Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Муқаддас Китоб таълимотлари

 ИЛОВА

Исо Масиҳ қишда туғилганми?

Исо Масиҳ қишда туғилганми?

МУҚАДДАС КИТОБДА Исо қачон туғилгани тўғрисида айтилмаган. Бироқ у ерда ёзилган баъзи маълумотлардан у қишда туғилмаганини билиб олишимиз мумкин.

Исо Байтлаҳм шаҳрида туғилган пайтда, у ерда об-ҳаво қандай бўлганини кўриб чиқайлик. Яҳудийларнинг хислав ойи (ноябрь–декабрга тўғри келади) совуқ ва ёмғирли бўлган. Ундан кейин табат ойи (декабрь–январь) келар эди. Бу ой қишнинг энг совуқ вақти бўлиб, тоғли ҳудудларда қор ёғар эди. Келинг, Муқаддас Китобда бу ҳудуднинг иқлими ҳақида нима дейилганини билиб олайлик.

Муқаддас Китоб ёзувчиси Эзра ҳам хислав ойи совуқ ва ёмғирли бўлганини тасдиқлаган. Эзра, халқ Қуддусда «тўққизинчи [хислав] ойнинг 20- кунида» йиғилгани ҳақида айтгач, одамлар «кучли ёмғир ёғаётганидан... титрашарди», деган. Ўша одамлар йилнинг бу пайтидаги об-ҳаво ҳақида: «Ёмғир мавсуми бўлгани боис, ташқарида  туришнинг иложи йўқ»,— дейишган. (Эзра 10:9, 13; Еремиё 36:22) Байтлаҳм атрофида яшаган чўпонлар қиш мавсумида сурувлари билан кечаси ташқарида қолишмагани шубҳасиз.

Лекин Муқаддас Китобда Исо туғилган кечада чўпонлар сурувлари билан далада бўлишгани ҳақида айтилган. Луқо ҳам Байтлаҳм яқинидаги чўпонлар ўша пайтда «кечалари сурувларини пойлаб, далада кун кечиришарди», деб ёзган. (Луқо 2:8–12) Эътибор беринг, чўпонлар сурувни шунчаки кундузи айлантиргани олиб чиқишмаган, балки далада кун кечиришган. Сурувлар кечалари билан далада бўлган. Қишда Байтлаҳмда совуқ ва ёмғирли об-ҳаво бўлганини инобатга олсак, чўпонлар ташқарида қолишлари мумкинмиди? Йўқ, асло! Хуллас, Исо дунёга келганида содир бўлган воқеалар у қишда туғилмаганини тасдиқлаяпти *.

Худонинг Каломида Исонинг ўлган куни аниқ айтилган, лекин қачон туғилгани тўғрисида жуда кам маълумот берилган. Бу шоҳ Сулаймоннинг қуйидаги сўзларини ёдимизга солади: «Яхши ном қимматбаҳо мойдан, ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир». (Воиз 7:1) Шу боис, Муқаддас Китобда Исонинг хизмати ва ўлими ҳақида батафсил маълумот берилиб, туғилган пайти тўғрисида қисқача айтиб ўтилгани ажабланарли эмас.

Исо туғилганида чўпонлар кечалари сурувлари билан далада бўлишган

^ абз. 1 Бу ҳақда кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китоб асосида музокара» деб номланган китобнинг «Байрамлар» мавзусига қаранг.