ГАЗЕТА, радио ёки телевизор хабарларидан дунёда жиноятчилик, урушлар ва терроризм авжига чиқаётганини кўрасиз. Бунга шахсий муаммоларингизни қўшинг. Эҳтимол, соғлигингиз заифлашиб бораётганидан ёки яқин кишингиз ҳаётдан кўз юмганидан қайғу чекаётгандирсиз. Шундай пайтларда сиз ҳам ўзингизни: «Қайғу-аламдан тўйиб кетдим»,— деган художўй Аюб каби ҳис этарсиз. (Аюб 10:15)

Энди ўйлаб кўринг:

  • Наҳотки бу Худонинг иродаси бўлса?

  • Муаммоларимни ечиш учун қаердан ёрдам излай?

  • Ер юзида қачондир тинчлик ўрнатиладими?

Муқаддас Китобда бу саволларга жавоб бор.

 МУҚАДДАС КИТОБДА ЁЗИЛИШИЧА ХУДО ЕР ЮЗИДА ҚУЙИДАГИЛАРНИ АМАЛГА ОШИРАДИ:

«Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди». (Ваҳий 21:4)

«Чўлоқ одам кийик каби сакрайди». (Ишаё 35:6)

«Кўрларнинг кўзлари очилади». (Ишаё 35:5)

«Мозорларда бўлган ҳамма... чиқади». (Юҳанно 5:28, 29)

«Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди». (Ишаё 33:24)

«Ер юзида ғалла мўл бўлади». (Забур 72:16)

 МУҚАДДАС КИТОБНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИБ КЎРИНГ

Юқорида айтилган сўзларни хомхаёл, деб рад этишга шошилманг. Чунки бу, Аллоҳнинг ваъдаси ва Муқаддас Китобда бу қандай амалга ошиши тушунтирилган.

Лекин Муқаддас Китобдан бошқа кўп нарсалар ҳақида ҳам билиб олишимиз мумкин. Унда ёзилганлар ҳозирнинг ўзида мазмунли ва бахтли ҳаёт кечиришингизга ёрдам беради. Бир зумга тўхтаб, шахсий муаммо ва ташвишларингиз тўғрисида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, моддий қийинчилик, оилавий муаммолар, соғлиқ заифлашиши ёки яқин кишингизнинг вафоти туфайли қайғураётгандирсиз. Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар шунга ўхшаш муаммоларни енгишингизга ва қуйидаги саволларга жавоб топишингизга ёрдам беради:

  • Нега азоб чекяпмиз?

  • Муаммоларни қандай енгиш мумкин?

  • Оилавий бахтнинг сири нимада?

  • Ўлимдан кейин ҳаёт борми?

  • Ҳаётдан кўз юмган яқинларимизни қайта кўра оламизми?

  • Худо ваъдаларини амалга оширишига қандай амин бўлишимиз мумкин?

 Бу китобни ўқиётган экансиз, демак, Муқаддас Китоб таълимотларини билмоқчисиз. Мазкур китоб сизга ёрдам беради. Эътибор берсангиз, саҳифаларнинг пастги қисмида ҳар бир хатбоши учун саволлар келтирилган. Миллионлаб инсонлар Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, савол-жавоб усулини қўлламоқда. Бу усул сизга ҳам қулай бўлишига умид қиламиз. Муқаддас Китоб таълимотларини ўрганар экансиз, Худо сизга барака беришини тилаб қоламиз.