Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Оилангиз бахтли бўла олади

 7- ҚИСМ

Сув билан экин ўсар, тарбия билан — одам

Сув билан экин ўсар, тарбия билан — одам

«Бугун мен сизларга берган бу амрларни юрагингизда сақланглар. Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар» (Қонунлар 6:6, 7).

Худованд Яҳова никоҳ Асосчисидир ва болаларнинг тарбиясини ота-онасининг зиммасига юклаган (Колосаликларга 3:20). Шундай экан, фарзандларида Яҳовага бўлган севгини ўстириб, уларни масъулиятли инсонлар қилиб етиштириш ота-онанинг бўйнидадир (2 Тимўтийга 1:5; 3:15). Бунинг устига, ўғил ёки қизининг қалби нимага тўла эканини тушунишлари даркор. Албатта, улар боласи учун ўрнак бўлиши зарур. Зеро, Отажонимиз Яҳованинг Каломи биринчи навбатда ота-онанинг юрагида бўлса, шунда боласига ҳам уни ўргатиш осонроқ кечади (Забур 39:9).

 1 БОЛА ЎЗ ФИКРИНИ ТОРТИНМАЙ АЙТА ОЛСИН

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... шошилмасин» (Ёқуб 1:19). Фарзандингиз сиз билан эркин тарзда суҳбатлашиши ўта муҳим. У гаплашмоқчи бўлганда, сиз уни доим тинглашга тайёр эканингизда амин бўлиши зарур. Оилангизда тинчлик ҳукм сурса, болангиз ўз фикри ва туйғуларини бемалол изҳор этади (Ёқуб 3:18). Агар у, сизни қаттиққўл ёки ҳукм қиладиган деб билса, сиз билан очиқ-ойдин суҳбат қуриши амри маҳол бўлади. Болангизга нисбатан сабр-тоқатли бўлиб, унга севишингизни тез-тез айтиб туринг (Матто 3:17; 1 Коринфликларга 8:1).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Болангиз сиз билан гаплашмоқчи бўлганда, уни тинглашга тайёр бўлинг.

  • Фарзандингиз фақатгина муаммога дуч келгандагина эмас, балки мунтазам гаплашиб туринг.

2 НИМА ДЕМОҚЧИ ЭКАНИНИ ТУШУНИШГА ИНТИЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Одамнинг сўзлари чуқур сувга ўхшайди» (Ҳикматлар 18:4). Гоҳида, боланинг сўзлари ортида ҳақиқатдан ҳам қандай туйғулар борлигини англаш учун уриниш керак бўлади. Одатда, ўсмирлар аслида ўзлари назарда тутмаган нарсаларни бўрттириб айтишлари ҳеч гап эмас. Унутмангки, «охиригача тингламай жавоб берган аҳмоқдир» (Ҳикматлар 18:13). Шунинг учун, руҳингиз тушишига йўл қўйманг (Ҳикматлар 19:11).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Фарзандингиз нима дейишидан қатъи назар, гапини бўлманг ёки қайнаб кетишдан ўзингизни тийинг.

  • Унинг ёшида ўзингиз қандай ўйлаганингизни ва сиз учун нима муҳим бўлганини эслашга урининг.

 3 АҲИЛЛИКДА ИШ БИТАР

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма» (Ҳикматлар 1:8). Аллоҳимиз Яҳова ҳам отага, ҳам онага болаларни катта қилиш вазифасини топширган. Фарзандингиз сизни ҳурмат қилишга ва қулоқ солишга ўрганиши лозим (Эфесликларга 6:1–3). Агар ота-она «бир ўй... орқали якдилликни сақламаса», болалар буни дарров илғаб олишади (1 Коринфликларга 1:10). Борди-ю, сиз умр йўлдошингизнинг гапига қўшилмаётган бўлсангиз, болаларнинг олдида эмас, икковингиз ҳоли қолиб буни ҳал қилинг. Йўқса, уларнинг назарида ота-она сифатидаги обрўйингиз тушиши мумкин.

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Болага қай йўсин таълим-тарбия бериш масаласида келишиб олинглар.

  • Тарбия борасида умр йўлдошингиз билан турли фикрда бўлсангиз, унинг нуқтаи назарини тушунишга интилинг.

 4 РЕЖАЛИ ИШ БУЗИЛМАС

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Болани тўғри йўлга солиб тарбияла» (Ҳикматлар 22:6). Фарзандлар ўз-ўзидан тарбияли ва одобли бўлиб қолишмайди. Ота-она ҳаммасини, жумладан болага таълим-тарбия беришни ҳам яхшилаб режалаштириши даркор (Забур 126:4; Ҳикматлар 29:17). Шуниси қизиқки, таълим-тарбия бериш доим ҳам жазолашни англатмайди. Аксинча бу, бола у ёки бу қоиданинг негизини англашига ёрдам бериш демакдир (Ҳикматлар 28:7). Қолаверса, болажонларингизда Худонинг Каломига нисбатан севгини уйғотинг ва унда ёзилган меъёрларни фаҳмлашига ўргатинг (Забур 1:2). Шу йўсин, уларнинг виждони яхши тарбияланган бўлади (Ибронийларга 5:14).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Болангиз Аллоҳни, чиндан ҳам таяниши мумкин бўлган мавжуд Шахс деб билишига кўмаклашинг.

  • Фарзандингизни масалан, Интернет ва ижтимоий тармоқлар остида яширилган хавф-хатару тузоқлардан бохабар бўлиб, улардан узоқлашишга ўргатинг. Унга ахлоқий жиҳатдан бузувчи кимсалардан қандай йироқлашиш мумкинлигини тушунтиринг.

«Болани тўғри йўлга солиб тарбияла»