Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Оилангиз бахтли бўла олади

 3- ҚИСМ

Муаммони ҳал қилиш йўллари

Муаммони ҳал қилиш йўллари

«Бир-бирингизни самимият билан севинглар, чунки севги кўпгина гуноҳларни қоплайди» (1 Бутрус 4:8).

Турмуш қуриб бирга яшай бошлаган экансиз, турли муаммолар юзага келади. Чунки фикрлаш тарзингиз, туйғуларингиз ва ҳаётга бўлган қарашларингиз турлича. Ёки бошқа муаммолар ва кутилмаган вазиятлар ҳам келишмовчиликларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Муаммолар пайдо бўлганда, айрим жуфтликлар ота-онаси ёки қариндошларига мурожаат қилишади. Ёши улуғ кишилардан маслаҳат излаш яхши албатта, бироқ эътиборингизни Муқаддас Китобга қаратсангиз, қийинчиликлар никоҳингизга путур етказа олмайди (Матто 5:23, 24). Иккалангиз ҳам у ерда ёзилган меъёрларни қўллаб, муаммоларни ҳал қила оладиган даражада доноликка эга бўласиз.

 1 МАСЛАҲАТЛИ ИШ БИТАР

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:1, 7). Муаммо ҳақида гаплашиш учун етарлича вақт ажратинг. Бу борада нимани ҳис қилаётганингизни ва ўйлаётганингизни турмуш ўртоғингизга очиқчасига айтинг. Унга доим «ҳақиқатни гапиринг» (Эфесликларга 4:25). Туйғуларингизни жиловлаш қийин кечса-да, жаҳлингизга эрк берманг. «Яхши сўз бўлдиради, ёмон сўз куйдиради»,— деганларидай, юмшоқ жавоб жанжалнинг олдини олади (Ҳикматлар 15:4; 26:20).

Гапингиз бир жойдан чиқмаган тақдирда ҳам, севги ва ҳурматни кўрсатишни ёдда тутиб, хушмуомала бўлинг (Колосаликларга 4:6). Оғзингизга талқон солиб юришнинг ўрнига, масалани иложи борича тезроқ ҳал қилинг (Эфесликларга 4:26).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Муаммони муҳокама қилиш учун қулай фурсатни танланг.

  • Жуфтингизнинг гапини бўлмай тингланг. Шунда, сизга ҳам гапириш навбати тегади.

 2 ТИНГЛАНГ ВА ТУШУНИШГА ИНТИЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Чин кўнгилдан севинглар. Бир-бирингизни ҳурмат қилишда ташаббус кўрсатинглар» (Римликларга 12:10). Қай тарзда тинглашингиз муҳим аҳамият касб этади. Умр йўлдошингизнинг нуқтаи назарини тушунишга ҳаракат қилаётиб: «Ҳамдард... ва камтар бўлинглар»,— деган маслаҳатга амал қилинг (1 Бутрус 3:8; Ёқуб 1:19). Ўзингизни тинглаётгандай кўрсатиш, нотўғри бўларди. Иложи бўлса, қилаётган ишингизни бир четга суриб, бор диққатингизни жуфтингизга қаратинг ёки кейинроқ суҳбатлашишни таклиф қилинг. Агар турмуш ўртоғингизни душман эмас, дўст деб билсангиз, дарров қизишиб кетмайсиз (Воиз 7:9).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Умр йўлдошингизнинг гаплари ғашингизга тегса ҳам, уни диққат билан тингланг.

  • Сўзларининг моҳиятини тушунишга интилинг. Имо-ишоралари ва овозининг оҳангини инобатга олинг.

3 ҚАРОРГА МУВОФИҚ ЙЎЛ ТУТИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Ҳар бир меҳнатдан фойда бор, қуруқ гап эса камбағаллик келтиради» (Ҳикматлар 14:23). Яхши ечимни топишнинг ўзи етарли эмас. Иккалангиз биргаликда чиқарган қарорга амал қилишингиз лозим. Бунинг учун кўп тер тўкиш талаб этилиши мумкин, аммо бу шунга арзийди (Ҳикматлар 10:4). Агар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсангиз, меҳнатларингиз «яхши тақдирланади» (Воиз 4:9).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Муаммони ҳал қилиш учун ҳар бирингиз нима қилишингиз кераклигини аниқ белгилаб олинг.

  • Эришганларингизни вақти-вақти билан сарҳисоб қилинг.