ишаё 48:17) Бироқ ҳозирги вақтда Худо ҳақида ҳақиқатни ўргатяпмиз, дейдиган юзлаб динлар мавжуд. Уларнинг Худо кимлиги ва биздан нима талаб қилиши ҳақидаги таълимотлари бир-биридан кескин фарқ қилади.

2. Яҳова Унга қандай топинишимизни истаётганини қаердан билишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

2 Яҳова Унга қандай топинишимизни истаётганини қаердан билишимиз мумкин? Бунинг учун барча динларнинг таълимотларини ўрганиб, уларни солиштириш шарт эмас. Ҳақ топиниш борасида Муқаддас Китобда аслида нима дейилганини билиб олишимиз керак, холос. Бир мисол келтирайлик. Кўп давлатларда сохта пул катта муаммога айланган. Агар сохта пулни аниқлаш керак бўлса, буни қандай қилар эдингиз? Ҳар бир сохта пулнинг ўзига хос томонларини эслаб қолишга ҳаракат қилармидингиз? Йўқ, албатта. Ҳақиқий пул қандай кўринишда бўлишини билиб олиш тўғрироқ бўлмасмиди? Чунки ҳақиқий пул қандай бўлишини  билиб олсангиз, уни сохта пулдан ажрата оласиз. Шунга ўхшаб, ҳақиқий дин қандай бўлиши кераклигини билсак, сохтасини ажрата оламиз.

3. Худога маъқул келиш учун нима қилиш керак?

3 Яҳовага У маъқул деб билган тарзда топинишимиз ўта муҳим. Кўпларнинг фикрича Худо барча динларни маъқул деб билади, бироқ Муқаддас Китобда бундай дейилмаган. Шунчаки: «Худога ишонаман»,— дейиш ҳам етарли эмас. Ҳаворий Павлус шундай деган эди: «Улар ҳамманинг олдида Худони биламиз дейишади-ю, лекин ишлари билан Ундан юз ўгиришади. Зеро улар жирканч, итоатсиз ва ҳар қандай яхши ишга яроқсиз кишилардир». (Титусга 1:16) Худога маъқул келиш учун У биздан нима талаб қилаётганини билиш ва буни бажариш лозим. Чунки Худонинг иродасини бажармаганларни Исо «қонунбузарлар», деб атаган. (Матто 7:21–23) Сохта диннинг сохта пул каби ҳеч қандай қадри йўқ. Қолаверса, бундай дин хавфлидир.

4. Исо қандай икки йўл тўғрисида гапирган ва улар қаерга олиб боради?

4 Яҳова ҳар бир инсонга ер юзида абадий ҳаётга эришиш имконини беряпти. Аммо бунинг учун Худога тўғри топиниб, ҳозирнинг ўзида Унга маъқул тарзда ҳаёт кечиришимиз даркор. Афсуски, кўплар бундан бош тортяпти. Мана шу сабабга кўра Исо Масиҳ: «Тор дарвозадан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл эса энлидир. Кўплар шу йўлдан юради. Ҳаётга олиб борадиган дарвоза эса танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз»,— деган. (Матто 7:13, 14) Ҳақ дин ҳаётга элтса, сохта дин ҳалокатга олиб боради. Лекин Яҳова ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, барчага Ўзи ҳақида билим олиш имкониятини беряпти. (2 Бутрус 3:9) Чиндан ҳам, Худога қандай топинаётганимиз ҳаёт-мамот масаласи.

ҲАҚ ДИННИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

5. Ҳақ динни қандай аниқлашимиз мумкин?

5 «Ҳаётга олиб борадиган» йўлни қандай топиш мумкин?  Исонинг сўзларига кўра дин ҳақиқий эканини унга эътиқод қиладиган кишиларнинг турмуш тарзидан билса бўлади. У шундай деган: «Уларни ишларидан билиб оласизлар... Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради». (Матто 7:16, 17) Бошқача айтганда, ҳақ дин аъзолари эътиқоди ва ишларидан танилади. Тўғри, улар номукаммал ва хатолар қилиб туришади, бироқ гуруҳ сифатида улар Худонинг иродасини бажаришга интилишади. Келинг, ҳақ динни ажратиб турадиган олтита хусусиятни кўриб чиқайлик.

6, 7. Худонинг хизматчилари Муқаддас Китобга қандай қарашади ва Исо бу борада қандай ўрнак кўрсатган?

6 Худонинг хизматчилари ўз таълимотларини Муқаддас Китобга асослайди. Муқаддас Китобнинг ўзида шундай дейилган: «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб, ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш, адолат йўлида тарбиялаш учун фойдалидир. Токи Аллоҳнинг хизматчиси ҳар тарафлама билимга эга бўлиб, ҳар бир яхши ишга бутунлайин тайёр турсин». (2 Тимўтийга 3:16, 17) Павлус эса имондошларига шундай ёзган: «Сизлар Худонинг каломини биздан эшитганингизда, буни инсон сўзи сифатида эмас, балки Аллоҳ каломи сифатида қабул қилдингиз». (1 Салоникаликларга 2:13) Хуллас, ҳақ диннинг таълимотлари ва ишлари одамларнинг нуқтаи назари ёки урф-одатларига эмас, балки Худо томонидан илҳомлантирилган Муқаддас Китобга асосланади.

7 Исо Масиҳ ҳам таълимотларини Худонинг Каломига асослаб яхши ўрнак кўрсатган. У Худога ибодат қилаётиб: «Сенинг каломинг — ҳақиқат»,— деган. (Юҳанно 17:17) Исо Худонинг Каломига ишониб, унга мувофиқ тарзда таълим берган. У гапирганда кўпинча оятларни келтирарди. (Матто 4:4, 7, 10) Худонинг бугунги хизматчилари ҳам одамларга ўз ғояларини ўргатишмайди. Улар Муқаддас Китобда Худонинг сўзлари ёзилганига ишониб, фақат унга асосланиб таълим беришади.

8. Яҳовага топиниш нимани ўз ичига олади?

8 Ҳақ диннинг аъзолари фақат Тангри Яҳовага топиниб,  Унинг исмини эълон этишади. Исо: «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт»,— деб айтган. (Матто 4:10) Шунинг учун, Худонинг хизматчилари фақатгина Яҳовага топинишади. Бундай топинишга, ҳақ Худонинг исмини ҳамда Унинг ажойиб фазилатларини эълон қилиш киради. Забур 83:18 да: «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин»,— деб ёзилган. Исо бошқаларга Худонинг исмини билиб олишга ёрдам беришда яхши ўрнак кўрсатган. У шундай деб ибодат қилган: «Дунёдан танлаб олиб, менга берган одамларингга исмингни ошкор этдим». (Юҳанно 17:6) Худонинг бугунги хизматчилари ҳам бошқаларга Унинг исми, ниятлари ва фазилатлари борасида таълим беришади.

9, 10. Масиҳнинг чин издошлари бир-бирига севгини қандай намоён этади?

9 Худонинг халқи бир-бирига самимий, беғараз севгини намоён этади. Исо: «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади»,— деган эди. (Юҳанно 13:35) Илк масиҳийлар орасида айнан шундай севги бўлган. Муқаддас Китоб принципларига асосланган севги ижтимоий, миллий ва ирқий тўсиқларни енгиб, одамларни узилмас биродарлик ришталари билан боғлайди. (Колосаликларга 3:14 ни ўқинг.) Сохта дин аъзолари орасида бундай севгига тўла биродарлик йўқ. Буни қаердан биламиз? Улар миллати ёки ирқи фарқ қилгани учун бир-бирини ўлдиради. Масиҳнинг чинакам издошлари эса ҳеч қачон қурол олиб имондошини ёки бошқа бировни ўлдирмайди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Худонинг ва Иблиснинг болаларини шундан билса бўлади: тўғри иш қилиб юрмайдиган ва биродарини севмайдиган, Аллоҳдан эмас. [...] Бир-биримизни севишимиз даркор. Шайтоннинг фарзанди ҳисобланган ва укасини ўлдирган Қобилга ўхшамайлик». (1 Юҳанно 3:10–12; 4:20, 21)

 10 Лекин самимий севги қотиллик қилмасликдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Масиҳийлар ўз вақти, кучи ва маблағини беғаразлик ила бир-бирига ёрдам ва далда бериш учун сарфлайди. (Ибронийларга 10:24, 25) Улар қийин вақтда бир-бирига ёрдамга келади ва бошқалар билан ҳамиша ростгўй бўлади. Дарҳақиқат, улар Муқаддас Китобдаги: «Ҳаммага... яхшилик қилайлик»,— деган маслаҳатга мувофиқ яшайди. (Галатияликларга 6:10)

11. Нажот фақат Исо Масиҳ орқали келишини нега тан олишимиз керак?

11 Ҳақ Худога топинувчилар нажот фақат Исо Масиҳ орқали келишини тан олади. Муқаддас Китобда: «Одамларни ундан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди, чунки нажот топишимиз учун осмону фалак остида одамларга берилган бошқа исм йўқ»,— дейилган. (Ҳаворийлар 4:12) Бу китобнинг 5- бобидан билиб олганимиздай, Исо Масиҳ итоаткор кишилар учун ўз жонини тўлов сифатида берган. (Матто 20:28) Бундан ташқари, Худо Исони ер юзи устидан бошқарадиган самовий Шоҳ қилиб тайинлаган. Агар абадий яшашни истасак, Исога қулоқ солиб, унинг таълимотларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз лозим. Чунки Муқаддас Китобда: «Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. Ўғилга итоат қилмаган кишига эса ҳаёт насиб этмайди»,— деб айтилган. (Юҳанно 3:36)

12. Бу дунёдан бўлмаслик нимани англатади?

12 Худонинг хизматчилари бу дунёдан эмас. Исо римлик ҳоким Пилат олдида турганида: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас»,— деган эди. (Юҳанно 18:36) Қаерда яшашидан қатъи назар Исонинг издошлари Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлиб, бу дунёнинг сиёсий ишларида умуман қатнашмайди. Улар дунёдаги низоларда иштирок этмайди. Лекин бошқалар сиёсий партияларга аъзо бўлса, номзодини таклиф қилса ёки сайловларда қатнашса, Яҳованинг хизматчилари уларга тўсқинлик қилмайди. Улар сиёсатда бетараф бўлса-да, давлат қонунларига бўйсунади. Нима учун? Чунки Худонинг Каломида: «Ҳар бир инсон ҳукмрон  ҳокимиятга бўйсунсин»,— дея амр берилган. (Римликларга 13:1) Бироқ давлат талаб қилаётган нарса Худонинг қонунига зид бўлса, ҳақ Худога топинувчилар ҳаворийлардан ўрнак олиб: «Биз одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсунишимиз керак»,— дейди. (Ҳаворийлар 5:29; Марк 12:17)

13. Исонинг чинакам издошлари учун Худонинг Шоҳлиги нимани англатади ва улар қайси фаолият билан машғул?

 13 Исонинг чинакам издошлари инсониятнинг ягона умиди Худонинг Шоҳлиги экани ҳақида ваъз қилади. Исо шундай деб башорат қилган эди: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (Матто 24:14) Улар одамларни бу дунёнинг ҳокимлари муаммоларни ҳал қилади, деб ишонишга ундамайди. Аксинча, Исонинг чинакам издошлари инсониятнинг ягона умиди Худонинг Шоҳлиги экани ҳақида ваъз қилади. (Забур 146:3) Исо ҳатто бу Шоҳлик ҳақида: «Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин»,— деб ибодат қилишга ундаган. (Матто 6:10) Муқаддас Китобда ушбу Самовий Шоҳлик ҳақида: «У барча [ҳозир мавжуд бўлган] бу шоҳликларни йўқ қилиб, ўзи абадий туради»,— деб башорат қилинган. (Дониёр 2:44; Ваҳий 16:14; 19:19–21)

14. Сизнингча қайси дин барча талабларга мос келяпти?

14 Кўриб чиққанларимиз асосида ўзингизга шундай саволлар беринг: қайси дин ўз таълимотларини Муқаддас Китобга асослайди? Кимлар Яҳова исмини эълон қиляпти? Кимлар Муқаддас Китоб принципларига асосланган севгини намоён этяпти? Исо Масиҳга кимлар ишонади? Кимлар бу дунёдан эмас? Кимлар инсониятнинг ягона умиди Худонинг Шоҳлиги эканини ваъз қиляпти? Ер юзидаги барча динлар ичида бу талабларга қайси бири мос келяпти? Барча далиллар бу Яҳованинг Шоҳидлари эканини кўрсатиб турибди. (Ишаё 43:10–12 ни ўқинг.)

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАСИЗ?

15. Худо борлигига ишонишдан ташқари яна нима қилиш даркор?

15 Худога шунчаки ишонишнинг ўзи етарли эмас. Зеро Муқаддас Китобда, ҳатто жинлар ҳам Худо борлигига ишониши ҳақида айтилган. (Ёқуб 2:19) Лекин улар Худонинг иродасини бажармайди ва Худо улардан мамнун эмас. Демак, Худога маъқул келиш учун нафақат Унинг борлигига  ишониш, балки иродасини бажариш даркор. Шунингдек, сохта диндан чиқиб, ҳақиқий топинишга қўшилишимиз керак.

16. Сохта дин билан алоқамиз бўлса нима қилишимиз керак?

16 Ҳаворий Павлус сохта дин билан ҳеч қандай алоқамиз бўлмаслиги кераклигини қуйидаги сўзлар билан таъкидлаган эди: «“Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар,— демоқда Яҳова,— ва бундан буён нопокка қўл теккизманглар”; “шунда Мен сизларни қабул қиламан”». (2 Коринфликларга 6:17; Ишаё 52:11) Шу сабабли, Худонинг хизматчилари сохта топинишга алоқадор бўлган ҳар қандай нарсадан қочади.

17, 18. «Буюк Бобил» нимани англатади ва нега зудлик билан «ундан чиқиб кетиш» даркор?

17 Муқаддас Китобда сохта диннинг барча турлари «Буюк Бобил»нинг * бир қисми экани ҳақида айтилган. (Ваҳий 17:5) Бу ном қадимги Бобил шаҳрини эслатади. Айнан ушбу шаҳарда Нуҳ давридаги Тўфондан сўнг сохта дин пайдо бўлган. Сохта динда кенг тарқалган таълимотлару ишларнинг кўпи айнан ушбу Бобил шаҳридан келиб чиққан. Масалан, бобилликлар учликка, яъни уч қиёфали худоларга сиғинишган. Бугунги кунда бу таълимот кўплаб динларнинг асосий таълимоти ҳисобланади. Бироқ Муқаддас Китобда ягона ҳақ Худо, яъни Яҳова борлиги, Исо Масиҳ эса Унинг Ўғли экани ҳақида айтилган. (Юҳанно 17:3) Шунингдек, бобилликлар одамнинг ўлмайдиган жони ёки руҳи мавжуд ва одам ўлса унинг жони танасидан чиқиб, дўзахда азоб чекиши мумкин деб ишонишган. Бугунги кунда ўлмас жон ёки руҳ ва дўзах азоблари ҳақидаги тушунчалар жуда кўп динларнинг асосий ақидасидир.

18 Қадимги Бобил ақидалари бутун дунёга ёйилиб кетган эди, шу боис ҳозирги Буюк Бобилни ҳам сохта дин империяси деб аташ ўринли. Аллоҳ сохта дин империяси ногаҳон йўқ қилиниши тўғрисида башорат қилган  эди. Буюк Бобил билан боғлиқ барча нарсадан нега четланишингиз муҳимлигини тушуняпсизми? Яҳова вақт борлигида «ундан чиқиб кет», деб сизни чорламоқда. (Ваҳий 18:4, 8 ни ўқинг.)

Яҳовага Унинг халқи билан хизмат қилсангиз, йўқотишингиз мумкин бўлганидан кўра кўпроғига эга бўласиз

19. Яҳовага хизмат қилсангиз нимага эга бўласиз?

19 Сохта диндан чиқиб кетиш қарорингиз туфайли, баъзилар сиз билан гаплашмай қўйиши мумкин. Лекин Тангри Яҳовага Унинг халқи билан хизмат қилсангиз, йўқотишингиз мумкин бўлганидан кўра кўпроғига эга бўласиз. Ҳамма нарсани қолдириб Исога эргашган илк шогирдлар каби, сизда ҳам кўплаб имондошларингиз бўлади. Сизга самимий севгини намоён этадиган миллионлаб масиҳийлардан иборат халқаро оиланинг аъзосига айланасиз. Боз устига, «келажак замонада» абадий яшаш умидингиз пайдо бўлади. (Марк 10:28–30 ни ўқинг.) Эҳтимол вақт ўтиб, эътиқодингиз туфайли сиз билан гаплашмай қўйган кишилар Муқаддас Китоб таълимотлари билан қизиқиб, Яҳованинг хизматчиларига айланар.

20. Ҳақ дин аъзоларини қандай келажак кутмоқда?

20 Муқаддас Китобга биноан Худо яқин орада бу ёвуз дунёни йўқ қилиб, Ўз Шоҳлиги орқали адолат ҳукм сурадиган янги дунёни ўрнатади. (2 Бутрус 3:9, 13) Бу нақадар ажойиб дунё бўлади! Ўшанда ер юзида фақат битта дин, ҳақ топиниш бўлади. Ҳозирнинг ўзида керакли қадамларни қўйиб, ҳақ Худога топинаётганларга қўшилсангиз доно иш қилган бўлмайсизми?

^ абз. 17 Нега Буюк Бобил сохта дин империясини билдириши ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун 219–220- саҳифалардаги Иловага қаранг.