Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси»  |  Март 2014

 МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Ер юзида жаннат бўлиши ҳақидаги ваъда ҳаётимни ўзгартирди»

«Ер юзида жаннат бўлиши ҳақидаги ваъда ҳаётимни ўзгартирди»
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1974

  • МАМЛАКАТИ: ЛАТВИЯ

  • ЎТМИШДА: ПРОФЕССИОНАЛ МОТОПОЙГАЧИ

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ.

Мен Латвиянинг пойтахти бўлмиш Ригада таваллуд топганман. Онам бир ўзи мени ва опамни катта қилган. Гарчи ойим католик бўлса ҳам, биз черковга фақат диний байрамларда борардик. Мен ҳар доим илоҳий Зот борлигига ишонардим, лекин ёш бўлганим учун мени бошқа нарсалар қизиқтирарди.

Улғайганим сайин, ойим менда бир қобилият борлигини пайқади. Мен нарсаларни қисмларга ажратиб, уларни қайта йиғишни яхши кўрардим. Уйимизда қисмларга ажратиладиган нарсалар кўп бўлгани туфайли бирор чакки иш қилиб қўймаслигим учун онам мени ёлғиз қолдиришга қўрқарди. Шу сабабли, у мени андармон қилиш ниятида металл конструкторини олиб берди. Мен уни йиғиб қисмларга ажратишни ёқтирардим. Ўшанда мотоцикл ҳайдаш каби қизиқишим пайдо бўлди. Ойим мени «Зельта мопедс» («Олтин мопед») номли мотоцикл пойгасига ёздирди. Мен мопедларни ҳайдашдан бошлаб, кейинчалик ҳақиқий мотоциклларга ҳам ўтдим.

Зеҳним тез бўлгани сабабли ушбу хавфли спорт турида профессионал бўлиб кетдим. Уч марта мен Латвиядаги турли хил байклар (пойгачи мотоцикл) чемпионатида, икки марта Болтиқ мамлакатлари аро чемпионатида қатнашиб ғалаба қозондим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.

Шуҳрат чўққисида мен яхши кўрган қиз Эвия (кейинчалик у турмуш ўртоғим бўлди) Яҳованинг Шоҳидлари билан алоқа қилишни бошлади. Эвия уларнинг баъзи адабиётларини топиб, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни истовчилар учун купонни тўлдирди-да, уларга жўнатди. Кейинчалик бу купон бўйича унинг олдига Яҳованинг Шоҳиди бўлмиш иккита аёл келди. Шундай қилиб, Эвия улар билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошлади. Менинг бунга қаршилигим йўқ эди, лекин ўша пайтда дин мени умуман қизиқтирмасди.

Кейинчалик Яҳованинг Шоҳидлари Эвия билан тадқиқ олиб боришганда, мени ҳам таклиф қилишди. Мен бунга рози бўлдим ва билиб олаётган нарсалар менга ёқа бошлади. Улардан айниқса ер юзида жаннат бўлиши тўғрисидаги Муқаддас Китобдаги ваъда қалбимга қаттиқ таъсир қилди.  Улар менга Забурдан: «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур, унинг жойини кўрасан-у, аммо ўзи йўқолиб кетган бўлур. Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак»,— деган сўзларни кўрсатишди (Забур 36:10, 11, Туркия 1998). Ушбу ваъда қалбимга малҳам бўлди!

Маънавий нарсаларга бўлган қизиқишим ўсиб борарди. Кўп динлар ёлғонга ботиб кетганини англай бошладим. Муқаддас Китоб таълимотлари эса менга қаттиқ таъсир қилди, чунки улар мантиқан тўғри ва аниқ бўлиб, тоза ҳаво каби эди.

Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, Яҳованинг назарида ҳаёт қанчалик қимматбаҳо эканини билиб олдим (Забур 35:10). Бу менинг мотоцикл ҳайдашимга таъсир қилди. Шунда мен ҳаётимни хавф остига солмасликка қарор қилдим. Бунинг ўрнига, ҳаётимдан Яҳовани шарафлаш мақсадида фойдаланишни истаганман. Шунинг учун шуҳрат, обрў ва мотоцикл ҳайдашга бўлган қизиқишим мени ўзига жалб қилмай қўйди.

Парвардигор Яҳованинг олдида ҳаётим учун жавобгар эканлигимни англадим

1996 йилда мен, Таллин шаҳрида (Эстония) Яҳова Шоҳидларининг халқаро анжуманида бўлдим. Бу анжуман, мен бир вақтлар мотоцикл ҳайдаган майдондан сал нарироқда бўлиб ўтган. Анжуманда мен турли мамлакатлардан келган, бир-бирини илиқ қарши олаётган одамларни кўрдим. Уларнинг ораларида ҳақиқий тинчлик ва бирлик ҳукм сурарди. Ўшанда бир аёл сумкачасини йўқотиб қўйгани ҳамон эсимда. Мен, у уни бошқа тополмаслигига амин эдим. Лекин кўп ўтмай, Яҳованинг Шоҳидларидан бири сумкачасини топиб, ичидаги бор-буди билан қайтариб берди. Бундан мен ҳангу манг бўлиб қолдим! Шу воқеа мени Яҳованинг Шоҳидлари ҳақиқатдан ҳам Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшаётганига қатъий ишонтирди. Эвия ва мен тадқиқ қилишда муваффақиятли бўлиб, 1997 йилда Яҳованинг Шоҳидлари бўлиш учун ҳаётимизни Худога бағишлаганимизнинг рамзи сифатида сувга чўмдик.

ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ.

Дўстларимдан баъзилари юқори тезликка ва хавф-хатарга бўлган иштиёқлари сабаб ҳаётлари билан видолашишган. Муқаддас Китобни ўрганиб эса мен, Парвардигор Яҳованинг олдида ҳаётим учун жавобгар эканлигимни англадим. Бу эса ҳойнаҳой, ҳаётимни сақлаб қолди.

Эвия ва мен Рига шаҳридаги Яҳова Шоҳидларининг филиалида тўрт йил давомида тўла вақтли хизмат қилиш шарафига муяссар бўлганмиз. Ҳозир эса қизчамиз Алисани тарбиялашдан қувонч топяпмиз ва у Худойимиз Яҳовани яхши кўрадиган қиз бўлиб ўссин, деб ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, мен ҳафтасига бир марта таржимонлар бўлимига, машиналар ва бошқа бузилиб қолган нарсаларни созлашга ёрдам беряпман. Болалигимда ўрганган нарсаларим ҳозирги кунда менга асқатяпти ва мен бундан бахтиёрман! Ҳа, мен ҳалигача нарсаларни қисмларга ажратиб, қайта йиғяпман.

Оилам билан биргаликда танҳо ҳақ Худо тўғрисида шоҳидлик бериш шарафини қадрлаб, Муқаддас Китобдан билиб олган нарсаларим учун бағоят миннатдорман. Дарҳақиқат, ер юзида жаннат бўлиши ҳақидаги ваъда ҳаётимни ўзгартирди!