Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎНГ САККИЗИНЧИ БОБ

Худонинг дўсти бўлиш учун нима қилиш керак?

Худонинг дўсти бўлиш учун нима қилиш керак?
  • Сувга чўмиш қандай ўтказилади?

  • Сувга чўмиш учун нима қилиш керак?

  • Худога қандай бағишланиш мумкин?

  • Сувга чўмиш нега бунчалик муҳим?

1. Ушбу китобни синчковлик билан тадқиқ қилгач сизни нима қизиқтираётган бўлиши мумкин?

УШБУ китобнинг олдинги бобларини синчковлик билан тадқиқ қилгач, Муқаддас Китобдан жаннатда абадий яшаш умиди ҳақида билиб олдингиз. (Луқо 23:43; Ваҳий 21:3, 4) Шунингдек, марҳумлар аслида қандай ҳолатда экани ҳамда тирилиш умиди борасида маълумотга  эга бўлдингиз. (Воиз 9:5; Юҳанно 5:28, 29) Эҳтимол, Яҳова Шоҳидларининг жамоат учрашувларига қатнаб, улар ҳақ динга қандай эътиқод қилаётганини ўз кўзингиз билан кўргандирсиз. (Юҳанно 13:35) Энг асосийси, Тангри Яҳова билан дўстона муносабатни ривожлантиришни бошлагандирсиз. Энди Унга хизмат қилиш истагингиз бор ва буни қандай қилиш мумкинлиги билан қизиқаётгандирсиз.

2. Нега ҳабашистонлик амалдор сувга чўмишни истаган?

2 Биринчи асрда яшаган ҳабашистонлик бир амалдорни ҳам шулар қизиқтирган. Чунки хушхабар воизи Филип унга Муқаддас Ёзувлар ёрдамида ваъда қилинган Масиҳ Исо эканини исботлаб берган. Билиб олганлари унга қаттиқ таъсир қилганини қуйидаги сўзларидан кўришимиз мумкин: «Мана сув, менинг сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?» (Ҳаворийлар 8:26–36)

3. а) Исо издошларига нима қилишни буюрган? б) Сувга чўмиш қандай ўтказилади?

3 Худога хизмат қилиш истагингиз борлигини сиз қандай кўрсата оласиз? Исо издошларига шундай буюрган эди: «Боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар». (Матто 28:19) Исонинг ўзи сувга чўмиб бу борада ўрнак кўрсатган. Ҳозир айрим динларда одат тусига киритилганидан фарқли ўлароқ, унинг устига сув сепилмаган ва бошидан озгина сув қуйилмаган, балки у бутунлай сувга чўмдирилган. (Матто 3:16)

4. Сувга чўмиш билан нима кўрсатамиз?

4 Яҳова билан дўст бўлишни истаганлардан сувга чўмиш талаб қилинади. Бундай йўл тутиб Худога хизмат қилиш истагимиз борлигини омма олдида кўрсатамиз. Бу, Яҳованинг иродасини бажонидил бажаришга тайёр эканимиздан далолат беради. (Забур 40:7, 8) Бироқ сувга чўмиш талабларига мос келиш учун муайян қадамларни қўйишимиз зарур.

 БИЛИМ ВА ИМОН

5. а) Сувга чўмиш учун авваламбор нима қилиш керак? б) Нега йиғилишларга қатнаш ўта муҳим?

5 Биринчи қадамни аллақачон қўя бошладингиз. Чунки Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб Яҳова Таоло ҳамда Исо Масиҳни таниб-биляпсиз. (Юҳанно 17:3 ни ўқинг.) Лекин бу бошланиши, холос. Исонинг чинакам издошлари Худонинг «иродасини аниқ англашни» исташади. (Колосаликларга 1:9) Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнаш бунда сизга катта ёрдам беради. Йиғилишларни қолдирмаслик ўта муҳим. (Ибронийларга 10:24, 25) Йиғилишларга мунтазам қатнасангиз, Худони таниб-биласиз.

Муқаддас Китоб ёрдамида Худонинг «иродасини аниқ англаш» асосий қадамлардан бири

6. Сувга чўмиш учун Муқаддас Китобни қанчалик билишингиз керак?

6 Албатта, сувга чўмиш учун Муқаддас Китобда ёзилган ҳамма нарсани билиш шарт эмас. Масалан, ҳабашистонлик амалдор баъзи билимларга эга бўлган, бироқ Муқаддас Ёзувларнинг айрим қисмларини тушуниш учун унга ёрдам керак эди. (Ҳаворийлар 8:30, 31) Сиз ҳам яна кўп нарсаларни билиб олишингиз керак, чунки Худо тўғрисидаги билимларнинг чеки йўқ. (Воиз 3:11) Сувга чўмишдан аввал Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни билиб, уларни қабул қилишингиз лозим. (Ибронийларга 5:12) Уларга ўлганларнинг ҳолати, Худонинг исми ва Шоҳлиги қанчалик муҳим экани тўғрисидаги таълимотлар киради.

7. Муқаддас Китоб тадқиқи сизга қандай таъсир қилиши керак?

7 Лекин билимларнинг ўзи етарли эмас, зеро «имон бўлмаса Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир». (Ибронийларга 11:6) Масалан, Муқаддас Китобда қадимги Коринф шаҳрининг аҳолиси хушхабарни эшитганида «ишониб сувга чўмишди», дейилган. (Ҳаворийлар 18:8) Шу каби Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш у Худонинг Каломи эканига сизнинг ҳам ишончингизни оширади. Шунингдек бу, Худонинг ваъдаларига ва Исонинг қурбонлиги  нажот беришига ишонишингизга ёрдам беради. (Ёшуа 23:14; Ҳаворийлар 4:12; 2 Тимўтийга 3:16, 17)

ХУШХАБАРНИ БАҲАМ КЎРИНГ

8. Билимларни баҳам кўришга сизни нима ундайди?

8 Қалбингизда имон ўсгани сайин, билимларни ичингизда сақлаб тура олмайсиз. (Еремиё 20:9) Худо ва Унинг ниятлари ҳақидаги билимларни ўзгалар билан баҳам кўриш истагингиз пайдо бўлади. (2 Коринфликларга 4:13 ни ўқинг.)

Имон, билимларни баҳам кўришга ундайди

9, 10. а) Аввалига хушхабарни кимлар билан баҳам кўришингиз мумкин? б) Яҳова Шоҳидларининг ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этишни хоҳласангиз нима қилишингиз керак?

9 Аввал хушхабарни мулойимлик ила қариндошу дўстларингизга, қўшнию ҳамкорларингизга айтишингиз мумкин. Вақти келиб, Яҳова Шоҳидларининг ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этишни хоҳларсиз. Шунда, сиз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган Яҳованинг Шоҳидига истагингизни айтинг. Агар ваъзгўйлик хизматида иштирок этиш учун талабларга мос келсангиз, жамоатнинг иккита оқсоқоли сизлар билан учрашиб бу масалани муҳокама қилади.

10 Бу учрашув «Аллоҳнинг сурувини» боқаётган чўпонлар, яъни жамоат оқсоқоллари билан яқинроқ танишишингизга имконият беради. (Ҳаворийлар 20:28; 1 Бутрус 5:2, 3) Агар оқсоқоллар Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини тушунаётганингиз ва уларга ишонаётганингизни, Худонинг принципларига мувофиқ ҳаёт кечираётганингизни ҳамда чин дилдан Яҳованинг Шоҳиди бўлишни истаётганингизни кўришса, сувга чўммаган ваъзгўй сифатида хушхабарни эълон қилишда иштирок этишингиз мумкинлигини айтишади.

11. Ваъзгўйлик хизматида қатнашиш учун баъзилар қандай ўзгаришлар қилишига тўғри келиши мумкин?

11 Бошқа томондан, ваъзгўйлик хизматида қатнашиш учун ҳаёт тарзингизга баъзи ўзгаришлар киритишингизга  тўғри келар. Масалан, бунга сиз бошқалардан яширган ишларга чек қўйиш кириши мумкин. Демак, сувга чўммаган ваъзгўй бўлиш истагини билдиришдан аввал, оғир гуноҳлардан, жумладан, зино, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликдан халос бўлишингиз даркор. (1 Коринфликларга 6:9, 10; Галатияликларга 5:19–21 ни ўқинг.)

ТАВБА ВА ЎЗГАРИШ

12. Нега ҳамма тавбага муҳтож?

12 Сувга чўмиш талабларига мос келиш учун яна баъзи қадамларни қўйиш лозим. Ҳаворий Бутрус: «Гуноҳларингиз ювилиши учун тавба қилиб, Худога қайтинглар»,— деб айтган эди. (Ҳаворийлар 3:19) Тавба — қайсидир ишни қилганингиздан сидқидилдан пушаймон бўлиш дегани. Бироқ нафақат ахлоқсиз ҳаёт кечирганлар, балки ахлоқий жиҳатдан нисбатан пок яшаган одамлар ҳам тавба қилиши керак. Нега дейсизми? Чунки барча инсонлар гуноҳкор ва Худонинг кечиримига муҳтож. (Римликларга 3:23; 5:12) Муқаддас Китобни тадқиқ қилишдан аввал сиз Худонинг иродасини билмас эдингиз. Демак, ҳаётингиз Унинг иродасига бутунлай уйғун бўлганми? Шунинг учун, ҳамма тавбага муҳтож.

13. Ўзгариш нимани билдиради?

13 Тавбадан кейинги қадам «Худога қайтиш», яъни ўзгариш. Қилмишлардан афсусланишнинг ўзи етарли эмас. Олдинги турмуш тарзингиздан воз кечиб, тўғри ишлар қилишга қатъият билан киришишингиз лозим. Тавба ва ўзгариш сувга чўмишдан аввал қўйиладиган қадамлардир.

БАҒИШЛАНИШ

14. Сувга чўмишдан аввал қандай муҳим қадам қўйиш керак?

14 Сувга чўмишдан аввал яна бир муҳим қадам қўйиш керак. Ўзингизни Яҳова Таолога бағишлашингиз даркор.

Ибодат қилиб ўзингизни Яҳовага бағишладингизми?

15, 16. Худога бағишланиш нимани англатади ва бундай қилишга инсонни нима ундайди?

15 Ибодат қилиб ўзингизни Яҳовага бағишлаганда тоабад  Унга мутлақ садоқатли бўлишни ваъда берасиз. (Қонунлар 6:15) Нега инсонда Худога бундай ваъда бериш истаги пайдо бўлади? Айтайлик, йигит бир қиз билан учрашишни бошлади. Қизни яқинроқ билгани сайин йигит унинг жозибали фазилатларини кўради ва уни янада кўпроқ ёқтира бошлайди. Вақти келиб улар турмуш қуриши табиий ҳол. Тўғри, оила қуриш инсонга қўшимча масъулият юклайди, бироқ севги йигитни бундай муҳим қадамни қўйишга ундайди.

16 Худованд Яҳовани таниб-билганингиз сайин Унга севгингиз ошиб боради ва бу ҳеч нарсага қарамай Унга хизмат қилишга ҳамда доим Унга топинишга ундайди. Худонинг Ўғли Исо Масиҳга эргашишни истаганлар «ўзидан кечиши» лозим. (Марк 8:34) Ўзидан кечиш — шахсий истак ва мақсадлар Худога тўлиқ итоат қилишга халақит беришига йўл қўймасликни англатади. Сувга чўмишдан олдин ҳам Яҳованинг иродасини бажариш ҳаётдаги асосий мақсадингиз бўлиши керак. (1 Бутрус 4:2 ни ўқинг.)

МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИКДАН ҚЎРҚМАНГ

17. Нега баъзилар Худога бағишланишдан қўрқади?

17 Баъзилар Тангри Яҳовага бағишланишни ортга сўради, чунки бундай жиддий қадамни қўйишдан қўрқади. Улар Худога бағишлангач, Унинг олдида жавобгар бўлишдан чўчийди. Бундай одамлар муваффақиятсизликка учрашдан ва Худони норози қилишдан қўрқиб Унга бағишланмасликни афзал кўради.

18. Яҳовага бағишланиш истаги қачон пайдо бўлади?

18 Агар қалбингизда Яҳовага нисбатан севги ривожланса, Унга бағишланиш истаги пайдо бўлади ва бунга мувофиқ ҳаёт кечиришга интиласиз. (Воиз 5:4) Ўзингизни Яҳовага бағишлагач, Унга «муносиб равишда йўл тутиб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун» қилишни истайсиз. (Колосаликларга 1:10) Худони севганингиз учун Унинг  иродасини бажариш қийин туюлмайди. Шубҳасизки, ҳаворий Юҳаннонинг ушбу сўзларига сиз ҳам қўшиласиз: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас». (1 Юҳанно 5:3)

19. Нега Худога бағишланишдан қўрқмаслик керак?

19 Худога бағишланиш учун мукаммал бўлиш шарт эмас. Яҳова чекланган имкониятингизни билади ва ҳеч қачон қўлингиздан келмайдиган нарсани талаб қилмайди. (Забур 103:14) У муваффақиятли бўлишингизни истайди ва сизни қўллаб-қувватлаб, ёрдам беради. (Ишаё 41:10 ни ўқинг.) Агар Яҳовага бутун қалбингиз билан таянсангиз У йўлларингизни равон қилади. (Ҳикматлар 3:5, 6)

 БАҒИШЛОВИНГИЗ РАМЗИ СИФАТИДА СУВГА ЧЎМИНГ

20. Нега Яҳовага бағишланганимиз сир бўлиб қолмаслиги керак?

20 Юқорида айтилганлар устида мулоҳаза юритиш, ибодат қилиб ўзингизни Яҳовага бағишлашга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, Худони чиндан севадиган ҳар бир инсон нажот топиш учун имони ҳақида «очиқдан-очиқ эълон қилиши» лозим. (Римликларга 10:10) Бу қандай қилинади?

Сувга чўмганда одам мажозий маънода олдинги ҳаёти учун ўлиб, Худонинг иродасини бажариш учун тирилади

21, 22. Қандай қилиб имонингиз ҳақида «очиқдан-очиқ эълон қилишингиз» мумкин?

 21 Агар сувга чўмишни хоҳласангиз жамоатингиздаги оқсоқоллар кенгашининг раисига хабар беринг. У эса ўз навбатида баъзи оқсоқоллар сиз билан Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини такрорлаб чиқишини ташкиллаштиради. Агар бу оқсоқоллар сизни сувга чўмиш талабларига мос деб билишса фурсат туғилганда сувга чўмишингиз мумкинлигини айтишади *. Одатда сувга чўмиш муносабати билан бунинг маъноси тушунтириб бериладиган нутқ сўзланади. Нутқнинг охирида маърузачи сувга чўмишни хоҳлаётганларга иккита оддий савол беради. Шунда имонингиз ҳақида «очиқдан-очиқ эълон қилиш» учун қулай фурсат туғилади.

22 Сувга чўмиш орқали сиз барчага Худога бағишланганингизни ва энди Яҳованинг Шоҳиди бўлганингизни очиқ кўрсатасиз. Сувга чўмаётган одам Худога бағишланганининг рамзи сифатида бутунлай сувга ботирилади.

СУВГА ЧЎМИШНИНГ МАЪНОСИ

23. «Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан» сувга чўмиш нимани англатади?

23 Исо шогирдлари «Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан» сувга чўмдирилиши кераклиги ҳақида айтган эди. (Матто 28:19) Бу дегани, сувга чўмаётган одам Яҳова Таолонинг ҳамда Исо Масиҳнинг мавқеини тан олиши керак. (Забур 83:18; Матто 28:18) У шунингдек, Худонинг муқаддас руҳи, яъни фаол қудратининг аҳамиятини тушуниши даркор. (Галатияликларга 5:22, 23; 2 Бутрус 1:21)

24, 25. а) Сувга чўмиш қандай маънога эга? б) Сўнгги бобда қайси савол кўриб чиқилади?

24 Сувга чўмиш шунчаки сувга тушиб чиқиш эмас. У чуқур маънога эга. Сувга бутунлай ботирилиш одам мажозий маънода олдинги ҳаёти учун ўлганини англатади.  Сувдан чиқиши эса у Худонинг иродасини бажариш учун тирилганини билдиради. Эсингизда бўлсин, сиз ҳаётингизни қандайдир иш, одам ёки ташкилотга эмас, Аллоҳ Яҳовага бағишлаяпсиз. Бағишланиш ва сувга чўмиш Худо билан ўзгача дўстона муносабатларнинг бошланишидир. (Забур 25:14)

25 Сувга чўмиш нажот топишга кафолат бермайди. Ҳаворий Павлус: «Қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эришишга урининглар»,— деб ёзган эди. (Филиппиликларга 2:12) Сувга чўмиш бошланиш, холос. Энг асосийси қуйидаги саволга жавоб топиш: «Қандай қилиб ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақлашингиз мумкин?» Сўнгги боб бу саволга жавоб топишингизга ёрдам беради.