Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» МАЙ 2014

Васвасага қарши тура оласиз!

Васвасага қарши тура оласиз!

«Мен порнографияни кўрмоқчи эмасдим. Лекин Интернетга кирганимда, дарҳол реклама пайдо бўлди. Шунда нимадир чиқ этди ва ўзим билмаган ҳолда уни очиб юбордим» (ШАВКАТ *).

«Ишхонамдаги бир чиройли қиз мен билан ноз-карашма қилишни бошлади. Бир куни у менга шўхлик қилиш мақсадида меҳмонхонага боришни таклиф этди. У нима истаётганини мен дарров англадим» (САИД).

«БАЪЗИЛАР васвасага ёқимли нарсадек қарашади. Бошқалар эса васвасани ашаддий душман деб билиб, у билан курашишга ҳаракат қилишади. Сиз-чи, бу ҳақда нима деб ўйлайсиз? Васвасага дуч келганингизда, унга осонликча енгиласизми ёки қарши турасизми?

Албатта, ҳамма васвасалар ҳам катта муаммо келтирмайди. Масалан, битта ортиқча мазали пирожний ейиш ҳаётингизга хавф туғдирмас. Аммо ахлоқсизлик билан боғлиқ васвасалар аянчли оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Муқаддас Китобда шундай огоҳлантирувчи сўзлар ёзилган: «Зино қилган ақлсиздир, ўзини ўзи нобуд қилади» (Ҳикматлар 6:32, 33).

Агар сиз ахлоқсизлик қилиш васвасасига дуч келсангиз, ўзингизни қандай тутишингиз керак? Муқаддас Китобда бу борада шундай ёзилган: «Аллоҳ, сизлар муқаддас бўлишингизни, яъни ўзингизни зинодан тийишингизни хоҳлайди. Ҳар бирингиз ўз баданини муқаддас ва шарафли тарзда бошқара билсин» (1 Салоникаликларга 4:3, 4). Хўш, қандай қилиб сиз ўзингизда кучли иродани ривожлантира оласиз? Бунда сизга ёрдам бера оладиган 3 та қадамни кўриб чиқайлик.

1- қадам. Кўзингизни асранг

Ахлоқсиз тасвирларга қараш ноўрин истакларни қўзғатади. Кўриш ва исташ орасидаги боғлиқликни таъкидлаб, Исо алайҳиссалом қуйидагича огоҳлантирган: «Аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади». Шунингдек, у таъсирли муболаға ишлатиб: «Агар ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни ўйиб ташланг»,— деб айтган (Матто 5:28, 29). Исо пайғамбар бу билан бизга нимани ўргатмоқчи бўлган? Васвасага қарши туриш учун имилламасдан ҳаракат қилишимиз ва ҳирсни қўзғатадиган тасвирларга қарамаслигимиз керак.

Ахлоқсиз тасвирларни кўрганингизда, нигоҳингизни олиб қочинг

Мисол учун, электр пайвандлашдан пайдо бўлган нурга кўзингиз тушиб қолди ва кўзингиз қамашиб кетди дейлик. Унга қараб турасизми? Йўқ албатта!  Сиз кўзингизни асраш учун ундан юз ўгирасиз. Шунга ўхшаб, агар кўзингиз босиб чиқарилган ёхуд экрандаги ахлоқсиз тасвирларга тушиб қолса ёки бирор кишини яланғоч ё ярим яланғоч ҳолатда кўриб қолсангиз, дарров нигоҳингизни олиб қочинг. Онгингизни заҳарланишдан асранг. Илгари порнографияни кўришга одатланиб қолган Самандар шундай дейди: «Чиройли аёлни кўрганимда, унга иккинчи, учинчи марта қараш истаги пайдо бўлаётганини тез-тез ҳис қилиб тураман. Шунинг учун, мен нигоҳимни олиб қочиб, ўзимга шундай айтаман: “Яҳовага ибодат қил! Ҳозир ибодат қилишнинг айни пайтидир!” Ибодат қилганимдан кейин бундай истак йўқолади» (Матто 6:9, 13; 1 Коринфликларга 10:13).

Художўй Аюб пайғамбарнинг мисолини кўриб чиқайлик. У шундай деган: «Мен: “Аёл-қизларга шаҳват билан қарамайман”, деб кўзларим билан аҳд тузган эдим» (Аюб 31:1). Сиз-чи, бундай қарор чиқара оласизми?

Маслаҳат. Агар кўзингиз ахлоқсиз тасвирларга тушиб қолса, нигоҳингизни дарров ундан олиб қочинг. «Кўзларимни бефойда нарсалардан қайтаргин»,— деб ибодат қилган Муқаддас Китобнинг бир ёзувчисига тақлид қилинг (Забур 118:37).

2- қадам. Фикрларингизни назорат қилинг

Ҳаммамиз гуноҳкор эканмиз, гоҳида нотўғри истаклар билан курашишимизга тўғри келади. Муқаддас Китобда шундай сўзлар ёзилган: «Ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади. Сўнгра эҳтирос ҳомиладор бўлиб, гуноҳни туғади» (Ёқуб 1:14, 15). Хўш, тобора чигаллашиб кетаётган бундай вазиятдан қандай қочишингиз мумкин?

Ахлоқсиз фикрлар сизни қийнаётганда, дарҳол тўхтаб ибодат қилинг

Нотўғри истаклар пайдо бўлаётганини сезсангиз, қандай йўл тутишингиз мумкинлигини эсда тутинг. Ўша истаклар билан курашинг. Уларни онгингиздан чиқариб ташланг. Ахлоқсиз хаёлларга берилманг. Интернетда порнографияни кўришга одатланиб қолган Турсунбек шундай дейди: «Онгимни ижобий фикрлар билан тўлдириб, нотўғри фикрлардан халос бўлиш учун кураш олиб бордим. Бу осон бўлмаган, чунки бундай ҳолат такрорланиб турарди. Аммо натижада фикрларимни назорат қилишни ўргандим». Ўсмирлигида ахлоқсизлик қилиш васвасаси билан курашган Кумуш исмли бир аёл: «Банд бўлиш ва Яҳовага ибодат қилиш орқали  мен нотўғри фикрларимни назорат қила олдим»,— деб бўлишди.

Маслаҳат. Ахлоқсиз фикрлар сизни қийнаётганда, дарҳол тўхтаб ибодат қилинг. Нотўғри фикрлардан озод бўлиш учун онгингизни «нима ҳақиқат ва нима жиддий эътиборга лойиқ бўлса, нима одиллик, нима ҳалоллик, нима ёқимли бўлса, нима ҳақда ижобий гапирилса, нима ҳиммат ва нима мақтовга сазовор бўлса», шулар билан тўлдириш керак (Филиппиликларга 4:8).

3- қадам. Ҳаракатларингизни назорат қилинг

Истак, васваса ва қулай пайт бирга келганда, фалокатга йўлиқиш осон бўлади (Ҳикматлар 7:6–23). Бунинг қурбонига айланмаслик учун нима қилишингиз мумкин?

«Фақат олдимда бошқалар бўлгандагина Интернетга кираман»

Муқаддас Китобда қуйидаги доно маслаҳат ёзилган: «Эс-ҳушли хавф-хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади» (Ҳикматлар 22:3). Шу боис, ҳаракатларингизни назорат қилинг. Муаммога олиб келадиган вазиятларни олдиндан кўра билинг ва улардан қочинг (Ҳикматлар 7:25). Порнографияга одатланиб қолиб, кейин эса буни енгган Муҳтор исмли бир киши шундай дейди: «Компьютеримизни ҳамма кўрадиган жойга қўйдим ва унга Интернетдаги сайтларни фильтр қиладиган программани ўрнатдим. Фақат олдимда бошқалар бўлгандагина Интернетга кираман». Юқорида тилга олинган Турсунбек ҳам шундай деб бўлишди: «Ҳирсни қўзғатадиган фильмларни кўришдан ва секс ҳақида уятсизларча гаплашадиган одамлар билан дўстлашишдан қочаман. Ўзимни хавфли вазиятга солишни истамайман».

Маслаҳат. Камчиликларингизга тўғри баҳо бериб, васвасага дучор қилиши мумкин бўлган вазиятлардан қочинг (Матто 6:13).

ТАСЛИМ БЎЛМАНГ!

Борди-ю, астойдил қилган ҳаракатларингизга қарамай, таслим бўлиб, васвасага берилган бўлсангиз-чи? Тушкунликка тушманг ва курашишни давом эттиринг. Зеро Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Солиҳ етти марта йиқилса ҳам туриб кетаверади» (Ҳикматлар 24:16). Ҳа, Аллоҳимиз бизни «туриб кетаверишга» ундаяпти. Хўш, Унинг меҳр ила берган ёрдамини қабул қиласизми? Унга ибодатда мурожаат қилишдан ҳеч қачон бош тортманг. Унинг Каломини ўрганиш орқали имонингизни ўстиринг. Яҳова Шоҳидларининг жамоат йиғилишларига қатнаш қарорингиз қатъий бўлсин. «Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман», деган Худонинг ваъдасидан далда олинг (Ишаё 41:10).

Мақоланинг бошида сўзлари келтирилган Шавкат қуйидагича таъкидлайди: «Порнографияга одатланиб қолиб, кейин бу одатдан воз кечиш учун кўп ҳаракат талаб қилинади. Кўп нарса менга тўсқинлик қилди, аммо Худонинг ёрдами билан охири енгдим». Бундан сал аввал сўзлари келтирилган Саид эса шундай дейди: «Ҳамкорим билан жинсий алоқа қилишим мумкин эди. Бироқ мен қатъий бўлиб, унга:“Йўқ!”— деб айтдим. Тоза виждонга эга эканимдан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Энг муҳими эса шундаки, Тангри Яҳова мендан мамнун эканини биламан».

Васвасага қарши турганингизда, Аллоҳ Яҳова сиздан мамнун эканига амин бўлишингиз мумкин! (Ҳикматлар 27:11).

^ 2- х.б. Бу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.

Кўпроқ билиш

ХУДОДАН КЕЛГАН ХУШХАБАР

Муқаддас Китоб принциплари қандай фойда келтиради?

Исо нега йўл-йўриққа муҳтожлигимизни ва қайси иккита илоҳий принцип жуда аҳамиятли экани тушунтириб берди.