Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Оилангиз бахтли бўла олади

 1- ҚИСМ

Аллоҳнинг маслаҳатлари никоҳни бахтли қилади

Аллоҳнинг маслаҳатлари никоҳни бахтли қилади

«Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратди» (Матто 19:4).

Илк никоҳ асосчиси — Худованд Яҳовадир *. Муқаддас Китобга биноан, У биринчи аёлни яратиб, «уни одамнинг олдига олиб келган». Одамато жуда хурсанд бўлган ва шундай сўзларни айтган: «Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, менинг этимдан яралган этдир» (Ибтидо 2:22, 23). Тангри Яҳова бугун ҳам эру хотинлар бахтли бўлишини истайди.

Масалан, турмуш қураётиб, ҳамма нарса силлиқ кечади деб ўйлашингиз мумкин. Аслида эса, ҳатто бир-бирини қаттиқ севган умр йўлдошлар ҳам айрим қийинчиликларга дуч келишади (1 Коринфликларга 7:28). Бу рисолада, Муқаддас Китобга асосланган меъёрларни билиб оласиз. Уларни қўлласангиз, никоҳ ва оилангиз бахтли бўлади (Забур 18:9–12).

 1 ЯҲОВА СИЗГА ТОПШИРГАН ВАЗИФАНИ ТАН ОЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? Эр — оиланинг бошидир (Эфесликларга 5:23).

Агар оила боши бўлсангиз, Яҳова жуфти ҳалолингизга меҳр ила ғамхўрлик қилишингизни кутади (1 Бутрус 3:7). Хотинингиз сизга шерик сифатида яратилган экан, Худо уни қадрлаб, севишингизни хоҳлайди (Ибтидо 2:18). Рафиқасини қаттиқ севган эр, унинг манфаатларини ўзиникидан устун қўйишга тайёр бўлади (Эфесликларга 5:25–29).

Агар турмуш қурган аёл бўлсангиз, Яҳова хўжайинингизни чуқур ҳурмат қилиб, вазифасини бажаришга ёрдам беришингизни кутади (1 Коринфликларга 11:3; Эфесликларга 5:33). Унинг қарорларини қўллаб-қувватланг ва чин дилдан у билан ҳамкорлик қилинг (Колосаликларга 3:18). Шундай қилсангиз, ҳам эрингиз, ҳам Аллоҳ Яҳованинг назарида чиройли бўласиз (1 Бутрус 3:1–6).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Турмуш ўртоғингиздан, янада яхшироқ эр ёки хотин бўлиш учун нима қила олишингизни сўранг. Уни диққат билан тинглаб, ўз устингизда ишлашга интилинг.

  • Сабрли бўлинг. Бир-бирингизни бахтли қилишга ўрганишингиз учун вақт керак бўлади.

2 УМР ЙЎЛДОШИНГИЗНИНГ ТУЙҒУЛАРИНИ ИНОБАТГА ОЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? Жуфтингизнинг манфаатларини кўзланг (Филиппиликларга 2:3, 4). Турмуш ўртоғингиз уни қадрлаётганингизни ҳис қилсин. Унутмангки, Яҳова хизматчиларидан «ҳамма билан мулойим» бўлишларини талаб қилади (2 Тимўтийга 2:24). «Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди, дононинг гаплари эса шифо беради». Шу боис, гапиришдан аввал яхшилаб ўйланг (Ҳикматлар 12:18). Аллоҳнинг қудратли кучи, меҳр ва севги ила гапиришингизга ёрдам беради (Галатияликларга 5:22, 23; Колосаликларга 4:6).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Жуфтингиз билан жиддий масалаларни муҳокама қилишдан олдин ибодат қилиб, хотиржамлик ва унинг фикрини инобатга олиш ҳақида сўранг.

  • Нима деб айтмоқчи эканингизни ва буни қандай қилиб айтишингизни яхшилаб ўйлаб қўйинг.

 3 ЯКДИЛ БЎЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? Турмуш қуриб, эр-хотин «бир тан» бўлади (Матто 19:5). Аммо улар иккита алоҳида шахс бўлиб қолаверади ва ҳар хил нуқтаи назарга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун улар якдил бўлишга ўрганишлари керак (Филиппиликларга 2:2). Қарорлар қабул қилишда якдиллик ўта муҳим. Муқаддас Китобда: «Маслаҳат билан режа туз»,— деб ёзилган (Ҳикматлар 20:18). Биргаликда жиддий қарорлар чиқараётиб, Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилиш зарур (Ҳикматлар 8:32, 33).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Умр йўлдошингизга нафақат маълумот ёки фикрингиз, балки ҳис-туйғуларингизни ҳам айтинг.

  • Қарор чиқаришдан олдин ўзаро маслаҳатлашинг.

^ 4- х.б. Муқаддас Китобнинг асл нусхасига кўра Яҳова — Аллоҳнинг исмидир.