Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ЎН БИРИНЧИ БОБ

Нега Худо азоб-уқубатларга йўл қўйди?

Нега Худо азоб-уқубатларга йўл қўйди?
  • Инсоният азоб-уқубат чекишида Худонинг айби борми?

  • Адан боғида қандай масала кўтарилган эди?

  • Азоб-уқубатларни Худо қандай қилиб бартараф этади?

1, 2. Одамлар нималарга дуч келяпти ва қандай саволлар уларни ўйга соляпти?

БИР мамлакатда содир бўлган тўқнашувлар натижасида, минглаб аёллару болалар ўлдирилиб, битта умумий қабрга дафн этилган эди. Бу жойнинг атрофига: «Нега?» — деб ёзилган лавҳалар қўйиб чиқилган. Одатда бу савол билан одамлар қайғусини ифодалашади. Урушлару табиий офатлар, касалликлару жиноят беайб одамларни беҳад қийнаб, уй-жойларини барбод этиб, ҳатто ҳаётига зомин бўлади. Шунда улар: «Нега бу кўргилик бошимизга тушди?» — дея савол беришади.

2 Нега Худо азоб-уқубатларга йўл қўйди? Агар Аллоҳ Яҳова шу қадар қудратли, меҳрибон, доно ва адолатли бўлса, нега бу дунё нафрату адолатсизликка тўла? Сизни ҳам шу каби саволлар ўйга солганми?

3, 4. а) Нега азоб-уқубатларнинг сабаби тўғрисида савол бериш нотўғри эмас? б) Ёвузликка ва азоб-уқубатларга Аллоҳ қандай қарайди?

3 Бундай саволлар бериш нотўғрими? Баъзиларнинг фикрича, бундай саволлар имони сустлик ҳамда Худога нисбатан ҳурматсизлик белгисидир. Бироқ Муқаддас Китобни тадқиқ қилсангиз, шу каби саволлар художўй инсонларда ҳам пайдо бўлганини кўрасиз. Масалан, Хабаққуқ  пайғамбар Яҳовадан шундай деб сўраган: «Нега ёмонликни кўришимга йўл қўйяпсан? Нега жабр-зулмга чидаб турибсан? Нима учун вайронагарчилигу зўравонлик содир бўляпти? Нега жанжал ва низо кўпайиб кетди?» (Хабаққуқ 1:3)

Яҳова Таоло барча азоб-уқубатларни йўқ қилади

4 Бундай саволлар учун Яҳова Хабаққуқ пайғамбарни койиб бердими? Йўқ. Аксинча, Худо бу самимий сўзлар Муқаддас Китобга ёзилишига ғамхўрлик қилди. Боз устига Аллоҳ унга бу масалани тушунишига кўмаклашиб, имонини мустаҳкамлади. Худованд сизга ҳам ёрдам бермоқчи. Муқаддас Китобда: «У сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб айтилганини ёдда тутинг. (1 Бутрус 5:7) Аллоҳ ёвузликдан ва унинг оқибатларидан ҳар қандай инсондан кўра кўпроқ нафратланади. (Ишаё 55:8, 9) Унда нега дунёда азоб-уқубат шу қадар кўп?

НЕГА АЗОБ-УҚУБАТЛАР ШУ ҚАДАР КЎП?

5. Одамларнинг фикрича азоб-уқубатларнинг сабаби нимада, бироқ Муқаддас Китобда нима дейилган?

5 Кўп одамлар диний раҳбарлару устозларга: «Нега азоб-уқубатлар шу қадар кўп?» — деб савол беришса, жавобига: «Бу Аллоҳнинг иродаси, пешонада ёзилгани  бўлади-да»,— деган сўзларни эшитишади. Шунингдек, кўпчилик: «Худо Ўз истаганини қилади. Хоҳласа ҳатто гўдакнинг жонини ҳам олиши мумкин»,— деб таъкидлайди. Бироқ билиб олганимиздай, Худованд Яҳова бало-қазоларнинг сабабчиси эмас. Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Ҳақ Тангри ёвуз ишга қўл уришига, Қодир Аллоҳ ёмонлик қилишига ақл бовар қилмайди!» (Аюб 34:10)

6. Нега кўп одамлар барча бало-қазоларда Тангрини айблашади?

6 Нега одамлар адашиб барча бало-қазоларда Худони айблашини биласизми? Кўп ҳолларда улар Қодир Тангри бу дунёни бошқаряпти, деб Уни айблашади. Улар Муқаддас Китобдаги оддий, аммо муҳим бир ҳақиқатни билишмайди. Сиз эса бунинг сабабини 3- бобдан билиб олдингиз. Бу дунёнинг асл ҳокими — Шайтон Иблис.

7, 8. а) Қандай қилиб бу дунё Шайтоннинг шахсиятини акс эттиряпти? б) Қай йўсин номукаммаллик ҳамда «вақт ва тасодиф» азоб-уқубатларни кўпайтирмоқда?

7 Муқаддас Китобда аниқ айтилган: «Бутун дунё эса Шайтоннинг ҳукмидадир». (1 Юҳанно 5:19). Агар буни ёдда тутсак, ҳаммаси ўз жойига тушади. Бу дунё «бутун ер юзини йўлдан оздириб юрган» Шайтоннинг шахсиятини акс эттиряпти. (Ваҳий 12:9) Шайтон ҳам, унинг измида бўлган дунё ҳам нафратга тўла, алдамчи ва шафқатсиздир. Бу, азоб шу қадар кўплигининг битта сабаби.

8 Иккинчи сабаби, 3- бобда муҳокама қилинганидай, Адан боғида кўтарилган исён дастидан одамлар номукаммал ва гуноҳкор бўлиб қолишган. Гуноҳкор инсонлар ҳокимият учун курашишга мойил ва бунинг оқибатида дунёда уруш, зулм ва азоб-уқубатлар мавжуд. (Воиз 4:1; 8:9) Учинчи сабаби, «вақт ва тасодиф». (Воиз 9:11 ни ўқинг.) Яҳованинг ҳимоясидан холи бу дунёда одамлар ноўрин вақтда, ноўрин жойда бўлиб қолишгани туфайли азоб чекишлари мумкин.

9. Азоб-уқубатларга йўл қўйиш учун Яҳованинг жиддий сабаби борлигига нега амин бўлишимиз мумкин?

9 Худо азоб-уқубатларнинг сабабчиси эмаслигини билиш  тасалли бахш этяпти. Ҳа, одамларни эзаётган уруш, жиноят, зулм ва ҳатто табиий офатларга Худонинг ҳеч қандай дахли йўқ. Бироқ қуйидаги саволларнинг жавобини билишимиз лозим: нега Яҳова барча азоб-уқубатга йўл қўймоқда? Аллоҳ Қодир экан, бунга чек қўйишга кучи етади. Унда нега У кучини ишга солмаяпти? Биз таниб-билган меҳрибон Худонинг бунга ўта жиддий сабаби бор. (1 Юҳанно 4:8)

ЎТА МУҲИМ МАСАЛА

10. Шайтон нимани шубҳа остига қўйди ва қандай қилиб?

10 Худо азоб-уқубатларга йўл қўйганининг сабабини билиш учун инсоният ибтидосига қайтайлик. Шайтон Одамато билан Момоҳавони Худога қарши қилиб қўйганида, ўта муҳим масала кўтарилди. Шайтон Яҳованинг қудратида шубҳалангани йўқ, чунки Унинг қудрати қанчалик чексиз эканини яхши билар эди. У Яҳованинг бошқариш ҳуқуқини шубҳа остига қўйди. Шайтон Худони бандаларидан эзгуликни сир сақлайдиган ёлғончига чиқариб, Уни ёмон ҳукмдор эканликда айблади. (Ибтидо 3:2–5 ни ўқинг.) Шайтон одамлар Худонинг бошқарувисиз ҳам яхши яшай олишини назарда тутган. Бу билан Шайтон Яҳованинг ҳукмдорлигига, яъни бошқариш ҳуқуқига қарши чиқди.

11. Нега Яҳова исёнчиларни шу заҳотиёқ йўқ қилмади?

11 Одамато билан Момоҳаво Яҳовага қарши исён кўтаришди. Аслида улар шундай дейишди: «Биз Яҳованинг бошқарувига муҳтож эмасмиз. Ўзимиз ҳам яхшилик билан ёмонликнинг фарқига бора оламиз». Хўш, Яҳова бу масалани қандай ҳал қилиши керак эди? Барча онгли мавжудотларга исёнчиларнинг ноҳақлигини ҳамда Унинг бошқаруви энг аъло эканини қандай кўрсатса бўларди? Баъзиларнинг фикрича, Худо исёнчиларни йўқ қилиб, ҳамма нарсани қайтадан бошлаши керак эди. Лекин ер юзини Одамато ва Момоҳавонинг авлодлари билан  тўлдириш ва улар жаннатда яшаши ҳақидаги Яҳованинг нияти қандай рўёбга чиқар эди? (Ибтидо 1:28) Тангримиз Яҳова Ўз ниятларини доимо амалга оширади. (Ишаё 55:10, 11) Боз устига, агар жаннатдаги исёнчилар шу заҳотиёқ йўқ қилинганида Худонинг бошқаруви ҳақидаги масала ҳал қилинмай қолар эди.

12, 13. Нега Шайтон инсоният устидан бошқариб кўришига ҳамда одамлар ўз ҳукуматларини яратишига Яҳова йўл қўйди? Мисол келтиринг.

12 Бир мисолни кўриб чиқайлик. Устоз ўқувчиларига бир масалани ечиш усулини тушунтиряпти, дейлик. Ақлли лекин исёнкор бир бола, устоз ноҳақ ва бу масалани бошқа усул билан ечиш керак, деб даъво қиляпти. У устозни билимсизликда айблаб, бу масалани ўзи ҳам жуда яхши ечиб бера олишини таъкидлаяпти. Баъзи синфдошлари унинг даъвосига қўшилиб, тарафини олади. Хўш, устоз нима қилади? Агар исёнкорларни синфдан ҳайдаб чиқарса, бошқа ўқувчилар нима деб ўйлайди? Синфдошларимиз ҳақмикин деб ўйлашмайдими? Устоз ноҳақлиги ошкор бўлиб қолишидан қўрқди, деб болалар уни ҳурмат қилмай қўйиши ҳеч гап эмас. Бироқ устоз бу  исёнкор болага масалани билганидай ечишига имкон берса-чи?

Наҳотки ўқувчи устозидан устун бўлса?

13 Яҳова ҳам бу устоз каби йўл тутди деса бўлади. Эсингизда бўлса, Адан боғидаги исён нафақат уни кўтарганларга тааллуқли эди. Ахир миллионлаб фаришталар буни кузатиб туришган эди-ку. (Аюб 38:7; Дониёр 7:10) Чунки бу масала қандай ҳал қилиниши фаришталарга ҳам, бошқа барча онгли мавжудотларга ҳам таъсир қилар эди. Хўш, Яҳова нима қилди? У Шайтон инсоният устидан бошқариб кўришига ҳамда одамлар унинг бошқаруви остида ўз ҳукуматларини яратишига йўл қўйди.

14. Нега Яҳова инсоний бошқарувга йўл қўйди?

14 Мисолдаги устоз исёнкор бола ва унинг шериклари ноҳақ эканини билади. Бироқ уларга ўз фикрини исботлаш учун имкон берса, бу бутун синфга фойда келтиришини ҳам билади. Чунки бу исёнкорларнинг уринишлари пучга чиққанида, фақатгина устоз дарс ўтишга ҳақли экани синфдаги итоаткор ўқувчиларга аён бўлади. Кейинчалик устоз ҳар қандай исёнчини синфдан ҳайдаса, улар у нега бундай йўл тутганининг сабабини тушунишади. Яҳова ҳам самимий одамлару фаришталарни деб шундай йўл тутди. Шайтон ва унга қўшилган исёнкорлар ноҳақ экани ҳамда инсоний бошқарув муваффақиятсизликка учраши ҳаммага аён бўлади. Улар Еремиё пайғамбар каби ушбу муҳим ҳақиқатни англаб етишади: «Эй Яҳова, аниқ биламан, инсоннинг йўли ўз ихтиёрида эмас, одамга ҳатто ўз қадамларини йўналтириш ваколати берилмаган». (Еремиё 10:23)

НЕГА БУНЧАЛИК УЗОҚ?

15, 16. а) Нега азоб-уқубатлар бунчалик узоқ давом этяпти? б) Нега Худованд ёвузлигу жиноятнинг олдини олмади?

15 Лекин нега азоб-уқубатлар бунчалик узоқ давом этяпти? Нега Тангри Яҳова одамларни бало-қазолардан  халос қилмаяпти? Бояги мисолга қайтсак, устоз икки нарсани қилмаганини кўрамиз. Биринчидан, исёнкор болани ўз фикрини исботлашидан тўхтатмади. Иккинчидан эса бунда унга кўмаклашмади. Худди шунга ўхшаб, Яҳова икки нарсани қилмади. Биринчидан, Шайтон билан унинг шерикларини тўхтатмай, даъволарини тасдиқлаш учун уларга имкон берди ҳамда вақт ажратди. Мана минглаб йиллар ўтдики, инсоният турли хил бошқариш усулларини синаб кўрди. Тўғри, илм-фан ва бошқа соҳаларда баъзи ютуқларга эришилди, лекин адолатсизлик, қашшоқлик, жиноятчилик ва урушлар авжига чиқди-ку! Дарҳақиқат, инсоний бошқарув муваффақиятсизликка учрагани барчага аён бўлди.

16 Иккинчидан, Яҳова бу дунёни бошқаришда Шайтонга кўмаклашгани йўқ. Агар Худованд ёвузлигу жиноятнинг олдини олганида, исёнчилар ҳақ экани исботланмасмиди? Шунда одамлар ўзимиз ҳам муваффақият ила бошқара олар эканмиз, деган фикрга келишига Аллоҳ сабабчи бўлмасмиди? Шунингдек, инсоний бошқарув нақадар қайғули оқибатлар келтириши кимгадир аён бўлармиди? Агар Яҳова шундай қилганида, ёлғонни қўллаб-қувватлаган бўларди. Лекин «Худо асло ёлғон гапирмайди». (Ибронийларга 6:18)

17, 18. Инсон бошқаруви ҳамда Шайтон таъсири оқибатида етказилган барча зарарни Яҳова қандай йўқ қилади?

17 Исён узоқ вақт давом этаётгани дастидан етказилган зарар билан нима бўлади? Яҳова Қодир Аллоҳ экани ёдимиздан чиқмасин. Шундай экан, Худо инсониятга етказилган барча азоб-уқубатларни йўқ қилишни истайди ва У бунга қодир. Билиб олганимиздай, сайёрамиз бошқа хароб қилинмайди ва у қайтадан жаннатга айланади. Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ишониш орқали одамлар гуноҳ оқибатларидан халос бўлишади ва тирилиш туфайли ўлим устидан ғалаба қозонилади. Худо Исо Масиҳ орқали «Иблиснинг ишларини барбод» қилади. (1 Юҳанно  3:8) Бунинг барчасини Яҳова аниқ тайинлаган вақтда амалга оширади. Худованд эртароқ ҳаракат қилмаганидан жуда миннатдор бўлишимиз мумкин, чунки Унинг сабр-тоқати туфайли биз ҳақиқатни билиб, Унга хизмат қилиш имкониятига эгамиз. (2 Бутрус 3:9, 10 ни ўқинг.) Бугунги кунда Аллоҳ Унга топинмоқчи бўлган самимий инсонларни излаяпти ва бу нотинч дунёда дуч келаётган азоб-уқубатларни енгишларига ёрдам беряпти. (Юҳанно 4:23; 1 Коринфликларга 10:13)

18 Баъзилар ажабланиб: «Нега Аллоҳ Одамато билан Момоҳавони доимо тўғри йўл тутадиган қилиб яратмади?» — деб сўраши мумкин. Бу саволга жавоб топиш учун, келинг, Яҳова бизга ато этган қимматбаҳо ҳадяни ёдга олайлик.

ХУДОНИНГ ҲАДЯСИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАСИЗ?

Худо азоб-уқубатларни бошдан кечиришингизга ёрдам беради

19. Одам қандай қимматбаҳо ҳадя билан яратилган ва нега унинг қадрига етиш керак?

19 Китобнинг 5- бобидан билиб олганимиздай, одам ирода эркинлиги билан яратилган эди. Ушбу ҳадянинг қадрига етяпсизми? Худо ҳайвонларни инстинкт билан, яъни онгсиз равишда, туйғу билан ҳаракатланадиган қилиб яратган. (Ҳикматлар 30:24) Одамлар ҳар қандай буйруқни бажарадиган роботларни яратяпти. Хўш, биз ҳам ҳайвон ёки робот каби яратилганимизда бахтли бўлармидик? Йўқ. Бизда танлаш имконияти борлигидан, масалан, қанақа инсон бўлиш, қандай ҳаёт кечириш, ким билан дўст бўлиш ва ҳоказо ишлар қилишдан хурсандмиз. Дарҳақиқат, бундай  эркинлик бизга завқ келтиряпти ва буни Худо ҳам хоҳлаган.

20, 21. Қандай қилиб ирода эркинлигидан янада яхшироқ фойдаланиш мумкин ва нега бу ўта муҳим?

20 Яҳова Унга мажбурият юзасидан хизмат қилишимизни хоҳламайди. (2 Коринфликларга 9:7) Масалан, фарзанд бировнинг гапига кириб ота-онасига: «Мен сизни яхши кўраман», деса уларга ёқадими ёки у буни чин дилдан айтса ёқадими? Хўш, Яҳова ато этган ирода эркинлигидан сиз қандай фойдаланасиз? Шайтон, Одамато ва Момоҳаво бу ҳадянинг қадрига етишмади. Улар Худованд Яҳовадан юз ўгиришди. Сиз-чи, қандай йўл тутасиз?

21 Сиз ушбу қимматбаҳо ҳадядан, яъни ирода эркинлигидан янада яхшироқ фойдаланиш имкониятига эгасиз. Яҳованинг тарафида турган миллионлаб инсонлар қаторига қўшилишингиз мумкин. Улар Шайтон ёлғончи ва ҳеч нарсага ярамайдиган ҳукмдор эканини тасдиқлаб, Худони қувонтиришяпти. (Ҳикматлар 27:11) Сиз ҳам тўғри турмуш тарзини танлаш орқали бунга эриша оласиз. Бу ҳақда келаси бобдан билиб оламиз.