Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎНИНЧИ БОБ

Илоҳий зотларнинг таъсири

Илоҳий зотларнинг таъсири
  • Фаришталар одамларга ёрдам берадими?

  • Ёвуз руҳлар одамларга қандай таъсир қилади?

  • Ёвуз руҳлардан қўрқишимиз керакми?

1. Нима сабабдан фаришталар ҳақида билиб олиш даркор?

АГАР кимнидир яхшироқ билишни хоҳласангиз, унинг яқинлари ким экан, деб қизиқмайсизми? Албатта қизиқасиз. Шу каби Тангри Яҳовани яқиндан билишни хоҳласак, Унинг осмондаги ўғиллари, яъни фаришталари ҳақида билиб олишимиз даркор. Муқаддас Китобда улар «Тангрининг... ўғиллари» деб аталади. (Аюб 38:7) Хўш, Худонинг ниятида улар қандай ўринга эга? Инсоният тарихига уларнинг таъсири бўлганми? Сизнинг ҳаётингизга ҳам таъсир қиляптими? Таъсир қилса, унда қандай?

2. Фаришталар қандай пайдо бўлган ва уларнинг сони қанча?

2 Муқаддас Китобда фаришталар тўғрисида юзлаб маротаба айтилган. Келинг, улар ҳақида баъзи оятларни кўриб чиқайлик. Улар қандай пайдо бўлгани ҳақида Колосаликларга 1:16 да шундай дейилган: «Еру осмондаги бор мавжудот... унинг [Исо Масиҳнинг] ёрдамида вужудга келди». Кўриняптики, фаришталар деб аталган илоҳий мавжудотларни Аллоҳ Яҳова тўнғич Ўғли орқали яратган. Осмонда қанча фаришта бор? Муқаддас Китобда айтилишича ушбу қудратли фаришталарнинг сони юз миллионларни ташкил этади. (Забур 103:20) *

3. Аюб 38:4–7 дан фаришталар ҳақида нимани билиб оляпмиз?

 3 Муқаддас Китобда айтилишича, сайёрамизнинг пойдевори солинганида «Тангрининг жамики ўғиллари ҳайқириб олқиш айтган». (Аюб 38:4–7) Демак, одамлар ва ҳатто ер яратилишидан анча олдин фаришталар мавжуд эди. Оятда айтилганидек улар «қувончдан ҳайқирган», демак, уларнинг ҳис-туйғулари бор. Шунингдек, «Тангрининг жамики ўғиллари» биргаликда қувонганига эътибор беринг. Бундан кўриняптики, бир вақтлар ҳамма фаришталар якдилликда Худованд Яҳовага хизмат қилган.

ФАРИШТАЛАРНИНГ ЁРДАМИ ВА ҲИМОЯСИ

4. Фаришталар инсоният оиласи билан қизиқиши Муқаддас Китобда қандай кўрсатилган?

4 Илк инсон яратилганидан буён фаришталар инсоният оиласи билан ҳамда Худонинг иродаси ерда қандай бажо бўлиши билан қизиққан. (Ҳикматлар 8:30, 31; 1 Бутрус 1:11, 12) Кўп инсонлар меҳрибон Парвардигордан юз ўгириб, Унга хизмат қилишдан воз кечганини ҳам фаришталар кўрган ва бундан хафа бўлган. Лекин Яҳовага қайтган битта гуноҳкор учун «Аллоҳнинг фаришталари роса хурсанд бўлишади». (Луқо 15:10) Фаришталар инсоният учун шунчалик қайғурар экан, Яҳова уларни Ўз хизматчиларига ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш учун қайта-қайта юборгани ажабланарли эмас. (Ибронийларга 1:7, 14 ни ўқинг.) Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

«Худойим Ўз фариштасини юбориб шерларнинг оғзини ёпиб қўйди». (Дониёр 6:22)

5. Муқаддас Китобга кўра фаришталар одамларга қандай ёрдам беришган?

5 Қадимда разиллашган Садўм ва Ғамўра шаҳарлари Худонинг ғазабига йўлиққанида, иккита фаришта одил инсон Лутни ва унинг қизларини қутқариб қолган. (Ибтидо 19:15, 16) Асрлар оша Дониёр пайғамбар шерлар уясига ташланганида ҳеч қандай зиён кўрмаган. У: «Худойим Ўз фариштасини юбориб шерларнинг оғзини ёпиб қўйди»,— деб айтган. (Дониёр 6:22) Милодий биринчи асрда фаришта ҳаворий Бутрусни қамоқхонадан  озодликка чиқарган. (Ҳаворийлар 12:6–11) Бундан ташқари, Исо ердаги хизматини бошлаганида фаришталар унга далда беришган. (Марк 1:13) Исонинг ўлими яқинлашиб қолганида эса бир фаришта пайдо бўлиб уни «қўллаб-қувватлади». (Луқо 22:43) Ҳаётидаги энг муҳим пайтда Исо айнан шундай тасаллига муҳтож эди.

6. а) Ҳозирги вақтда фаришталар Худонинг хизматчиларини нимадан ҳимоя қилади? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?

6 Ҳозирги вақтда фаришталар Худога хизмат қилаётган одамларга кўринмайди. Гарчи улар кўзга кўринмаса-да, Худонинг хизматчиларини асосан маънавий зарардан ҳимоя қилишади. Забурда қуйидагини ўқиймиз: «Яҳованинг фариштаси Ундан қўрқадиганлар атрофида қароргоҳ қуриб, уларни қутқаради». (Забур 34:7) Бу сўзлар бизга тасалли бахш этяпти! Чунки бизни ҳалок қилишни истайдиган ёвуз руҳлар ҳам мавжуд. Улар ким экан? Улар қандай пайдо бўлган? Улар бизга қандай зарар етказиши мумкин? Бу саволларга жавоб топиш учун, келинг, аввало инсониятнинг ибтидосида нима юз берганини қисқача кўриб чиқайлик.

БИЗГА ДУШМАН БЎЛГАН ИЛОҲИЙ ЗОТЛАР

7. Одамлар Худодан юз ўгиришида Шайтон қанчалик муваффақиятга эришди?

7 Китобнинг 3- бобидан билиб олганимиздай, фаришталардан бири ҳокимлик қилишни истаб Худога қарши исён кўтарди. Кейинчалик у Шайтон Иблис деб аталадиган бўлди. (Ваҳий 12:9) Момоҳавони йўлдан ургандан сўнг Шайтон фитнасини давом эттирди. Қарийб 16 аср ичида Ҳобил, Ханўх ва Нуҳ каби содиқ кишилардан ташқари, Шайтон деярли барча Худодан юз ўгиришига эришди. (Ибронийларга 11:4, 5, 7)

8. а) Қандай қилиб баъзи фаришталар жинларга айланиб қолишди? б) Нуҳ давридаги Тўфондан омон қолиш учун жинлар нима қилишга мажбур бўлишди?

8 Нуҳ пайғамбар даврида бошқа фаришталар ҳам Яҳовага  қарши чиқишди. Улар самовий маконини тарк этиб ерга тушишди ва инсон қиёфасига киришди. Нега дейсизми? Жавобини Тавротдан ўқиймиз: «Фаришталар одамзод қизларининг чиройли эканига эътибор қарата бошлашди ва танлаганларини хотинликка оладиган бўлишди». (Ибтидо 6:2) Бироқ Яҳова фаришталарнинг бу қабиҳ ишига ва тобора одамларни ахлоқан бузишига қараб тура олмас эди. Худо бутун ер юзига тўфон юбориб, барча ёвузларни сувга ғарқ қилди. Фақатгина Ўз содиқ хизматчиларини сақлаб қолди. (Ибтидо 7:17, 23) Жинлар деб аталган ушбу исёнкор фаришталар эса инсоний таналарини ташлаб осмонга қайтишга мажбур бўлишди. Улар  «жинлар ҳукмдори» бўлмиш Шайтоннинг тарафини эгаллашди. (Матто 9:34)

9. а) Жинлар осмонга қайтганида нима юз берди? б) Нимани кўриб чиқишимиз керак?

9 Жинлар осмонга қайтганида, Худо уларни ҳам ҳукмдорлари Шайтонга ўхшаб ҳайдаб юборди. (2 Бутрус 2:4) Бугунги вақтда жинлар инсон қиёфасига кира олмаса-да, улар одамларга жуда ёмон таъсир қилиб келяпти. Шайтон айнан улар орқали «бутун ер юзини йўлдан оздириб» юрибди. (Ваҳий 12:9; 1 Юҳанно 5:19) Қандай қилиб? Жинлар одамларни йўлдан оздириш учун турли ҳийлалардан фойдаланади. (2 Коринфликларга 2:11 ни ўқинг.) Келинг, улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.

ЖИНЛАРНИНГ ҲИЙЛАЛАРИ

10. Сеҳр-жоду бу нима?

10 Одамларни йўлдан оздириш учун жинлар сеҳр-жодудан фойдаланяпти. Сеҳр-жоду — шахсан ёки воситачи орқали жинлар билан алоқада бўлиш. Муқаддас Китобда сеҳр-жоду қораланган бўлиб, у билан боғлиқ ҳамма нарсадан узоқлашишга ундаляпмиз. (Галатияликларга 5:19–21) Балиқчи хўракдан фойдаланганидай, жинлар сеҳр-жодудан фойдаланади. Балиқчи турли балиқни овлаш учун ҳар хил хўракни ишлатади. Жинлар ҳам сеҳр-жодунинг турли усулларидан фойдаланиб, ҳар хил одамларга таъсир ўтказяпти.

11. Фол очиш бу нима ва нега ундан четланишимиз лозим?

11 Жинлар қўллайдиган «хўраклардан» бири фол очишдир. Фол очиш бу нима? Фол очиш — келажакни ёки кишини қизиқтирган номаълум бирор нарсани билишга интилиш. Фол очишга шунингдек, мунажжимлик, тушларни таъбир этиш, сеҳрли биллур шарга, картага, қўл кафтига, қаҳвага ва белгиларга қараб келажакни айтиш киради. Кўплар бу ишларнинг ҳеч қандай зиёни йўқ деб ўйласа ҳам, Муқаддас Китобга кўра фол очувчиларнинг ортида жинлар туради. Масалан, Ҳаворийлар 16:16–18 да  «ичида фол очувчи жин» бўлган бир чўри қиз келажакни айтиб бергани ҳақида ўқиймиз. Аммо жин чўридан ҳайдаб чиқарилганида, у ўз қобилиятидан маҳрум бўлган.

Жинлар турли йўллар билан инсонларни алдашяпти

12. Нега ўлганларга мурожаат қилиш ўта хавфли?

12 Одамларни йўлдан оздириш учун жинлар қўллайдиган яна бир ҳийла — ўлганларга мурожаат қилиш. Яқинидан жудо бўлган инсонлар қайғу чекиб, кўпинча бу ҳийланинг қурбонига айланишади. Арвоҳ чақирувчилар ўлган одамнинг товуши билан гапириш ва ўзгача маълумот бериш қобилиятига эга. Шунда кўплар марҳум нариги дунёда яшашни давом эттиряпти, деган хулосага келиб, қайғусидан таскин топади. Аммо бу каби алдамчи «таскинлар» ўта хавфлидир. Нега дейсизми? Чунки жинлар марҳумнинг овозига тақлид қилиб, у ҳақида арвоҳ чақирувчига маълумот бера олишади. (1 Шоҳлар 28:3–19) Шунингдек, 6- бобдан билиб олганимиздай одам ўлгандан кейин умуман йўқ бўлиб кетади-ку. (Забур 115:17) Хуллас, ўликларга мурожаат қилувчилар жинлар томонидан алданиб, Худонинг қонунига қарши  чиққан бўлишади. (Қонунлар 18:10, 11 ни ўқинг; Ишаё 8:19) Жинлар қўллайдиган бундай «хўракдан» эҳтиёт бўлинг.

13. Бир пайтлар жинлардан қўрқиб яшаган кўплар нима қила олишди?

13 Жинлар одамларни йўлдан оздирибгина қолмай, уларни қўрқитишади. Ҳозир Шайтон билан жинлар «вақти оз қолганини» ва яқин орада кишанлаб қўйилишини билиб ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғазабга минишган. (Ваҳий 12:12, 17) Шунга қарамай, бир пайтлар жинлардан қўрқиб яшаган минглаб инсонлар уларнинг таъсиридан озод бўлишган. Улар буни қандай қилишган? Сеҳр-жоду билан шуғулланаётганлар ундан қутулиш учун нима қилишлари лозим?

ЁВУЗ РУҲЛАРГА ҚАРШИ ТУРИНГ

14. Эфес шаҳридаги масиҳийлар каби жинлар таъсиридан қутулиш учун нима қилишимиз керак?

14 Жинларнинг таъсирига қандай қарши туриш ва улардан озод бўлиш ҳақида Муқаддас Китобда ёзилган. Келинг, биринчи асрда Эфес шаҳрида яшаган масиҳийларнинг намунасини кўриб чиқайлик. Масиҳнинг издоши бўлишдан аввал улардан баъзилари сеҳр-жоду билан шуғулланар эди. Сеҳр-жодудан қутулиш учун улар нима қилган экан? Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Сеҳр-жоду билан шуғулланганлардан кўплари китобларини йиғиб, ҳамманинг олдида ёқиб юборишди». (Ҳаворийлар 19:19) Сеҳргарлик китобларини ёндириб, бугунги кунда жинларнинг таъсирига қарши туришни хоҳлаётган инсонларга улар яхши ўрнак қолдиришди. Агар Яҳовага хизмат қилишни хоҳласак, сеҳр-жоду билан шуғулланишга ундайдиган, уни ёқимли ва қизиқарли қилиб кўрсатадиган барча нарсадан: китоб, журнал, фильм, плакат ва мусиқа асарларидан халос бўлишимиз даркор. Шунингдек, ёмон кўздан асраш мақсадида тақиладиган кўзмунчоқ, тумор ва шу каби нарсалардан четланишимиз керак. (1 Коринфликларга 10:21)

15. Ёвуз руҳларга қарши туриш учун нима қилишимиз керак?

 15 Эфесдаги масиҳийлар сеҳргарлик китобларини ёндирганидан бир неча йил ўтгач, ҳаворий Павлус уларга: «Биз... ёвуз руҳлар... билан курашяпмиз»,— деб ёзган эди. (Эфесликларга 6:12) Кўриняптики, жинлар бўш келмай, ғолиб чиқиш учун курашар экан. Хўш, уларга яна нима ёрдам берган? «Булардан ташқари, катта имон қалқонини олинглар. У билан Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира оласизлар»,— деб маслаҳат берган эди Павлус. (Эфесликларга 6:16) Имон қалқонимиз қанчалик мустаҳкам бўлса, ёвуз руҳларга қарши туриш шунчалик осон бўлади. (Матто 17:20)

16. Имонни қандай қилиб мустаҳкамлаш мумкин?

16 Имонимизни қандай қилиб мустаҳкамлаш мумкин? Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб. Деворнинг мустаҳкамлиги асосан унинг пойдеворига боғлиқ бўлади. Имонимизнинг мустаҳкамлиги ҳам Муқаддас Китобга асосланган аниқ билимга боғлиқ. Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиб тадқиқ қилсак, имонимиз мустаҳкам бўлади. У мустаҳкам девор каби бизни ёвуз руҳлар таъсиридан ҳимоя қилади. (1 Юҳанно 5:5)

17. Жинлар таъсирига қарши туриш учун яна нима қилиш лозим?

17 Эфесдаги масиҳийлар яна нима қилиши лозим эди? Улар қўшимча ҳимояга муҳтож эди, чунки улар жинлар таъсири кучли бўлган шаҳарда яшар эди. Шу сабабли Павлус уларга: «Ҳар қандай ибодату илтижолар билан, ҳар фурсатда муқаддас руҳ ила ибодат қилиб туринглар»,— деб ёзган эди. (Эфесликларга 6:18) Биз ҳам жинлар таъсири кучли бўлган дунёда яшар эканмиз, улардан бизни ҳимоя қилиши учун Тангримиз Яҳовага ёлвориб ибодат қилишимиз даркор. Ибодатларимизда Яҳова исмини тилга олишимиз ўта муҳим. (Ҳикматлар 18:10 ни ўқинг.) Шунингдек, «Шайтондан халос эт», деб ибодат қилиш лозим. (Матто 6:13) Шунда ёлвориб қилган ибодатларимиз ижобат бўлади. (Забур 145:19)

18, 19. а) Ёвуз руҳларга қарши курашда ғолиб чиқишимизга нима ёрдам беради? б) Кейинги бобда қайси саволга жавоб оламиз?

 18 Тўғри, жинлар хавфли, аммо Иблисга қарши туриб, Худонинг иродасини бажариб Унга яқинлашсак, улардан ҳеч ҳам қўрқмаслигимиз мумкин. (Ёқуб 4:7, 8 ни ўқинг.) Жинларнинг кучи чекланган. Нуҳ пайғамбар даврида улар жазоланган эди, энди эса охирги ҳукмни кутишяпти. (Яҳудо 6) Яҳованинг қудратли фаришталари бизни ҳимоя қилаётгани ҳам ёдингизда бўлсин. (4 Шоҳлар 6:15–17) Улар жинларга қарши туриб муваффақиятга эришишимизни жуда хоҳлашади. Худонинг ушбу одил фаришталари мажозий маънода бизни руҳлантириб туришибди. Хуллас, келинг, доимо Парвардигоримиз Яҳовага ҳамда садоқатли руҳий мавжудотлардан иборат оиласига яқин бўлайлик. Шунингдек, сеҳр-жодунинг барча турларидан четланиб, ҳамиша Муқаддас Китоб маслаҳатларига риоя қилайлик. (1 Бутрус 5:6, 7; 2 Бутрус 2:9) Айнан шундай йўл тутиб ёвуз руҳларга қарши курашда ғолиб чиқамиз.

19 Бироқ нега Аллоҳ жинларнинг мавжуд бўлишига ҳамда одамларга азоб-уқубатлар келтираётган ёвузликка йўл қўйган? Бу саволга жавобни кейинги бобдан билиб оламиз.

^ абз. 2 Бир оятда Худонинг фаришталари «ўн мингларча ўн минглар ва минг-мингларча», деб айтилган. (Ваҳий 5:11) Муқаддас Китобдан кўриниб турганидек юз миллионлаб фаришталар мавжуд.