Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» ИЮЛЬ 2014

 ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР | МАРЯМ

Унинг юрагига қилич санчилгандай бўлса ҳам, у дош берди

Унинг юрагига қилич санчилгандай бўлса ҳам, у дош берди

МАРЯМ тиззасига ўтириб, ўз дардини ифодалашга сўз топа олмаяпти. Сабаби, узоқ давом этган қийноқ ва азоблар дастидан қаттиқ хитоб қилиб жон берган ўғлининг овози ҳамон қулоғида. Туш вақтида ерни зулмат босди. Бирдан ер қаттиқ ларзага келди (Матто 27:45, 51). Буни кўргач Марям, Аллоҳ Яҳова учун азизи бўлмиш Исо Масиҳнинг ўлимини кўриш қанчалик оғир ботганини ва У буни бутун оламга кўрсатмоқчи эканини тушунди.

Пешинда Гўлготани, яъни Бошсуяги деган жойни қоплаб турган зулмат тарқалди. Марям ўғли учун ҳасрат чекиб, ҳаётидаги бир воқеани эслади (Юҳанно 19:17, 25). 33 йил илгари Марям билан Юсуф улар учун қадрли бўлган фарзандини Қуддусдаги маъбадга, Яҳованинг ҳузурига олиб келишганида, Шимўн исмли кекса киши муқаддас руҳ таъсирида каромат қилди. Яъни, у бу бола улуғ ишлар қилишини ва бир куни Марямнинг юрагига қилич санчилгандай бўлишини башорат қилди (Луқо 2:25–35). Бу сўзларнинг маъносини Марям эндигина ушбу қайғули дамларда тўлиқ англаб етди.

Марямнинг юрагига қилич санчилгандай бўлди

Инсон дуч келиши мумкин бўлган энг аламли ва азобли айрилиқлардан бири бу, жигарбандининг ўлими ҳисобланади. Ўлим шафқатсиз душман бўлиб, ҳар биримиз ундан азият чекишимиз мумкин (Римликларга 5:12; 1 Коринфликларга 15:26). Бундай азобга дош беришнинг иложи борми? Исо пайғамбарнинг хизмат қилиш пайтидан то ўлими ва ундан кейинги пайтдаги Марямнинг ҳаётини кўриб чиқар эканмиз, унинг юрак бағрини тирнаган ушбу кулфатга дош беришга ёрдам берган имони ҳақида кўпроқ билиб оламиз.

«У СИЗЛАРГА НИМА ДЕСА, ШУНИ БАЖАРИНГЛАР»

Келинг, мазкур воқеадан ҳаёлан уч ярим йил орқага қайтайлик. Марям яқин орада ўзгариш содир бўлишини сезяпти. Ўша кунларда сувга чўмдириб юрган Яҳё пайғамбар ва унинг тавба қилиш борасидаги ҳаяжонли хабари тўғрисидаги миш-мишлар ҳатто кичик бир Носира шаҳрида ҳам тарқалиб кетди. Бундай янгиликлар унинг катта ўғли учун хизматни бошлаш вақти келганининг белгиси бўлишини Марям олдиндан кўра биляпти (Матто 3:1, 13). Ҳа, Исонинг энди улар билан бирга бўлмаслиги Марям ва унинг уйдагилари учун кескин ўзгаришлар олиб келишини англатарди. Нега дейсизми?

Ўша пайтда Марямнинг эри Юсуф вафот этган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Демак, Марям учун айрилиқ ҳисси таниш эди *. Энди Исони нафақат «дурадгорнинг ўғли», балки «дурадгор» деб ҳам аташяпти. Исо отасининг ишини давом эттириб, оиланинг боқувчиси каби масъулиятни ўз зиммасига олгани шубҳасиздир. Унинг оиласида ундан кейин туғилган камида яна олтита фарзанд бор эди (Матто 13:55, 56; Марк 6:3). Эҳтимол, оиладаги катта ўғиллардан кейингиси Ёқуб бўлган ва Исо унга ҳунар ўргатган. Лекин шунга қарамай, Исонинг улар билан бирга бўлмаслиги оиласи учун осон бўлмаган. Марям ўша пайтга келиб оғир масъулиятни ўз зиммасига олиб бўлган эди. Бу етмагандек, энди Исо ҳам уларни тарк этди. Хўш, бу ўзгаришдан у ваҳимага тушганми? Биз фақатгина тахмин қилишимиз мумкин. Лекин бундан ҳам муҳимроқ бир савол туғиляпти: носиралик Исо ваъда қилинган Масиҳ бўлганида Марям бунга қандай муносабат билдирар экан? Муқаддас Китоб бу борада қизиқарли нарсаларни очиб беряпти (Юҳанно 2:1–12).

 Исо Яҳё пайғамбар олдига сувга чўмиш учун келиб, Худо томонидан тайинланган хизматчи, яъни Масиҳ бўлади (Луқо 3:21, 22). Бундан кейин у ўзининг шогирдларини танлашни бошлайди. Унинг иши шошилинч бўлса ҳам, у вақт топиб, оиласи ва дўстлари учун бахтли дамларни улар билан бирга ўтказади. У онаси, шогирдлари ва унинг туғишган укалари билан бирга эҳтимол, Носирадан тахминан 13 километр нарида тоғ тепалигида жойлашган Канах шаҳрида бўлаётган тўй маросимига боради. Ўшанда Марям бир муаммодан хабар топади. Эҳтимол, у турмуш қурган жуфтликнинг қариндошлари ваҳимага тушиб, нимадир ҳақида пичирлашаётганини кўриб қолади. Маълум бўлишича, уларда шароб тугаб қолган экан! Исроил халқининг маданиятида меҳмондўстлик кўрсатиш одат бўлган. Шу сабабли, тўйнинг бундай кам-кўсти маросимни бузиб, оиланинг шаънига доғ туширар эди. Шунда Марямнинг уларга раҳми келиб, ўғли Исога мурожаат қилади.

«Уларда шароб қолмабди экан»,— дейди у ўғлига. У Исонинг нима қилишини кутади? Биз фақат тахмин қилишимиз мумкин. Аммо Исо алайҳиссалом, улуғ ишлар қиладиган улуғ инсон эканини у билади. Эҳтимол, Марям Исонинг дарҳол бирон чора топишига умид қилади. Аслида у: «Ўғлим, илтимос, бирон нарса қилгин!» — деб айтгандек бўлади. Исонинг жавоби уни ҳайратда қолдирган бўлса керак. Чунки Исо унга жавобан: «Нима қилишимни хоҳлайсиз?» — деб айтади. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида бу ибора остида Исо онасининг таклифига эътироз билдираётгани назарда тутилган. Унинг сўзларида юмшоқ танбеҳ ифодаланган. Бу билан Исо, унинг хизматига тегишли йўл-йўриқ беришга онасининг ҳаққи йўқлигини эслатмоқчи бўлади. Чунки энди у фақат Аллоҳ Яҳовадан бундай йўл-йўриқлар олиши мумкин эди.

Марям ўғлининг танбеҳини қабул қилади, чунки у зийрак ва камтарин аёл эди. У ўша зиёфатда хизматда бўлганларга қараб, шундай дейди: «У сизларга нима деса, шуни бажаринглар». Марям ўғлига йўл-йўриқ беришга ҳақли эмаслигини билади, чунки унинг ўзи ва бошқалар Исо пайғамбардан йўл-йўриқ олишлари керак эди. Исо алайҳиссалом онасининг ҳис-туйғуларини тушунган ҳолда ўша жуфтликка раҳмдиллик намоён этади. Шунда у сувни яхши шаробга айлантириб, илк мўъжизасини кўрсатади. Натижаси қандай бўлади? «Шогирдлари унга ишонч ҳосил қилишади». Марям ҳам Исога ишонади. У Исони нафақат ўғли, балки Ҳазрати ва Нажоткори деб ҳисоблайди.

Бугунги ота-оналар Марямнинг имонидан кўп нарсани ўрганишлари мумкин. Албатта, Исодек мукаммал болани ҳеч ким катта қилгани йўқ. Аммо ҳар қандай, ҳатто номукаммал фарзандни катта қилиш ота-оналарга қийинчилик туғдириши мумкин. Ота ёки она фарзанди катта бўлганига қарамай, унга ҳали ёш бола каби қарашлари мумкин (1 Коринфликларга 13:11). Хўш, бундай вазиятда ота ёки она улғайган фарзандига қандай ёрдам берса бўлади? Усуллардан бири бу, фарзанди Муқаддас Китобдаги қонун-қоидаларга амал қилишни давом эттиришига ва натижада Аллоҳ Яҳованинг баракасини олишига амин бўлишдир. Бунда эса ота-оналарга камтаринлик фазилати асқатади. Шак-шубҳасизки, Исо алайҳиссалом онасининг бундан кейинги йиллар ичида кўрсатган ёрдамини қадрлаган.

«УКАЛАРИ УНГА ИШОНМАС ЭДИЛАР»

Инжилда Исо пайғамбарнинг уч ярим йиллик хизмати ҳақида гап кетганда, Марям кам тилга олинган. Шуни унутмаслигимиз керакки, эҳтимол, ўша пайтда Марям бева қолган ва уйда бошқа фарзандларига қараган бўлиши мумкин. Маълумки, Исо алайҳиссалом она юрти бўйлаб ваъз қилаётганида ҳам Марям унга эргаша олмасди (1 Тимўтийга 5:8). Шунга қарамай, у Масиҳ ҳақида ўрганган маънавий нарсалари ҳақида мулоҳаза юритишда ва оиладаги одати бўйича маҳаллий ибодатхонадаги  йиғилишларга қатнашишда давом этган (Луқо 2:19, 51; 4:16).

Исо пайғамбар Носирадаги ибодатхонада гапирганида, Марям тингловчилар орасида ўтирганини тасаввур қилинг. Асрлар олдин Масиҳ ҳақидаги башорат ҳозир ўғлида амалга ошганини эшитиш Марям учун ҳаяжонли бўлгандир-а?! Шу билан бирга носиралик ҳамшаҳарлари ўғлини қабул қилишмаганини кўриш унинг дилини сиёҳ қилган бўлса керак. Ахир улар ўғлини ҳатто ўлдирмоқчи бўлишган-ку! (Луқо 4:17–30).

Шунингдек, Марямни болалари Исога қилган муносабати хавотирга солган. Муқаддас Китобда Исонинг тўртта укалари онасининг йўлидан юришмаган, деб ёзилган (Юҳанно 7:5). У ерда шундай сўзларни ўқиймиз: «Укалари унга ишонмас эдилар». Исонинг сингилларига келсак, улар камида иккита бўлган ва улар ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган *. Ҳар ҳолда, имондош бўлмаган кишилар билан бир уйда яшаш ўзгача қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини Марям билган. Сабаби, илоҳий ҳақиқатга содиқ қолиш ҳамда шаддод ёки уришқоқ оила аъзоларининг юрагини ҳақиқатга жалб қилиш орасидаги мувозанатни сақлаш учун Марям кўп уринган.

Бир сафар Исонинг қариндошлари, эҳтимол, унинг укалари ҳам, Исони «олиб кетгани» боришди. Улар: «У ақлдан озибди»,— деб айтишди (Марк 3:21, 31). Лекин Марям бундай ўйламаган, у ўғилларининг имонини ўстиришга ёрдам бериш ниятида улар билан бирга борган. Хўш, натижаси қандай бўлди? Гарчи Исо алайҳиссалом мўъжизалар қилиб, ажойиб ҳақиқатларни ўргатган бўлса ҳам, укалари шунда ҳам унга ишонмас эдилар. Қизиқ, Марям фарзандларининг қалбларига йўл топиш қанчалик қийин экани ҳақида ўйлаб, бундан аччиғи чиққанми?

Сиз-чи, дин томондан бўлинган оилада яшаяпсизми? Шундай бўлса, Марямнинг имонидан кўп нарсани ўрганишингиз мумкин. У ўзининг имондош бўлмаган қариндошларига қўл силтаб қўймади. Аксинча, имони унга хурсандчилик ва хотиржамлик бахш этишини кўрсатиш учун фурсатни излашда давом этди. Шу билан бирга у, Худога фидойилик ила хизмат қилаётган ўғлини қўллаб-қувватларди. Сизнингча, у Исони соғинганми? Марям баъзан Исо оиласи билан бирга қайтадан уйда бўлишини истаганми? Шундай бўлган тақдирда ҳам, у ўзини назорат қила олган. У Исони қўллаб-қувватлашни ва унга далда беришни шараф деб билган. Сиз ҳам фарзандларингизга ҳаётларида Худони биринчи ўринга қўйишга ёрдам бера оласизми?

«СЕНИНГ ЮРАГИНГГА ЭСА ҚИЛИЧ САНЧИЛГАНДАЙ БЎЛАДИ»

Марям Исога шунчалик ишонгани учун мукофотланганми? Тангри Яҳова кишини кўрсатган имони учун албатта мукофотлайди ва Марямнинг мисоли ҳам бундан мустасно эмас (Ибронийларга 11:6). Ўғлининг гапларини ҳамда ваъзини бошқалардан эшитганда, Марямнинг юрагида нималар кечганини бир тасаввур қилинг-а!

Исонинг кўп масалларида Юсуф ва Марям унга берган таълим-тарбияси акс этган

Исо пайғамбарнинг Носира шаҳрида ўтказган болалик даври баъзида унинг масалларида акс этганини Марям пайқаганми? Уйини супуриб, йўқолган кумуш тангасини яхшилаб қидираётган, нон қилиш учун унни янчиб, тегирмон тортаётган ёки мойчироқни ёқиб, уни чироқпояга қўяётган аёл ҳақидаги масалларни айтиб берганида, Марям нималарни эслаган бўлиши мумкин? Эҳтимол, у кундалик юмушларни бажараётган пайтда Исо унинг олдида ўтирганини эслагандир (Луқо 11:33; 15:8, 9; 17:35). Исо бўйинтуруғи қулай ва юки енгил экани борасида гапирганида эса, унутилмас бир оқшом пайтида юз берган воқеа Марямнинг эсига тушгандир. Ўшанда Юсуф ҳайвонга қулай бўйинтуруқни ясашни Исога ўргатган эди (Матто 11:30). Шак-шубҳасизки Марям, Яҳова унга имтиёз берганидан  улкан мамнуният ҳис қилган. Ҳа, Марям Масиҳ бўладиган ўғилни катта қилиш шарафига муяссар бўлган. Марямга Исони тинглаш завқ-шавқ келтирган бўлса керак, сабаби, Исо оддий мисоллар ҳамда воқеаларни тасвирлаб, кўп амалий ва фойдали маслаҳатлар берган. Дарҳақиқат, Исо ҳар қандай муаллимлардан энг улуғи бўлган.

Шунга қарамай, Марям камтаринликни сақлаб қолган. Унинг ўғли ундан ҳеч қачон унга тиз чўкиб сажда қилишни талаб қилмаган. Бир куни Исо алайҳиссалом хизмат қилаётганида, халойиқ орасидан бир аёл Исонинг онаси уни туққани учун бахтли ҳисобланишини баланд овозда айтади. Исо эса унга жавобан: «Аниқроғи, Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» — дейди (Луқо 11:27, 28). Халойиқ орасидан баъзилар Исога онаси ва укалари уни излашаётганини айтишганда эса, у, ким унга ишонса, ўша унинг онаси ва укаси бўлишини айтади. Хўш, Марям ўғлининг бундай гапларидан хафа бўладими? Йўқ. Аксинча, у Исо алайҳиссалом айтган гапларини, яъни маънавий ришталар қариндошлик ришталаридан муҳимроқ эканини тушуниб олади (Марк 3:32–35).

Қандай бўлмасин, ўғли азоб устунида ҳаётдан кўз юмаётганини кўриб, Марям сўз тополмай юрак-бағри қон бўлади. Исонинг ўлдирилишига гувоҳ бўлган унинг издоши Юҳанно ўз баёнотида ушбу тафсилотни, яъни қийноқ пайтида «Исонинг азоб устуни олдида» унинг онаси турганини айтиб ўтган. Жигарбандини севган онасига охиригача ўғли билан бирга бўлишга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмасди. Ҳазрати Исо онасини кўриб турганди ва нафас олганда ҳамда гапирганда қийналганига қарамай, унга гапирди. У онасини ўзининг севикли шогирди Юҳаннонинг қарамоғига топширди. Исо алайҳиссаломнинг укалари шунда ҳам унга ишонишмагани учун Исо онасини уларга эмас, балки садоқатли шогирдига ишониб қолдирди. Шу билан Исо пайғамбар айниқса маънавий нарсалар масаласида имонли киши яқинларига ғамхўрлик қилиши муҳим эканлигини кўрсатди (Юҳанно 19:25–27).

Охири Исонинг нафаси узилгач, анча йиллар олдин айтилган башорат амалга ошди: Марям юрагига қилич санчилгандай ҳис қилди. Биз нафақат унинг оғриғини, балки уч кундан кейин у ҳис этган хурсандчиликни ҳам тасаввур қилишга ожизмиз! Марям мисли кўрилмаган мўъжизани, яъни Исонинг тирилганини кўрди! Қолаверса, Ҳазрати Исо унинг ўгай укаси Ёқубга ҳам кўринди ва шунда Марямнинг қувончи ичига сиғмай кетди (1 Коринфликларга 15:7). Бу учрашув Ёқубга ва Исонинг бошқа ўгай укаларига ҳам таъсир қилди. Кейинчалик билиб олганимиздек, улар Исони Масиҳ тариқасида тан олиб, унга ишонишди. Кўп ўтмай, улар онаси билан бирга имонлилар жамоатига қатнаб, «тоат-ибодатда эдилар» (Ҳаворийлар 1:14). Улардан иккитаси, айнан Ёқуб ва Яҳудо кейинчалик Муқаддас Китоб ёзилишига ўз ҳиссаларини қўшишди.

Бошқа ўғиллари ҳам Худога топинаётганини кўришдан Марям қувонган

Муқаддас Китобда ёзилишича, Марям ўғиллари билан бирга йиғилишларга бориб, тоат-ибодатда бўлишда давом этган экан. Марям ҳақидаги баёнотнинг шундай якуни мақтовга сазовор ва унинг мисоли бизга яхши ўрнак бўла олади! Чунки унинг юрагига қилич санчилгандай бўлса ҳам, айнан имони орқали у бунга дош бера олган ва натижада улуғ мукофотга сазовор бўлган. Агар Марямнинг имонига эргашсак, ушбу ёвуз дунёда қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, уларга дош бера оламиз ва тасаввуримиздан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўламиз.

^ 8- х.б. Исо 12 ёшда бўлганида содир бўлган воқеадан кейин Юсуф Инжилда бошқа тилга олинмаяпти. Бундан кейин Исонинг онаси ва бошқа болалари тилга олинган бўлса ҳам, Юсуф ҳақида эса ҳеч нарса айтилмаган. Ҳатто бир марта Исо «Марямнинг ўғли» деб номланган (Марк 6:3).

^ 16- х.б. Юсуф Исонинг ўз отаси бўлмаган, шунинг учун ушбу укалари ва сингиллари Исонинг ўгай укалари ва сингиллари бўлишган (Матто 1:20).