Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ИККИНЧИ БОБ

Муқаддас Китоб Худодандир

Муқаддас Китоб Худодандир
  • Муқаддас Китоб бошқа китоблардан нимаси билан фарқ қилади?

  • Муқаддас Китоб муаммоларни ечишга ёрдам бера оладими?

  • Нега Муқаддас Китоб башоратларига ишонишингиз мумкин?

1, 2. Қайси жиҳатдан Муқаддас Китоб бебаҳо?

ҚАДРДОН дўстингиздан ажойиб совға олсангиз, хурсанд бўлмасмидингиз? Бундай совға албатта кўнглингизни кўтаради. Чунки шу билан дўстингиз сизга бўлган муносабатини кўрсатган бўлар эди. Сиз миннатдор бўлиб, дўстингизнинг совғасини қадрлайсиз.

2 Муқаддас Китоб (Таврот, Забур ва Инжил) Худонинг бебаҳо совғасидир. Чунки бу ўзгача китобда, бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган маълумот бор. Масалан унда осмон, ер, биринчи эркак ва аёл яратилиши тўғрисида гап кетмоқда. Шунингдек, Муқаддас Китобда муаммоларни ечишга ёрдам берадиган маслаҳатлар мавжуд. Унда Худонинг иродаси бўйича ер юзида яхши шароитлар ўрнатилиши тўғрисида айтилган. Ҳа, Муқаддас Китоб бебаҳодир!

3. Худо ўзгача совға берганидан қандай хулосага келиш мумкин?

3 Муқаддас Китоб Тангри Таолонинг ўзгача совғаси бўлиб, У ҳақда маълумот беради. Худо бизга бу китобни берган экан, демак, Ўзини яқинроқ таништирмоқчи. Чиндан ҳам, Муқаддас Китоб Аллоҳ Яҳовага яқинлашишга ёрдам беради.

4. Муқаддас Китобнинг кенг тарқалганлиги сизга қандай таъсир қиляпти?

4 Кенг тарқалганлиги учун эҳтимол сизда ҳам Муқаддас  Китоб бордир. Муқаддас Китоб бутунлайин ёки қисман тахминан 2 600 тилга ўгирилган ва дунёнинг 90 фоиздан ошиқ аҳолиси унга эга. Ўртача ҳисобда ҳафтасига Муқаддас Китобнинг миллионтадан зиёд нусхаси тарқатиляпти. Бутунлайин ёки қисман Муқаддас Китобнинг миллиардлаб нусхаси чиқарилган. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобга ўхшаш китоб йўқ.

«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» кўп тилларга ўгирилган

5. Нега Муқаддас Китобни «Худо томонидан илҳомлантирилган», деб айтиш мумкин?

5 Муқаддас Китоб «Худо томонидан илҳомлантирилган». (2 Тимўтийга 3:16 ни ўқинг.) Қандай қилиб дейсизми? Жавобини ўзидан топиш мумкин. «Одамлар муқаддас руҳ бошқаруви билан Аллоҳнинг фикрларини гапиришган». (2 Бутрус 1:21) Мисол учун, бир раҳбар ўз котибига хат ёзишни буюрди. Хатда раҳбарнинг фикрлари ва буйруқлари ёзилган. Демак, хат котибники эмас, балки раҳбарникидир. Шунга ўхшаб, Муқаддас Китобни ёзган одамлар ўзларининг фикрларини эмас, балки Худонинг фикрларини ёзишган. Хуллас, Муқаддас Китобни чиндан ҳам «Худонинг каломи», деб айтиш мумкин. (1 Салоникаликларга 2:13)

 УЙҒУН ВА АНИҚ

6, 7. Нега Муқаддас Китобнинг уйғунлиги эътиборга сазовор?

6 Муқаддас Китоб 1 600 йилдан зиёд вақт мобайнида ёзилган. Уни ёзган одамлар турли вақтда ва турли ижтимоий шароитларда яшаган. Улардан баъзилари деҳқон, балиқчи ва чўпон эди. Ораларида пайғамбарлар, ҳакамлар ва шоҳлар ҳам бўлган. Масалан Инжил ёзувчиси Луқо табиб эди. Аммо бу фарқларга қарамай, Муқаддас Китоб бошидан то охиригача уйғундир *.

7 Муқаддас Китобнинг илк саҳифаларида инсониятнинг муаммолари нимадан бошлангани ҳикоя қилинади. Охирги саҳифаларида эса ер юзи қайтадан жаннатга, яъни боққа айланиши тўғрисида баён қилинади. Муқаддас Китоб бир неча минг йиллик тарихни ўз ичига олган бўлиб, унда Худонинг иродаси қандай амалга ошиши очиб берилган. Муқаддас Китобнинг уйғунлиги чуқур таассурот қолдиради. Айнан шу уйғунлик бу китобни бошқаларидан ажратиб туради.

8. Муқаддас Китоб илмий жиҳатдан аниқ эканини кўрсатадиган мисоллар келтиринг.

8 Муқаддас Китоб илмий жиҳатдан аниқ. Ундаги маълумотлар ҳатто ўша даврдаги тасаввурлардан анча ўзиб кетган эди. Масалан, Тавротга кирган Левилар китобида қадимги исроилликларга соғликни сақлаш учун юқумли касалликка чалинган одамларни жамиятдан ажратиб қўйиш ҳамда юксак тозаликка риоя қилиш буюрилган эди. Аммо бошқа халқлар бундан бехабар эди. Шунингдек, қадимги дунёда ернинг шакли тўғрисида нотўғри ғоялар бўлса-да, Муқаддас Китобда у курра ёки шарсимон деб айтилган. (Ишаё 40:22) Қолаверса, Муқаддас Китобда ер «бўшлиққа» осиб қўйилган, деб аниқ айтилган. (Аюб 26:7) Албатта, бу китоб илмий асар эмас. Бироқ илмий  маълумотларга келсак, у доим аниқдир. Наҳотки бу исботлар китобнинг Худодан эканлигини тасдиқламаса?!

9. а) Нега Муқаддас Китобни аниқ ва ишончга сазовор деса бўлади? б) Муқаддас Китоб ёзувчиларининг ростгўйлиги нимани исботлаяпти?

9 Муқаддас Китоб тарихий жиҳатдан ҳам аниқ ва ишончга сазовор. Унинг баёноти ўзгача, чунки Муқаддас Китобда нафақат одамларнинг исмлари, балки уларнинг насабномаси ёзилган *. Шунингдек, кўпинча тарихчилар ўз халқининг мағлубиятлари ҳақида ёзишмайди, Муқаддас Китоб ёзувчилари эса нафақат ўз халқининг, ҳатто ўз хатоларини очиқдан-очиқ баён этишган. Масалан, Муқаддас Китоб ёзувчиларидан бири Мусо пайғамбар ўзининг жиддий хатоси ва оқибатда танбеҳ олганини ёзган. (Саҳрода 20:2–12) Бундай ростгўйликни тарихий асарларда топиш амримаҳол. Аммо Муқаддас Китоб Худодан бўлгани учун айнан бу жиҳати билан ажралиб туради.

АМАЛИЙ ДОНОЛИК КИТОБИ

10. Нега Муқаддас Китоб амалий экани ажабланарли эмас?

10 Муқаддас Китоб Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб «ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш» учун фойдалидир. (2 Тимўтийга 3:16) Муқаддас Китоб чиндан ҳам амалий. Унда инсон табиати жуда яхши очиб берилган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки унинг Муаллифи Парвардигори Олам Яҳовадир! Худо фикр-хаёлимизни ҳатто ўзимиздан ҳам яхшироқ тушунади. Боз устига, бахтли бўлишимиз учун нимага муҳтож эканимизни ва нимадан четланишимиз зарурлигини У яхши билади.

11, 12. а) Тоғдаги ваъзида Исо пайғамбар қайси мавзуларни муҳокама қилган? б) Муқаддас Китобда яна қандай маслаҳатлар бор ва нега улар эскирмайди?

11 Матто 5–7- бобларида Исо пайғамбарнинг Тоғдаги  ваъзи қаламга олинган. Ушбу дурдона таълимотларида Исо ҳар хил мавзулар, жумладан, чинакам бахтга эришиш, баҳсларни ечиш, ибодат қилиш ва моддий эҳтиёжларга оқилона муносабатда бўлиш тўғрисида гап юритган. Исонинг сўзлари олдинлари қанчалик таъсирчан ва амалий бўлса, ҳозир ҳам ўз қадрини йўқотгани йўқ.

12 Муқаддас Китобда оила, иш ва одамларнинг муносабатларига тегишли маслаҳатлар мавжуд. Улар ҳаммага  тааллуқли бўлиб, ўта фойдалидир. Муқаддас Китоб донолик манбаи. Буни, Аллоҳ Ишаё пайғамбар орқали айтган қуйидаги сўзлар тасдиқлайди: «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман». (Ишаё 48:17)

БАШОРАТЛАР КИТОБИ

Ишаё пайғамбар Бобилнинг қулашини башорат қилган

13. Қандай маълумотни Яҳова Ишаё пайғамбарга ёзиб қўйишни буюрган?

13 Муқаддас Китобда жуда кўп башоратлар мавжуд ва уларнинг аксарияти рўёбга чиқиб бўлган. Мана бир мисол. Тангри Яҳова милоддан аввалги саккизинчи асрда яшаган Ишаё пайғамбар орқали Бобил шаҳри вайронага айланишини башорат қилган. (Ишаё 13:19; 14:22, 23) Башоратда шаҳар қандай қилиб қўлга киритилиши батафсил айтилган. Забт этувчи қўшин Бобил дарёсини қуритиб, шаҳарга жангсиз киради. Боз устига, Ишаёнинг башоратида Бобилни босиб олувчи шоҳнинг исми Кир бўлади, деб айтилган. (Ишаё 44:27–45:2 ни ўқинг.)

14, 15. Ишаёнинг Бобил тўғрисидаги башорати қандай қилиб рўёбга чиққан?

14 Қарийб 200 йилдан сўнг, милоддан аввалги 539 йили, 5 дан 6 октябрга ўтар кечаси қўшин Бобилнинг ёнида қароргоҳ қурган. Хўш, уларнинг саркардаси ким бўлган? Форс шоҳи Кир. Башорат ҳайратланарли даражада рўёбга чиққан. Бироқ башоратда айтилганидай, Кирнинг қўшини Бобилга жангсиз кирганми?

15 Шу тунда бобилликлар зиёфат уюштириб, шаҳарнинг мустаҳкам деворлари ортида ўзларини бехатар ҳис қилишган. Бу пайтда, Кир шаҳарни айланасига муҳофаза қилиб турадиган дарё сувларини моҳирлик билан бошқа тарафга бурган. Кўп ўтмай сув сатҳи пасайган ва сипоҳлар дарёни осонгина кечиб, шаҳар деворларига яқинлашган. Бироқ Кирнинг қўшини Бобил деворларидан қандай ошиб тушган? Аллақандай сабабларга кўра, шу тунда шаҳар дарвозалари бепарво очиқ қолдирилган эди!

16. а) Ишаёнинг башоратига кўра, оқибатда Бобил билан нима содир бўлди? б) Ишаёнинг Бобил кимсасиз қолиши тўғрисидаги башорати қандай рўёбга чиқди?

 16 Бобил тўғрисида яна шундай башорат бор: «Ҳеч қачон унда одам яшамайди, авлодлар оша ҳеч кимса маскан қурмайди. Араблар унда чодир тикмайди, чўпонлар ҳам сурувларини боқмайди». (Ишаё 13:20) Башоратда Бобил шаҳри нафақат вайронага айланиши, балки абадий кимсасиз қолиши ҳақида айтилган. Бу сўзлар рўёбга чиққанининг тасдиғини кўришингиз мумкин. Ироқнинг Бағдод шаҳридан қарийб 80 километр жанубдаги харобазор майдон қадимги Бобилдир. Бу, Яҳованинг Ишаё орқали айтган қуйидаги сўзлари амалга ошганини исботлайди: «Уни ҳалокат супургиси билан супуриб ташлайман». (Ишаё 14:22, 23) *

Бобил харобалари

17. Муқаддас Китобнинг рўёбга чиққан башоратлари имонимизни қандай мустаҳкамлайди?

17 Муқаддас Китобнинг рўёбга чиққан башоратлари наҳотки имонимизни мустаҳкамламаса?! Агар Яҳованинг  ваъдалари ўтмишда амалга ошган бўлса, демак, ер юзи жаннатга айланиши тўғрисидаги келажакка оид ваъдаси ҳам албатта амалга ошади. (Саҳрода 23:19 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, абадий ҳаётга бўлган умидимиз бор. «Ёлғондан холи бўлган Худо бу умидни азалий вақтларданоқ ваъда қилиб берган». (Титусга 1:2) *

«ХУДОНИНГ КАЛОМИ ЖОНЛИ»

18. Муқаддас Китобнинг Павлус исмли бир ёзувчиси «Худонинг каломи» тўғрисида қандай таъсирчан сўзлар ёзган?

18 Ушбу бобдан кўриб чиққанимиздай, Муқаддас Китоб чиндан ҳам ўзгача. Ҳа, унинг уйғунлиги, илмий ва тарихий аниқлиги, амалий донолиги ҳамда ишончли башоратлари, бу китобнинг нақадар бебаҳо эканини тасдиқлаяпти.  Муқаддас Китобнинг Павлус исмли бир ёзувчиси қуйидагини ёзган: «Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга. У ҳар қандай икки тиғли қиличдан ҳам ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб кириб, юракдаги нияту фикрларни аниқлашга қодир». (Ибронийларга 4:12)

19, 20. а) Қандай қилиб Муқаддас Китоб ёрдамида ўзимизни текширишимиз мумкин? б) Худонинг ўзгача совғаси учун миннатдорчиликни қандай кўрсата оласиз?

19 «Худонинг каломи» бўлмиш Муқаддас Китоб инсон ҳаётини ўзгартиришга қодир. Унинг ёрдамида ўзимизни текшириб кўришимиз мумкин. Худога ишонаман деб таъкидлаётгандирмиз, бироқ Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга бўлган муносабатимиз юрагимиздаги нияту фикрларни фош қилади.

20 Ҳақиқатан ҳам Муқаддас Китоб Худодандир. Бу китобни ўқиш, тадқиқ қилиш ва қадрлаш даркор. Уни ўрганишда давом этиб, бу илоҳий совға учун миннатдор эканингизни кўрсатинг. Шундай қилсангиз, Худонинг инсониятга нисбатан ниятини англаб етасиз. Бу қандай ният эканини ва у қай йўсин амалга ошишини келаси бобда муҳокама қиламиз.

^ абз. 6 Баъзилар Таврот, Забур ва Инжилда зиддиятлар бор, деб айтишади. Бироқ бунга исботлари йўқ. Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китоб — Худонинг сўзими ёки инсоннингми?» деб номланган китобнинг 7- бобига қаранг.

^ абз. 9 Мисол учун, Луқо 3:23–38 да Исонинг насабномаси батафсил келтирилганига эътибор беринг.

^ абз. 16 Муқаддас Китоб башоратлари тўғрисида кўпроқ билиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Ҳаммабоп Китоб», деб номланган рисоланинг 27–29- саҳифаларига қаранг.

^ абз. 17 Бобилнинг вайрон бўлгани Муқаддас Китобдаги башоратлар рўёбга чиққанининг битта намунаси, холос. Унда Тир ва Ниневия вайрон бўлиши тўғрисида ҳам айтилган. (Ҳизқиё 26:1–5; Зафаниё 2:13–15) Шунингдек, Дониёр пайғамбар Бобилдан сўнг жаҳон саҳнасига чиқадиган империялар, жумладан, Мидия ва Форс ҳамда Юнонистон ҳақида башорат қилган. (Дониёр 8:5–7, 20–22) Масиҳга оид кўпгина башоратлар Исода амалга ошгани ҳақида 199–201- саҳифалардаги Иловада ўқишингиз мумкин.

Кўпроқ билиш

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎРГАНИШ ДАСТУРИ

Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?

Дунё бўйлаб Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб топишга ёрдам берди. Сиз ҳам бундайларнинг қаторида бўлмоқчимисиз?